Барчамиз бирдек масъулмиз

Барчамиз бирдек масъулмиз



* Муносабат

2019 йил декабрь ойи ўрталаридан инсоният ҳаётига хавф сола бошлаган коронавирус эпидемияси қисқа муддат ичида дунёнинг 200 дан ортиқ мамлакатига тарқалди ва сўнгги маълумотларга қараганда, дунё аҳолисининг 1203887 нафари ушбу вирус билан касалланган ва афсуски, уларнинг 64787 нафари ҳаётдан кўз юмган.

2019-nCoV вируси дунёнинг барча мамлакатларида карантин жорий этилишига, натижада Ер юзидаги барча алоқаларнинг секинлашувига сабаб бўлди. Бу эса, ўз ўрнида, дунёнинг ривожланган давлатларини ҳам саросимага солиб қўйди.

Мазкур вирус юртимизда кескин тарқалишининг олдини олиш, аҳоли саломатлигини таъминлаш мақсадида, миллий мафкурамиз замира ётган “касални даволашдан кўра, унинг олдини олиш афзалроқ” деган тушунчага таяниб, халқ манфаатларини барча нарсадан устун қўйиб, мамлакат бўйлаб қатъий карантин жорий этилди.

3 апрель куни муҳтарам Президентимиз томонларидан юртимиздаги ушбу мураккаб шароитда вужудга келиши мумкин бўлган ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг олдини олиш, мамлакатдаги барча соҳа вакиллари ва аҳоли қатламларини ҳимоялаш, коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида халқимизга қилган мурожаатини тинглаган мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси вазият нақадар жиддий тус олаётганлиги ва ушбу муаммони фақатгина биргаликда, бир тану бир жон бўлиб, белгиланган карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда ечиш мумкинлигини англаб етди.

Видеселектор давомида тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида соҳалар кесимида турли енгилликлар берилганлиги, жумладан, туристик ва меҳмонхона фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар шу йил якунига қадар ер ва мол-мулк солиқларини тўлашдан озод этилиб, уларнинг ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоиздан 1 фоизга туширилганлиги, карантин даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган якка тартибдаги тадбиркорларга даромад солиғи ва ижтимоий солиқни ҳисоблаш тўхтатилиши каби имтиёзлар барча тадбиркорлик субъекларининг ушбу мураккаб вазиятдан сўнг ўз фаолиятларини давом эттиришига имкон беради.

Афсуски, касалликнинг олдини олиш, аҳолини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга қарамасдан, юртимизда ушбу касаллик билан касалланганлар сони кун сайин ортиб бормоқда. Бунга сабаб айрим фуқароларимизнинг бефарқлигидир.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, биргина касалланган шахс бир кунда ўртача 400 кишига ушбу балони юқтириши мумкин. Бу 400 нафар инсон ичида биз учун қадрли бўлган инсонлар ҳам бўлиши мумкинлигини унутмаслигимиз керак.

Карантин тадбирлари эълон қилинган вақтдан бугунги кунга қадар республикамиз бўйича карантин қоидаларига амал қилмаслик билан боғлиқ 30 мингга яқин ҳолат аниқланганлиги жуда ачинарлидир.

Бугунги синовли кунларда ҳар биримиз масъуллик ҳиссини ўзимизда теран англашимиз ва бунга қатьий амал килган ҳолда атрофимиздаги бефарқ инсонларни ҳам огоҳликка даъват этишимиз зарур бўлади.

Зеро, юртимиз эртаси ва фарзандларимизнинг ёрқин келажаги учун қайғуриш, ғамхўрлик қилиш бугун ҳар қачонгидан-да муҳим вазифага айланди.

Феруз АБДУЛЛАЕВ,

 ЎзМТДП вилоят кенгаши девони раҳбари

 


Report Page