Барча кластерларда чорвачилик комплекслари ташкил этилади

Барча кластерларда чорвачилик комплекслари ташкил этилади


Кластер тизими соҳага замонавий технологиялар ва инновацион ишланмаларни жорий қилишда муҳим омил бўлмоқда. «Ангор Сурхон ғурури» масъулияти чекланган жамиятида ҳам янги иш услуби асосида ҳосилдорлик ва маҳсулотларнинг рақобатбардошлиги оширилмоқда. Кластернинг жами майдони 9 минг 180 гектар бўлиб, шундан 8 минг 100 гектаридан кўпроғига экин экилади. Жумладан, бу йил қарийб 5 минг гектар ерда ингичка толали пахта етиштирилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат  Мирзиёев  Сурхондарё вилоятига ташрифи доирасида  мазкур кластер фаолияти билан  танишар экан, ингичка толали ғўза навларини кўпайтириш ва экин майдонларини кенгайтириш, олимларни рағбатлантириш бўйича топшириқлар берди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, юртимиз олимлари томонидан яратилган «Сурхон-14», «Сурхон-16» навлари икки йил мобайнида тажрибадан ўтказилди. Ингичка толали бу нав экстремал об-ҳаво шароитларига, сувсизлик, гармсел ва зараркунда ҳашаротларга чидамлилиги, эртапишарлиги билан аҳамиятли. Толасининг узунлиги, пишиқлиги, текстилбоплиги жаҳон бозорида харидоргир ҳисобланади. Бошқа навлар билан меҳнат ва ресурс сарфи бир хил бўлгани ҳолда ингичка толанинг иқтисодий самарадорлиги 60 фоиз кўп бўлади.

«Энди ҳамма кластерлар чорвачилик комплекслари ташкил қилади. Чунки уларда озуқа базаси бор. Чорвачилик ривожланса, гўшт, сут арзон бўлади. Бу халқимиз фаровонлиги, болаларимиз саломатлиги учун муҳим», - деди давлат раҳбари.

Бугунги кунда кластерда 900дан зиёд ишчи ва мутахассис меҳнат қилмоқда. Келгусида қайта ишлашни кенгайтириш орқали янада кўп иш ўрни очиш режалаштирилган.




 


Report Page