Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг молиявий назорат бўлими томонидан 2021 йилнинг ўтган давридаги фаолияти таҳлили

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг молиявий назорат бўлими томонидан 2021 йилнинг ўтган давридаги фаолияти таҳлили

https://t.me/Rasmiy_xabarlar_Official

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимида қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва бошқа соҳалардаги янги лойиҳаларни ташкил этиш ҳамда мавжудларини кенгайтириш, томорқа ер эгаларига ер участкаларидан самарали ва оқилона фойдаланиши учун қулай шарт-шароитларни яратиш, аҳолининг ишчанлик фаоллигини ва тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш, шунингдек, ижтимоий заиф қатламлар бандлигини таъминлаш ҳамда ишчи касблар бўйича кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, ўқув жараёнларини амалиёт билан боғлаган ҳолда ташкил этиш, ишсиз аҳоли, жумладан ёшлар ва хотин-қизларда замонавий касб ва тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, касб-ҳунарга ўқитиш муассасаларининг фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида Давлатимиз томонидан субсидия ва грантлар учун маблағлар ажратилмоқда. Улардан мақсадли ва тўғри фойдаланилишини назорат ва таҳлил қилиш, камчиликларни ўз вақтида аниқлаш уларни бартараф этиш мақсадида вазирликда 2020 йилнинг май ойида “Молиявий назорат” бўлими ташкил этилган бўлиб, бўлимнинг асосий вазифаларидан бири вазирлик ҳузуридаги жамғармалар томонидан молиялаштирилаётган маблағларнинг самарали ва мақсадлилиги ўрганиш, ҳудудларда ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил этилиши, уйда ўтирган ишсиз, камбағал фуқароларни ишга жалб қилиш мақсадида шахсий томорқаларни ривожлантириш ҳамда қишлоқ хўжалиги кооперативларига жалб этилаётганларга субсидияларни тўлаб бериш мақсадлилиги ва самарадорлигини янада оширишдир.  

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан аҳоли бандлигини таъминлаш, уларнинг даромадларини ошириш, камбағалликни қисқартиришда, айниқса “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшлар ва аёлларнинг бандлигини таъминлаш учун вазирлик ҳузуридаги жамоат ишлари ва бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаларидан ажратилган молиявий ресурслардан мақсадли ва қонуний фойдаланиши бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. 

2020 йил давомида ўтказилган ўрганишлар натижасида жами 9 701 та қонун бузилиши ҳолатлари хусусан, жамоат ишлари бўйича 5329 та, ишсизлик нафақаси бўйича 301 та, касбга ўқитиш бўйича 1112 та, субсидия маблағлари бўйича 2959 та ҳолатда хато ва камчиликлар аниқланиб, булар Қорақалпоғистон Республикасида 35 та, Андижон вилоятида 6 141 та, Жиззах вилоятида 31 та, Наманган вилоятида 89 та, Самарқанд вилоятида 2 245 та, Сурхондарё вилоятида 768 та, Фарғона вилоятида 382 та, Тошкент вилоятида 10 та қонун бузилиши ҳолатларини ташкил этади.

Жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида ўтказилган ўрганишлар натижасида жами 983 та қонун бузилиши ҳолатлари, жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида 31 та, Самарқанд вилоятида 357 та, Қашқадарё вилоятида 146 та, Сирдарё вилоятида 124 та, Жиззах вилоятида 

82 та, Фарғона вилоятида 62 та, Навоий вилоятида 55 та, Андижон вилоятида 54 та, Хоразм вилоятида 25 та, Наманган вилоятида 19 та, Бухоро вилоятида 16 та, Сурхондарё вилоятида 8 та, Тошкент шаҳрида 4 та қонун бузилиши ҳолатлари аниқланди. Хусусан, жамоат ишлари бўйича 456, ишсизлик нафақаси бўйича 371 та, касбга ўқитиш бўйича 89 та, субсидия маблағлари бўйича 67 та ҳолатларда хато ва камчиликлар аниқланди.

“Молиявий назорат” бўлими томонидан ўтказилаётган ўрганишлар давомида аниқланган нотўғри ва ортиқча тўланган маблағларнинг 406 млн. 686 минг сўми вазирлик жамғармаларига айбдор шахслардан қайтарилди. 

Аниқланган хато ва камчиликларни бартараф этиш, келгусида такрорланмаслигини олдини олиш мақсадида вазирликнинг йиғилишларида кенг муҳокама қилиниб, қатъий чора-тадбирлар белгиланмоқда. Шунингдек, тизимда фаолият юритаётган қўпол хато ва камчиликларга йўл қўйган ходимларга нисбатан кескин чоралар кўриб борилмоқда. 

Қўпол камчиликларга йўл қўйган ва маблағларни ноқонуний сарфланганлиги бўйича маълумотлар қонуний баҳо бериш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига тақдим этилмоқда. 

Масалан, Қашқадарё ва Сирдарё вилоятларининг туман ва шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларида ўтказилган ўрганиш натижалари бўйича аниқланган қўпол камчиликлар юзасидан қонуний баҳо бериш учун Бош прокуратуранинг Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига маълумотлар юборилди, шунингдек Фарғона вилоятининг 

3 та туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларида аниқланган камчиликлар бўйича Бош прокуратурага маълумотлар тайёрланмоқда.

Қашқадарё вилояти аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларида жамоат ишлари ва бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасидан ажратилган маблағларни 2020 йил давомида мақсадли ишлатилиши танлов асосида ўрганилганда, жами 138 та ҳолатда ҳақиқатда иш жойи билан банд бўлган фуқароларга нотўғри тўлаб юборилганлиги аниқланди. 

1.Хусусан, вазирлик томонидан Бош Прокуратурага тақдим этилган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан Муборак туман АБКМда Жамоат ишлари жамғармасидан ажратилган 33 млн 400 минг сўм маблағлар ўзлаштирилганлиги ҳолати бўйича марказ директори ва бошқаларга нисбатан 2021 йилнинг 25 май куни Жиноят Кодексининг 167-моддаси 2-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари тугалланмоқда.

2. Фуқаролар ҳужжатларни белгиланган тартибда ўрганилмасдан Касби туманида иш билан банд бўлган фуқароларга тўланган жамоат иши учун иш ҳақи 7 та ҳолатда 7 млн 200 минг сўм, касбга ўқитиш учун 9 та ҳолатда 4 млн 500 минг сўм, субсидия маблағлари ҳақиқатда иш жойи билан банд бўлган фуқароларга 9 та ҳолатда 36 млн 900 минг сўм ажратилиб, жами 48 млн 700 минг сўм маблағ ноқонуний тўланган. Мазкур ҳолат бўйича туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази мансабдор шахсларига нисбатан 2021 йилнинг 29 май куни Жиноят Кодексининг 167-моддаси 2-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

3. Чироқчи туманида 4 нафар амалда ишлаб келаётган фуқароларга 

стипендия маблағлари, 4 нафар иш билан банд бўлган фуқароларга ишсизлик нафақалари, амалда иш билан банд бўлган фуқароларга субсидия маблағлари, жами 48 млн 500 минг сўм маблағлар ноқонуний тўланганлиги аниқланди ҳамда туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази мансабдор шахсларига нисбатан 2021 йилнинг 29 май куни Жиноят Кодексининг 167-моддаси 2-қисми “г” банди ва 209-модда 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

4. Миришкор туманида касбга ўқитиш ва субсидия ажратиш бўйича 9 та ҳолатда жами 33 млн 200 минг сўм жамғарма маблағлари туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан ноқонуний тўланганлиги аниқланиб, туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази мансабдор шахсларига нисбатан 2021 йилнинг 29 май куни Жиноят Кодексининг 167-моддаси 2-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

5. Шаҳрисабз шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан 12 нафар шахсларга 12 млн.сўм жамоат ишлари маблағлари, 10 нафар шахсларга 2 млн 200 минг сўм ишсизлик нафақаси, 2 нафар шахсларга 1 млн. 100 минг сўм стипендия тўловлари, жами 24 нафар шахсларга 15 млн 700 минг сўм жамғарма маблағлари ноқонуний тўланганлиги аниқланди. Бош прокуратура томонидан ўтказилган терговга қадар текширув натижасига кўра, 2021 йил 24 майида жиноят ишини қўзғатишни рад этиш ва марказнинг собиқ раҳбари ва марказ раҳбарига нисбатан Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 61-моддаси 1-қисми билан маъмурий жавобгарликка оид иш қўзғатиш ҳақида қарор қабул қилиниб, тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқиш учун Жиноят ишлари бошқармасининг Шаҳрисабз шаҳар судига юборилган.

Шу билан бирга, Молиявий назорат бўлими томонидан Сирдарё вилоятининг туман ва шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларида ўтказилган ўрганиш натижаси бўйича расмийлаштирилган маълумотлар вилоят прокуратураси томонидан кўриб чиқилди.

Аниқланишича, Сирдарё вилоятининг 11 та туман, шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларида 2020 йил давомида Жамоат ишлари жамғармасидан 94 та ҳолатда 94 млн 700 минг сўм маблағ ортиқча сарфланганлиги аниқланган. Бугунги кунда тўпланган ҳужжжатлар 11 та туман, шаҳар прокуратураларига юборилиб, ортиқча тўловлар ундирилиши ҳамда айбдор шахсларга маъмурий ва интизомий жавобгарлик масалалари ҳал этилган. 

Шунингдек, Молиявий назорат бўлими томонидан вазирлик ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан 2021 йилнинг 9 ойи давомида молиялаштирилган маблағлар ўрганилиб, аниқланган айрим хато ва камчиликлар жойида бартараф этилиб, ушбу камчиликларга йўл қўйган масъул шахсларга тушунтиришлар берилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, аниқланаётган хато ва камчиликларни олдини олиш ҳамда келгусида такрорламаслик мақсадида вазирлик тасарруфидаги «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексида солиқ тўловчи жисмоний шахс, жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига тўланган бадаллар, иш берувчиларнинг штат жадвали ва вакант иш ўринлари, ходимларнинг олий маълумоти тўғрисидаги ва бошқа маълумотлар акс эттирилиб, банд бўлган аҳолини аниқлаш имкониятига эга бўлинди. Ҳозирда қонунбузилиш ҳолатлари камайтирилишига эришилиб, «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплекси вазирликнинг “Бандлик хизмати” (abkm.mehnat.uz) дастури интеграция қилиниб базага киритилган банд бўлган фуқаролар автоматик тарзда қабул қилинмайди.

Шунингдек, ҳозирда ишсиз ва банд бўлмаган мурожаат қилувчи фуқароларнинг бармоқ излари ҳамда юзни таниш тизимини жорий этиш орқали ажратилаётган маблағлар ҳақиқатда ишсиз ва банд бўлмаган фуқароларга етиб бораётганлиги тест режимида ишга туширилган. Шу билан бирга, бандлик хизматидан фойдаланган ҳар бир фуқарога ҳақиқатдан хизматдан фойдаланганлиги (субсидия олганлиги, стипендия, ишсизлик нафақаси тайинланганлиги, жамоат ишига жалб этилганлиги) бўйича СМС хабарнома юбориш функцияси қўлланилиб, тизимли ишлар амалга оширилмоқда.


Report Page