“Бадандаги белги: безакми ёки тузоқ?”

“Бадандаги белги: безакми ёки тузоқ?”

@davrovozigazeta
Ғарб маданиятининг ажралмас қисми дея таърифланаётган «татуировка» миллий маънавиятимиз ва қадриятларимизга мутлақо ёт ҳодиса. Қайси манбага мурожаат қилмайлик, миллатимиз ўтмишида татуировка тўғрисида бирорта маълумот учрамайди. Қолаверса, ислом дини ҳам баданга белги чизишни қатъийян ман этади. Халқимизда унга нисбатан бегоналик кайфиятининг мавжудлиги ҳам ана шундан. Бироқ айрим ёшларимизнинг баданига жароҳат етказиш хисобига “сохта гўзаллик” ортидан эргашаётгани ўзгалар маданиятига кўр-кўрона тақлид қилишдан бошқа нарса эмас. 


Аслида татуировка ишқибозлари баданига камдан-кам холда ижобий нарсаларни чиздиришади. Уларнинг аксарияти ѐвузликни тарғиб этувчи белги ва нақшларни афзал кўрмоқда. Қолаверса, бугун айрим опа-сингилларимиз турли тадбирлар олдидан ўзларига “беозор” бўлиб кўринган, аслида зарарли татуаж воситасида “зеб” бераѐтганини нима билан изоҳлаш мумкин? Улар татуажнинг cоғлиққа, қолаверса, ташқи кўринишга сезиларли даражада зиён келтиришини билишармикан?

Дерматологларнинг айтишича, кўз татуажи қовоқ терисига зиён етказади, тери сезувчанлиги ва мимикага салбий таъсир кўрсатади. Қош татуажи соч илдизининг йўк бўлиб кетишига олиб келиши мумкин. Лабни татуаж килганда оғиз атрофида шишлар пайдо бўлиб, уларнинг битиши узоқ вақтга чўзилади. 

Бундан ташқари, инфекцион касалликлар билан хасталаниш эҳтимоли ошади. Мутахассисларнинг тавсифлари татуировка ва пирсингнинг нафақат бемаъни, балки инсон саломатлиги учун ғоят зарарли эканидан далолат бермоқда. Шундай экан, бундай хавфли эрмак ишқибозлари бу каби “безак”лар оғир оқибатларга – организмнинг жисмоний емирилишига хизмат қилиши, чуқур ўйлаб кўриши шарт.

Ялтираб кўринган ҳамма нарса ҳам олтин бўлавермайди. Шу каби четдан кириб келаётган ҳар қандай ҳодисани кўр-кўрона ўзлаштириш ҳам нодонликдан бошқа нарса эмас. Қолаверса, бугун биз бошқа халкларнинг неча минг йиллик анъана ва қадриятларига беписандлик билан қараш, уларни қўпориш, аҳолининг, айниқса, ёшларнинг қалби ва онгини эгаллашга қаратилган уринишлар, таҳдидлар кўлами тобора кенгайиб бораётган мураккаб бир даврда яшаяпмиз. ғоявий таҳдидларга қарши фақат ҳар томонлама чуқур ўйланган, мунтазам ва узлуксиз олиб бориладиган маънавий тарбия орқали курашиш мумкин. Бу аслида бир ёки икки кишининг муаммоси эмас, балки бутун миллатнинг оғрикли нуқтасидир. Навқирон авлодни миллий менталитетимизга мутлақо ёт бу каби иллатлар таъсиридан асраш ҳар биримизнинг инсонийлик бурчимиздир.

Report Page