БУЮК ДОНИШМАНД, ЕТУК СИЁСИЙ АРБОБ

БУЮК ДОНИШМАНД, ЕТУК СИЁСИЙ АРБОБ


Жадидшуносликда ҳақиқат айтиладиган давр келди

Бугун оммавий ахборот воситаларида, катта тадбирларда жадидлар, хусусан, жадидчилик ҳаракати карвонбошиси Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ кўплаб маълумотлар берилмоқда. Бунинг асосий сабаби давлатимиз раҳбарининг том маънодаги буюк шахс фаолиятини ўрганишга даъват қилган сўзлари, имзолаган қарорлари сабаб бўлди. Яъни “Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби, ношир ва педагог Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарор мутафаккир бобомизнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганишни янги босқичга олиб чиқди. 

Қарордаги дастлабки сўзларга эътибор берамиз: “Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси”. Асосчиси деган сўзнинг мағзини чақишдан аввал ҳаракат атамасининг тагзаминида ётган ғоя хусусида тўхталамиз.

Хўш, жадидлик ҳаракатининг моҳиятида қандай маънолар яширин? Нега шу пайтгача унинг фақатгина маърифий ҳаракат эканлигига урғу берилган? Бу каби саволларга жавоб бериш учун бир асрдан зиёд бўлган даврга, аввало, чор Россиясининг Туркистонни мустамлакага айлантириши ва кейинроқ большевикларнинг ҳокимиятга келиши фурсатларига ўзгача назар билан қарашга тўғри келади.


Жадид сўзини қандай тушунасиз?


Дастлаб, жадид (арабча янги) атамаси замиридаги маънолар ҳақида. Албатта, олимларимиз айтган маърифат, хусусан, таълим беришнинг янги усулини жорий қилиш деган ғояни инкор қилишдан йироқмиз. Лекин бу фикр янгича ҳаракатнинг асл мағзи эмас. Асосий англашилмовчилик ҳам жадид истилоҳининг фақат таълимдаги янгилик мазмуни билан кифояланишида деб ҳисоблашдан келиб чиққан. Бунинг сабаблари шундаки, миллий истиқлол ғояси акс этган ҳар қандай ҳаракатлар ва уларнинг тарғиботи чор даврида ҳам, большевиклар замонида ҳам нафақат қораланган, балки қамоғу қатағонлар билан жазоланган.

Жадид намояндаларининг янги ўқитиш тизимига қаршилик қилганларни эса “қадимчилар” дея аташган. Савол туғилади: қадимчилик ҳаракатми? Уларнинг низоми ёки шунга ўхшаш дас­тури бўлганми? Асло... Ўша давр газета-журнал ва архив материаллари уларнинг кўринмас кучлар томонидан ёлланган фитначилар эканлигини кўрсатмоқда. Оддий мисол: Самарқанд масжидларидан бирида чор ҳукумати тайинлаган имом томонидан жадидлар, хусусан, Беҳбудий кофир дея эълон қилинганини жума намозига борган кўпчилик эшитади. Ислом арконларини мукаммал билган муфти, мактаблар учун “Ислом тарихи” дарслигини ёзган олим Маҳмудхўжа Беҳбудийга бу гап етиб боради, албатта. Беҳбудий ўша имом ҳузурига бориб, қўйган айб­ловига асос сўрайди. “Кўринмас куч” буюртмасини бажарган диндор эса фикрини асослаш у ёқда турсин “бу гапни айтмаганман”, деб туриб олади. Бу каби мисоллардан кўринадики, жадидларга қарши кимлардир атай, кимлардир кўр-кўрона қаршилик қилган. Бироқ улар дастур тузиб ҳаракатларини ташкил этишмаган.

Жадидлар-чи? Уларнинг ҳаракат низоми бўлганми, дейишингиз мумкин, албатта. Чор ҳукумати мустамлакасидаги халқлар сиёсий партия тузиш у ёқда турсин, сиёсатга аралашган кишиларни аввал тавба қилдиришган ва махсус хизмат назоратига олган. Маҳмудхўжа Беҳбудий ана шу жараённи бошидан ўтказган. У 1908 йилда “Таърих ва жуғрофия” сарлавҳали фелъетонини ёзгач, ундан айтган сўзлари учун изоҳ, тўғрироғи, тавба талаб қилишган. Беҳбудий тавба қилмаса-да, “Руссияни ким ва қандайлигини билмайдурғон нодонлардан эмасмиз ва аммо “Таърих ва жуғрофия” унвонлик мақоламиз таърих ва жуғрофия ўқумоқни диний жилва этдирмоқ ва ёинки сарф илмий ва воқеий бир мақола эди. Сиёсий ва таассубий эмас эди...” (“Туркистон вилоятининг газети”(«ТВГ»), 1908 йил 18 декабрь). Беҳбудийга биров “сиё­сатга аралашма, сўзингни қайтиб ол” демаганида, у “Тавзеҳ”(“Изоҳ”) сарлавҳали изоҳ шарт бўлмаган мақоласида юқоридаги фикрини ёзган бўлармиди?

Фурсат ғаниматда бир фикр. Алломанинг тақдирига, давр зиёлиларига сезиларли таъсир қилган мазкур мақолани Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби, ношир ва педагог Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорига кўра тартиб бериладиган Беҳбудийнинг “Танланган асарлар”ига киритиш муҳим деб ҳисоблаймиз.


“Туркистон маданий мухторияти”  


Жадидлар бирлашиш, фикр айтиш ва ҳамфикрларни тўплаб, ҳаракатга айлантириш бўйича катта ишларни амалга оширишган. Масалан, газета ва журнал, китоблар чоп этишган, ёзганларини гапу гаштакларда, меҳмонхоналарда ўқишган. Шу билан бирга, имконият туғилганда сиртдан сиёсатга аралашмаган ҳолда низом ва дастурлар тузишган. Россиядаги 1905 йил талотўп­лари натижасида чор ҳукумати автократик занжирларни бироз бўшатишга мажбур бўлади. Ана шу имкониятдан фойдаланиб, жадидлар, хусусан, Маҳмудхўжа Беҳбудий ўша пайтдаги Туркистон халқлари учун маданий давлат – маданий мухторият талаб қилган. Унинг 1907 йилда Россия думасига ёки Мусулмонлар фракциясига топширган “Туркистон маданий мухторияти” деб номланган лойиҳасини ўқиб, мозийдаги муҳим воқеликларга сабабчи бўлган ижтимоий-сиёсий вазиятлардан хабардор бўлиш мумкин.

Бу жуда йирик лойиҳа учун Беҳбудий қанча изланган, фикрлаган, маслаҳатлашган экан, деб ўйлаб қоламан ҳар гал уни ўқиганимда. Маданий мухторият дейилгани билан ҳужжатда сиёсату иқтисод ҳам, дину ҳуқуқ ҳам, қисқаси, Туркистон халқлари ҳаёти билан боғлиқ барча масалалар ўрин олган.

Лойиҳада қайд этилган моддалар мазмунидан англашиладики, маданий мухторият асосида сиёсий мухторият масаласи ҳам турибди. Масалан, унинг бир моддасида шундай ёзилган: “Туркистонга кўчманчиларнинг олиб кирилиши тўхтатилсин”. Бу ўлкани кенг миқёсда руслаштириш сиёсатига қарши тўғридан-тўғри эътироз эди!

Ёки бошқа бандида “Оврупойи Русия мусулмонларидан зиёдароқ автономияни Туркистонға берилмоғи лозимдур”, дейди ва бу фикрни “туркис­тонлилар ҳануз дохилан ўзини-ўзи идора эдар ва Оврупойи Русиядаги қардошларимиздан ихтиёрлидурлар”, деб асослайди. Туркистон нисбатан озодроқдир, демоқда Беҳбудий. Бу фик­ри учун мустамлакачилар нега унга эътироз билдира олишмаган, нега уни жазолашмаган? Негаки, Бухоро амирлиги, Хива хонлиги қоғозда мустақил давлатлар ҳисобланган. Аслида ундай эмаслигини Беҳбудий билса-да, вазиятдан ҳуқуқий жиҳатдан зийраклик билан фойдаланган.

Лойиҳадаги “Туркистон мактаблари ва мадрасалари ҳукумат назоратидан озод бўлсун” талабини олайлик. Мактаб ва мадрасаларнинг чор ҳукумати назоратида бўлганлиги ҳақидаги ҳужжатлар архивларда ўрганилишини кутмоқда. Мустамлакачилар маҳаллий халқнинг саводли бўлишига мутлақо қарши бўлишган. Масалан, таълим муассасасига мударрислар тайинлашда маҳаллий халқ орасидан билимли, ватанпарварларга эмас, балки порахўр, калтабин, чаламуллаларга ва мустамлакачининг ҳар қандай топшириғини ортиғи билан бажарадиган нусхаларга эътибор қаратилган. Юқорида тилга олганимиз – тарихга “қадимчилар” номи билан кирган ва жадид мактабларига қарши ҳужумлар айнан ана шу “тайин­ланган”лар томонидан амалга оширилган. Қолаверса, эски мактабларда боланинг умрини бекорга ўтказадиган тартиб­лар, ўқитиладиган дарслар мазмунига ҳам мустамлакачилар ана шу манқурт гумашталари воситасида аралашган. Масалан, география, тарих, аниқ фанлар таълим дастурига киритилмасдан, болалар ёшига мос бўлмаган адабиётлар ўқитилган. Битирувчилардан халқнинг корига ярайдиган яратувчи мутахассис эмас, бу дунёнинг ўткинчилигини барвақт тан олиб, фикрламасдан, ўз устида ишламай, эпласа маишатга бериладиган қултабиатлар етиштирилган. Бу ҳақда Беҳбудий кейин­роқ “Нажот” газетасининг 1917 йил 7 ноябрь сонидаги мақоласида шундай сўзларни ёзади: “Миссионерлар тарафиндан ва ёинки бизни йўқ ва нобуд бўлишимизни ва шариати муқаддасимизни ҳукмдан қолишини истайдургон эски ва мустаъбид ҳукумат одамлари тарафидан шундай закунлар чиқардики, масалан, “Ҳар бир 25 яшар туркис­тонлилар қози ва волостной бўлиши мумкиндур”, деган закун қўйилди... Бу закун бизга саводсиз ва илмсиз қозиларни оқча ва ришва(пора – Ҳ.С.) ила сайланмоғига ёрдам этди. Эски золим ҳукуматнинг иши ва дин бузгувчи одамлари ва миссионерлари мадраса­ларимиз ва мактабларимиз тўғрисинда ҳам бизни ҳайвониятга ва жаҳолат майдонига ҳам йўқ ва маҳв булиш чуқурига суд­райдургон закунлар вазеъ этдилар. Мударрисни ҳеч нима билмайдургон ёш талабаларни мадраса­га сайлаб қуйиш тадбирларини закун қилиб чиқордилар... Мударрис на таълим этар, на бошқа-бош­қа ишларга назорат қилур эди. Натижада уламо озайди. Ахлоқ бузулди, уламо иснодиға жоҳил ва хоин­лар, соф саводсиз кишилар қози бўлди. Тадрис ва афтодаи ожиз кишилар муфти, мударрис бўлди. Бир мулла ҳам қози ва ҳам мударрис ва ҳам оқсоқол бўлуб, талаба, мирофаъчи ва аҳоли ишларини сактага учратди. Бошқа тарафга қарасанг қози ва мударрислик учун истеъдодномаси бўлган уламомиз оч юрадур. Оҳ, золим ҳукумат ва миссионерлар бизға налар қилдилар!..”

Аслида Беҳбудий миллатни йўқ қилишга, мангу қулликда сақлашга мўлжалланган катта фитнага қарши ушбу бандни ҳужжатга киритган эди.

Ҳужжатдаги “Рус ҳарфи (кирилл – ред) мусулмон миллатиға жабрий бўлмасун” деган талабни таҳлил қилиб кўринг. Бу ҳарф оқибатида қанча миллатлар ўз еридан, тарихидан мосуво бўлгани мисолида Беҳбудий талабининг нақадар тўғри эканлигини бугун зиёли кишилар яхши англайдилар, албатта.

“Наҳр ва катта ва кичик ариқ сувларини тақсими аҳолини иттифоқи ва машварати ила бўлсун. (Қайд: ҳозирги рус миробини тақсими кайфияси аҳолига кўп зарар келтирадур)”. Ҳолбуки, Туркистон тоғларидан бошлаб Орол денгизигача бўлган масофада сувни тўғри сарфлаш бўйича заминимизда асрлар давомида катта тажриба тўп­ланган ва буни ҳар бир даврнинг донишлари билишган. Қолаверса, бугун сув масаласида исталган минтақада фитна, жанжал чиқариш мумкинлигини англаб турибмиз. Лекин ўша пайтдаги ахборотсизлик муҳитида мустамлакачи олдига қўйилган бу талабни қандай тафаккурдаги инсон битганлигини бир тасаввур қилиб кўринг.

Умуман, ҳужжатдаги ҳар бир бандни чуқур таҳлил қилиш мумкин, улар сиртдан маданий кўринса-да, асосан сиёсий талаблардир ва шу боис у чор ҳукумати маъмурларининг ғаладонида қолиб кетган, жамоатчиликдан яширилган. Мурожаати эътиборсиз қолдирилганини англаган Беҳбудий унинг мазмунини кейинроқ газетада мақола тарзида чоп эттирган. Мақола билан мазкур ҳужжат қиёсланганда эса “Туркистон вилояти газетаси”нинг миссионер муҳаррири Н.Остроумовнинг қайчисига йўлиққани маълум бўлади.


Маданий мухториятдан сиёсий мухторият сари


Жадидлар миллатнинг умумий савия­сини кўтаришни тараққиётнинг асосий омили деб билишган ва бу жиҳатдан адашмаганлар. Лекин уларнинг эзгу ниятларини сезган ўта айёр мус­тамлакачилар турли йўллар билан тўсқинлик қилган. Шу боис улар маърифат байроғи остида ҳаракат қилишган. Буни Беҳбудий фаолияти мисолида кўриб чиқадиган бўлсак, “Самарқанд” газетасида (1913 йил 30 июль сони) унинг “Миллатлар қандай тараққий этарлар?” мақоласи берилган.

“Бошқа миллатнинг ёш болалари мактабда, лекин бизники ҳаммолликда ва гадойликда. Бошқа миллат уламосига тобеъ экан, бизни уламо билъакс авомға тобеъдур? Бунинг охири харобдур”, деб ёзади Беҳбудий.

Мақоладан иккита гап иқтибос сифатида олинди, холос. Ҳар бир сўзида ҳикмат бор. Мағзини чақадиган бўлсак, нақадар залворли, қайсидир маънода даҳшатли хулоса келиб чиқади. Бу сиё­сатга тааллуқли ёки сиёсий хулосага келтирадиган фикр эмасми?

Чор Россиясидаги 1917 йил февраль воқеаси(Николай подшонинг тахтдан қулаши)дан кейин жадидлар маърифий “либос”ларини ечиб, сиёсий ҳаракатларини бошладилар. Афсуски, ҳаммаси жадидлар кутганидек бўлмади – миллат сифатида шаклланмаган қавм бўлиниб кетди. Бу борада у бир вилоятда кечган жараённи шундай тасвирлайди: “Самарқанд халқи иккиға бўлинди. Билкулли иккига эмас, юзға бўлуниб, халқнинг кўнгли совуб, баъзиларнинг сўз ва ҳаракатидан нафратланиб, тарқалиб кетдилар”. Ҳурриятни асраб қолиш учун Беҳбудий зор қақшаб халққа мурожаат қилади. Уни ўқиб изтиробга тушмасликнинг имкони йўқлигини англайсиз: “Азиз ҳамшаҳарларим, мўътабар аҳли ватаним, ҳаммангиз бир бўлуб, халқ ва диннинг ривожи учун бирлашуб, орадаки нафратларни ташлаб, худонинг берган ҳуррият неъматидан нафъиланмоқ ҳаракатида бўлмоқ керак ва алан бизнинг бу ҳаракатсизлигимиз биздан ҳурриятни кеткуриб яна бошқаларға бизни асирлик даражасига тушурур ва юз йиллар ила кейин кетармиз ва бизнинг авлодимиз ҳамда халқи олам бизга раҳмат ўрнига лаънат ўқурлар” («Улуғ Туркистон». 1917 йил 12 июнь). Фақат маърифий ҳаракатни (озодликни эмас) мақсад қилган инсон шу гапларни матбуот орқали айта олармиди?

"Туркистон мухторияти" сарлавҳали мақоласида эса 1917 йилда Қўқонда эълон қилинган Туркистон мухториятига муносабати, иштирокидан фахрланиши унинг сиёсий арбоб бўлганлигини англатади: "27 ноябрда Ҳўқандда Туркистон мухторияти умумий мусулмон сиездида эълон қилинди. Муборак ва хабарли бўлсин! Камина ҳам мажлисда бўлиш учун ифтихор этаман. Яшасун Туркистон мухторияти!” («Ҳуррият» газетаси, 1917 йил 19 декабрь).

Беҳбудийнинг сиёсий арбоб бўлганлиги унинг ҳалок бўлиши эълон қилинган (ҳокимиятга ўрнашган большевиклар уни қоралашга улгурмаган) даврда етти кишилик нуфузли комиссия хулосасида ҳам эътироф этилган: “Муфти Маҳмудхўжа Беҳбудий мунтазам бир таҳсил кўрмадиги ҳолда хидмат машқининг ўтиға чидай олмасдан, ўзининг сабот ва ғайратига таяниб бутун хидматни ўз бўйниға юклади. Маҳмудхўжа юртнинг эҳтиёжига қараб муҳаррирда бўлди, муаллимда бўлди, газетчилик қилди, мактаб китоблари ёзди, тиётрчилик қилди, сиёсий ишларға ишлади, халққа сиёсий фикр берди, халқнинг иқтисодий ва ижтимоий аҳволини ислоҳ қилмоқ учун иқтисодий ва ижтимоий олим бўлиб халққа фикр тарқатди. Фиқҳи ислом, ҳадис ва тафсир билан шуғулланиб суйлайтурғон ва ёзадурғон нарсаларини шаръий далиллар билан исбот қилди” (“Меҳнаткашлар товуши” газетаси, 1920 йил 8 апрель).


“Падаркуш” – сиёсий асар!


Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Падаркуш” драмаси ҳақида кўп ёзилди. Унинг мазмуни ҳаммага маълум: ўқимаган фарзанд ўз отасининг ўлдирилишига сабабчи бўлади. Лекин оила (Туркис­тон) таназзули отакушликдан (Мирзо Улуғбек давридан) бошланганини жадидлар расман айтишмаган бўлсалар-да, ёзган асарларида, дарсликларида ишоралар қилишган. Шарқ давлатлари, жумладан, Турон... Туроннинг хонликларга бўлинишлари, биродаркушликлар, илм-маърифат асосида ривожланиш ўрнига кибрга, айшу ишратга берилишлар... Келинг, парчаланиш сабаблари ҳақида ва ушбу драма яратилганига қадар айтилган, яъни Беҳбудий хулосасига қулоқ тутамиз.

«Таърих деюрки, бир замон келдики, уламо ва умарои ислом жубун ва танбал, айши бепарво, дигар тарафдан бир-бирлари ила мухолиф бўлдилар. Таълим ва тадриси уламои дин лодонлар мажлисини таржиҳ (устун – Ҳ.С.) этдилар. Умаро ва салотини ислом ноҳақ ерға юз минглаб аҳли ислом қонини тўкуб, тараф-тараф бўлдилар. Уламо бўлса умаро нониға ва маошиға кўз тикиб, муқобилларининг такфирларига қадар илгари кетдилар. Ҳусумати мазҳабиййа ва таъсиб илмийяға аҳамият бердиларки, насроният оламидаки ва папалиқ замониндаки ихтилофларға монанд низолар олами исломни парчаланмоқиға сабабият берди” (Маҳмудхўжа Беҳбудий. Таърих ва жуғрофия // “Туркистон вилоятининг газети”, 1908 йил 30 ноябрь).

“Падаркуш”ни шу фикрларни мунтазам такрорлаб юрган инсон сифатида мутолаа қилсак, асардан ҳар биримиз ўзимизга мос рамзларни топа оламиз. Масалан, падаркуш атамасининг ўзи юртимиз тарихидаги улкан фожиани эслатади. Асарнинг тўлиқ номи “Падаркуш ёхуд ўқимаган боланинг ҳоли” деб аталади. Беҳбудий драмани нега “Падаркуш ёхуд буюк салтанат фожиаси” дея номламади? Мустамлакачи цензураси бундай асарни чоп эттирмаслиги аниқ эди. Ҳатто, пьесани цензурадан ўтказолмай икки йил сарсон бўлгач, асарни 1812 йилда русларнинг французлар устидан Бородино жангида ғалаба қозонганлигининг 100 йиллигига “бағишлаган”идан кейингина рухсат олгани фикримизга асосдир. Қолаверса, буюк салтанат фожиаси ҳақида ёзилса, жадидчилик ҳаракатининг мақсади аёнлашиб, унинг намояндалари аввалроқ қатағонга учраши муқаррар эди. Шу боис жадидлар яратган асарларда асосий фикрни рамзлар воситасида айтишга ҳаракат қилинади.

Рамзлар “Падаркуш” асарида ҳам етарли. Масалан, “3 парда, 4 манзарали, миллий биринчи фожиа”. Муаллиф “миллий биринчи фожиа” дея фақат асарнинг дастлабкиси эканлигини таъкидлаяпти десак, Беҳбудийга муносиб баҳо бермаган бўламиз. Бу гапни “биринчи миллий фожиамиз” ёки “миллий фожиамизнинг биринчи қадами”, дея ўқисак маъно янада кенгаймайдими? Асардаги Бойнинг миллат зиёлисига муносабати Мирзо Улуғбек қатли ва ҳатто, ундан аввалроқ Амир Темур барпо этган салтанатни жаҳолат сабаб бўлиб олган ҳукмдорлар фожиасининг рамзидир.


Беҳбудий орамизда бўлганда нималар деган бўларди?

Биринчидан, озодликни мадҳ этиши муқаррар эди! Лекин алқаш билан кифояланмасдан миллат равнақи, юртнинг дунёдаги ривожланган давлатлар даражасига чиқиши йўлида янги ғоялар билан чиқарди.

Иккинчидан, ўз даврида Беҳбудийнинг қозоқ қардошларимизга мурожаати Туркистон мухторияти хавф остида қолганини англаган донишманд сиёсатчининг фарёди ҳисобланади. Бугун ҳам ана шундай хавф бор ва буни яхши англаган давлатимиз раҳбари “Туркий давлатлар ташкилоти”ни тузишда иштирок этиб, тарихга муҳрладики, бу ғоянинг ривожи учун Беҳбудий жонини беришга ҳам тайёр турган бўларди.

Учинчидан, жамиятдаги камчилик­ларни бартараф этиш бўйича фикрлар беришда давом этарди, хусусан, халқимизнинг илмга интилмайдиган, тўй ва маъракалардан бўшамайдиган тоифаси бугун ҳам катта муаммо эканлиги, улар ўзларигагина зарар қилсалар майли эди, лекин зўрма-зўраки тақлид қилувчилар сонининг кўпайиши миллатни таназзул ботқоғига ботиради, дея фарёд чекарди.

Ва ниҳоят, тўртинчиси. Дунё тарихи, тараққиёти, таназзули, анбиёлар, ихтиролар ҳақида чуқур билимга эга донишманд сиёсий арбоб ҳозир ҳам маърифат йўлидан қайтмаган бўларди. У Менделеев жадвалида учрайдиган барча кимёвий элементлар Ўзбекистон заминида борлигини рўкач қилиш билан кифояланмасдан, уларнинг ҳар бирини қазиб оладиган техникалардан тортиб, қайта ишлайдиган ва энг асосийси, хом ашё сифатида сотиб кун кўрадиган эмас, балки тайёр маҳсулотга айлантириб, ҳам халқ, ҳам давлат хазинасини бойитадиган, атроф­даги гегемон давлатлар хуружларидан ўз ҳимояси учун зарур бўладиган бетак­рор қурол яратишдан тортиб, миллат корига ярайдиган замонавий заводлар қуриб, уларни бошқарадиган комил мутахассисларни тайёрлашгача бўлган масалаларни халқимиз, биринчи нав­батда, зиёлиларимиз олдига қўйган бўларди.

Бундай тўхтамга эса донишманд сиё­сий арбоблар келади, десак асло хато бўлмайди.

Беҳбудийнинг адабиёт, матбуот соҳаси дейсизми, мактабу олий ўқув юртлари таълими ислоҳи, Туркистон тарихини ёзишнинг зарурати, кўп тилларни билиш каби миллатни тараққиётга бошлайдиган барча масалаларда ўз қарашига эгалиги ва уни асослай билиши, амали (“Ҳақ олинур, берилмас”), ўз ортидан халқни бошлай олиши ва бу йўлда жонини қурбон қилишдан тоймаслиги унинг Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорида таъкидланган “Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси” эканлигини исботлайди.

Ҳалим САИДОВ, 

филология фанлари доктори, профессор

Бизни кузатиб боринг:👇👇👇

@Gazeta_Adolat


Report Page