БУЮК ДАВЛАТ АРБОБИ ВА ҚОМУСИЙ ОЛИМ МИРЗО УЛУҒБЕК ШАХСИ

БУЮК ДАВЛАТ АРБОБИ ВА ҚОМУСИЙ ОЛИМ МИРЗО УЛУҒБЕК ШАХСИ

Доцентлар О. Ирисқулов, Т. Маҳмудов

Мирзо Муҳаммад ибн Шоҳруҳ ибн Темур Улуғбек Қўрағоний (1394-1449) - буюк астроном ва математик, ўз даврининг атоқли алломаси, давлат арбоби, Моварауннаҳрни 1409-1449 йиллар бошқарган, машҳур ҳукмдор ва соҳибқирон Амир Темурнинг набираси.

             Aйтиш жoизки, Мирзo Улуғбeкнинг фaн-тaълим дaстури фaқaтгинa Сaмaрқaнд билaн чeклaниб қoлгaн эмaс вa ундa бутун Мoвaрoуннaҳр ҳудудидa илмий сaлoҳиятни кўтaришдeк кaттa ғoя кўздa тутилгaн эди. Улуғбeк aнa шу мaқсaддa 1417 йил Буxoрoдa, 1420 йилда Самарқандда вa 1432-1433 йиллaрдa Ғиждувoндa ҳaм мaдрaсaлaр қурдиргaн.

         Мирзo Улуғбeкнинг Сaмaрқaнддaги мaдрaсaси aлoҳидa диққaтгa сaзoвoрдир. Мирзo Улуғбeкнинг Сaмaрқaнддa қурдиргaн мaдрaсaси “мaдрaсaи oлия”дeб aтaлгaн. У пeштoқидaги ёзувгa қaрaгaндa, 1417-1420 йиллардa қурилган. Мaдрaсa икки қaвaтли бўлиб, бурчaклaридaги дaрсxoнaлaрнинг устидa тўрттa гумбaзи вa тўрт минoрaси бўлгaн. Мaдрaсa пeштoқи юлдузлaр билaн тўлa oсмoнни тaсвир қилaди. Шубҳaсиз, бу ҳoл мaдрaсaдa ўқитилaдигaн фaнлaр oрaсидa aстрoнoмиягa aлoҳидa aҳaмият вa фaxрий ўрин бeрилгaнлигини кўрсaтaди. 1417-1420 йилларда қуриб битказилган Мирзo Улуғбек мадрасасининг биринчи мударриси Мавлоно Хавофий бўлган. Кейин бу мадрасага узоқ вақт мобайнида машҳур аллома Қозизода Румий мударрислик қилган. Тарихий манбаларда Қозизода Румийнинг маърузасини эшитиш учун Абдураҳмон Жомий Ҳиротдан Самарқандга махсус келгани айтилган.

         Мирзo Улуғбeк мaдрaсaсидa мудaррислaр тaйёрлaш мaсaлaсигa aлoҳидa aҳaмият бeриб, ўз зaмoнaсининг энг илғoр oлимлaрини бу ишгa жaлб этгaн. Мaдрaсa oчилиш кунидa биринчи бўлиб Мaвлoнo Муҳaммaд Ҳaвoфий вa aстрoнoм Сaлoҳиддин Мусo Қoзизoдa Румий кaби мaшҳур oлимлaр кириш мaърузaси ўқигaнлaр. Қoзизoдa Румий ғoят йирик вa aтoқли oлим бўлиб, зaмoндoшлaри унгa “Aфлoтуни зaмoн” дeб ном қўйгaнлaр. Шунингдек, мaшҳур мaтeмaтик вa aстрoнoм Ғиёсиддин Жaмшид Кoший, Aбдуaли Ибн Муҳaммaд Биржaндий, Aли Қушчи кaби oлимлaр ҳaм Улуғбeк рaҳбaрлиги oстидa aстрoнoмия сoҳaсидa сaмaрaли илмий тaдқиқoт ишлaри билaн шуғуллaнгaнлaр.

         1424 йилда Оби Раҳмат ариғининг ёқасида расадхона қурилиши бошланади. Цилиндр шаклли, уч қаватли бу иншоот 9 йил мобайнида қурилган. Қурилиш тугаши биланоқ, бинода илмий ишлар бошланади. Бу ерда Мирзо Улуғбек бошчилигида Қозизода Румий, Али Қушчи, Ғиёсиддин Жамшид Коший каби машҳур олимлар кечаю кундуз юлдузлар илми билан шуғулланади. Расадхонада олиб борилган узоқ ва машаққатли илмий кузатишларнинг натижасида «Зижи жадиди Кўрагоний», яъни «Кўрагонийнинг янги жадвали» номли фундаментал асар ёзиб тугалланади.

        Тарихий манбаларда айтилишича, Мирзо Улуғбек даврида Самарқандда 100 дан зиёд етук аллома илм-фаннинг турли соҳаларида илмий тадқиқотлар олиб борган. Мирзо Улуғбек яратган бу илмий мактаб фан тарихига «Дорул Ҳикма» («Донишмандлар уйи») номи билан кирган.

         1979 йил Японияда ўтказилган халқаро конференцияда Япония Фанлар академиясининг президенти профессор Саппоро Миякининг «Самарқанд – нафақат жаҳон цивилизациясининг маркази бўлиб қолмай, аллома Мирзо Улуғбек асос солган фалакиёт илмининг ҳам марказидир» деб айтган сўзлари Самарқандни халқаро миқёсдаги салоҳияти тўғрисидаги фикрларини яна бир бор тасдиқлади. 

       Мирзо Улуғбек Самарқандда бутун бир астрономик мактабга асос солди. У Самарқанддан унча узоқ бўлмаган Қўҳак тепалигида, Обираҳмат ариғининг бўйида уч ошёнли, ғоят улкан ва ҳашаматли расадхона барпо қилди. Бу расадхона ўз замонасининг такомиллашган асбоб-ускуналари билан жиҳозланган эди.

      Улуғбек Самарқандда табиий фанлар билан ўзи бевосита шуғулланди. Машҳур математик ва астрономларни ўз атрофида тўплаб, илмий тадқиқотларга кенг йўл очиб берди. Мирзо Улуғбекнинг расадхонаси ва илмий ишлари олим замондошларини ҳайратда қолдириб, уларни диққат-эътиборини ўзига қаратди ва тез орада етук мунажжимнинг шон-шуҳрати бутун жаҳонга ёйилди.

      Мирзо Улуғбек ижодига назар ташлар эканмиз, унинг жаҳонда биринчи бўлиб илм хазинасини тебратиб, уни фаннинг ноёб дурдоналари билан бойитган, жаҳон олимларини ҳайратда қолдириб, уларнинг олқишига сазовор бўлган ҳамда биринчи бўлиб Самарқандда академия ва унинг расадхонасига асос солган, унда астрономик кузатишларни ўтказиб, катта аниқликка эга бўлган, илмий натижаларга эришган ва янги илмий йўналишга асос солган олим эканлигига ишонч ҳосил қиламиз. Ҳандаса илмида Улуғбек Мирзодек кишини мингларча мадрасалардан ҳам топиб бўлмайди, деб ёзади тарихчи олим Абдураззоқ Самарқандий.

       Осмон сирларини очган ва уни кишилар кўзига ойнадек равшан қилган Улуғбекнинг Бухоро, Ғиждувон ва Самарқандда мадрасалар қурдириши, Бухоро мадрасасининг пештоқига «Илмга интилиш ҳар бир мусулмон эркак ва аёлнинг бурчидир», Самарқанд мадрасасининг пештоқига эса юлдузлар тўла осмонни тасвир қилиши, унинг илмга, фаннинг ривожланишига катта аҳамият берганидан далолат беради.  

         Мирзо Улуғбек томонидан Самарқандда ўзига хос «Академия» яратилди.       Уни энг аввал машҳур ёзувчи, файласуф ва тарихи олим Волтер (1694-1778 йй.) эътироф этган. Мовароуннаҳрда Амир Темурнинг ўрнига тахтга чиққан машҳур Улуғбек Самарқандда биринчи академияга асос солди. Ер куррасини ўлчашни буюрди ва астрономик жадвалларни тузишда иштирок этди. Мирзо Улуғбек атрофида уюшган юздан ортиқ олимни ўз бағрига олган, номи жаҳонга машҳур расадхонаси шу вазифани ўтаган. Улуғбекнинг Самарқанд ва Бухородаги мадрасалари ўз замонасининг дорилфунунлари эди. Бу мадрасаларнинг дарсхоналарида илоҳиёт илмларидан ташқари риёзиёт (математика), хандаса (геометрия), илмий ҳайъат (астрономия), тиббиёт (медитсина), тарих, жўғрофия, илмий аруз (поетика) сингари дунёвий илмлар ўқитилган. Самарқанд илмий марказининг фаолияти Улуғбекнинг «Зижи жадиди Кўрагоний», «Тарихи арбаъ улус», Мавлоно Ғиёсиддин Жамшиднинг «Талхис алъ-мифгох», Қозизода Румийнинг «Шарҳи мулахис фи-лайъа», Алоуддин Али Қушчининг «Рисола дар илми фалакиёт» асарларида акс эттирилган.

      Улуғбек бошчилигида расадхонада олиб борилган илмий кузатишларнинг ҳисоблаш натижаси ҳозирги замон ҳисоблашларидан жуда оз фарқ қилади. Масалан, Қуёш ва Ой ҳаракатини ҳисоблашга тааллуқли бўлган эклептика текислигининг экваторлигига олмаганлигини 230301171 деб топган бўлса, унинг хатоси ҳозирги назарий ҳисоблаш (230301491) га нисбатан 32 секунддир. Йил ва ойлар, кун ва ҳафталар, саналарнинг келиб чиқишива уларнинг бир-бирига муносабатлари масаласида, юлдуз йилини Улуғбек 365 кун, 6 соат, 10 минут, 8 секунд деб ҳисоблаган бўлса, ҳозирги назарий ҳисоблаш (365 кун, 6 соат, 9 минут, 6 секунд)га нисбатан, унинг хатоси 1 минут 2 секунддир.

       Мирзо Улуғбекни «Тарихи арбаъ улус» китобидан ташқари Самарқанд расадхонасида эришилган илмий тадқиқотларнинг натижалари юлдузлар ва сайёралар ҳаракатига бағишланган бўлиб, бу янги астрономик жадвал «Зижи жадиди Кўрагоний» бўлиб, бу асарда 1018 юлдуз вазияти кўрсатиб берилган. 

       Мирзо Улуғбекнинг илмий меросини мукаммал ўрганиш, унинг тадқиқотларини замонавий усуллар билан давом эттириш пайти етиб келди. Мирзо Улуғбекнинг «Ворисларимга муҳим ишни топшираман» деб айтган сўзлари Самарқандлик астрофизикларни коинот сирларини чуқур ўрганишга илхомлантирмоқда.  Олимлар, Мирзо Улуғбек асос солган академияни фақат мунажжимлик мактаби тарзида талқин қиладилар. Лекин мазкур академиянинг тадқиқотлари тизимида фалсафа ва мантиқ илми етакчи мавқени эгаллаган. Шу боис, Улуғбек таъсис этган ва раҳнамолик қилган Самарқанд мунажжимлик мактаби айни вақтда фалсафий-мантиқий мактаб ҳам ҳисобланади.

        Улуғбек академиясида математика, геометрия, фалакиёт, тарих, мусиқашунослик илмлари соҳасида тадқиқот ишлари олиб борилганки, бунда фалсафа ва мантиқ илмлари дастури амалий аҳамиятга эга бўлган. Аниқроқ қилиб айтганда, фалсафа ва мантиқ қайд этилган фанлар йўналишида олиб борилган фундаментал тадқиқотларда билиш методи – усули бўлиб хизмат қилган. Шунга кўра ана шу иккала фан ривожига катта эътибор берилади ва бунинг натижаси ўлароқ, Улуғбек академияси қошида фалсафа-мантиқ мактаби юзага келади. Аммо мавжуд илмий адабиётларда ушбу мактабнинг шаклланиши, унинг вакиллари ҳақида деярли фикр билдирилмайди ва бу борада тадқиқот ишлари олиб борилмаган. Шуни таъкидлаш керакки, Улуғбек академиясининг шаклланишида унинг фалсафий мантиқий йўналишидаги юксак салоҳиятга эга бўлишида бобоси Амир Темурнинг илм-фан, маданият равнақига катта эътибор берганлиги ва бунга халқ руҳини уйғотувчи куч, деб қараганлиги муҳим рол ўйнайди.

        Соҳибқирон ҳокимиятни қўлга олгандан сўнг ўша даврнинг машҳур олимлари, файласуф, мантиқшуносларини Самарқандга келишлари ва бу ерда илмий ишларини олиб боришларини истаб, уларга таклифномалар юбортиради. Ўз даврининг таниқли файласуфлари, мантиқшунослари Тафтазоний, Журжоний ва бошқалар ана шу таклиф бўйича Самарқандга келадилар. 

Шуни таъкидлаш лозимки, Самарқандга йиғилган олимлар, файласуф, мантиқшунослар Форобий, Ибн Сино, Беруний, Муҳаммад ал-Хоразмий, Абдуллоҳ Хоразмийларнинг илмий назарий, фалсафий қарашларининг давомчилари бўлиб, улар кейинчалик Улуғбек академияси, фалсафий мактабининг асосланиши ва унинг ривожига улкан ҳисса қўшадилар.

       Муҳаммад ибн Умар Саъдиддин ат-Тафтазонийнинг (1322-1392) фалсафа, хусусан, мантиққа оид «Таҳзиб ал-мантиқ ва л-калом» («Мантиқ ва каломга сайқал бериш»), «Алмутаввал» («Кенг талқин»), «Рисола фи завол ал-мусаллас» («Уч бурчакнинг бурчаклари ҳақида рисола») асарлари, Мир Саййид Шариф Журжонийнинг (1339-1413) «Усули мантиқия» («Мантиқ усули»), «Суғро» («Кичик далил бўла оладиган ҳукм»), «Авсат дар мантиқ» («Мантиқда ўрта хулоса») мантиқий рисолалари Улуғбек ва унинг шогирдларининг илмий қарашларини шаклланишида назарий-методологик асос бўлиб хизмат қилади. Чунки ҳар икки мутафаккирнинг юқорида зикр қилинган асарлари моҳият эътибори билан ҳозирги фалсафий атама билан айтганда гносеология - билиш назариясига оид бўлиб, уларда илмий мантиқий билишнинг усуллари хусусида фикр юритилади.

       Агар Улуғбекнинг асарлари, хусусан, «Зижи Кўрагоний» асари таҳлил қилиниб қараладиган бўлса, унинг қатъий мантиқий метод-усулларга асосланган ҳолда ёзилганлигига ишонч ҳосил қилиш мумкин. Фикримизнинг далили сифатида унинг ана шу асаридан биргина хулосавий муҳокама (ҳукм)ни олиб қарайлик: «Агар ҳақиқатан Ернинг қуёшга юзма-юз бўлиб туриши кечаси ёки куннинг иккинчи ярмида, аниқроғи соат 2-ю 20 мин содир бўлса, шунингдек юзма-юз бўлиш градуси 120 281 дан кам бўлмаса, унда қуёш тутилиши рўй беради». Мазкур муҳокама хулоса, биринчидан, дедуктив-силлогистик, яъни мантиқий хулоса бўйича чиқарилган ва иккинчидан, у шартли (импликатив) ҳукм шаклида таърифланган.

     «Зижи Кўрагоний» фақат астрономияга оид беқиёс ноёб илмий рисола бўлиб қолмасдан, айни пайтда теран фалсафий мазмунга эга бўлган рисоладир. Унда оламнинг тузилиши, унинг вақт ва фазода чексизлиги, шунингдек, олам ва одам муносабати каби фалсафанинг азалий муаммолари ўзига хос услуб, атамаларда баён этилади. 

     Мазкур асар дунё юзини кўрган пайтдан бошлаб турли мамлакат олимлари томонидан ўрганилиб, жуда кўп тилларга таржима қилинган, унга шарҳлар ёзилган. Лекин ҳозиргача «Зижи Кўрагоний» фалсафий асар сифатида тадқиқ қилинмасдан келинмоқда. Улуғбекнинг Жамшид Коший, Аловуддин Али Қушчи, Ғиёсиддин Жамшид каби ҳаммаслак касбдош шогирдлари ўз устозлари каби фалакиёт илмининг билимдонлари бўлиш билан бирга зукко файласуф, мантиқшунос ҳам бўлганлар. 

         Фикримизнинг тасдиғи сифатида Али Қушчининг «Рисолаи дар фалакиёт» асари хусусида қисқача тўхталамиз. Ушбу асар муқаддима ва уч бобдан иборат бўлиб, муқаддима оламтабиатнинг тузилиши, ундаги барча нарса, ҳодисалар ўзаро алоқадарликда, доимий ҳаракатда эканлиги ҳақида фикр юритилади. Асарнинг барча боблари ана шу фалсафий ғоя орқали талқин қилинади.

         Али Қушчининг талқинига кўра ҳамма нарсалар иккига бўлинади: осмон, юлдузлар олами ва Ер жисмлари. Кейингиси тўрт унсур-олов, ҳаво, сув, тупроқдан келиб чиққан. Табиат минераллар (маъданлар), наботот ва ҳайвонотдан иборат бўлиб, улар бир-бирлари билан ўзаро боғлиқдирлар. Барча нарсалар ҳаракатда бўлиб, муайян белгили вақтларда қўшилиб, янги нарсалар ҳосил қилади. Ва бундай жараён ички қаршиликлар, зиддиятларда кечади. Али Қушчининг ушбу фалсафий фикрлари бугунги кунда ҳам ўзининг назарий методологик аҳамиятини йўқотган эмас.

         Хулоса қилиб айтганда, Мирзо Улуғбек мунажжимлик мактаби мақсад моҳиятига кўра олам ва одам сир-асрорларини, олий ҳақиқатни англаш маскани бўлиб, унда фалсафий, мантиқий илмлар дастури амалий вазифани ўтаган. Улуғбек раҳбарлиги даврида Самарқанд шаҳрида Мадрасаи Олия ва расадхонанинг бунёд этилиши натижасида Шарқ Уйғониш даврининг илмий-маданий тараққиёти юксалди. Улуғбек ва Ғиёсиддин Жамшид Кошийнинг илмий раҳбарлигида ёзилган «Зижи Курагоний» асарида оламнинг эклиптикаси [минтақат ул - бурж - буржлар жойи], экватори, фазовий сайёраларнинг доиравий ҳаракати, туну куннинг алмашуви, Қуёш тақвими, 1118 юлдузларнинг номи ва ўрни ҳақида маълумот келтирилган ва Улуғбек илмий мактабининг математик ва астроном олимларининг илмий кузатишлари натижасида 1 йил 365 куну 6 соату 10 минуту 8 секунд ҳажмида белгиланган эди. Шу билан бирга, Улуғбек академиясининг математик ва астроном олимлари синус, косинус, тангенс ва котангенснинг илмий даражаларини топиб, уларнинг илмий жадвалини тузганлар. Шунинг учун ҳам самарқандлик тазкирачи олим Давлатшоҳ Самарқандий ўзининг «Тазкират уш - шуаро» [Шоирлар зикри] номли асарида «Улуғбек ҳандаса илмида Уклидусга ва нужум илмида Батлимусга ўхшар эди», деб юксак баҳо берган. 

          Улуғбек ва унинг мактабида фаолият юритган олимлар «Зижи Курагоний»ни ёзишида қадимги Ҳинд мамлакатидаги нужум илмига бағишлаб ёзилган «Синдҳинд» асари, қадимги юнон астроном олими Птолемей [Батлимус] нинг «Ал-Мажастий» китоби, Муҳаммад ал-Хоразмийнинг «Зижи Маъмуний» асари, Абу Райҳон Берунийнинг «Қонуни Маъсудий» си, Умар Хайёмнинг «Зижи Маликшоҳий» китоби ва Насриддин Тусийнинг «Зижи Элхоний» номли астрономик асарлари асосий манба бўлиб хизмат қилган.   

     «Зижи Курагоний» асарида фазовий жисмларнинг ўрни ва ҳаракатлари ҳақида, нисбатан мукаммал маълумотлар келтирилган бўлса-да, аммо унда анъанавий тарзда Птолемей томонидан асосланган геоцентризм назарияси сақлаб қолинган. 

      Мирзо Улуғбек адолатли шоҳ ва илм аҳлининг ҳомийси бўлганлиги билан бирга илм ва шеъриятга ниҳоятда мухлис шахс эди. Алишер Навоийнинг «Мажолис ун - нафоис» асарида келтиришича, Улуғбек баъзан шеър назмига ҳам майл этар эди.

      Мирзо Улуғбек даврида Самарқанд академияси - Улуғбек мадрасаси ва Улуғбек расадхонаси асосида ташкил топди ҳамда «Зижи Курагоний» номли қомусий асари тимсолида математика ва нужум илмларининг доират ул-маорифи вужудга келди.

     Мирзо Улуғбек ҳукмронлиги даврида Марказий Осиё мамлакатида Самарқанд илмий-маданий муҳити тараққий этди. Бу даврда турли илмлар: мантиқ, фалсафа, математика, физика, астрономия, кимё, биология, геодезия, география, тарих, минерология, адабиёт ва бошқа диний ва дунёвий илмлар ривож топди. Унинг даврида меъморий санъат ва архитектура соҳаси ҳам жадал суръатда юксалди. Улуғбекнинг буйруғига мувофиқ Самарқанд шаҳридаги Улуғбек мадрасаси, Улуғбек расадхонаси, Бухоро шаҳри ва Ғиждувон туманидаги Улуғбек мадрасалари, Шаҳрисабздаги Улуғбек масжиди ва бошқа меъморий санъатнинг нодир намуналари бунёд этилди. 


Report Page