БУЮК АЛЛОМАЛАРГА ТАЪЗИМ

БУЮК АЛЛОМАЛАРГА ТАЪЗИМ

1-мактабгача таълим ташкилотида “Илк қадам” давлат дастури асосида бўлиб ўтган очиқ таълимий машғулот ана шундай номланди. 


Машғулотда тумандаги барча мактабгача таълим муассасаларининг тарбиячилари иштирок этишди. 

Дастлаб 1-тайёрлов гуруҳининг очиқ таълимий машғулотида бўлдик. Тарбиячи Шарифа Ўрмонова атрофига жам бўлган болалар Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган саналардан тортиб, ғазалларининг номигача билиши тадбир иштирокчиларига манзур бўлди. Дўстлари ўқиган ғазаллар Навоий ёки Бобур қаламига мансуб эканлигини болалар зукколик билан топишди. 


1-катта гуруҳ тарбиячиси Умида Ёрованинг ҳам очиқ таълимий машғулотида иштирок этдик. Тарбияланувчиларга боғча опалари дарахтнинг тўртта шохида тўртта фасл мавжудлигини айтиб ўтди. Болажонлар фаслга хос расмларни дарахтлар шохига жойлаштиришди. Улар ҳозир қиш фаслининг февраль ойи эканлигини, дарахт шохига қор парчаларини илиб қўйиш лозимлигини, бу ойда Алишер Навоий ва Бобур каби алломалар таваллуд топганини айтиб, улар ёзган ғазалларидан ёд олган сатрларни ифодали ўқиб беришди.


3-кичик гуруҳ тарбиячиси Муяссар Ҳошимова сабзавотларни аплекациялар асосида ясаш очиқ таълимий машғулотида ҳам иштирок этдик. Кимдир қизил рангли, кимдир сариқ рангли шолғомларга яшил баргларни жойлаштиришди. Болажонлар бу машғулотни муваффақиятли якунлаб, буюк алломаларимиз ҳаёти ва ижоди акс этган саҳна кўринишларини ижро этишди. 

Очиқ таълимий машғулотлар 1-ўрта гуруҳ тарбиячиси Шаҳноза Йўлдошева, 1-кичик гуруҳ тарбиячиси Зарнигор Қаршибоева, 2-тайёрлов гуруҳи тарбиячиси Манзура Қуролова, 2-кичик гуруҳ тарбиячиси Сожида Мусаева, 2-катта гуруҳ тарбиячиси Гулҳаё Раҳмонқулова, 3-ўрта гуруҳ тарбиячиси Махсуда Ҳусанова, 4-кичик гуруҳ тарбиячиси Хулкар Райимхўжаевалар томонидан ҳам ўтилди. 

-Тарбиячилар машғулотларни эркин, жуда қизиқарли тарзда ўтишди, -дейди мактабгача таълим бўлими услубчиси Нодира Сиддиқова. –“Илк қадам” давлат дастурининг мақсади болажонларнинг таълимий машғулотлар орқали интеллектуал салоҳиятини оширишдир. Биз бугунги очиқ машғулотда таълим ташкилотининг раҳбари Холбуви Отақулова бошчилигида давлат дастури талабидаги бола ривожланишининг бешта асосий йўналишларини кўрдик. Бу жамоа эришган муваффақиятидир. 

Туманимиздаги барча мактабгача таълим ташкилотларида ана шундай ойлик очиқ таълимий машғулотлар мунтазам ўтказилиши режалаштирилган.

Бўка туман ҳокимлиги ахборот хизмати.


Report Page