БУГУН ОЗОД ШАРАФИДДИНОВ ТУҒИЛГАН КУН

БУГУН ОЗОД ШАРАФИДДИНОВ ТУҒИЛГАН КУН


Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги бирлашган таҳририяти


Бугун қўлида қалами бор шоир, ёзувчи, адабиётшунос олим ёки ёш тадқиқотчиларнинг аксарияти ўзига ва шогирдларига талабчан, тўғрисўз, адолатпарвар Озод Шарафиддиновдан маҳорат сабоқларини олгани аниқ. Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли адабиётшунос олим ва жамоат арбоби Озод Шарафиддинов 1929 йил 1 мартда Қўқон яқинидаги Охунқайнар қишлоғида туғилган. Тошкентдаги 14-ўрта мактабни, Ўрта Осиё давлат университетини тугатган. Москвада аспирантурани ўқиб, фан номзоди илмий даражасини олган.

Озод Шарафиддинов поэзия муаммолари билан шуғулланган, ўзбек шеърияти ва унинг ҳолати ҳақида адабий-танқидий мақолалар ёзган. Ўша даврдаги илмий-ижодий, адабий-танқидий изланишлари «Замон. Қалб. Поэзия» (1962) асарида ўз аксини топган. 

ХХ асрнинг 60–80 йилларида у Чўлпон ҳаёти ва ижодини тарғиб қилишга интилди. Ўзбек адабиётининг Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Шайхзода, Миртемир, Зулфия сингари намояндалари ҳақида «Истеъдод жилолари» (1976), «Адабий этюдлар» (1968), «Абдулла Қаҳҳор» (1988), «Биринчи мўжиза» (1979) каби адабий портретлар яратди. Олим ижодида ўзга адабиётлар намояндалари ижоди ҳақида яратилган «Яловбардорлар» (1974) адабий-танқидий очерклар китоби муҳим ўрин эгаллайди.

Мустақиллик йилларида О. Шарафиддинов ҳам адабий танқидчи, ҳам таржимон, ҳам жамоат арбоби сифатида улкан ишларни амалга оширди. «Чўлпон» (1991), «Чўлпонни англаш» (1994) китоблари, «Эътиқодимни нега ўзгартирдим» (1997) асарларида мунаққиднинг эстетик принциплари акс этган. Кейинги йилларда О. Шарафиддинов ўзбек адиблари, маданият-санъат арбоблари, олимлар ҳақида ўнлаб мақолалар ёзди. У жаҳон адабиётининг кўплаб намояндалари асарларини ўзбек тилига таржима қилди. Л. Толстойнинг «Иқрорнома», П.Коэлонинг «Ал-Кимёгар», А.Севеланинг «Тўхтатинг самолётни, тушиб қоламан» асарлари шулар жумласидандир.

Озод Шарафиддинов ХХ асрнинг 90-йиллари ўрталаригача Ўзбекистон Миллий университетида профессор бўлди. 1995–1997 йилларда «Тафаккур» журнали бош муҳаррир ўринбосари вазифасини бажарди. Кейинчалик «Жаҳон адабиёти» журналида бош муҳаррир лавозимида ишлади. 

У Беруний номидаги Давлат мукофоти лауреати (1970), «Буюк хизматлари учун» (1999), «Меҳнат шуҳрати» (1997) орденлари соҳиби. 2002 йил эса «Ўзбекистон қаҳрамони» унвони берилди.

Озод Шарафиддинов умрининг сўнгги йилларида оғир хасталикка чалиниб, кучли оғриқ азоби силласини қуритди. Унинг олдида иккита йўл бор эди: биринчиси – тақдирга тан бериб, қолган умрини сиҳатгоҳу оромгоҳларда, сайру саёҳатларда, шогирдлари, дўст-қадрдонлари даврасида ўтказиш ёки касаллик хуружига, кўзлари хира тортаётгани, бармоқлари ҳолсизланиб, сатрлар бир-бирига мингашиб кетаётганига қарамай, жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини ўзбек тилига ўгириш эди. О.Шарафиддинов иккинчи йўлни танлади. Бу йўл у кишининг маънавий жасоратига айланди, бу жасорат устозни янада юксак чўққиларга кўтарди.

Озод Шарафиддинов 2005 йил 76 ёшида вафот этди. У ҳақда “Ижод ва шижоат” номли хотира китоби ҳамда киноижодкорлар томонидан ҳужжатли фильм тайёрланди.

Адолат ФАЙЗИЕВА тайёрлади. 

Report Page