BRIFING

BRIFING

Andijonpress
Андижон шаҳрида ижтимоий ҳимоя соҳасида амалга оширилаётган ишлар: инсон қадри ва фаровонлиги — устувор вазифа
Бугунги брифингимизда Андижон шаҳрида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, эҳтиёжманд оилалар ва фуқароларни қўллаб-қувватлаш, ногиронлиги бўлган шахслар, болалар, хотин-қизлар ҳамда бошқа ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига кўрсатилаётган хизматлар, шунингдек, уларни жамиятга интеграция қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот бермоқчиман.
Эҳтиёжманд оилалар билан манзилли ишлаш
Андижон шаҳрида 492 минг нафар аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 32 минг нафари, яъни 4,5 фоизи ижтимоий хизматлар билан қамраб олинган.
Жорий йил давомида ижтимоий-иқтисодий хатар мавжуд бўлган аҳоли ўртасида 550 нафар даромадсиз, 164 нафар даромади кам ёки оила рўзғорига етмайдиган, 290 нафар ишсиз, 22 нафар боқувчисиз, 75 нафар ўзгалар парваришига муҳтож, 22 нафар руҳий касалликка чалинган фуқаро аниқланди.
Илгари ижтимоий реестрда бўлмаган 259 та эҳтиёжманд оила, жами 1,1 минг нафар оила аъзоси “Ижтимоий реестр”га киритилиб, ҳар бир оила учун индивидуал хизматлар режаси белгилаб берилди.
Ушбу оилаларга болалар нафақаси ва 85 нафар шахсга парвариш нафақаси тайинланди. Ҳоким ёрдамчилари билан ҳамкорликда реестрга киритилган оилалар аъзоларидан 356 нафари доимий ишга жойлаштирилди. 3,9 минг нафар бола мактабгача таълимга, 284 нафар бола турли тўгаракларга жалб этилди.
Эҳтиёжманд оилаларга комплекс ёндашувни таъминлаш мақсадида “Инсон” маркази томонидан Бандлик бўлимига 42 та, Ёшлар бўлимига 13 та, тиббиёт бирлашмаларига 157 та талабнома йўлланди.
Кўрилган чоралар натижасида давлат таъминотидаги 7 та оилага фоизсиз кредит ажратилди, 20 та оиланинг уй-жойи “яшил таъмир” асосида таъмирланди. Иккинчи босқичда яна 4 та оиланинг уй-жойини “яшил таъмир” асосида таъмирлаш режалаштирилган.
“Саховат–Кўмак” жамғармаси орқали манзилли ёрдам бериш бўйича
Андижон шаҳрида йил бошидан буён “Саховат–Кўмак” жамғармасига жами 2 863 та мурожаат келиб тушган. Шундан 1 033 таси ижобий ҳал қилиниб, фуқароларга зарур ёрдамлар кўрсатилди.
Озиқ-овқат йўналишида 1 839 та ариза қабул қилиниб, 525 таси ижобий ҳал этилди. Натижада 525 нафар фуқарога жамғарма маблағлари ҳисобидан озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.
Кийим-кечак ва бошқа зарур товарлар йўналишида 826 та ариза келиб тушган бўлиб, 406 та мурожаат ижобий ҳал этилди. 406 нафар фуқарога кийим-кечак ва зарурий товарларни харид қилиш учун ёрдам кўрсатилди.
Даволаниш йўналишида 95 та ариза қабул қилиниб, 22 таси ижобий ҳал этилди ва 22 нафар фуқаронинг даволаниш харажатлари жамғарма ҳисобидан қопланди.
Жарроҳлик амалиёти харажатларини қоплаш бўйича 53 та мурожаат келиб тушган бўлиб, 5 та ариза ижобий ҳал қилиниб, 5 нафар фуқарога тегишли ёрдам кўрсатилди.
Уй-жойларни таъмирлаш йўналишида эса 50 та ариза қабул қилиниб, 41 нафар фуқаронинг уй-жойини таъмирлаш учун маблағ ажратилди.
Ногиронлиги бўлган шахслар учун янги имкониятлар
Андижон шаҳрида ижтимоий-тиббий хатар мавжуд бўлган 14 минг 148 нафар ногиронлиги бўлган шахс, 2 минг 305 нафар ақлий ва руҳий касалликка чалинган шахс, 299 нафар ўзгалар парваришига муҳтож фуқаро ҳамда 647 нафар қон яратиш тизими ва онкологик касалликларга чалинган шахслар аниқланган.
Янги стандарт асосида 21 та янги касаллик тури бўйича илгари ногиронлик гуруҳини олиш имконияти бўлмаган 5 нафар шахсга ногиронлик гуруҳи белгиланди.
Шунингдек, янги тартиб асосида эндопротезлаш, ОИВ ва ОИТС инфекцияси каби касалликлари мавжуд 77 нафар шахсга ногиронлик гуруҳи муддатсиз белгиланди.
Мажбурий 120 кунлик даволаниш муддати бўйича талабнинг ўзгариши натижасида яна 48 нафар шахсга ногиронлик гуруҳи муддатидан олдин белгиланди.
Жорий йилда 416 нафар шахсга реабилитация хизматлари кўрсатилди, 488 нафар шахс протез ва реабилитация воситалари билан таъминланди.
Ногиронлиги бўлган болаларни оила ва жамиятдан ажратмасдан, уларга яқин ҳудудда хизмат кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бир маҳаллада тадбиркорлар томонидан 3 та кундузги парвариш хизмати йўлга қўйилиб, 77 нафар оғир тоифадаги ногиронлиги бўлган бола қамраб олинди. Бунинг натижасида болаларни “Мурувват” уйига жойлаштиришга эҳтиёж қолмади.
Шунингдек, 91 та маҳаллада тадбиркорлар билан ҳамкорликда “Фаол ҳаётга қадам” дастури йўлга қўйилиб, ўзгалар парваришига муҳтож 237 нафар шахс қараб туриш хизматлари билан қамраб олинди.
Андижон шаҳридаги “Имкониятлар олами” ҳудудий ижтимоий хизматлар марказида “Эрта аралашув” хизмати ташкил этилган бўлиб, бугунги кунга қадар ривожланишида нуқсони бўлган 3 ёшгача 142 нафар бола ушбу хизматдан фойдаланди.
Август ойида яна бир “Эрта аралашув” хизмати йўлга қўйилди. Сентябрь ойида эса 18 ёшдан катта деменция, ақлий ва руҳий касалликка чалинган шахслар учун кундузги ва уйда қараб туриш хизматларини йўлга қўйиш режалаштирилган. Бу орқали яна 23 нафар шахс янги ижтимоий хизматлар билан қамраб олинади.
Бандлик, таълим ва ижтимоий интеграция бўйича
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамиятда фаол иштирокини таъминлаш мақсадида Бандлик бўлимлари билан ҳамкорликда 113 нафар шахс ишга жойлаштирилди.
Спорт мактаблари билан ҳамкорликда 368 нафар шахс адаптив спорт турларига жалб этилди. 15 нафар ёш ногиронлиги бўлган шахс 1 фоизлик квота асосида олий таълим муассасаларига йўналтирилди.
Жорий йилда ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар учун 820 та иш ўрни захираланган.
“Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасида кўрсатилаётган кундузги қатнов хизматлари натижасида 2 нафар фуқаронинг соғлиғи тикланди. Шунингдек, 13 нафар ёлғиз кексаларнинг соғлиғи яхшиланиб, улар ижтимоий реестрдан чиқарилди.
Болаларни ҳимоя қилиш ва ижтимоий етимликнинг олдини олиш бўйича
Болалар билан ишлаш йўналишида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилда оилавий хатар мавжуд бўлган, зўравонликка учраган 7 нафар бола аниқланди.
Жами 604 нафар болага васийлик ва ҳомийлик белгиланган бўлиб, шундан 361 нафари васийликда, 234 нафари ҳомийликда, 56 нафари ҳамроҳлик хизматида, 8 нафари патронатда, 1 нафари оилавий болалар уйида тарбияланмоқда. 3 нафар бола эса ИИБ ҳузуридаги вояга етмаганлар марказига жойлаштирилди.
Андижон шаҳар “Инсон” маркази томонидан 2026 йилда 119 нафар болага васийлик ва ҳомийлик белгиланди.
54 нафар бола “Ёшларга ҳамроҳлик” дастури билан қамраб олинди ва уларнинг 21 нафари олий таълим муассасаларига ўқишга кирди.
Ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болаларни оила муҳитига қайтариш мақсадида “Меҳрли оила” лойиҳаси доирасида 15 та оила аниқланди.
Интеграция ва Кризис марказида кўрсатиладиган хизматларга 3 та оила жалб қилинди.
Ижтимоий етимликнинг олдини олиш мақсадида “Она уйи”да 3 нафар она ва 6 нафар болага тиббий, ижтимоий ҳамда психологик хизматлар кўрсатилди. Шунингдек, 1 та оилавий болалар уйида 1 нафар бола оилавий муҳитда тарбияланмоқда.
Етим ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларнинг олий таълимга қамрови ҳам сезиларли даражада ошмоқда. 1 фоизлик квота асосида олий таълимга қабул 2025 йилдаги 6 нафардан 2026 йилда 15 нафарга етди.
Шунингдек, уй-жой билан таъминланган болалар сони ҳам ортиб, 2025 йилдаги 6 нафардан 2026 йилда 9 нафарга етди.
Инклюзив таълимни ривожлантириш
Инклюзив таълимни ривожлантириш борасида ҳам муҳим натижаларга эришилмоқда.
Ўтган йили 20 та умумтаълим мактабида тўсиқсиз муҳит ва коррекцион хоналар ташкил қилиниши натижасида 45 та инклюзив синф ташкил этилди ва 96 нафар бола умумтаълим мактабларида таълим олиш имкониятига эга бўлди.
Илк бор 1 та мактабгача таълим ташкилотида 2 та инклюзив гуруҳ ташкил қилиниб, 4 нафар бола қамраб олинди.
Деинституциялашув жараёни натижасида сўнгги уч йилда 43 нафар бола махсус мактаблардан инклюзив синфларга ўтказилди.
Ўтган йили махсус мактабларни тамомлаган 8 нафар бола олий таълимга қабул қилинди, 16 нафари эса тадбиркорлик ва доимий ишга йўналтирилди.
Таълим ва ижтимоий хизматлар билан қамраб олинган ногиронлиги бўлган болалар сони 2024 йилдаги 362 нафардан 2025 йилда 402 нафарга етди.
Етим ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларни ижтимоийлаштириш бўйича ҳам ижобий натижалар бор. 2024 йилда 12 нафарни ташкил этган кўрсаткич 2025 йилда 104 нафарга етди.
Хотин-қизларни ҳимоя қилиш
Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларни ҳимоя қилиш, уларга психологик, ҳуқуқий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўйича ҳам комплекс чоралар кўрилмоқда.
Жорий даврда 297 нафар тазйиқдан жабрланган аёлга психологик, ҳуқуқий ҳамда ижтимоий хизматлар кўрсатилди. 3 нафар аёл “Аёлларни реабилитация қилиш” марказига жойлаштирилди.
Шунингдек, 20 нафар тазйиқдан жабрланган хотин-қиз “Бирламчи кўмак маркази”да хавфсиз бошпана ва ижтимоий хизматлар билан таъминланди.
Ижтимоий етимликнинг олдини олиш мақсадида “Она уйи”да 15 нафар она ва 26 нафар болага тиббий, ижтимоий ва психологик хизматлар кўрсатилди. 2 та оилавий болалар уйида 9 нафар бола оилавий муҳитда тарбияланмоқда.
Жамиятга қайта интеграция қилиш
Жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган фуқароларни жамиятга қайта мослаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жорий йилда жамиятга адаптация хатарлари бўйича жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган 212 нафар шахс аниқланди. Уларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатилди.
Шунингдек, 1 нафар репатриация қилинган шахс аниқланиб, унга ҳуқуқий ва психологик хизматлар кўрсатилди.
Хулоса
Умуман олганда, Андижон шаҳрида ижтимоий ҳимоя тизимидаги асосий мақсад — фақат ёрдам кўрсатиш эмас, балки эҳтиёжманд инсон ва оилани муаммодан чиқариш, унинг даромадини ошириш, соғлиғини тиклаш, таълим ва бандлигини таъминлаш, жамиятда муносиб ўрин эгаллаши учун зарур шароит яратишдан иборат.
Бугунги кунда ижтимоий хизматлар тобора манзилли, комплекс ва индивидуал ёндашув асосида ташкил этилмоқда.
“Инсон” марказлари, маҳалла, ҳоким ёрдамчилари, бандлик, таълим, тиббиёт, ёшлар ва бошқа мутасадди ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликнинг кучайиши натижасида минглаб фуқаролар зарур ижтимоий хизмат ва кўмак билан қамраб олинмоқда.
Энг муҳими, ҳар бир инсоннинг қадрини улуғлаш, унинг муаммосини ўз вақтида аниқлаш ва ечим топиш, эҳтиёжманд оилаларни мустақил ҳаётга қайтариш ҳамда ҳеч бир фуқарони эътибордан четда қолдирмаслик — Андижон шаҳридаги ижтимоий ҳимоя тизимининг асосий вазифаси бўлиб қолади.

Андижон шаҳар "Инсон" ижтимой хизматлар маркази директори Сайдахмедов Саидисломхон Акбархон ўғли
+99874-223-84-04


Report Page