БОТИР ЭРГАШ

БОТИР ЭРГАШ

https://t.me/vaqt_manzili


* * *
Тун. Қайдадир нимадир чархланаётир,

Сен ухлайсан, билмайсан, афсусланаман.
Тун – тахмон, ғафлатларинг тахланаётир,
Сен ҳануз ухлаюрсан, маъюсланаман. 

Тун. Қайдадир нимадир чархланаётир,
Чархи дун балки чархлар тоқатларимни.
Сен ухлайсан, исёнинг талхланаётир,
Талхи ҳижрон забт этар роҳатларимни. 

Тун. Қайдадир нимадир чархланаётир,
Мендан бардош ҳайкалин ясаётирми?
Сониялар йиллардек фарқланаётир,
Ҳануз тириклик сен-ла яшаётирми? 

Тун. Қайдадир нимадир чархланаётир,
Сен кўксингни ерлатиб ухлайсан ҳамон.
Ишққа ташна юрагинг захланаётир,
Шу тахлит сен омонсан, мен шундай омон. 

Тун. Қайдадир нимадир чархланаётир,
Ғажилар нафс тишида балки диёнат.
Ухлайсан, уйғоқ қадрим нархланаётир,
Ғафлат – қисқа умрга бўлган хиёнат. 

Тун. Қайдадир нимадир чархланаётир,
Томирларим қонимни тинглаётгандир.
Балки ҳар бир онимиз шарҳланаётир,
Балки шўрлик руҳимиз инграётгандир.

Тун. Қайдадир, нимадир чархланаётир!

Report Page