БОНУ

БОНУ

Иқбол Мирзо

Сўнгги 30-қисм.

* * *

Шоира опам қўнғироқ қилганда шаҳар шифохонаси ёнида Олмоснинг хотини билан гаплашиб тургандим, ололмадим.

Бошига оғир мусибат тушган одамлар каби янга ҳам алланечук жонсарак, кўзлари бежо эди. Мен бўлимга кириб Олмос билан бир оғиз салом-алик қилиб, ҳол сўраб чиқай, десам талвасага тушиб:

– Ҳечам, опажон, келганингизни эшитиб бўлари бўлди, “Мени бу аҳволда кўрсатманглар, унга нотавон, ғариб кўринишни истамайман. Ундан кўра ўлиб кетганим яхши”, деб қайта-қайта тайинлади. Орияти кучли-да, тағинам сиз пул бераётганингизни билмайди. Агар сезиб қолса, оламга ўт кетди, деяверинг. Тузалиб кўчага чиққанидан кейин кўришарсиз, опажон, – деб қолди жовдираб.

– Яна озгина кечикканингизда, ўзим кириб борган бўлардим. Яхшиям кутганим...

Янгага аталганини бериб, Шоира опамга қўнғироқ қилдим. Опам томдан тараша тушгандай:

– Юр, Бонужон, шаҳарга тушамиз, – деб қолди.

Мендан бекорчиси бор эканми? Дарров етиб бордим.

Дўкон айландик, рўзғорга майда-чуйда харид қилдик. Тушлик учун Лаби ҳовузга бориб, алоҳида бўлмага кириб ўтиргач, тараддудлана-тураддудлана:

– Гап бор, Бонужон, – деди овозини пастлатиб. Чойни қайтариб, тин олишга қўйиб, опамнинг оғзига қарадим, – сенга харидор чиқди, кўп қошингни чимирма, бу умр савдоси, қулоқ бер, қачонгача бошинг очиқ юрмоқчисан? Эрсиз хотин – тувоқсиз қозон деган гапни эшитгансан. Ҳали қариганингда иссиқ-совуғингга қарайдиган бола керак бўлади. Ҳозир кучинг бор, кексаликни ўйламайсан, лекин бу бўладиган гап... 

– Ким экан у харидор? Биласиз-ку, менга камида шаҳзода бўлиши керак, ўшандаям бўйи бўйимга, ёши ёшимга, кўнгли кўнглимга мос бўлсин.

– Ўла қол-а сен! Ҳамма гапи ҳазил буни! Ҳаёт ҳам ҳазил бунга! Хўп, бундай қиламиз, сен аввал кўриш, ёқмаса, катта кўча, кетаверади. Салгина “жиз” этсаям, уёғи маслаҳат... Маъқул?

– Сизлар нима десаларинг шу, – дедим ўрнимдан туриб машҳур анъанага кўра. Опам майнавозчилигимга баралла кулиб юборди. Менимча, бу неча йиллардан бери биринчи кулгиси бўлса ажабмас...

Мажидбек Шоира опамнинг маҳалласида яшайдиган эски бойлардан бўлиб, ёши ўттиз бешларда, хотини бепушт чиқиб, ажрашган, ҳовли-жойи, улови бор, автосалонда менежер, ўзини тутиб олган олифтагина йигит экан.

Мени талабалик пайтим кўрганини, бир-икки йўл-йўлакай саломлашганини айтиб, “У пайтларда биздақаларни кўзга илмасдингиз, биз ҳам оғиз очгани ботинолмасдик”, деб такаллуф қилган бўлди. Кейин юзимга синчиклаб бир қараб олиб, “Ҳалиям ўзгармагансиз”, деб хушомадини янада силлиқлади. Шеъриятни севишини, тарихга қизиқишини, спорт билан шуғулланишини, айниқса, футбол жони-дили эканини таъкидлаб, “Гоҳида чемпионат бўлиб қолса, ишдан таътил олиб, телевизўрга уйланволаман”, деб ўзи маза қилиб кулди. 

Мен ҳам четда ишлаганимни, лўлиларга хизматкор бўлганимни, касаллигим тарихини қисқача айтиб бердим. Тўғрисини айтсам, ёқди деёлмайману, ҳарҳолда, ўйлаб кўрса бўладиган номзод сифатида тасаввур пайдо бўлди.

Иш жойини эшитиб, машина сотиб олиш ниятимни айтганимда қўярда-қўймай, дўконига судраб қолди. Московда автосалонларга кўп кирганман. Дастлаб иш қидириб, кейин Лариса билан харид қилгани борганмиз. Аммо ўзинг харидор бўлиб кирсанг, дўконнинг шифт чироқлариям бошқачароқ кўринаркан.

Бозор – шайтоннинг айвони, ҳамма фириб шу ерда.

Дўконга кирдигу Мажидбек сотувчига, мен харидорга айландим-қолдим. Тавба, чет автоларининг нархи Россиядан икки баравар қиммат экан. Ёқамни қўшқўллаб ушладим: бу баҳоларни қайси ақл тайин қиларкан? Мажидбек эса тўхтовсиз ўшанақа машиналарга мени рўпара қилиб, лаганга солиб, мақтагани мақтаган. Ларисанинг “Пежо”сига ўхшайдиган усти очиб-ёпиладиган автонинг эшигини қиялатиб, мени мажбур ўтқазди. Телефонига расмимни тушириб, ўзимга кўз-кўз қилди: “Бир қаранг, узукка кўз қўйгандай бўлдиларинг, бундан бошқаси ҳаром! Бор-йўғи етмиш минг туради...”

Илоннинг устига ўтириб олгандай ирғиб машинадан тушдим: “Бунақа пулим йўқ, уялтирманг...”

Мажидбекнинг кенг пешонаси кампирқовундай тиришди: “Унда, манави “БМВ”ни кўринг. “Пежо”нинг ярми бўлади”.

Менга ўзимизнинг “Нексия” кераклигини айтсам, лабларини пуриллатиб дам чиқарди: “Сизга ярашмайди-да, у қишлоқи дўмбоқчаларга кетади. Сиздек дўндиқ қизга...”

Мен ўйлаб кўришга вақт сўраб, “куёвтўра” билан хайрлашдим. У телефон рақамимни ижикилаб сўраб, кетмасимдан қўнғироқ қилиб текшириб, кейин рухсат берди.

Ўзимни Олмос олдида гуноҳкор ҳис қиляпман. Гўё аҳду паймонни мен бузаётгандай, унга хиёнат қилаётгандай, муҳаббат деб аталган атиргулнинг гулбаргларини юлқилаб, оёқ остига сочаётгандай... хуллас, этагига лой теккан келинчакдай дилхира бўляпман.

Олмос ҳам ўз вақтида шундай туйғуларни кечирганмикан ё ўзини осонгина кечириб кетаверганмикан?..

Ҳаво етишмаяпти...

Ёмон бўляпман... кўнглим беҳузур... 

Олмос билан хайрлаша туриб, “Ҳазрат, жавоб беринг, борақолай”, десам, у жаҳлланиб, “Қайтиб жавоб беринг деманг, бу жавобимни беринг дегани бўлади, фаришталарнинг фотиҳаси бор, тилчисиз, сўзни танлаб ишлатинг”, деб дакки берганди. “Унда рухсат берасизми, ҳазратим?” деб бош эгсам, жилмайиб, “Бу бошқа гап, маликам, сизга изн бердик”, деб қўлини кўксига қўйгани бугунгидек кўз олдимда турибди.


* * *


Икром акам авфи умумийга тушмади.

Изоҳ сўраб Ёрмуҳаммадга қайта-қайта хат ёздим – жавоб йўқ.

Янга: “Бу телефонни гапи эмас”, деганига юзма-юз кўришиб, бўлган гапни айтдим. У “Сизга айтсамми, йўқми деб турувдим, Ёрмуҳаммад акани обкириб қўйишибди”, деди хавотирли шивирлаб.

– Нега? – дедим, – нега қамашади?

– Менимча, акасининг душманлари яна тил бириктириб, энди укасига туҳмат уюштиришган. Уйидан варақа чиққанмиш.

Одамзодни қаранг, шумхабарни эшитиб, “Икром акам масаласида қўлга тушдимикан?” деган шубҳа ва ҳадик уйғонганди, варақа чиққанини билгач, тавба деб айтай, бирдан енгил тортдим.

– Бизнинг иш нима бўлади энди? Уйлари қаерда? Хотини, қариндошлари бордир? Суриштирайлик...

– Опа, бунақа модда билан ушланганларни уйини пойлашади. Бир балога йўлиқиб қолмайлик. Кутайлик-чи, вақт ўтсин-чи, унгача Олмос акам ҳам соғайиб қолар. Дўст сифатида у киши борса, биров гумонсирамайди.

Бу маслаҳат менга маъқул тушди. Кутамиз. Бошқа йўлимиз ҳам йўқ.

Шўрлик Шоира опам...

Бечора Икром акам...

Мен...


17 май


Ўйчининг ўйи битгунча таваккалчининг уйи битади.

Акам оппоқ “Ласетти” олди. Янгамнинг оғзи қулоғида, жиянлар машинага яқинлашса, пашшакалтакни кўтариб қувлайди. Ҳаммадан онам хурсанд, бир кулади, бир йиғлайди. “Даданг бўлганда... умрини охиригача шайтонарава минолмай ўтди-я...”

Эҳ, онагинам-а, қариндош-уруғларга таламон бўлган “амиркони пул”ларига бунақа машинадан иккитаси келишини билмайди-да.

– Ака, – дейман, – ишқилиб, ҳайдашни биласизми?

– Эшак миниб юрган одамга темир нима? – акам қўлини белига қўйиб гердаяди. – Ўрганамиз-да. Мана, Феруз ҳам ҳўкиздай бўлиб қолди. Бирга ўқиймиз, ҳужжат оламиз.

– Сизни ҳужжатингиз бордир-а, – янгам ўзини овсарликка солиб, менга кесак отади, – ё уёқларни қоғози бизда ўтмайдими?

– Буни “қоғоз”и ҳамма ёққа ўтади, хотин. Ҳазиллашма, мошинаниям зўрлари келади ҳали, – акам “биз ҳамма гапдан хабардормиз”, дегандай онамга қараб кўз қисиб қўяди.

Опаларим, аммаларим, холаларим бирин-кетин тугун кўтариб, “қуллуқ бўлсин”лаб кела бошлади. Тўй эмас-у, тўйчиқ бўлиб кетди. Ҳаммаси машинани мени олиб берган деб ўйлаб, алоҳида эҳтиром кўрсатиб, икки юзимдан чўлпиллатиб ўпиб, “Биз томонларгаям кун чиқармикан?” деганга ўхшаш қочиримлар қилишди. Фақатгина катта аммам эски одатига кўра кафтини пешонамга босиб, тескари тарафини ўпди-да, кўзлари билан бўйимга ўлчов солиб:

– Энди чет-петга чиқиб юрма, куёв топиб, тўйни тезлаштир. Даданг тушимга кирибди, – дедию супанинг тўрига чиқиб ястаниб олди.

Гулшан опам сочларимни қулоғим ортига ўтказаркан, тартиб берган киши бўлиб, “Ҳамма нарсани фурсати бор, дегани шу-да, ростанам тўйни тезлат энди, ўзингга қараб, пардоз-андоз қилиб юр”, деб меҳр кўрсатди.

Феруз ёнимдан кетмайди.

– Апа, яна Московга қайтиб кетманг-а, шу ерларда юраверинг. Ана, мактабда ишланг, – дейди қўли билан мактаб томонни кўрсатиб, – энди дадам ҳам кетмайди. Ҳаммамиз маза қилиб яшаймиз, – кафти билан оғзини пана қилиб, қулоғимга, – дадам-чи, Твердан бир қоп пул билан келган, – деб шивирлаб, кўрсаткич бармоғини лабига кўндаланг қўяди.

Феруз билан қаймоқлашиб ўтирсак, телефон нағма қилиб қолди.

– Салом, яхшимисиз, Бону? Онангиз, акангиз, опаларингиз, амакилар, аммалар... – эҳтимоли бор қариндош турларини эринмай санаб чиқди Мажидбек.

– Эчки-улоқлар, сигир-бузоқлар, қўй-қўзичоқлар, қозон-товоқлар... ҳаммаси яхши. Мана, ёнимда Феруз ўтирибди. Уям яхши, – дедим энсам қотиб.

Ўз отини эшитиб, жияним бўйнини чўзди:

– Ким, апа?

– Битта бекорчи, – дедим телефонни узоқроқ тутиб.

Мажидбек муддаога ўтди:

– Шу дейман, Бону, машина олмасдан тўғри қиласиз, мана, менда бор-ку, икковимизга бўлади-да. Эр-хотин қўш ҳўкиз, сизда алоҳида, менда алоҳида авто бўлса, гап кўпайиб кетар.

– Ҳа, гап кўпаяди. Ҳозирам кўпайяпти.

У киноямни қулоғи ёнидан ўтказиб юборди.

– Шу дейман, Бону, қўлингиздаги пулни оилавий бизнесга тиксак. Мен қачонгача Назарбекни салонида бировларни машинасини силаб юраман? Келинг, пулингизни фоизга қарзга берайлик. Ҳозир йигирма фоизга ўйнаб-кулиб қарз кўтаришади. Ўн мингингиз бир ойда икки минг туғади. Юз минг – йигирма минг.

– Қаранг-а, жонни ҳузури бу ёқда экан-ку.

– Шуни айтаман-да, Бонужон, – Мажидбекнинг жони кирди. – Сиз қўлингизга кирсовун олмай таралло қилиб юраверасиз, мен хизматда. Тўйни Тошкентдаги “Эзидёр”да қиламиз. Ўтган йили бизни хўжайин шу ресторанда ўғлини уйлантирди. Тўйни охиригача Хуршидбекни ўзи турди. Бизам роса қистирдик.

Феруз тоқатсизланиб, юзимга қаттиқ қаради:

– Апа, тўй дейдими? Қанақа тўй? Ким ўзи бу?

Мен “Жим ўтир” деган маънода қўл қоқиб, елкасига уриб қўйдим.

– Қишлоғимизга сал узоқлик қилмасмикан? Амма, хола, опа, амаки, эчки-улоқлар бор...

– Уларга қишлоқда бошқа тўй қиламиз. Ахир орзу-ҳавас деган гаплар бор...

– Хўп, тўйни қачон қиламиз?

– Аввал бир-икки ой фоизимизни йиғиб, сал жамғаришиб олайлик. Ҳозирги тўйларга ҳазилакам пул кетмайди. Кейин, “Асал ойи”, “Никоҳ саёҳати” бор...

– Ҳа-а, шунақа денг... – энди боплаб тузлайман деб турсам, Феруз телефонимни юлқиб олиб бақира кетди:

– Ўв! Ким бўлсанг ҳам қайтиб апамга қўнғироқ қилма! У сенга икки дунёда тегмайди! Тушундингми, пайтава?!

У томон бунақа “лутф”ни кутмагани аниқ, гангиб:

– Кечирасиз, ким бу? Тушунмаяпман, – деди.

– Уйингга бориб тушунтирайми, латта? Бўлди, йиғиштир тўрва халтангни, бу рақамни ўчириб ташла, яна апамга шилқимлик қилсанг, машинангни бомбардимон қиламан!

Мажидбекнинг телефони энди чилласи чиққан жўжадай қисқа-қисқа “ғуқ”иллаб қолди.

– Феруз, – дедим қулоғидан авайлаб тутиб, – шу ишинг яхшими? Қаерда ўргангансан бунақа дағдағани?

– Кинодан, апажон... – у талтайиб илжайди.

18 май


Шоира опамнинг қизи Дилдора билан рус тили дарсини такрорлаётсак, опам ҳовлиқиб кириб келиб, қўлимга телефонини тутқазди.

– Манавини қара, Бону, тавбангдан кетай...

– Олмосми? Ҳа, мана, янгаям ёнида турибди. Эски расм шекилли.

– Расмни қўй, Бонужон, мақолани ўқи!

– “Олмос, Ёрмуҳаммад, Султон, Абдусаттор, Қамариддин... “олим”, “фермер”, “табиб”, “адвокат”, “бемор”... ёки фирибгар”, – анқайиб, сарлавҳани қайта ўқиётувдим, опам телефонни олиб, ўзи давом эттира кетди:

– “Ўзини физика-математика фанлари дўхтири, дунё аниқ фанлари академияси аъзоси Султон Аъзамов деб таништириб, инглиз, француз, испан тилларида китоблари чоп этилгани, Эйнштейн назариясининг тескари формуласини кашф этгани, Нобель мукофотига номзоди қўйилгани ҳақида овоза тарқатган олим ҳақида эшитганмисиз? Эҳтиросига жилов сололмайдиган омма “Хайрият-е, ўзбекдан яна чиқибди-ку, отасига раҳмат, қўллаймиз, қувватлаймиз”, деб тўлқинланиб, баъзилари кўзига ёш олиб турганда, бошқа “йирик алломалар” Аъзамовнинг ҳаёти хавф остида, жигар циррозига учраган, хайрия қилайлик, пул йиғайлик, ҳисоб рақами мана бу, деб бонг уриб турса... беморнинг аянчли суратлари тиркалса... тошюрак ҳам эрийдими? Ҳа, балли! Ёки бир қарич ер дўппидан азиз бўлган Фарғонанинг Бағдодига бориб “Ўзим фермерман, Сирдарёда минг гектар ерим бор, ҳоким билан келишдим, ярим баҳосига ижара бераман”, деб паспорт нусхасию фермерлик ҳужжатларини дастурхондаги нон устига ташласа... “Кутилмаган бахт”дан каловланиб қолган деҳқон эл тахмондаги кўрпа қатига қўл тиқиб, дастмоясини чамалаб турган пайти қора “Прадо”дан тарвуз ютгандай салобатли акалар меҳмонни “излаб келиб”, “ҳалиги айтилган минг гектарни кўтарасига оламиз, мана соққа”, деб йириги тахланган жомадонни очиб турса... худо берадими? Содда бағдодликлар “Прадо”дан тушганларга ўқрайиб, “саховатли фермер”га тавозе билан илжайиб, қайдан чиқди ёруғлик деб, “кимошди” савдосини бошлаб бермайдими?..

Дарди бедаво касалликлар шифохонаси ёнида кўрпа-тўшак қилиб, беморларининг тузалишини худодан сўраб илтижода ўтирганлар орасига кириб, “Узр, фалончи деган одам ораларингда йўқми? Менга қўнғироқ қилиб, Абдусаттор табибнинг қабулига олиб боролмайсизми, деб йиғлаганди. Табибнинг вақти йўқ, навбат кутганларнинг охирига кузда навбат келади, десам ҳам ёшгина болам жувонмарг бўлиб кетадими, деб ҳўнграганига кечаси ухлолмай, бу ерга келган жойим... ҳа, майли, йўқ бўлса йўқ-да”, деса, эшик очилиб, ҳамширанинг қалпоғи кўринганида “Бизники узилган бўлса-я”, деб юрагини ҳовучига олиб ўтирган қоракўзлар “Ҳазрати Масиҳ”нинг элчиси чопонининг барини чангаллаб, кўмак ўтиниб ялинмайдими?..

Ёки жигарбанди қамалиб қолган пулдорроқ одамни топиб, гап орасида “Яқинда туғишган акамни обчиқдим, ўн беш йилга кесилганди, йилма-йил нақд тўлаб қутқарволдим. Яхшики, бир инсофли “танка” рўпара кеп қолди. Анча арзонга тушди. Бу дунёда савобталаб яхши одамлар кўп. Лекин ўзим орага тушмайман, қўлимга пул ушламайман, бирорта яқинингиз орқали иш битиришга кўмаклашишим мумкин”, деб турса, ака ё укасининг “қафас”даги хўрлигини ўйлаб, унинг болаларининг зорлигини кўриб турган қайси ўзбек молини қизғанади? Жониниям қўшиб берворар...

Мен ўзим бошқачароқ тузоққа тушганман. Укамнинг ҳужжатларини университет қабул комиссиясига топшириш учун навбатда турсак, бир пўрим йигит келиб, “Сиз фалончи эмасмисиз?” деб қолди. “Йўқ”, дедим. У “Ҳа, майли, ўша фалончи шу ерда учрашайлик, оқ кўйлакка қизил бўйинбоғ боғлаб бораман, бир жияним ўқишга кирмоқчи, шунга ёрдамингиз керак, телефон рақамингизни Ёрмуҳаммаддан олдим, деганди. Кийимингизга қараб ўшами деб ўйлабман...” деб чиқиб кета бошлади. “И-е, омад қуши бошингга қўнса, чучкирмай тур, афанди”, деб ортидан ҳаллослаб чиқдим. “Ака, биздаям шу муаммо, укамизнинг билими куя тушган пўстакдай... қўллаворинг, уёғини келишамиз...” дедиму қўлини қўйвормадим. У “Узр, мен сизни танимайман, анави одамга Ёрмуҳаммаднинг ҳурматидан хўп девдим. Нарх-навони кўриб турибсиз, олимпиадада Усайн Болт ўрнатган рекорд даражасига чиқди... Лекин яхши одамга ўхшаяпсиз, мана рақамим, эртага бир хабарлашайлик, мен танамга ўйлаб кўрай...” деб “Мерс”ини ўтатди. Биродарлар, хуллас, сезиб турганингиздай, қурттеккина тўққиз мингга тушдим. Тўғри, пора бериш ҳам жиноят, лекин жиноятчини билиб туриб башарасини очмаслик гуноҳи азим. Майли, мениям жазолашсин, лекин Олмос, Ёрмуҳаммад, Султон, Абдусаттор, Қамариддин... ларни халқ олдида очиқ суд қилиш керак! Бунинг учун улардан биттасини қўлга олиш кифоя. Чунки мазкур номлар билан шайтонга дарс берган иблисваччалар, аслида, битта одам: Олмос! 

Бу лаъин фейсбукда беш-олти ном билан ов қилади, эр-хотин жуфт калиш деганларидай, унинг “жуфти ҳалоли”ям бу жараёнда қарчиғай ролини ўйнайди. Мана сизга оилавий бизнес!

Бир вақтлар ўрис матбуоти машҳур комбинатор Остап Бендер тимсоли яратилишида Турғун Ҳасанов деган бизнинг юртдошимиз фаолияти асос бўлгани ҳақида ёзганди. Шукур, муносиб издош чиқиб турибди!

Мен икки йил унинг изидан тушиб, ўнлаб жабрдийдалар билан суҳбатлашиб, ниҳоят асл башарасини сизга ҳам очяпман. Кўриб қўйинг, дўстлар, фирибгарларнинг қаллоби, қаллобларнинг фирибгари, товламачилик оламининг қироли мана шу бўлади!”  

Мақолага Олмоснинг ҳар хил давралардаги расмлари илова қилинган эди.

19 май


Олмосга қўнғироқ қилдим, кўтармади.

СМС ёздим, жавоб келмади. Кейин пўписага ўтдим: “Янга, рақамни керакли одамларга бериб, манзилингизни, ҳозир қайдалигингизни топтиришим мумкин. Сиз инсон ҳаёти билан ўйнашдингиз. Мен бу ишнинг охирига етмай қўймайман. Сизга эрингизнинг даволаниши учун берган пулларим бошқа мавзу. Лекин Икром акам масаласида фирибгарлик қилганингизни икки дунёда кечирмайман! Телефонни яхшиликча олинг!”

Ўша заҳоти менинг рақамим “қора рўйхат”га тушди. Кечга бориб телефонини бутунлай ўчириб қўйди. Энди фейсбукдан “Ёрмуҳаммад”га хат ёздим: “Ассалому алайкум, Олмос ака! Сизга қойилман! Етти ухлаб тушимга кирмаган ишлар бўлди”.

У: “Мен янгангизман. Фейсбукдаги мақоладан кейин Олмос акам ўз жонига қасд қилди. Ҳамманг бир инсоннинг уволига қолдинг! Сенларгаям худо бордир...”

Мен: “Қўйсангиз-чи, акагинам, шу тобда янгам бир қўлини столга тираб, елкангиз оша компьютердан кўз узмай қараб турганига ишончим комил... Хўп, жанозага қайга борай?

У: “Опа, ростдан аҳволлари оғир. Жонлантириш хонасида ётибди, ҳуши ўзидамас...”

Мен: “Зўр малҳам бор – “олакула” деган! Ўшандан суриш керак... Биласизми, бир пайтлар тилла деб тақдим қилганингиз узук эртасигаёқ бармоғимни қорайтириб, жездан тайёрланганини ошкор қилганда, яъни миси чиққанда, бирорта фирибгар алдаб сизга қалбакисини ўтказгани аниқ деб ишонгандим. Ва сизни хижолатга қўймаслик учун онамнинг бир пойи йўқолган қашқари балдоғини заргарга бериб, худди ўшандай узук ясатиб, тақиб олгандим. Кейинчалик сиз бармоғимни ушлаб, “Узук қисмаяптими, Бонужон?” деб қайта-қайта сўраганингизда ҳам шубҳага бормаганман... Чунки у пайтлар мени самимий севганингизга гумоним йўқ эди, балки, чиндан ҳам яхши кўргандирсиз, эҳтимол, кейинчалик қора муҳит сизнинг қалбингизни эгаллаб, қаллобга айлантиргандир...” 

У: “Бону, ҳозиргина ҳушимга келдим, наҳотки менга ишонмасангиз? Бу қуруқ туҳмат. Мендаям душманлар бор. Ўшалар кўролмасдан уюштирган...”

Мен: “Албатта, кимсан Эйнштейннинг хатосини тўғрилаган алломада шу нуфузга яраша душман бўлади-да. Устига-устак, саховатли тадбиркор-фермер, ҳожатбарор адвокат бўлиб қанча инсонларни ёруғликка олиб чиққан бўлсангиз. Боз устига, ўликни тирилтирадиган ҳозиқ табиб ҳам ўзингиз, давоси йўқ дардга чалинган рамақижон касал ҳам сизсиз. Балки, саратонга даво топиш учун фидойилик кўрсатиб, атай ўзингизга юқтириб, тажриба олиб бораётгандирсиз...” 

У: “Бону, бир вақтлар мени деб урган юрагингизга қулоқ солинг. Менга ишонинг!”

Мен: “Сизнинг “ижодий портретингиз чизгилари”га билдирилган ўнлаб муносабатлар-чи? Йўл-йўлакай “тўр”га тушган лақмалар-чи? Ҳаммаси ўз манзилини, исми-насабини, воқеа содир бўлган кунни аниқ ёзиб турибди-ку. Ҳайф сизга!”

У: “Хўп, нима дейсиз? Мен сиздан қўлим билан пул олмаганман. Исбот қилолмайсиз! Рози бўлиб ўзингиз бергансиз, хайрия, эҳсон дегансиз. Шу қилган савобингизни жанжал кўтариб гуноҳга айлантирмоқчимисиз?

Мен: “Менга сиздан ҳеч нарса керакмас. Сарф-харажатларимга розиман. Яхшиямки, Икром ака “операция”сидан на опамнинг, на акамнинг хабари бор. “Ғофиллик бандасининг бахти”, дегандингиз бир пайтлар. Бу ҳикматни бугун англатдингиз. Акам насиб қилган куни чиқиб қолар... Фақат сизга битта саволим бор, шунга тўғри жавоб берсангиз бўлди. 

У: “Худодан қўрқмайсизми, демоқчисиз-да?”

Мен: “Саратонга чалинмагансиз-а?”

У: “Йўқ, худо сақласин!”

Мен: “Хайрият...”


* * *


– Бир йигитни дараги чиқдию униям йўқ қилдинг шекилли, қизижон? Қиз болага бошпаноҳ керак, ё бошқа кўз тутганинг борми?

– Йўқ, она...

– Эсим қурсин, ҳар сафар айтаман деб унутаман, даданг раҳматли қизинг эрга тегса, бобосидан тўёна, васият қилиб кетган, деб бир қулоғи синган кўзача бериб эди. Ажаб одамлар, сен эски-тускига қизиққанингга жавон-павонга қўйиб қўяди деб ўйлаганми, худо билади. Бўғзидан қарасам, ичида пахтами, латтами бор эди.

– Қайда?! Қайга қўйгансиз?!

– Оғилдаги яламатуз турадиган токчага ташлаб, устига сомон босиб қўювдим.

Югуриб кирдим: токча шип-шийдам, туз ҳам, сомон ҳам йўқ. Ҳаммаёқни ағдар-тўнтар қилдим.

Бир вақтлар тўсинига чилвир ташлаганим устунга суяниб узоқ йиғладим: бобом, дадам, “Ҳувайдо” бобом ва... Олмосни ёдлаб...


* * *


Олмос...

Мени кўнглим билан рақиб қилиб қўйдинг...

Кўнгил сен тараф, сенинг мудофаанг билан банд. Ақлим эса устимдан кулади. Ақлим айтадики, дастлаб тасодифан танишганинг пайт “Ётоқхонада турсангиз кераг-а?” деган СМСига “Йўқ, Эски шаҳардан Шоира деган саховатли опа топганман, даргоҳидан каминага ҳам жой теккан”, десанг, эрмакка хатлашиб турган одам дарров қўнғироқ қилиб, “Эрининг оти Икромиддин ака эмасми? Эҳ-ҳе, уларни бутун Бухоро танийди, лотереянгизга ютуқ чиқибди-ку”, деб бирдан жиддий муомалага ўтганини сезмаганмидинг? Кейинчалик қайта-қайта Икромиддин ака билан таништириб қўйинг, деб илтимос қилаверишдан асл мақсади “яқинларинг билан юзочди қилиш” эмас, сенинг воситангда янгибойлар ишончига кириб олиш бўлган, холос...

Қолган тафсилотлар ўзингга тан...

Ўйлаб кўр...

Кеч бўлса ҳам...

Акажон, мен ақлимга нима дей?

Кўнглимни қандай овутай?


20 май


– Сенга нима бўлди, дадасини эркаси? Бир ҳафтадан бери уйдан чиқмайсан? Қовоқларинг шишиб кетибди, ким ранжитди?

– Ҳеч нима...

– Онам бечора Бонуни мошинга солиб айлантириб кел, сиқилиб кетди, етти пирга олиб бор, зиёрат қилсин, дейди.

– Борганман, зиёрат қилганман...

– Бирор камчилигинг бўлса, менга айт, тўғрилаб берай. Ё пул керакми?

– Рост гап керак...

– Қанақа рост гап?

– Пулларингиз қайдан келди?

– Нима?

– Пулларингиз қайдан келди, деяпман, кармисиз?!

– Сен ўйлаган жойдан, Бонужон... Насиб-да, насиб... Лекин ҳозир бозорда олтиннинг қадри анча тушган...

– Ҳа, мен учун у нарса тилла эмас, бобомдан, бобокалонимдан, аждодларимдан ёдгорлик эди. Қадри шунда...

– Менам шу авлодданман. Мениям ҳаққим бор...

– Васият-чи?

– Сенга пул керакми? Қанча берай?

– Акажон, ўтинчим шу, бир дона танга беринг, бўйнимга тумор қилиб осиб юрай... Бир донагина қолгандир?.. Бобомнинг қўли теккан, дадамнинг кафти ҳарорати кетмаган танга... Борми?

– ...

30 май


Акажон, бугун онамнинг еттиси.

Доим ўлимни осонини бер, деб сўрарди. Муродига етди: сўрида опаларим билан ҳангома қилиб ўтириб, “Вой художоним-а”, дедию ёстиққа ёнбошлаб жон берди-қўйди.

Мана, сўнгги япроғим узилди. Дарахтимда на мева бор, на япроқ...

Осмонга қарайман – уфқлар бўм-бўш...

Акажон, сизни топиб хат ёза бошлаганимда ташвишим ҳам, мақсадим ҳам бўлак эди. Ўшанда ёзганимдай, тақдир чорраҳасида иккиланиб турардим. Чунки ўша пайт мен жуда бой эдим – умидим бор эди...

Икки ҳафта бурун йўлларимиз кесишиб, сафардан қайтарингизда вокзалда кўришиб, сиздан китоб олиб қолмоқчи бўлганимда яна кўп гапларни айтиб беришни кўзлагандим.

Сизни узоқдан кўрдиму, негадир бирдан шаштим тушди: дардимни дастурхон қилиб бу кишининг ҳам тоза бошини қотирдим, ҳеч кимга айтмаган ҳасратларимни тўкиб солдим, балки унга мутлақо қизиғим йўқдир, мендақалар сон-мингта-ку, деб иккиланиб қолдим.

Сиз кутиш залига кириб, атрофга аланглаб, мени қидирдингиз. Кейин тоқатсизланиб, қўнғироқ қилдингиз. Мен сизга кўринишга уялганимни, ўрнимга жиянимни юборганимни айтиб, китобни унга бериб қўйишингизни сўрадим.

Сиз ўзингизга қараб келаётган аёлни жилмайиб қарши олдингиз. Сўрашиб, китобни узатдингиз-да, бир-икки қадам босиб, илкис қайрилиб, “Бирор гапингиз бормиди менда?” деб сўрадингиз. У бош чайқагач, “Хайр, Бонуга салом айтинг”, деб шерикларингиз билан чиқиш йўлаги томон шошиб кетавердингиз.

Мен сизга китоб учун раҳмат айтишга қўнғироқ қилдим. Сиз “Жиянингиз жуда чиройли экан, ёшлигингизни кўргандай бўлдим”, дедингиз.

Акажон, ўша аёл... мен ўзим эдим...


***


31 май


Сиз билан ўн ойдан бери ошноман.

Деярли ҳар куни сизга мактуб йўллаб, ғойибона дардлашавериб ўз жигаримдай бўлиб қолдингиз.

Ўйловдимки, юрак кўзи билан кўрадиган одам мени, албатта, таниб олиши керак, қиёфам қандайлигининг аҳамияти йўқ, нигоҳимдаги ифодани бир қарашда ўқийди-да, “Тўхта, сен Бонусан-ку! Кўзларинг айтиб турибди-ку!” деб қувониб кетади...

Афсус... балки, бошқа жиддий муаммо билан хаёлингиз банд бўлгандир. Сиздан гина қилишга сираям ҳаққим йўқ. Лекин кўнгил экан-да...

Ҳа, акажон, мен тузалиб кетдим. Ўзи чевар... Ўзи зардўз...

Худодан амр бўлса, мўъжиза муддати киприк қоққандай гап экан. Ҳамма ҳайрон. Ўзим ҳам лолман.

Кўзгуга қарайману бу ким ўзи, дейман...

Акажон, ҳеч кимдан хафамасман.

Ҳаммани кечирдим... ҳаммасини...

Мен ҳаётдан безганим йўқ, бировлардан зерикдим холос...

Бу менинг охирги хатим.

Қатъий қарорга келдим: жоним ва руҳим осойиш топадиган, ҳеч ким ҳеч кимни алдамайдиган, зуғум ўтказмайдиган, камситмайдиган, “Ҳувайдо” бобом айтгандай, одамлар тароқ тишларидек тенг бўлган жойга кетяпман.

Энди қайтиш йўқ...

Мени бу оламда яшамаган, ўзим ўйлаб топган хаёлий қаҳрамоним деб ҳисобласангиз ҳам майли...

Ҳаммаси учун раҳмат сизга!..


...фақат битта доғ қолгандир... юрагимда...


Тамом.

2016 йил

Дўрмон

Муаллиф: Иқбол Мирзо.


@Ummuzaynabummuijodi

Report Page