БОНУ

БОНУ

Иқбол МИРЗО

роман

27-қисм.


25 апрель


Кечагидай эсимда: сувчечак аломат бергач, бобомникидан ўз уйимизга олиб кетгани дадам келди.

Сочимни силаб, бобом билан бирпас суҳбатлашиб ўтирди. Гаплари асосан қўшни қизчалардан юққан муборак дард ҳақида, бу касалликни ҳар ким албатта бошидан ўтказиши шартлиги, йўқса ҳатто қабрга тушганидан кейин ҳам суягига тошиши ҳақида этни жунжиктирадиган мавзуда бўлди. Шу пайт ўймакор ёнғоқ эшик ғийқиллаб қияладию акамнинг тақир қирилган калласи кўринди. Бобом “Оббо, бунинг Хурушшов даюсни ўзи бўпти-ку”, деб кулди.

Ҳовлимизга етишга ўн-ўн беш одим қолганда, ердан чиқдими, кўкдан тушдими, жунлари кигизга ўхшаб битиб кетган сариқ ит пайдо бўлиб, бизга ташланиб қолди. Сал орқароқда келаётган дадам етиб келгунча биз ака-сингилни деворга тираб, қуруқ ва ваҳшатли овозда тинмай ҳовуллаб турди. Кейинги воқеа кўз олдимда икир-чикири билан сақланиб қолган: дадам раҳматли катта-катта одим отиш давомида эгнидаги тўқ кўк чопонини ечиб, қимирласак тишлашга шай турган кўппакнинг боши аралаш елкасига ташлаб, курашчилардай бор оғирлиги билан босиб, думалатди. Кейин тўнга ўроғлиқ ит бўйнини тирсаги билан эзиб, жондорнинг сўнгги нафасигача қимирлашига қўймади. Фақат жон талашаётган бечора “хирқ-хирқ” деган бўғиқ товуш чиқарганча, икки орқа оёғи дастлаб тез-тез, сўнг борган сари секин силкиниб, охирда оҳиста ер тирнаб, қалтираб, ниҳоят бўшашиб, тек қотди.

Чопиб чиққан онам яна қайтиб уйга кириб, бир коса юзида қоракуя сузиб юрган сув олиб чиқди-да, аввал акамга, кейин менга ичириб, юзимизга, бўйнимизга бармоқлари билан сачратиб сепди.

Ҳансираб елкасидан нафас олаётган, қора терга тушган дадам чопонини ажратиб оларкан, “Мен-чи? Менгаям сувингдан бер”, деди.

Косанинг тагида қолган сувни ўз бошидан қуйиб, акамга қаради:

¬– Мирхонд, ҳўллаб қўймадингми?

Акам жавоб ўрнига итнинг иршайиб қолган бошига тепиб уйга қочди. Дадам менга юзланди:

– Ҳа, Бонужон, юрагинг тушдими? И-е, нега э-энди йиғлаяпсан?

¬– Бечора ит... кўзларини қаранг... уям йиғлаяпти...


26 апрель


Ларисанинг айтишича, ўн кун беҳуш ётибман.

Яна икки ҳафтадан кейин оёққа турдим...


* * *

27 апрель


Инсоннинг умр йўлида ҳал қилувчи бурилиш нуқталари бўлади.

Ана шу ҳаёт-мамот чизиғида тақдиринг қай тарафга қараб кетиши тарбиянгга, фитратингга, иродангга боғлиқ.

Мен атай қаҳрамонлик қилиш учун ит йўлини тўсмадим, азбаройи жужуқларнинг ҳимоясига бордим, агар, худо кўрсатмасин, кўппак бирортасини ғажиб ташлаганида менинг бу дунёда юришимдан маъно қолмасди. Мен бу ишни кимгадир яхши кўриниш, ишончга кириш, пул ишлаш учун эмас, савқим буюргани учун қилдим. Вассалом!

Аммо шифохонадалигимдаёқ менга муносабат мутлақо ўзгарди.

Ҳовлига кириб борарканман, чол тавозе билан бош эгиб, қўлимни ўпиб кутиб олди. Кампир менинг шарафимга ёзилган дастурхон устида бугундан бошлаб оила аъзолигига қабул қилинганимни, кимки мени хафа қилса, жазоланишини, менга даф қилган кўппак ўша куни қатл этилганини, бу даргоҳда хоҳлаган ишимни қилишим мумкинлигини тантанали эълон қилди.

Макар менга миннатдорлик сўзини қидириб тополмас, Лариса елкамдан қучиб, бошини бошимга тегизиб, дўстлик изҳор қиларди. Зиёфат поёнида сўнгги русумдаги телефон, бир жуфт “999” тамғали билагузук ва тилла соат тақдим қилишди.

Мен “лавозим”дан бўшатилган Замиранинг ўрнига ўтказилдим, мўмай маош эвазига эмин-эркин яшай бошладим. Фаррошлик ва ошпазликка оёқ-қўли чаққон иккита наманганлик қиз олинди. Уларни назорат қилиш, бошқариш менинг зиммамга юклатилди. Иккови ҳам камгап, бор-йўқлиги билинмайдиган саришта қизлар экан, тезда опа-сингилдек бўлиб кетдик. 

Эртакларга ишонмайсиз, мўъжизага шубҳа билан қарайсиз, тўғрими? Мен эртаклар дунёсига бир ҳатлаб ўтиб олдим, дўзахдан жаннатга тушгандай бўлдим.


28 апрель


Кампир биринчи маошимни тутқазди: минг доллар!

– Бу кўп, – дедим, – ололмайман!

– Бу кам, қизим, – деди у, – биз сендан жон қарздормиз. Керак бўлса, оғзингга сиққанини сўра, Макар шу заҳоти санаб беради. Ўлиб кетишинг ҳам мумкин эди-ку... Бонужон, тортинма, сен ўзимизники бўлдинг.

Пулни шундайлигича Шоира опамга жўнатдим. У қарз деб олди, аканг чиқса, албатта, узамиз, тўйингга тўёна қиламиз, деди.

– Майли, яна юбораман, пулим кўп, бойвуччаман, – дедим ҳазиллашиб, – қанча керак бўлса, сўрайверинг, илтимос, укачаларимга яхши қаранг, едириб-ичиринг, кам қилманг...

Опам жим бўлиб қолди.

Сездим: йиғлаяпти...


* * *


Кунлар судралиб, ойлар чопиб ўтаверди...

Вақтни осон ва тез ўлдирадиган кушанда – интернет!

Гоҳида кун бўйи компьютерга мук тушиб ўтираман, дунёнинг уёғидан кириб, буёғидан чиқаман: Клеопатранинг гўзаллик сирлари нимадаю Пугачёва нечанчи умр йўлдошига харидор чиқяпти, малика Диана ўлимининг тафсилотларию бошқа маликанинг Московда қўлга тушган бир учоқ олтинлари – ҳаммаси кафтимда.

Эрталаб кўз очишим билан фейсбукка кириб, янгиликлар билан танишаман, шоу-бизнес юлдузларининг нима еб, нима ичганидан хабар топиб, бозорчи “шоир”ларнинг “виждон ҳайқириғи”дан баҳра оламан...

Аста-секин бу жозиб оламга асир тушиб, бангидай боғланиб қолганимни идрок қилсам-да, найлайки, қўлим компьютер тугмачаларига югуриб кетаверадиган бўлди.

Ўзим ҳам профиль очиб, менга иссиқ-совуғи йўқ масалаларга ҳам аралашадиган, муносабат билдирадиган, тортишадиган, тарафкаш қидирадиган бўлдим.

Кимдир четда ишлаб юрганларни ишёқмас, дордан қочганлар, ватангадо деб лой чаплаган экан, бирам асабим қўзиди, ўзимни тирик мисол қилиб келтирдим. Кўрган кўргиликларимни ҳам яширмадим, ҳар қандай шароитда ўзимга хиёнат қилмаганимни ёздим. Озгина мақтаниш бўлса-да, худо берган бир куни қадр топганимни, ҳозир моддият юзасидан ташвишим йўқлигини Европа сафарида тушган суратларим билан далиллаб, саҳифамга қўйиб қўйдим. Албатта, юз-қиёфам аён кўринмаган, асосан ҳашаматли “турмушим” акс этган расмларни танлаб жойлаштирардим.

Шу тариқа ғойибона дўстлар, хайрихоҳ ва танишлар орттирдим. Орада эски қадрдонларим ҳам чиқиб қолар, улар билан хотираларни ёд олиб ҳасратлашиб, кўнгил чигилимни ёзардим.

Лоп этиб кореялик дугонам Сужи профилимга дўстлик таклифи ташлаб турибди-ку! Ана интернетнинг каромати! Йўқ, корейсча унча эсимдан чиқмаган экан, уям ўзбекчани унутмабди, беармон гаплашдик.

Сужи турмушга чиқиб, ўғилчали бўпти, жудаям бахтли эмиш. Бир дунё расмларини юборди. Мен ҳам тарихимни қисқача айтиб, “ҳусни жамолим” учун истиҳола изҳор қилиб, маъқул суратларимдан жўнатдим. У Кореяга таклиф қилди, “Кел, бирга ишлаймиз, яхши ҳақ тўлашади, мен кафил”, деди. Мен унга “Майли, кўрармиз, лекин ҳозирча тирикчилик жойида”, деб ёзиб юбордим. 

Ажойиб кунларнинг бирида профилимда кутилмаган бир мактуб пайдо бўлди: “Салом, мен эски қадрдонингиз Олмоснинг курсдошиман, балки эшитгандирсиз, исмим Ёрмуҳаммад. Сизларнинг ўртангиздаги муносабатдан яхши хабарим бор. У ўзининг бахтсизлигини Сизнинг қадрингизга етмаганидан, ранжитганидан деб ҳисоблаб, адойи тамом бўлди. Бугун унинг ҳаёти ҳаёт эмас...

Сиздан илтимос, Олмос билан боғланинг, у ҳозир Сизнинг эътиборингизга жуда муҳтож...”

Бу хат юрагимга ғалаён солди. Яна бошвоқсиз саволлар миямни пармалай бошлади: нега? Нима учун? Нима бўлдийкан? Гулдай хотини, ғунчадай қизчаси бор эди-ку!

Дарров жавоб ёздим: “Салом, илтимос, очиқроқ айтинг, унга нима бўлди? Мумкин бўлса, телефон рақамини берсангиз”.

У: “Рақамини бераман, фақат мендан олганингизни айтманг. Биласиз-ку, у жуда ориятли, мағрур йигит. Қўнғироқ қилсангиз олмаса керак, чунки гапиролмайди. Яхшиси, СМС ёзинг. Рақами: +998(90) 942-01-94”

Мен: “Раҳмат! Лекин нима учун гапиролмайди дейсиз? Соғлиғи ёмонми?”

У: “Ҳа, ёмонмас... жуда ёмон... оғир”.

Мен: “Очиғини ёзаверинг”.

У: “Саратон... Қизилўнгач саратони”.

Мен: “Худо асрасин! Нималар деяпсиз? Тавба денг!”

У: “Нима дей? Алдайми сизни? Бўпти, соппа-соғ, отдай!”

Мен: “Нега аччиқ қиласиз? Менинг аҳволимни тушунинг! У мен учун кимлигини билсангиз керак?”


У: “Билганим учун сизга хат ёздим. Олти ой бўлди, тўшакка михланиб ётибди. СМС ёзинг, илтимос. Биламан, ундан хафасиз, фақат одамгарчилик юзасидан икки энлик хат ёзинг”.

Қўнғироқ қилишга юрагим бетламади. Олса бир бало, олмаса минг...

СМС ёздим: “Ассалому алайкум, жума муборак! Мен Бонуман, Сизни излаб топдим. Соғлиғингиз яхшими? Оила тинчми? Қўнғироқ қилсам бўладими?”

Ҳар битта сўзни қайта-қайта тарозида тортиб, ранжитиб қўймай, озор етмасин деб танлаб-танлаб ёздим.

Ҳадеганда жавоб келавермади.

Кўнглимни ваҳм босди: кеч қолган бўлсам-а?


29 апрель


Бугун эгизакларнинг туғилган куни.

Эрталабдан уларни ясантириб, шаҳар айландик, дўкон кездик. Муштдек бўлишса-да, нарса танлашади қақажонлар.

Бойлар учун мўлжалланган “Болалар дунёси” бозорига кириб, яна бир бор пул топиб ақл топмаган бандаларга беш кетдим. Худди шу кўйлакча оддий дўконда ўн доллар турса, бу ерда ўн беш баравар қиммат. Савдолашмай-нетмай, ёрлиғига қараб пулини тўлаб чиқиб кетишяпти азаматлар! Унақа десам, одамга муносабат ҳам шу-ку: “Сен фалон даврада юрганинг учун қийматинг баланд, сен эса эски бозордан харид қиласан, бекорчи саломим йўқ...”

Эгизаклар бўйларидан баланд “Барби” қўғирчоғини танлашди. Лариса киприк қоқмай бир даста ақчанинг баҳридан ўтди. Бу маблағга қишлоқда узунқулоқ тўй қиласан одам. Ҳа, майли, бировнинг чўнтагидаги пулни санамаймиз.

Қайтишда қизалоқлар қўғирчоқларини қучоқлаб ухлаб қолишди. Эсимга ўзимнинг Бонучам тушди.

Тахминан мана шу Лора ва Лара билан тенгдош пайтим туғилган кунимда роса ёмғир ёғганди.

Ўша даврда совға-салом, дастурхондан кўра “Бугун сенинг туғилган кунинг”, деган гапнинг ўзи қувончли эди.

Кечки пайт кийим-боши шалаббо дадам эшикдан кирасолиб “Қани дадасининг эркаси, буёққа келсин-чи, дадасини ўпиб қўйсин-чи”, деб чўнқайиб қучоғини очди. Чопқиллаб бордим. Дадам бошимни силаб, юзларимдан ўпди-да, қўйнидан малласоч қўғирчоқни чиқазиб, қўлида ағдариб “йиғлатиб” кўрсатди. Ўйинчоқни олиш ўрнига суюнганимдан хона бўйлаб қуёндай дикиллаб чопибман.

– Қани, бу қизчага нима деб исм қўясан, Бону? – дадам онамга маъноли қараб олди.

– Бону!

– И-я, буям Бону бўладими? Бир уйда иккита Бонуми?

– Ҳа, иккита бўлади. Мен кетсам уйда бу қолади. Йўқ, уям бирга кетади!

Ҳамма мириқиб кулди. Ўзим ҳам.

“Бону”ни қўлимдан қўймайман, кечаси қучоқлаб ётаман, опаларим “Бир кўра-ай”, деб ялинса ҳам бермайман, чунки у хафа бўлади, йиғлайди. У менинг энг яқин, энг яхши ўртоғим. Мен билан нарса талашмайди, уришмайди, юлишмайди. Фақат юзтубан тушса “инға”лаб йиғлайди, холос.

Бир ҳафта ўйнадимми, бир ойми, эсимда йўқ, бир куни уни йўқотиб қўйдим. Қидирмаган жойим қолмади. Ҳаммани оёққа турғаздим. Катта опам “Қўшнининг кучуги кўтариб кўчага олиб чиқиб кетди, қувиб етолмадим”, деди. Кучуги бор ҳамма ҳовлини акам билан айланиб чиқдик, топилмади. Дадам роса ачинди: “Хафа бўлма, қизим, кейинги туғилган кунингга ундан яхшисини олиб бераман”. “Йўқ, ундан яхшиси йўқ, ўзини келтириб беринг!”

Орадан анча вақт ўтиб, дадам том сувагани чиқиб, қўғирчоғимни топиб тушди. У қуёшда ўнгиб, ранги ўчиб кетган, юзлари тарам-тарам ёрилиб, пўст бойлаган, ёмғир-шамолларда униқиб, киприклари тўкилган, кўзларига қум тўлиб, бўрсиқиб, хунуги чиқиб кетган эди.

Сочига тароқ урсам, тагидан кўчиб чиқди. Бу менинг “Бону”м эмас эди. Онамнинг бағрида тонггача йиғлаб ётиб, эрталаб ухлаб қолибман...

Уни томга ким отган бўлса экан-а?..


* * *


Акам қўнғироқ қилди. Ишлари яхши эмиш.

Онамга, янгамга алоҳида пул жўнатибди.

– Икковларига бир хил – тенг жўнатгандирсиз? – дедим пичинг аралаш.

Акам довдиради. Ўзим ҳам ёмонман-да. Пул юбориш ўрнига, қарзга ботиб, муаммо яратиши ҳам мумкин эди-ку. Шукур, ақл битиб, озроқ бўлса-да онамни ўйлабди.

Умуман олганда, янгамга кўпроқ аташи тўғри, болалари ейман-кияман деган ёшда. Олдинда қаторлашиб тўйлар турибди, уй-жойни одамбашара қилиш керак.

– Бону, бобом тушимга кирибди, қўлида коса, менга узатиб, ма, ол, Бонуга берасан, дейди. Қўлимга олсам, коса тўла тош. Сумалакка солинадиган майда тош. Нега тушимга кирдийкан? Кўкламда бағишлаб сумалак қилсакмикан, Бону?

Менинг хаёлим бошқа ёқда эди.


30 апрель


Еганим ичимга тушмайди, юрагим зиқ, икки хаёлим телефонда. Акам қўнғироқ қилди, Шоира опам сим қоқди, онам билан гаплашдим, Алишер ҳол-аҳвол сўради, Дилбар узр сўраб хатлар ёзди, икки марта кимдир адашиб тушиб қолди...

Фақат... Олмосдан садо йўқ...

Юрагим қайнаб, Ёрмуҳаммадга яна хат ёздим: “Тинчликми? У жавоб бермаяпти...”

У: “Кеча кўргани боргандим, аҳволи жуда оғир, хотини бошида йиғлаб ўтирибди. Бечора алаҳлайди холос. Кўнглингизга келмасину, келин ҳам айтди, нуқул Сизни йўқлаб сандироқлаб чиқармиш. Гаплашишнинг имкони бўлмади. Ўзига келса, ёзиб қолар...”

Мен: “У қаерда ётибди? Қайси шифохонада?”

У: “Бошда Тошкентга олиб боргандик. Икки ойча нур билан даволашга уринишди. Кейин, фойдаси йўқ, деб уйга қайтарворишди. Ҳозир ўзимиздаги шаҳар шифохонасининг саратон касалликлари бўлимида...”

Мен: “Ростини айтинг, тузалишига умид борми? Нима қилиш керак? Балки, пул керакдир? Балки, чет элда шифоси бордир?”

У: “Умид деярли йўқ, буни ўзиям билади. Шифохонада вақт ўтяпти холос. Унга Сизнинг пулингиз керакмас, барибир олмайди. Чет элга чиқишга жуда кўп маблағ кетади...”

Мен: “Пулни сиз орқали берсам-чи? Сиз ўзим топдим, дейсиз?”

У: “Йўқ, мен бу ишни қилолмайман. Уни алдолмайман. Ҳеч қачон бировнинг ўртасига тушмаганман. Шайтон бор, гумон ёмон. Яхшиси, хотини билан гаплашинг. Уям кўнмаса керак, униям ғурури бор, қолаверса, тарихингизни эшитган...”

Мен: “Илтимос, бирор чора топинг, дўстисиз-ку! Менга ноқулай... Лекин сиз у ҳақда хабар берганингиздан бери мен ҳам кун сайин хароб бўлиб боряпман...”

Олмосга қўнғироқ қилдим. Уёқдан қизил тугма босиб қўйилди.

Яна кўнглимга шайтон қинғир қўлини солди.

Тағин хат ёзишга мажбур бўлдим: “Олмос ака, мен Бонуман, наҳотки эслолмасангиз? Ўтиниб сўрайман, биттагина сўз ёзинг... Мени илҳақ қилманг!”

Яна жавоб йўқ.

Кўз олдимдан у билан танишган кунларим, мактубларим, дунёни унутиб сайр қилганларимиз, узук совға қилгани, ҳамма-ҳаммаси бир-бир ўтаверди. Ва ниҳояда ўткир ва ўйчан кўзлари жонландию шу билан хаёл кўзгусидан кетмай тураверди.

Ўзаро мактубларда изҳори ҳол бўлиб ёдга қўнган байт қалдирғочдай чарх уриб айланаверди:


Кўнглум ёрилғай эрди торилғаб фироқдин,

Эй вой, агар бу кўз ёшию оҳ бўлмаса...*


* * *


Лора билан қўғирчоқ-қўғирчоқ ўйинига берилиб кетибман.

Лара сал тортинчоқ эмасми, бир четда бизни томоша қилиб, чапак чалиб ўтираверади. Лора “Барби”лар орасида ўзича қўғирчоқ тахлит ўтириб олади, мен уни “таниёлмай”, гоҳ унисига, гоҳ бунисига гапириб, қучоқлаб кўраман. Атай Лорани четлаб ўтаман, хонадаги бошқа ўйинчоқлардан “Лорани кўрмадингларми?” деб сўраб, ўзим уларнинг тилида “Боғчага кетган”, “Кўчага чиқиб кетди”, “Хонтахта тагида” деб жавоб бераману овоз бериб “излай кетаман”.

Бу ўйин қизалоқларга олам-жаҳон завқ-шавқ берганидай, ўзим ҳам чалғиб, бироз кўнгил ёзаман.

Бир маҳал Лара телефонимни қўшқўллаб кўтариб келиб, қара, деб ияк қоқиб ишора қилди. Қарасам, хат келган. Юрагим қалқиб тушди: Олмосдан.

Очдим, бештагина сўздан иборат СМС: “Ваалайкум ассалом, мен яхшиман, ўзингиз-чи?”

Тўсатдан қайта-қайта қучоқлаб, юз-кўзи аралаш ўпа кетганимга эгизаклар ҳайрон. Худога шукур-е, хат ёзишга ярабдими, демак, шумхаёллар бекор. Худойимдан ўргилай, агар кеч бўлганида, кейинроқ эшитганимда ақлдан озишим турган гап эди. Ўзимни кечиролмасдим!

Дарҳол ёзишга тутиндим: “Худога шукур! Олмос ака, илтимос, тўғрисини айтинг, нима қилиш керак? Нима қилай? Ҳозир имконим бор, керак бўлса, Москвага олиб келиб қаратаман. Керак бўлса, Европага борамиз. Хотинингиз ҳам бирга борсин. Унга салом айтинг. Жавобини интизор кутаман”.


*Лутфийдан


1 май


Интизорлик узоқ чўзилди.

Ниҳоят яна жавоб келди: “Салом, опа, мен Олмос аканинг рафиқаси Ҳилоламан. Ўзлари яна ҳушдан кетдилар. Бизни эслаганингиз учун минг раҳмат! Самимиятингизга ишонганим учун очиғини ёзавераман: ҳаммамизнинг аҳволимиз оғир. Олти ойдан бери дўхтирлар сарсон қилишяпти. Асли тузалмас дард экан, лекин одамга умид бериб, фақат пулингизни шилишаркан”.

Хат ярмида узилгани кўриниб турарди. Пича кутдим, давоми келавермагач, ёздим: “Янга, бемалол тортинмасдан ёзаверинг, бу савдолар менинг ҳам бошимдан ўтган...”

Жавоб келди: “Узр, навбатчи врач эшикни очиб, тинчликми, деб сўраб қолди. Ичкари кириб, бемор ҳол-аҳволини текшириб, тавсия беришгаям ярамайди. Илгари, белимиз бақувват пайти ҳаммаси пойи патак эди. Пулинг бўлмаса, қадринг бир пул экан...”.

Мен: “Ҳа, янга, ҳамма жойда шунақа. Ҳаммасининг ота-буваси – пул, дейишади. Бу касалликни ҳам пул бартараф қилиши мумкин. Қанчадан-қанча одамлар оёққа туриб кетганини эшитганман. Маблағ топилади... Сизнинг номингизга юборсам бўладими?”  

У: “Опажон, мен сиздан тўғридан-тўғри моддий ёрдам олсам, хўжайиним икки дунёда кечирмайди. Мен худодан қўрқаман. Опажон, тўғрисини айтсам, Тошкентда даволатиш учун уйимизни сотганмиз, ҳозир ижарада турибмиз. Қариндош-уруғлар қўлидан келганча қарашиб туришибди, аммо ҳамманинг ўз ташвиши, орзу-ҳаваси бор. Бугун ўзидан орттириб бировга ҳиммат қиладиган одамнинг ўзи йўқ. Кўпчилик бу отинг қурғур касалликни эшитиши билан ҳафсаласи совиб, оёқ узиб кетди. Яхшики, Ёрмуҳаммад каби чин дўстлари бор экан, хабар олиб туришибди. Сизга ҳам раҳмат, соғ бўлинг!”

Мен: “Шошманг, пулни кимга юборай ахир?”

У: “Билмасам, бирорта ишончли танишингиз йўқми бу ёқда? Мабодо жўнатсангиз ҳам, бўйнимизга қарз деб оламан. Худо хоҳласа, Олмос ака соғайиб кетса, бирга қайтарамиз, соғаймаса, болаларим билан ишлаб узамиз...”


2 май


Маврид топиб Ларисадан:

– Менга совға қилинган билагузук ва соатни сотсам оила ранжимайдими? – деб сўрадим.

У менга бирпас қараб турди-да:

– Қанча пул керак, айтавер, азизам, – деди.

– Икки минг, – дедим чўчинқираб.

У ўрнидан туриб, кийим жавони ғаладонини тортди-да, бир даста пул олиб, олдимга ташлади.

– Мана, ишлатавер!

Мен икки минг санаб олиб, қолганини қайтардим:

– Икки ойлик маошимни олдиндан олдим деб ҳисоблаймиз.

Унинг жаҳли қўзиди:

– Агар шунақа бўлса, бетимга тупур! Сен ҳалиям бизни яхши билмабсан. Сендан бир эмас, эҳтимол, икки, балки уч жон қарзимиз бор. Агар тиласанг, Макар сен учун ўзини отишга тайёр. Энди тушундингми, азизам?

У кўзимга қараб туриб, пулнинг қолганини қўйнимга тиқиб қўйди.


* * *


Онамга қўнғироқ қилиб ҳол-аҳвол сўрашгач, пул жўнатганимни, ким сўраганга тарқатавермай, фақат ўзига ишлатишини тайинладим.

Биламан, хўп дегани билан опаларим сал қовоқ-тумшуқ қилиб келса, борини тутқазворади. Ҳа ўзимнинг онажоним-а...

Онам Шоира опамни эслаб қолди.

– Яхши юрибди, тинч, қўлдан келганча қарашиб турибман, – дедим.

– Эри чиқай деяптими?

– Чиқай, деяпти-ю, бошлиқлари шошмай тур, деётганмиш.

Онам ҳазилимни тушунмади:

– Бошлиқларигаям айтинглар-да, уларам одам-ку. Лекин Шоира опанг жаннати аёл экан. Ўзи ҳам ота, ҳам она бўлиб... Унча-мунча одам чидамайди...

Ларисадан пул олган кунимоқ Шоира опамнинг ўзига беш юз, бировнинг омонати деб Олмос учун икки минг жўнатиб, янгага опамнинг телефонини ёзиб юборгандим.

Онам:

– Юсуфни эшитдингми, Бонужон? – деб қолди.

– Қайси Юсуфни айтасиз, она? – дедим ўзимни беписанд тутиб, гарчи гап ким ҳақида кетаётганини билиб турсам ҳам.

– Ўша Юсуф-да, савил! Ўзингни тентакликка соласан-а, Бону? Гапимни бўлмай тур, ўтлаб кетаман... Ўша Юсуфинг кеча оқшом ўзини осиб қўйибди...

– Йўғ-е, нега осади?

– Осадиган одам менга сабабини айтиб осадими? Итим биладими? Ўзи сув ўрнигаям ароқ ичиб, кўча-кўйда юмаланиб ётадиган бўлиб қолган эди, дейишяпти. Бизникигаям нуқул маст келарди. Ўтган ҳафта бир келиб эди, уйга кир десам, унамай, дарвозахонада йиғлаб берувди.

– Худо раҳмат қилсин...

– Ўзи буларни авлодида “вос-вос” бор. Амакилариям ўзини отиб қўйган. Қазисан, қартасан, дейди-ку...

Сиздан яширмайман, ичим ачиди. Мени бадном қилаёзган, ғийбатчилар қўлига тоғораю оташкурак тутқазган ўша аблаҳ бўлса-да, барибир бировнинг боласи, худойимнинг якканусха яратиғи...

Уч-тўрт кун ғаш бўлиб юрдим.

Пайшанбаликда ҳаққига Қуръон ўқиб, дуо қилиб ичим сал ёришди.

27-қисм тугади.


©️Иқбол Мирзо.



@Ummuzaynabummuijodi

Report Page