БОНУ

БОНУ

ИҚБОЛ МИРЗО

роман

18-қисм.


13 март


Гапни чўзиб сизни ҳам зериктириб юбордим-а?

Мақсадга кўчиб қўяқолайми?

Ниятим сиздан маслаҳат олиш. Битта нозик масалага ўзимнинг ақли ожизим етмаяпти.

Ҳозир чорраҳанинг ўртасида турибман, қаёққа юришни билмайман...

Негадир менга фақат Сиз тўғри йўл кўрсата оладигандек туюласиз.

Ўлай агар, негалигини билмайман...


18 март


Хўп, агар Сизга қизиқ бўлса, ҳикоямни давом эттираман:

Фақат бир илтимос, жонингизга теккан заҳотим, муддаога ўт, десангиз бас, икки оғиз сўров билан чуваланган қиссамга нуқта қўяман...


* * *


...Ўн кундан бери ҳар куни икки марта яширин рақамдан телефон бўлади. – Алў, алў-ў!

“Алў”лаганим билан нариги томондан сас келмайди...

Охири зерикиб, умуман уланмай қўйдим. У қўнғироқ қилишдан чарчамайди.

Бир куни: “Бону, бу мен, акангман, агар юрагингнинг қаеридадир аканг учун ўлмаган озгина меҳр бўлса, жавоб ёз...”, деган СМС келди.

Хатни қайта-қайта ўқиб, йиғлаб-йиғлаб хун бўлдим. Лекин жавоб ёзмадим. Иккинчи кун яна СМС келди: “Бону, мен Твердаман. Ёнимда иш бор, кел, бирга ишлаймиз”.

Яна жавоб ёзмадим... СМСлар ҳар эрталаб турнақатор келаверди: “Бу дунёда ҳамма адашади, наҳот акангнинг битта хатоси учун бир умрга воз кечсанг? Эртага ҳайит, ҳеч бўлмаса арвоҳ ҳурмати, бирор нима ёз, дадам қабрида тинч ётсин...”

Ана шундан кейин чидаёлмай жавоб ёздим: “Дадамнинг арвоҳи энди эсингизга тушдими? Бобоҳовлини сотганингизда эсингиз кимда эди? Бир бор чертмай ўстирган қизига шапалоқ тортганингизда отанинг тинчини ўйлаганмидингиз? Нечук энди ҳайит ва дадам ёдингизга тушиб қолди? Мени безовта қилманг!”

У: “Шундоғам тамом бўлган юрагимни эзма, Бону. Кечир... Фақат бир маротаба... Бошқа такрорланмайди”, деб ёлвориб ёзди. Жавоб бермадим. Яна СМС келди: “Болалигида безориларни додини берадиган адолатчи синглим, дадасининг эркаси қани?..”

Унутмабди... Эсида бор экан... Кўнглимда бир илиқ нур ипакдай сирғалди. Лекин аччиғимни енголмай: “Эсингизда бор экан-а йўлтўсарни сувга қулатганим? Ўзингиз неччи тезликда сингилчангизни ташлаб қочганингиз ҳам эсингиздан чиқмагандир?” деб чақиб олдим. Ёзишга ёздим-у, мен нега бунча тез унутдим акамнинг ота ўрнида ота эканини, бўлар иш бўлди, қиёматгача аразлаб юраманми энди, деган савол дилимда уйғонди.

Ўйлай-ўйлай: “Биринчи ва охиргиси ҳам шу, дадам тинч ётишлари учун кечирдим. Бошқа кечирилмайсиз! Илоё, дадам ҳам, худо ҳам кечирган бўлсин”, деб ёзиб юбордим. СМС етиб бориши ҳамоно қайтиб қўнғироқ бўлди... Қани энди гаплашиб билсам акам билан...

Мен бу ёқда, акам у ёқда йиғлаяпти...

Анчагача ҳиқиллашиб турдик. Ниҳоят акам:

– Билардим синглимжоним мендан бутунлай кечмаганини... – деб яна йиғлаб юборди.


19 март


Қисқа давом этган бу суҳбат елкамдан ҳеч ким қўзғата олмас катта харсангни қулатиб юборди... Худди дадам тирилиб келгандай бўлди. Юрагим ўз-ўзидан ҳапқириб, гупиллаб кетаверди... Бақириб йиғлаб юбордим, бироқ бу кўп йиллардан бери тўкилмаган қувонч кўзёшлари эди.

Қондошликнинг жон қўшиб ўрилган чийратма чилвири қайта боғланганди...

Эҳтимол, қаеридадир чандиқдек тугун қолгандир, аммо айнан ўша жой – тугун қайта узилмайди.

Эртаси куни эрталаб “Ҳайит айёмингиз муборак бўлсин”, деб СМС юбордим.

“Жоним садқа дадасининг эркасига, раҳмат, синглимжоним...”

Онажонимга ҳам қўнғироқ қилиб, қутладим, у жуда хурсанд, мени алқаб дуо қилди. Акам билан ярашганим хабари кечанинг ўзида етиб борган экан.

– Акангни ажратиб қўйманглар, болам. Сизлар бешта, бир-бирларингга дардингни айтасанлар. Унинг юрагини ким тинглайди?..

Онам нима деса, “Хўп-хўп”, деб турдим.

Туйқус юрагимнинг туб-тубида нимадир аста-аста эриб-эриб силқиётганини, шам кўзёшидай илиқ бу ҳалқоб борган сари вужудимни энлаб келаётганини туйдим. Ачомласам қалампирмунчоқ аралаш терми, тутунми, билмадим, фақат онамдан келадиган қадрдон ҳидни димоғим туйгандай бўлди. Кетаман! Борсин ҳаммаси! Бу дунё онажонимнинг бир лаҳзалик дийдорига арзийдими? Ейман, ичаман деб оғзини каппа очиб ўтирган болам бўлмаса, бировларникига ўхшаган дахмаза эрим бўлмаса... Бир сабил жонимга шунча ташвишми? Кетдим, кетганим бўлсин!



20 март


Бобур билан Внуково аэропортидан Бухорои шарифга учдик...

Умримда биринчи бор учоққа чиқаётганим учун ҳаяжонимнинг чеки йўқ. Бобур ҳам ўзида йўқ хурсанд эди...

Барибир ўз уйинг – ўлан тўшагинг. Бировнинг юрти сенга бошпана бўлиши мумкин, лекин ватан бўлолмайди.

Бир ярим йил... Ўн саккиз ой... Етмиш саккиз ҳафта... Беш юз қирқ етти ярим кун... Саккиз минг тўққиз юз қирқ икки ярим соат... Беш юз йигирма беш минг етти юз саксон икки ярим дақиқа... Шоира опам Тошкентга профессор кўригига олиб борганда ассистентлар томиримни тутиб, юраги яхши, саксон иккита уряпти, дейишганди... Демак, шунча вақт ичида онажонимга ичиккан юракжоним қирқ икки ярим миллиондан кўпроқ маротаба “О-на!” деб урган экан-да...

Володя амаки қарамоғидаги ўн еттита ҳамюртга ҳисобчилик қилганимни айтувдим-а, ўзи умуман мактабдаям аниқ фанларни яхшироқ ўзлаштирардим. Карра жадвалини биринчи синфдаёқ ёд олгандим. Опаларим ҳам баъзида ҳисоб-китоб масаласида мендан кўмак сўрашарди.

Қайтар кунимни ҳеч кимга айтмаган эдим. Акам Тверда, опаларим ҳаммаси уй-уйида ўзи билан ўзи овора. Айтсам хурсанд бўлгани билан қўналғага келиб кутиб оладигани йўқ.

Бобур икковимиз бир “Нексия”нинг кира савдосини пишириб, қишлоққа шоду хуррам йўл олдик.


* * *


...Акам Тверга кетганидан кейин онам янгамнинг қабатига кўчиб чиқибди...

Ота ҳовли ҳувиллаб ётибди. Одам яшамагандан кейин мармар ҳам нурайди, пойдеворга қурт тушади. Дадам йўқ – қут йўқ, онам ўзи билан қолган-қутган файзни ҳам олиб кетган.

Деразаларни очиб, пардаларни кўтардим. Разм солиб чиқдим, ҳеч нима ўзгармаган. Дераза тагида дадамнинг каравоти... Хонанинг этак қисмидаги печка устида обдаста суви билан турибди. Қўл солиб жунжикиб кетдим – муздек.

Уй тўрида бир эшиги ёнбошлаган жавон ичига чиннивор идишлар териб қўйилган. Кетишимдан илгари ўзим шундай мувофиқ қўйиб чиққандим. Қандай бўлса шундайлигича турибди...

Жавоннинг тепасида дадамнинг охирги тушган сурати, устига дастрўмолча ташлаб, портрет ярмигача ёпиб қўйилган. Беихтиёр хаёлан дадам билан гаплаша бошладим:

– ...Уйимиз ҳувиллаб қопти, дадажон. Одамни ютаман дейди... Сизни соғиндим... соғинмадингизми... мен келдим, дада...

Орадан ярим соатлар ўтгандан кейин Феруз онамни етаклаб супага яқинлашдию мени кўриб қолиб:

– Биби, апам келипти, – деб хонага югуриб кирди.

Бўйи чўзилиб, мийиғи ниш отиб, овози дўриллаб қолипти. У билан тузукроқ кўришиб улгурмай акамнинг иккинчи ўғли Файзулло чопиб келди.

Онам бечорагина жонҳалак бўлганини кўрсангиз энди. Она барибир она-да, ҳар қандай ҳолатда фарзандим, дейди. Ҳамма сендан юз ўгирган вақтида ҳам ёнингда мунғайибгина сен билан қолади.

Аслида фарзанд учун бахт ана шу мушфиқ муштипарнинг борлиги экан...

Қўлидаги ҳассасини ерга ташлаб, шаҳд билан, жон ҳолатида менга қараб йиғлаб келяпти... Кўришиш учун отилиб чиқиб:

– Ҳа-а, соғинибсиз-а, онажон, – дедим.

– Э-э, юрагингга тош боғладингми, а, шунчаям кетадими, – деди кўзёшлари юзларини ювиб...

Ўзимни оқлашга уринмадим. Кўрган-билганларимни, чеккан азобларимни ичимга ютиб:

– Узоқчилик-да, онажон, мусофирчилик, истаган пайтинг келиб бўлмайди, илож йўқ, – дедим...

Уйга кирдик. Тўртовлон суҳбатлашиб ўтирсак, янгам ўғилларини чақириб келиб қолди. Файзулло деразадан онасига:

– Онажон, апам келди, киринг, – деди болаларча беғуборлик билан.

Бунга жавобан янгам:

– Бўл тез, кампирга ўхшаб ўтирма эзмаланиб, пахтага борасан мен билан, – деб гўё мени пайқамагандай дарвозадан чиқиб кетди.

Мен онамга қарадим.

– Эътибор берма, болам, ёмон бўлсаям янганг шу! Аслида сен ўрнингдан туриб салом бериб ёнига чиқишинг керак эди, – деди сўлиш олиб.



©️ИҚБОЛ МИРЗО

@Ummuzaynabummuijodi

Report Page