БОНУ

БОНУ

ИҚБОЛ МИРЗО

роман.

14-қисм.


* * *

6 февраль

Уйга келиб онамга воқеани ипидан-игнасигача айтиб бердим. У жимгина тинглади-да: 

– Айб сендамас, болам, раҳматли дадангда! Сув қаёққа оқса, ўша ёққа қараб суз деб ўргатганида қулоғинг тинч бўларди. Болам, ҳақиқатталаб одамда дўст бўлмайди, – деди куйиниб. 

Эртасига туманга боришимга йўл бермади. 

Шу кун ишга ҳам чиқмадим. 

Кечқурун директор ўғли билан меҳмонга келди. 

Дадам қанчалар меҳрибон устоз бўлгани, қандай таъсирчан дарс бергани, тошу тарозини нақадар адолатли қўйгани ва айниқса, ёш Тўрақулга оталарча хайрихоҳлик кўрсатгани, устоз отадан улуғлиги ҳақида гапириб, анча ўтирди. 

Кейин дўстона оҳангда:

– Агар даданг бўлмаганида, худо билади, мен қайси йўлдан кетардим... Иккимизни бахтимизга яхшиям пешонамизга шу киши ёзилган экан... – деди-да, ниманидир чамалаётган одамдай чап кўзини қисиб, менга узоқ термулиб қолди. Кейин, – Ҳа, устоз керак пайтда қаттиққўл, керагида жуда раҳмдил инсон эди, бизга ҳамма хислатлар дадангдан ўтган, – деб гап улаётган эди:

– Домла, ҳалолликни ҳам дадамдан ўрганганмисиз? – деб чақиб олдим.  

Сўз ўз-ўзидан кечаги можарога бориб тақалди.

– Нима қилайлик, қизим, агар бу балохўрларга ёнимдан тўлайверсам, кафангадо бўламан-ку. Замон сенга боқмаса, сен замонга боқ, деган машойихлар. Ҳозир ҳамма жойда “бер-бер”, пулинг бўлмаса ўлиб ҳам бўлмайди, – деб кулги чиқармоқчи бўлди. 

– Демак, балиқ бошидан ачиган экан, – деб юбордим тоқатсизланиб. – Агар сиздек оқсоқоллар бу қилвирликка чек қўйиш ўрнига бош қўшиб, қўллаб турса, оқибати нима бўлади, устоз?  

– Халқ сендан икки дунёда рози бўлмайди, қизалоғим. Ҳозир фидойи, билимли одам ҳеч кимга керак эмас. Фақат топшириқни қулоқ қоқмай бажарадиган югурдагу ялтоқлар башанг яшайди бугунги кунда... 

Онам гоҳ менга ҳайҳайлаб, гоҳ домлани қувватлаб, суҳбатимизга ҳакамлик қилиб ўтирди. 

Биз узоқ баҳслашдик. У фикрида қолди, мен ҳам ўз қарашимдан қайтмадим... 


* * *

8 февраль

Эрталаб мактабимга йўл олдим. 

Ўқитувчилар хонасига кириб борганимдан менга қарши кайфият шаклланиб бўлганини илғадим. 

“Йўл ҳақи”, “қўл ҳақи”дан манфаатдор маишатпарастлар менга қарши туриши табиий, албатта. Нафақага бир-икки қадам қолган, ўзларини хизмат кўрсатган заҳматкаш деб ҳисоблайдиганлар “кечагина тухумдан чиққан” мендай сариқтумшуқ жўжанинг адолатпарварлигидан ғашланишини ҳам тўғри тушунаман. Аммо учинчи тоифа ҳам бор эдики, улар мактабни шунчаки кун ўтказиш учун тирикчилик воситаси деб билар, лоқайд ва бефарқ ҳаёт тарзини маъқул топган бу тепса тебранмасларга менинг ҳаракатим ваҳимали туйилар, “Эртага бир бало бошланиб, бизни ишлашга мажбур қилишмаса гўргайди”, деган ташвишлари бор эди. 

Устомон директор радио можаросидан ўз тегирмонига сув бурибди: “қора рўйхат” тузиб, аҳил жамоа ўртасига рахна солган мен эканим! Ана шу қўпорувнинг олдини олиш мақсадида домлаи калон айни вақтида радиомни ёпган эмиш... Қойилмисиз? Мана буни “мактаб” деса бўлади! 

Шундай қилиб, жамоанинг кўпчилиги менга рўйхуш бермай қўйди. Ташаббусларим уларнинг ғашига тегар, менга меҳр қўйган болалар атрофимда парвона бўлиши энсаларини қотирарди. Чунки мен, нокамтарлик бўлса-да айтай, бу даққиюнусдан қолган кўҳна чолдеворга тоза ҳаво олиб киришга уринаётгандим. 

Шу туришимда гўё чорпоя остида кун бўйи мудраб вақт ўтказадиган кўппакнинг думидан тортиб ҳаловатини бузган шумтакадек эдим. 

Менимча, айнан директорнинг илтимосига кўра тумандан текширув келди. 

Бадқовоқ тафтишчилар биринчи менинг синфимга кириб, хонамни синчиклаб кўздан кечиришди. Кейин огоҳлантиришсиз дарсимга кириб, кутилмаган ва тутилмаган саволлар билан ўқувчиларимнинг олдида мени изза қилишга уринишди. 

Йиллик, ойлик, кунлик иш режамни ва барча қўлланмаларимни, конспектларимни ижикилаб текшириб, арзирли нуқсон топа олишмади. Чунки дадам менга ҳамма вақт:

– Сен текширувчи учун конспект ёзма, ўқувчи учун тайёргарлик кўр, сенинг комиссиянг – ўқувчиларинг, шуларга кўнгилдагидек дарс берсанг, назоратчи-пазоратчидан қўрқмайсан, – дерди. 

Ҳарҳолда, йўқдан кўра юпанчиқ, деганларидай, битта “айбона” топишди. Ҳамма ишни қилибман-у, бўш вақтларимда бошқа устозларнинг дарсларини кузатишга кирмабман. Шунга танбеҳ беришди. 

Эртасигаёқ директор ўринбосари Лазизбек Маҳмудовичнинг дарсига кириб, назоратни бошладим. У киши математика ва физикадан дарс берарди. 

Ҳеч кимга гапирмай, орқа партага бориб ўтирдим. Қўнғироқ чалиниб, дарс бошланди. Ўқитувчи ўн беш дақиқа кечикиб кирди. Боз устига, на синф журнали, на конспект дафтари, на ўқув кўргазмалари... Умуман, ҳеч нарсадан фойдаланмай, ҳафсаласиз дарс бошлади. Болалар бот-бот ёлғондакам йўталиб, мен томон тез-тез қарашлари билан ўзига хос ишора бериб, хонада бегона одам борлигини билдиришга уринса-да, устознинг парвойи фалакда эди. 

Домла деразадан қараганча “ҳи-а-а” деган овозда ҳаво сўриб керишаркан, ўхшатиб ҳомуза тортди-да, ўқувчиларнинг баралла кулгисидан ўзига келиб, бирдан менга кўзи тушдию сесканиб кетди. Шундан кейингина дарс амалиёт эканини эълон қилди. 

Шубҳасиз, ўқувчилар бунга тайёр эмасди. Уларнинг савол-жавоблари, ўзларини тутишларидан шу пайтгача амалий машғулот ўтилмагани аён кўриниб турарди. Домла ҳам чамамда, мавзу моҳиятини билмас, гап-сўзлари қовушмас, атамалар оғзидан тўкилиб тушарди. Бунинг сабабини Лазизбек Маҳмудовичга имзо учун таҳлил дафтаримни узатганимда тушундим: ундан ароқ ҳиди анқир, кайфи тарақ эди. Домла каловланиб, таҳлилимни ўқимай туриб имзо чекиб юборди.

– Узр, домла, асосий нуқсон ёзилмай қопти, ижозатингиз билан қўшиб қўяман-да, – деб имзоси ёнига катта-катта ҳарфлар билан “Ўқитувчи маст ҳолда дарс ўтишга уринди”, деб илова қилдим. 

У қўлимдаги дафтарни юлқиб олиб, лапанглаганча директор хонасига чопди. Ана энди қиёмат қўпади деб шунча кутдим, ҳеч ким мени йўқламади. Ўйлаб кўрсам, ўринбосарига шишадош директор ўша пайтда бадмастлиги сабаб “балодан ҳазар”, деб менга юзма-юз келишни хоҳламаган экан.

________


Эртаси куни шахсан мактаб директорининг дарсига кирдим. 

У кишида ҳам эга кесимга тўғри келмас, ичмаган бўлса-да, калласи ғум экани аниқ эди. 

Дарс қандай ўтилган бўлса, шундайлигича таҳлил қилиб ёздим. Аммо Тўрақул амаки имзо чекмади. Дафтарга нари-бери назар ташлаб, кўзлари бўғизланган ҳўкизникидай олайди, бутун мактабни бошига кўтариб:

– Йўқо-ол! Пе-ес! Падарингга лаъна-ат! – деб бўкирди...

* * *

... Мен кимлигимни эсдан чиқариб қўйган эканим...

* * *

9 февраль

Акажон!

Сизни ғазал мулкининг султони Навоий ҳазратларининг таваллуд кунлари билан қутлайман! Ижод аҳлига руҳлари мададкор бўлсин! 

Навосиз улуснинг навобахши бўл,

Навоий ёмон бўлса, сен яхши бўл!

Қаранг, бундай аччиқ танбеҳ айтиш учун шоир қанча азият чеккан экан-а! Биз-ку, оддийгина қора халқ вакилимиз, шунда ҳам кўнгилчамиз гунафшадан нозик. Ана энди Навоийдай даҳонинг зариф дилини тасаввур қилаверинг... 

Акажон, синглингизнинг ғўра гапларидан кулмайсиз-да энди...

* * *

11 февраль

Шоира опамдан хабар олгани шаҳарга бориб, маҳалла бошида курсдошим Сарвинозни кўриб қолдим. Шалдир-шулдир қиз эмасми, бирпасда олам-жаҳон гапни тўкиб ташлади: ўзи бир футболчига турмушга чиқибди, битта ўғилчаси бор экан – исми Миржалол. Эри терма жамоага номзод эмиш, уни ўйинларини кўргани шаҳарма-шаҳар маза қилиб юрганмиш. Аҳад деган менинг собиқ ошиғимнинг хотини шу баҳорда учинчи қизини туғибди. Агар яна қиз туғаверса, ажрашмаган номард деб қасам ичганмиш. Дугоналаримиздан Гулбаҳор билан Мунира Дубайга қатнаб, бойвучча бўлиб кетишибди, бировни бир тийинга арзитмасмиш. “Ву-уй! Кўрсанг, аптини! Иккови кимўзарга кийинади. Кўрсанг, машинасини! Юлдуздаям йўқ бунақаси!” 

Кейин, табиийки, мавзу Олмосга кўчди. У қайнотасининг ҳомийлигида шаҳарнинг қоқ марказида хусусий дорихона очиб, гуллаб-яшнаб, хотини билан бахтиёр яшаётган экан...   

Сарвиноз кайфиятим ўзгарганини кўриб, “Узр, Бонужон, унинг уйланганидан хабаринг йўқмиди?” деб хижолат чеккан бўлиб, шоша-пиша хайрлашдию ошиқиб жўнаб қолди. 

Олмос...

Орамизга қуюқ туман тушиб, кўздан йироқ – кўнгилдан нари бўлган эсак-да, ҳар замон телефонда гаплашиб турардик. Лекин ҳеч қачон ўз ҳаёти ҳақида оғиз очмасди. 

Бир куни у хотини ҳомиладорлигини, яқинда ота бўлишини айтиб қолди. Мен бундай муҳим хабарни бамайлихотир, шунчаки кўча-кўйнинг гапидай айтаётганидан жуда тонг қолдим. Ахир, “хотиним” деяпти, демак, қачондир уйланган, лекин мен бундан бехабарман. Ҳолбуки, боя ёзганимдай, қўнғироқлашиб, гаплашиб турамиз, кўнгил узилган бўлса-да, муомалани узганимиз йўқ. 

Аёли оғироёқ экан, демак, никоҳ тушганига анча вақт бўлган. У шунча гапни қандай қилиб қорнига сиғдириб юрдийкан? Бутун бошли тўй бўлади-ю, тақдирини ким биландир боғлайди-ю, менга билдирмагани ва яна фарзанд кўриши ҳақида кўз танишига айтаётгандай, шунчаки қистириб ўтиши... кўнглим кўзгусининг соғ жойларини ҳам чилзарра қилди.

Танамга ўйлаб кўрсам, рост-да, мен унга ким бўлибманки, менга ҳисоб берса, тўй-тўйчиғига таклиф қилса. Биз шунчаки тасодифан поезднинг бир купесига тушиб қолган ва маълум манзилгача ёнма-ён кетишига тўғри келган йўловчилар эдик холос. Бунақа пайт одам азбаройи зерикмаслик учун йўлдошига такаллуф қилади, қизиқ ҳикоялардан сўйлайди, балки, ул-бул тановул ҳам қилишар, эҳтимол, суҳбатлари соз тушиб, бир-бирларига кўнгиллари илигандек ҳам бўлар... 

Алалоқибат, вақт ҳукми билан бири ўз манзилида тушиб қолади ёки иккаласи ҳам бир бекатдан икки ёққа қараб жўнайди...


* * *

12 февраль

Орадан бир ойча ўтиб Олмос қизли бўлгани, исмини Гулбаданбегим қўйганини айтди. 

Телефонини ўчирмасдан ётоғига кирди, қизини атай йиғлатиб, овозини менга эшиттирмоқчи бўлди. Йиғлатди... қайтиб-қайтиб сўради:

– Эшитдингизми Гулбаданбегимнинг овозини, эшитдингизми?!.. 

Унинг қувончи еру кўкка сиғмасди... Бироз ўтиб хотинига телефон тутди: бахтли онанинг хуррам овози янгради... Мен лолу карахт эдим. У томондан келаётган табрикталаб такаллуфларга нима деб жавоб қайтарганимни билмайман. 

Хаёлимда битта савол: у хотинига мени ким деб таништирган экан? Иссиқ жон, аёл зоти рашксиз яшолмайди, ким ўзи у, деб чимрилгандир, аразлаб, аччиқ-тизиқ гап қилгандир. Шунда... эй худо, менинг Олмосим кейинги пайтда дийдоримдан келишиб тушган суратимни кўрсатиб, “Манави қиз-да, шунданам қизғанасанми, асалим, гулим, кўзгуга бир қара, сен киму у ким?!” деганмикан? 

Деган, албатта, шундай деган...

Телефондан келаётган овозлар жарангидан бошим айланиб, кўзимдан ёш чиқиб кетди... 

Узоқ ўйга толдим... Шу ҳолат бошқача ҳам бўлиши мумкин эди... Афсус... 

Биласизми, қайғу, азоб, қийноқ, ғусса, алам, дард, ғам, изтироб...ларнинг фақат ўзига хос туйғуси бўлади. Мен санаб ўтилган кадарларнинг ҳар бирини қайта-қайта бошдан кечирганман. Аммо ҳозирги ҳолатимдаги ситам ҳеч қайси андозага тўғри келмасди.  

Мен ҳеч кимни айблай олмайман... 

Мабодо Олмосга турмушга чиққанимдан кейин манави касофат дард қалқиб чиқса нима бўларди? Бир йигитни, гулдек йигитни илк турмуши барбод бўлиб, боши эгилиб қолмасмиди? Агар худо фарзанд ато этгандан кейин бу касалликни манглайимга битса, унда-чи? Балки, Олмосдек йигит фарзанди камолини ўйлаб, тақдирга тан бериб, умрини хазон қилишга кўнар... Бола-чи? Бола бечора ҳаёти давомида мендан уялиб, ўртоқларидан ажралиб, ор ва номус ўтида куйиб ўтармиди? Ё худо, ўзингга шукур! Вақтида берган дардингга қуллуқ! 

Аммо хаёлимга келган истиҳола шуки, айнан мана шу мулоҳазани Олмос ҳам кўнглидан ўтказиб, Тангрининг иноятидан масрур бўлиб, тўрт мучаси соғ жуфти ҳалолини бағрига босиб, қайта-қайта шукроналар келтирмасмикан? 

Келтиради!.. 

Кўнглига келтиради... 

Шукрона келтиради... 

Шу куни ҳаёт менсиз ҳам жуда гўзаллигини ва мендан кейин ҳам кам бўлмаслигини тушуниб етдим... 

Болажоннинг маъсум чинқириғию ота-онасининг шодумон кулги аралаш қилган завқли хитоблари бир неча кун қулоқларим остида қайта-қайта жаранглайверди... 

Шу кундан қаерда жужуқларни кўрсам Олмоснинг боласи ҳам шунча бўлиб қолгандир, улғайгандир, ота-она бўйига қараб суйиниб ўтиргандир, деб қараб қоламан... 

* * *

13 февраль

Мактабдан кетганимга ҳамма мени масхара қилаётгандек, ҳамма устимдан кулаётгандек... 

Ота-оналар мени кўрсатиб, “олабўжи”, деб болачоқларини қўрқитиб, “Агар вақтида юз-қўлингни ювмасанг, овқатингни емасанг, биз айтган пайт ухламасанг ана шунақа бўлиб қоласан” каби пўписалар билан “тарбия” қилишаётгандай туйилади. Мен бунга кўникишим шарт, парво қилмаслигим керак, дейману, барибир асабийлашиб, жирраки бўлиб боряпман.

* * *

Ўртанча опамнинг даласига бориб ғўзапоя ўришиб, шомга яқин уйга қайтсам, айвонда онам бир киши билан гаплашиб ўтирибди. Мени кўриб иккови ҳам ўрнидан турди. Меҳмонга салом бериб, ичкари йўналгандим, у йўлимни тўсиб, онамга терсайиб қараб:

– Кўряпсизми, хола, бунингиз биздақаларни одам ўрнида кўрмайди, итмисан, эшакмисан демайди, – деди димоғида аламзада оҳангда. 

Қарасам, ўша бетинг қурғур Юсуф ароқ ҳидини гуркиратиб менга қараб иршайиб турибди. Бир қадам ташлаган эдим, йўлимни энди онам тўсди:

– Қизжоним, сени одам билиб йўқлаб кепти Юсуф аканг. Сўраш, ўтир, ҳангама қилинглар, ҳарна акангни жўраси...

Мен “акамнинг жўраси”га тик қараб, худди кечагина кўришгандай:

– Ҳа, Юсуф ака, нима дардингиз бор яна? – дедим. 

У хушёр тортиб, аста кўрпачага чўкди:

– Ўзим, шундай, тинчлик, – деди хомуш тортиб.

– Бўпти бўлмаса, тинчлик бўлса... Акам Россияда, гапингиз бўлса, телефонда улаб берай. Ўзингизда рақами йўқдир ҳойнаҳой, – деб яна қалампир сепдим. 

У бирдан ерга тиз ташладию тўсатдан ҳўнграб йиғлаб юборди:

– Сен ҳам одаммисан, Бонужон? Сендаям юрак борми-я, Бонужон? Севаман дедим, ишонмадинг, шарманда қилдинг... – у энди онамга қараб мастона йиғи аралаш сўзлай кетди. – Онажоним, шу асов қизингиз учун жонимдан кечаман! Кечганманам! Айтинг, менга тегсин! Кўрасиз, қизингизни бахтли қиламан! 

Кўз олдим қоронғилашиб, деворга суяниб ўтириб қолдим. Бу нимаси? Шу аҳволимда-я?! Йўқ, бу мени масхара қиляпти. Қалайсан энди, етган жойинг шу экан-ку, демоқчи. Ич-ичимдан бир вулқон отилиб келаётган бўлса-да, ўзимни қўлга олиб, хотиржам гапиришга уриндим:

– Юсуф ака, кайфингиз эрталабгача тарқайди, айтган сўзларингиздан уялиб қоласиз. Менга сизнинг раҳм-шафқатингиз, мурувватингиз керак эмас. Боринг, эркаги йўқ уйга кириб ўтириш яхшимас. Шу гапларингизни агар эртага саҳар келиб ҳам такрорласангиз, унда ўйлаб кўраман!

Онам бир нарса демоқчи бўлиб оғиз жуфтладию қўл силтаб қўяқолди. Юсуф шалвираганча кўчага чиқиб кетди. 

14-қисм тугади.


Давоми бор...


©️Иқбол МИРЗО

@Ummuzaynabummuijodi

Report Page