БОНУ
ИҚБОЛ МИРЗО9-қисм.
* * *
26 ноябрь
Ёзиш қийин бўляпти, акажон...
* * *
2 декабрь
Сессия тугаб, таътил берилди.
Мен тўрт-беш кун университетда ушланиб қолдим. Имтиҳондан кўнгилдагидек ўтолмаган даъвогар талабаларнинг баҳолари учун курашиб, журналларни тўлдириб, кейин қишлоққа қайтдим.
Шу кунлар ичида лабимнинг пастки қисмидан бўйнимгача оқариб кетди. Буни қандай яширишнинг йўлини тополмай, ақлдан озишимга оз қолди.
Энди мен кечаю кундуз ўзимни, тақдиримни, бутун дунёни қарғардим, ўзимга ўзим ўлим сўраб Парвардигорга илтижо қилардим: “Эй худо, дердим, аввало, мени яратмасанг нетарди? Баски, яратибсан, мурғаклигимда омонатингни олсанг бўлмасмиди? Ҳеч қурса, шу бугун, шу дақиқада осон ўлим бериб, жон қушимни озод қилсангу мен ҳаммадан, ҳамма мендан қутула қолса, тез эсларидан чиқаришса... шу сенга қийинми? Мендан ҳазар қилмайдиган дадажонимнинг ҳузурларига борсам, юзтубан тушиб оёқларини ўпсам, айтсамки, жон дадажон, сиздан бошқа ҳеч ким мени яхши кўрмас экан...”
Кўзларимдан сел-селоб ёш тўкардим-да, яна бечора онаизорим ёдимга тушиб, тавбалар қилардим...
Таътил тугади. Мен ўқишга бормадим, тўғрироғи, боролмадим. Аввал курсдош дугоналарим, гуруҳ раҳбаримиз, кейин деканимиз ва шаҳардаги қиёматлик опам ҳаммалари телефон қилиб чақиришди, лекин зинҳор-базинҳор оёғим тортмади.
Деканимиз уйимизни излаб топиб келди. Аҳволимни кўриб кўзёшини тия олмади, охири тақдирга тан бериш керак, пешонада шу савдо бор экан-да, ўзингни тут, деб маслаҳат берди, сабр тилади, ўқишга ундади...
Аммаю холалар бирин-кетин кўришга, ҳол сўрашга келишди...
Беморни кўрганда ҳамма табиб, беморга кўринган ҳар ким табиб, деганларидай, ҳар бири минг хил маслаҳат берди, бу жонкуярликлар, бу дардкашликлар жонимни ҳиқилдоғимга кўтарди.
Бир пайт ҳуснимни кўролмай куйканаклик қиладиган опалариму холаларим келишди, негадир уларнинг кўзлари туб-тубида “йилт” этган қувонч, оғизларининг четида кулги кўргандай бўлдим. Ўйладимки, бу дард мени худбинлаштириб, тубанлаштириб боряпти шекилли, ҳамма нарсада ёмонлик кўрадиган, қидириб топадиган бўлиб қолдим.
Қўшнимиз Гулфом хола “Эй қизжоним, бу сенга худонинг марҳамати, юзларингни, маҳрам жойларингни ёпиб юр, рўмол ўра, бетингни ёп дегани, демакки, сендан ибодату зуҳд сўраляпти”, деб тақвога чорлади. Шундоқ ҳам мен бомдод намозини имкон қадар канда қилмасдим, раҳматли бобомнинг художўй навараси эдиму, бироқ кутилмаган бу шўриш эсимдан жудо қилиб... астағфируллоҳ, астағфируллоҳ... худойимдан ҳам ҳафсалам пир бўлганди...
* * *
3 декабрь
Туман тери касалликлари шифохонасида ётиб чиқдим.
Бу ҳам мен учун ўта оғир ҳақорат бўлди. Оти хунук бу масканда аксарият енгилоёқлик оқибатида таносил касаллигига чалинган ахлоқи бузуқлар ётарди.
Кўргани келган Шоира опам зудлик билан шаҳарга олиб келди, пулнинг зўри билан таниш-билиш топиб, энг донғил дўхтирларга қаратди.
Шу тариқа қиш чиқди.
Муолажалардан фойда бўлмади...
Ҳеч нима ўзгармади...
* * *
Бошқа ёзолмаяпман, акажон...
Кейинроқ ёзарман...
* * *
7 декабрь
...Бечора онамнинг қистови билан эскича ирим-сирим қилиб, номи чиққанки мулла-бахши-парихонларга ихлос қилиб, эшикларида ҳафталаб ётиб юрдик.
Туркистонга машҳур Муҳаммаджон табибни қидириб бориб, товламачиларнинг қўлига тушиб, бор-будимиздан айрилдик.
Устюрт этагидаги Оқмозор бувага ит азобида етиб бориб, оқ қўй сўйиб, қонини баданга суриб, эҳсон қилиб келдик.
Зангиота бувам хилхонасида чилёсин ўқилди, бир отинчанинг жазавасидан юрагимиз тушиб, обдон қамчисини едик...
Бу гапларни кўпликда ёзаётганимни тушунаётгандирсиз, сафарларда онажоним мен билан баравар заҳмат чекиб, мендан кўпроқ умидвор бўлди. Лекин... бу расм-русумлар, ҳаракату харажатлар алалоқибат бефойда бўлиб чиқди.
Яна уйга қайтиб, узлатга берилдим.
* * *
8 декабрь
Яна Гулфом хола маслаҳатгўй бўлди, эмишки, Қизилқумнинг одамтопмас бир ерида Хожа Уббон деган авлиёнинг мозори бор экан – ўша даргоҳда қирқ кун чилла ўтириб, муолажасини олган киши қирқ йиллик дарду ғуборидан фориғ бўларкан.
Негадир холанинг бу таклифи менга нажот йўли бўлиб кўринди. Қирқ кунда тузалиб келаман, деб қатъий ишондим, бу сафар ҳам онам ҳамроҳ бўлди. Бир ҳожатбарор ҳайдовчини топиб, мени ўша манзилга олиб борди.
* * *
Бу мўъжизакор макон чўли биёбоннинг нақд ўртасида воқеъ бўлиб, масжидга ўхшаб қурилган хонақолар, катта-катта, кенг ва узун айвонлардан иборат эди.
Шифоталаблар ниҳоятда кўп: чоллар, кампирлар, эркаклар, аёллар, йигитлар, қизлар, ёш болалар – ҳамма тоифа бор... Бировига қараб англадимки, менинг дардим ҳолва, бошқасига боқиб, ўз ҳолимга раҳмим келди...
Онам мен билан уч кун ўтирди. Иссиққа юраклари дош бермади, акам келиб олиб кетди.
Биз битта ҳужрада етти киши яшардик, биримиз Андижондан, бошқамиз Чимкентдан, Ўшу Исфарадан ҳам бор...
Бировнинг биров билан иши йўқ, ҳамма ўз дарди-дунёси билан овора, умиди узилганлар ва узиладиганлар... шуларга кўникиб яшай бошладим...
Қиладиган ишимиз – нонуштадан кейин чўлга чиқиб кетамиз, эрталаб соат еттидан чошгоҳгача жазирама қуёш тиғида онадан туғилгандек белибос тобланиб ётамиз. Ҳужрада ҳар кун бир одам навбатчиликка қолади. У хонадошлар қайтиб келгунга қадар супуриб-сидириб, идиш-товоқларни ювиб, овқат тайёрлаб қўйиши керак.
Онам уйга кетганидан кейинги кун мен навбатчиликка тушдим. Ҳамма ишларни саранжом қилиб, сув олиб келгани қудуққа бордим.
Қудуқни хосиятли дейишар, унинг ёнига савобталаблар ун, гуруч, мой, туз каби заруратларни ташлаб кетишар, биров у инсонларни кўрса ҳам кўрмаганга олиши урф экан.
Жума кунлари қудуқ тубида ой ва юлдуз ёрқин кўринар, ким бунга гувоҳ бўлиб ниятини айтса, орзуси ушалади деган гапни ҳам эшитгандим. Шундан бери қудуққа ихлос уйғониб, бор илинжим шунга боғланган, жума бўлмасаям, қудуққа бош суқиб тилак айтардим. Мўъжиза рўй бериб сиҳат топсаму одамзод яшамайдиган бирор овлоққа тушиб, умримнинг охиригача ўша ерда яшаб қолишни чин дилдан истардим. Искандарнинг сартароши сирини қудуққа айтса, мен истак-орзуларимни унга тўкардим. Чўкаётган одам хасга ҳам ёпишади-ку, тўғрими?
Сув олаётсам, бир қиз челак кўтариб келди. Саломлашдик, танишдик. У менга бошдан оёқ бир қараб чиқиб:
– Биринчи йил келишингизми? – деб сўради.
Мен тасдиқ ишорасини бериб, сиз-чи, десам, у:
– Ҳа-а, мен эски песларданман, ўн икки йилдан бери қатнайман, – деди бамайлихотир.
Чаён чаққандай турган жойимда бир сакраб тушдим.
– Нима?! Ўн икки йил?! – қулоқларимга ишонмай, қайтиб сўрадим.
Аҳволимни кўриб елкамга уриб қўйдию:
– Ҳа, хафа бўлманг, ҳали кўникиб кетасиз, – деди маҳзун жилмайиб.
Сув тўла челагим қудуққа тушиб кетди, суҳбатдошим менга ёрдамлашиб, кейин ўзининг челакларини ҳам тўлдириб, жўнади.
Унинг гаплари миямда қовоғаридек бетиним ғўнғилларди: “эски песлардан...” “ўн икки йил...”
Гангиб, ўтириб қолдим. Қанча қолиб кетганимни билмайман... Хаёлимда биргина савол: мени ҳам пес деб аташадими энди?
Шу чоққача бу касалликни дард деб юраверибман-у, идрок этмаган эканман. Атрофимдагилар ҳам бу сўзни товуш чиқариб айтишмаган экан.
Номининг ўзи дарддан кўра даҳшатлироқ... Ҳайҳот!
Англаган ҳақиқатим – пес бўлган эканим ва бу дард тузалмас, бедаволиги... Дунёдан мутлақо узилиб қолганим, ҳаётим ҳайратланарли даражада арзимаслиги, ночорлигим, бечоралигим...
Саволлар юрак-бағримни тилка-пора қиларди.
Ҳужрага қайтиб, йиғлаб-йиғлаб ухлаб қолибман, хонадошлар келишсаки, овқат йўқ. Ҳаммаси хафа бўлишди, кейин эркалигимга, янгилигимга йўйишди. Ўзлари шавла пишириб, мени дастурхонга чақиришди, ўрнимдан турмадим. Қаеримга ейман овқатни, нима учун, қайси куним учун?
Тушдан кейин бир аёлдан ўрнимга навбатчилик қилишини сўрадим ва ўзим чиқиб кетдим, узо-оқ-узоқларга, ҳеч кими йўқ жойларга...
Кечга қадар шу аҳволда бесару сомон юрдим. Ҳужрага қайтишга оёғим тортмади...
* * *
9 декабрь
Ассалому алайкум. Узр, акажон, кўзимнинг босими азоб беряпти, ёза олмаяпман. Озгина дам берай, кейин ёзаман...
* * *
15 декабрь
Оқшом саргардонликдан қайтгач, мозор ёнига келиб ўтирдим...
Гаплашдим, дардлашдим...
Йиғлаб-йиғлаб қабрга бош қўйиб ухлаб қолибман.
Бир маҳал кимдир туртгандай бўлди, кўзимни очиб қарасам, бир мўйсафид чол:
– Жинмисан, шайтонмисан, астағфируллоҳ, астағфируллоҳ! – деб юзимга қўлчироқ тутиб турибди. Хижолатдан сўз тополмай қолдим.
– Йиғлабсанми, йиғлабсан-а? – деди у энгашиб. Индамадим. – Қўрқмаяпсанми бир ўзинг бу ерда? Вақт алламаҳал...
– Кимдан қўрқай? Бу ерда қўрқадиган одам йўқ-ку, – дедим аламли йиғи аралаш.
– Нима, бу ерларда янгимисан? – сўради қизиқиб. Яна индамадим. – Ҳа, биринчи йил келишинг! Дастлаб шунақа бўлади, хафа бўлма, кўникиб кетасан. Ҳали бу ерга меҳринг уйғониб, кетгинг ҳам келмай қолади. Ҳа, болам-а, бу ердақа тинч жойни топиш амримаҳол. Ҳеч ким сенга тегмайди, озор бермайди, паст назар билан қарамайди, дастурхонидан ажратиб қўймайди. Бу ернинг асл хосияти ана шунда. Бунда ёмон одам йўқ, ҳаммасининг юраги яримта, озурда одамлар. Кеча-кундуз кўнглингга қараб гапиради, чунки булар дил оғриғини жуда яхши билишади. Хафа бўлма, шукур қил, сабрнинг таги раҳмон, – деб ўзи ҳам этаги билан қабоқларини артди.
– Яна қанча сабр керак? – деб баралла йиғлаб юбордим...
Чол ёнимга беҳол чўкди-да:
– Мана, мен, қирқ беш йилдан бери шу ердаман, – деб ўзи ҳақида гапира кетди... қачонлардир бахтиёр яшагани, шакардан ширин фарзандлари даврасида шодумон кун кечиргани... ва худо қарғаган бир куни ишдан келса, хотини бегона эркак билан шармисор ўтиргани, ҳар икки бузуқни калтаклаб ерпарчин қилиб, уйдан чиқиб кетгани... бугун уч фарзанди уни тан олмаслигини айтиб, “Уйландиму, рўзғор топмадим, фарзанд кўрдим, ота бўлмадим, кўзим кўрди, қўлим тутмади, саксондан ошдиму, яшаганим йўқ”, деганлари мен бўлсам керак, – деб қўшимча қилди. – Лекин навмид эмасман, Аллоҳнинг висолидан умидим бор, кўп қатори қудуқ ёнига сочилган ризқдан баҳрамандман, бировдан тамам йўқ, талашадиган нарсам йўқ, беғаразман, тўрт мучам соғ, дилимда қаноат ва сабр ҳоким... ҳа, болам-а, бу оламда минг йил Фиръавндек давр суриб яшасанг ҳам қаноатинг бўлмаса, бадбахтлигингча қулоғингни ушлаб кетаверасан...
“Бу ким бўлди? Хизрга учрадимми? Қушқўнмас бир манзилда қароғлари умид шамчироғини ёқиб турган бу зот ким бўлса экан?”
– Мен бугун Хожа Уббон мақбараси жорубкаши – супурувчисиман, – деди чол фикримни ўқиётгандай, – жаннатмакон Навоий ҳазратлари “Пири Ҳирот” – Хожа Абдулла Ансорий мозорига жорубкаш ўлсайдим деб сўрагани тарихдан баён... Мен ул малик-уш шуаро, амир-ул умаро қошида ким бўпман? Аммо... мен ҳам дунё ташвишини супуриб, Хожамнинг жорубкаши мақомини тутганимдан хушбахтман.
Ўзини авлиёман, дунёга устунман деб билиб-билдириб, бандага қайишмай, элга бакор келмай юрган бебурд қанча... Менинг авлиёмнинг жонсиз тани, лойсувоқ мақбараси қанча-қанча дили куюкка эм бўляпти, умид беряпти, кўзини очяпти... Агар менга ўн қайта умр берилса, қўлимдаги супургимни зинҳор ташламаган бўлардим.
Мана, эгали қуш каби қорним тўқ, қайғум йўқ, тилим дуода, дилим худода... Мендан бахтли борми?
Мен аввалбош мўйсафиднинг юз-кўзига қараб тааллуқли касаллик изини тополмай, балки кўзкўрмас жойларидадир, либоси ортида пинҳондир, деган ўйда эдим. Воажаб, шу фикр миямда қайта уйғонган пайт чол кўзларимга мулойим қараб яна гап бошлади:
– Ҳа, болам, менда тери асорати йўқ, вале мен ҳам аёлим туфайли эл ичра юролмай, халқ ичра туролмай қолганман. Ҳамма мени масхара қилар, кўрсаткич бармоғини тўппонча қилиб ўқталар, турмуш нелигини билмаган такаббур ўспиринлар жирканиб юз бурар, дўстларим аро тили қисиқ бир банда бўлдим. Кўп кентларни, қишлоғу овулларни кездим, водариғ, қайда бўлмай маломат тоши ортимдан етиб келиб бурнимни қонатаверди.
______________
Гўё гуноҳ қилган хотин эмас, мен, уч фарзанднинг шаънини ўйламай ўйнаш қидирган у эмас, мен, Яратганнинг нигоҳидан қўрқмай шайтоннинг қўйнига кирган осий анави эмас, мендек... – Шундан кейин чол қулочини ёйиб, зиёратгоҳни кўрсатди-да, сўзида давом этди, – ниҳоят, мана шу авлиёнинг паноҳига қочиб келдим, минг шукурки, шу ерда қирқ беш йилдан бери кўнглим ҳузур-ҳаловатда... Баъзан ўйлаб қоламан, эҳтимол, ростдан ҳам айб мендадир. Бирламчи, хотинга хиёнат учун имкон яратиб берганим, иккиламчи, маломатни ўзимга олганим... ҳолбуки, бундан бешбаттар шармандалар ҳеч нарса бўлмагандай ўйнаб-кулиб ўз уйида яшаб юрибди. Биров кулса, кўрмаганга, гап қилса эшитмаганга олиб...
Яна, ошкор бўлмаган шармандалар қанча!
Одамнинг оласи ичида, дегандай, инсон деган умумий ном остида умр суриб ўтаётганларнинг ҳисоби бормикан? Э-э, улар билан энди ишим йўқ, ҳар кимнинг дори-сиртмоғи алоҳида, ҳар ким ўз қилмишига ўзи одил Пошшо олдида жавобини бераверади. Сен эса, қизим, таслим бўлма, ҳаётдан, бахтдан умидингни узма! Ҳали ёшсан, ҳаммаси олдинда...
Йўқолган нарса қайта топилса, қадр-қиймати аниқ билинади. Сен ҳам ўзингни йўқот, ўзингни йўқ деб ишон, тасаввур қил, ана шунда вақти соати етиб кимлигингни англайсану қадрингни ҳам, қимматингни ҳам билиб оласан.
Энди тур, ҳужрангга бор, ўзингни чалғит, одамнинг тафтини одам олади, шерикларинг билан дилдош бўл...
Мен бобомни қайта топгандай, йўқ, Ҳувайдо бобонинг ўзини кўргандай бўлдим.
* * *
16 декабрь
Эртаси тонг саҳар қайтиб келиб яна Бобога салом бердим. У Хожа Уббон ҳикоятини сўзлаб берди.
Бу худонинг дўсти кофирларга қарши жиҳод эълон қилган, қанчадан-қанча ғайридинларни иймон қопқасидан ичкари тортган комил зот эди. Душмандан чиққан дўстлару дўстдан чиққан душманлар ҳар қанча ҳийла қўлламасин, найранг қилмасин, авлиёнинг бир тукига ҳам зарар етказа олмас, билъакс, уларнинг касофати ўзларига уриб, кўру шол, кару лол бўлиб, Арш Эгаси қаҳрига гирифтор бўларди.
Авлиёга фақат бир вазиятда – жойнамоз устидалигида – руҳи Маккатуллоҳда намоз ўқигани кетиб, жисми ҳимоясиз қолгандагина шикаст етказиш мумкин экан. Бу сирдан хабардор хотини ғанимга бир тизим садаф маржон эвазига бошпаноҳини сотибди.
Душманлари намоз вақтини пойлаб, бостириб кириб, саждага кетган қутлуғ бошга қилич сермашибди.
Қибла томонга думалаб бораётган бошдан қаёққа кетяпсан, деб сўрашса, “Каъбатуллоҳга, дўстимнинг уйига кетяпман”, деб жавоб бераркан.
Бетавфиқ хотин бўйнига таққан маржон бирдан илондай чирмаб, исканжага олибдию бўғиб-бўшатиб азоб бераверибди.
Авлиёнинг бошсиз танасини олиб келиб шу жойга дафн этмоқчи бўлишганида эргашиб келган оқ тулпори манави қудуқ ўрнида бош эгиб, кўзёш тўкаверибди-тўкаверибди. Шу зайл қудуқ бино бўлган экан.
Гумроҳ хотин бўйнидаги оқ занжирдан халос этишини сўраб эрининг қабрига бошларини уриб ёлбораркан, эмишки, тун ва тонг оралиғида бу бечораҳол афтода аёлни кўрганлар ҳам, оҳу фарёдини эшитганлар ҳам бормиш.
Эҳтимол, бу оддий, содда ҳикоядир. Бироқ ривоятларда сочма ҳақиқатлар яширинган бўлади. Бунга ишонай десангиз, бугунги даҳрий тафаккурга сиғдириб бўлмайди, ишонмай десангиз кенг ва бепоён саҳронинг ўртасидан сув чиқиб тургани бир мўъжиза бўлса, зиёратгоҳ гирди тупроғи унумдорлиги яна бир ҳайратангиз ҳолатдир...
Бобонинг ҳикояси мени тонг қолдирди: наҳотки қачонлардир кимдир қилган хиёнат учун тавқи лаънат менинг бошимга тушди? Ундан ҳам аччиғи, одамлар фақатгина дардимиз туфайли ирганмас экан, балки лаънатланганимиз учун ҳам бизни ажратишар экан-да? Бошимга биров тўқмоқ билан ургандай эс-ҳушим чайишди, ўзимга ўзим бегона бўлдим, силлам қуриб, яна қабр устига йиқилдим.
* * *
17 декабрь
Олмос билан энди учраша бошлаган кунларимизда бир тутам учи қирқиб текисланган зулфимга кўзи тушиб:
– Сочингизни бошқа қирқманг, аёлнинг ярим ҳусни сочида бўлади, – деган эди. Шундан кейин сочимга қайчи урмагандим...
Бугун эса бу ердаги “тиббий таомил”га кўра қирдириб ташлашга мажбурман, чунки сочимнинг ости ҳам оппоқ бўлиб улгурган эди...
Бошимни қиртишлаб, бир этак сочимни бирор дарахт тагига кўмиб келишни буюришди. Соч билан бирга ҳамма орзу-умидлар ҳам саксовул остига кўмилди...
Сездимки, аллақачонлар бахт қушимнинг қанотлари синиб, мажруҳ бўлибди...
Сездимки, энди менга осмон бегона, энди фақат тушларимда учишим мумкин.
Энди тақир бошимдан офтоб уриб, миям қайнаб, лоҳасу беҳол бўлиб гўё бировнинг ҳаётини яшаётгандек эдим.
Кунлар шу тарзда ит азобида ўтаверди...
Олмоснинг онаси билан бўлиб ўтган суҳбатдан кейин анча пайтгача телефон ишлатмадим... Бу ерга даволанишга келаётганимда Шоира опам хабарлашиб туришимиз учун қўярда-қўймай янги рақамли телефон тутқазган эди.
Қуёшда тобланиб ётсам, телефон жиринглади, қарадим, нотаниш рақам, иккиланиб улансам... таниш товуш... Олмоснинг овози... Мен апил-тапил устимга кийимларимни тортиб, ўраниб олдим.
У тақдири азалдан, Яратганнинг иродасидан сўз бошлади. Лавҳул маҳфузда битилган қадар ҳақида узоқ гапирди. Мен жимгина уни тингладим, ёноқларимдан оқиб тушаётган кўзёшларим иягимда тўпланиб, саҳронинг донадор қумига битта-битта тўкилиб, марваридгулдай кулранг косачалар ҳосил қиларди.
______________
Давоми бор...
©️Иқбол МИРЗО.