БОЛАЖОН, ЭНГ АЖОЙИБ ЎҚУВЧИСАН, АЪЛО ҲАЁТ БУНЁДКОРИ ҲАМ СЕН БЎЛАСАН!

БОЛАЖОН, ЭНГ АЖОЙИБ ЎҚУВЧИСАН, АЪЛО ҲАЁТ БУНЁДКОРИ ҲАМ СЕН БЎЛАСАН!

Jamshid NOSIROV

20 февраль куни Каттақўрғон шаҳар драма театри биносида шаҳар прокуратураси, шаҳар ҳокимлиги ва шаҳар халқ таълими бўлими ҳамкорлигидаги “Мен энг яхши, энг жамоатчи, энг фаол, ўқувчи бўла оламан” номли кўрик- танлов бўлиб ўтди.


Шаҳар прокурори Ш.Джумаевнинг таҳлилларига кўра, ўзлаштириши паст, профилактик ҳисобда турувчи ва мактаб ички назоратига олинган 818 нафар ўқувчилар учун бугунги кунда айнан уларнинг қизиқишларини рағбатлантирадиган тўгарак ва танловлар мавжуд бўлмаган.

Иқтидорли ва билимдон тенгдошлари билан беллашиш имконияти йўқлиги туфайли улар турли мусобақаларда  қатнашиш, шу орқали ўзининг иқтидори ва истеъдодини кўрсатиш имконига эриша олишмаган. Мазкур бўшлиқни тўлдириш мақсадида Каттақўрғон шаҳар прокуратураси ташаббуси билан кўп босқичли, ўзлаштириши нисбатан паст, мактаб ички назоратидаги ўқувчиларни қамраб олишни кўзда тутувчи  “Мен энг яхши, энг жамоатчи, энг фаол ўқувчи бўла оламан” номли кўрик танловга асос солинди.

Мазкур танлов ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг қобилиятларини юзага чиқаришда ноанъанавий, янги йўналишдаги лойиҳа бўлиб, мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 5 та муҳим ташаббусида акс этган мақсад ва вазифаларга тўла мос тушади.


Ушбу кўрик-танлов икки босқичда ташкил этилган бўлиб, биринчи босқичи синфлараро, умумий ўрта таълим мактабларининг 818 нафар ўқувчиси иштирокида бўлиб ўтди, шундан 54 нафар ўқувчи шаҳар босқичида иштирок этиш учун саралаб олинди. Кўрик-танловнинг иккинчи шаҳар босқичида ўқувчилар ўзларини уч йўналишда ўз қобилиятларини намойиш этишди.

Танловга истеъдодли шоир, публицист, адиб ва таржимон, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби Муҳаммад Али, Ўзбекистон халқ артисти, театр ва кино артисти, таниқли санъаткор, “Меҳнат шуҳрати” ордени нишондори Эркин Комилов, “Ёшлик” журнали бош муҳаррири, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Олтин қалам” мукофоти соҳиби, шоир Фахриддин Хаитов, адабиётшунос олим, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Дўстлик” ордени соҳиби Адҳамбек Алимбеков, театр ва кино актрисаси, истеъдодли санъаткор Нигина Анарбаева каби халқ ардоғидаги шоир, ёзувчи, санъаткорлар, журналистлар, “Энг яхши ёш китобхон” номли 2018 йил ўтказилган республика танлови ғолиби Маҳлиё Ўроқовалар ташриф буюрдилар.


Тадбирда шаҳар ҳокими М.Хашимов, шаҳар прокурори Ш.Джумаевлар сўзга чиқиб, ёшларимизнинг бугунги Ўзбекистоннинг ривожи йўлида не чоғли ҳисса қўшаётганлиги, имкониятлари, мамлакатимизда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан ёш авлод камолоти учун яратилаётган қулай шарт-шароитлар ҳақида гапирдилар.


“Мен энг яхши, энг жамоатчи, энг фаол ўқувчи бўла оламан” танловида “Мен ўқиган китоб”, “Мен севган асар”, “Ўз истеъдодингни намойиш эт” каби йўналишларда фаол иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритган ўқувчиларга шаҳар ҳокимлиги томонидан учта биринчи ўринга компьютер жамланмаси, учта иккинчи ўринга телевизор, учта учинчи ўринга планшет, кийим-кечаклар, шунингдек уларнинг ўқитувчиларига диплом, телефон каби ажойиб совғалар топширилди.



 Қувонарлиси шундаки, танлов ғолиблари совға ва дипломларни пойтахтдан келган, севимли адиб, шоир ва ёзувчилар, шаҳар ҳокими, шаҳар прокурори ва  шаҳар халқ таълими бўлими раҳбарларининг қўлларидан олдилар.

"Бу каби тадбирларни бутун республикага ёйиш керак,- дейди Ўзбекистон халқ ёзувчиси, “Эл-юрт ҳурмати” ордени нишондори Муҳаммад Али. – Мен қатнашган кўпгина танловларда фақат аълочи ўқувчилар қамраб олинар, табиатан оғир, дарсларни қийинчилик билан ўзлаштирадиган, керак бўлса шўх, ўйинқароқ болалар доим четда қолиб келган.


Бугун шаҳар прокурори Шермат Джумаевнинг ташаббуси, шаҳар ҳокими Музаффар Хашимов, халқ таълими бўлими, ёшлар иттифоқи бошқа бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ноанъанавий тадбир ташкил этилибди. Ушбу ташаббусларингизни бутун республика миқёсида ёйса арзийдиган, ажойиб лойиҳа деб атаган бўлар эдим. Барча ташкилотчиларга ўз миннатдорчилигимни билдираман."

Танловда сўзга чиққан бошқа меҳмонлар ҳам  ўз ҳаяжонларини яширмадилар. Ўзбекистон халқ артисти, таниқли актёр Эркин Комилов ўз сўзида танлов қатнашчиларини олқишлаб, мамлакатимиз келажагини бунёд этишда каттақўрғонлик  ўғил-қизлар ўз ҳиссаларини қўшишларига ишонишини изҳор этди.

Тадбир ўқувчилар, ўқитувчилар ва уларнинг ота-оналарида катта таассурот қолдирди.

Эртанги куни ҳақида бефарқ бўлмаган ҳар қандай кишида бу каби янги лойиҳалар ҳаётининг туб ижобий бурилишлар ясашида катта  хизмат қилади.

Танлов ташкилотчиларига миннатдорчилик билдириб, янги ташаббусларни кутиб қоламиз.




Report Page