БОЛАЛАР, ТЎХТАБ ТУРГАН ВАГОН УСТИГА ЧИҚМАНГ!

БОЛАЛАР, ТЎХТАБ ТУРГАН ВАГОН УСТИГА ЧИҚМАНГ!


“Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни” муносабати билан ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаментининг Тошкент минтақаси темир йўл транспортида ХТБ томонидан кенг миқёсли профилактик тадбирлар ўтказилди.

Мазкур профилактик тадбирларга “Ўзбекистон темир йўллари” АЖга қарашли корхона ва ташкилотларидан 60 нафар, темир йўл транспортида ХТБдан 15 нафар, Чуқурсой темир йўл бекати ҳудудида жойлашган Нефть ва “GM Uzbekistan” маҳсулотларини кузатиб бориш отрядларидан 5 нафардан, жами 85 нафар ходим жалб қилинди.

Тадбир давомида “Чуқурсой – Келес – Назарбек” темир йўл бекатлари ҳудуди бўйлаб 80 та профилактик огоҳлантирув баннерлар ўрнатилди. Йўналиш бўйлаб Олмазор ва Юнусобод туманларида жойлашган темир йўлга яқин ҳудудлардаги маҳаллаларда тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказилди. Хусусан, темир йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш юзасидан Иброҳим ота ҳамда “Хонқўрғон” маҳалла фуқаролар йиғинларида фуқароларга тушунтиришлар берилди.

Кўп ҳолларда болалар тўхтаб турган вагонларга чиқишга, билиб-билмай турли кўнгилсизлик содир этишга мойил бўлишади. Ана шундай ҳолатларнинг олдини олиш, бундай ҳаракатларнинг охири аянчли тугашини мактаб ўқувчиларига содда тилда тушунтириш мақсадида Олмазор туманида жойлашган 16-сонли мактабда тарғибот тадбири ташкил этилди. Ўқувчиларга чорва молларини темир йўл яқинида боқиш, туриб қолган юк вагонлари тепасига чиқиш, вагонлар тагидан ўтиш, темир йўл изларига бегона жисм қўйиш, транспорт воситаларига шикаст етказиш оғир оқибатларга олиб келиши айтиб ўтилди. Фуқаролар ва ўқувчиларга темир йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш назарда тутилган флаерлар тарқатилди.

Профилактик тадбирлар давомида ҳуқуқбузарлик содир этган икки нафар шахсга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.

Жаҳонгир ЧИНАЛИЕВ,

Чуқурсой бекатида хавфсизликни таъминлаш бўлими ҲПГ катта инспектори, подполковник.


Report Page