БОЛА ПАРВАРИШИ ТАЪТИЛИДА БЎЛГАН ХОДИМНИ ИШДАН БЎШАТИШ МУМКИН ЭМАС

БОЛА ПАРВАРИШИ ТАЪТИЛИДА БЎЛГАН ХОДИМНИ ИШДАН БЎШАТИШ МУМКИН ЭМАС


Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида яшайдиган Ҳуррият Болтаева тумандаги тиббиёт бирлашмасида ишлаган. Фуқаро бола парвариши таътили даврида  ишдан бўшатилгани учун ҳуқуқларини тиклаб беришни сўраб туман адлия бўлимига мурожаат қилди.

Ўрганиш давомида фуқаронинг туман тиббиёт бирлашмаси сил касалликлари бўлимида ишлаганлиги, ушбу бўлимда иш ўрнининг қисқариши сабабли фуқаро билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилингани маълум бўлди. Ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқ рақами ва мазмуни ходимнинг меҳнат дафтарчасида ҳам қайд этилган.

Ўзбекистон Республикаси меҳнат кодексинниг 237-моддасида ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмаслиги, корхона бутунлай тугатилган ҳолатда ҳам меҳнат шартномаси уларни албатта ишга жойлаштириш шарти билан бекор қилиниши белгилаб берилган. Шу боис, ходимни бола парвариши таътили даврида, унинг иш ўрни қисқарган бўлса ҳам, иш берувчи ташаббуси билан ишдан бўшатилиши қонунга зид ҳисобланади.

Адлия аралашуви билан Ҳ.Болтаеванинг мурожаати ижобий ҳал этилиб, унга амалда меҳнат шароитлари яратиб берилди. Шунингдек, белгиланган тартибда меҳнат дафтарчасига тегишли тузатиш киритилиб, қонунбузилиш ҳолатига йўл қўйган шахсларга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилди.  

 

Сардор Искандаров

Қизилтепа туман адлия

бўлими бош маслаҳатчиси                                     



Report Page