Дилфуза Уралова ёшлар билан ўзгача форматда учрашув ўтказди
@BoyovutliklarLotin alifbosida oʻqish
Бугун Боёвут тумани ҳокими Дилфуза Уралова “Гулбоғ” маҳалласидаги ёшлар билан учрашди. Бу учрашув олдинги учрашувлардан тубдан фарқ қилади. Негаки, Дилфуза Уралова ёшлар билан нафақат учрашди, балки бирга автобусда туман бўйлаб саёҳат қилди.
Автобусда, ёшларда ўзи яшаётган маҳалла билан бошқа маҳаллаларни солиштириш имконияти туғилди. Дилдан кечган суҳбат давомида Дилфуза Уралова ёшларга яратилаётган шарт-шароитлар, уларнинг ҳар қандай ғоя ва ташаббуслари қўллаб-қувватланаётганлиги ҳақида гапириб, ҳунар эгаллаш, турмуш маданияти, яшаб турган маҳаллага эгалик ҳисси тўғрисидаги фикр-мулоҳазалар билан ўртоқлашди.
Саёҳатнинг илк манзили Усмон Юсупов номидаги хотира мажмуаси бўлди. Бу ерда Дилфуза Уралова ёшларни туман сектор раҳбарлари, ҳоким ўринбосарлари ва тижорат банкларининг раҳбарлари билан таништирди. Шу ернинг ўзида ёшлар ўз қизиқишлари, шуғулланмоқчи бўлган фаолият турларига кўра гуруҳларга бўлиниб, уларнинг мурожаатлари ва таклифлари масъуллар томонидан ёзиб олинди ҳамда зарур тавсиялар берилди.
Шуни алоҳида айтиш керакки, ёшлар ўзларини анъанавий учрашувдан кўра анчайин дадил, очиқ тутишди ва ҳоким, қолаверса, бошқа раҳбарлар билан ҳам эркин мулоқот қилишди.
Ёшлар, шунингдек, МЧЖ шаклидаги “Боёвут техно кластер” пахта-тўқимачилик кластери томонидан қурилаётган ип-калава фабрикаси, туман марказидаги “Бахтли оила – нурли келажак” номли монументал мажмуа ва “Юрт байроғи” майдонига ҳам ташриф буюришди.
Боёвут тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати