БМТ ХАВФСИЗЛИК КЕНГАШИ
БМТ Хавфсизлик Кенгаши халқаро тинчлик ва хавфсизликни барқарор этиш борасида бош жавобгарликни ўз зиммасига олади ва у тинчлик хавф остида қолган кеча ёки кундузнинг ҳар қандай дақиқасида чақирилиши мумкин. Айнан Хавфсизлик Кенгаши БМТнинг барча аъзолари учун бажариш шарт бўлган қарорларни чиқара оладиган ягона орган ҳисобланади.
Хавфсизлик Кенгаши таркиби 15 аъзо давлатдан иборат бўлиб, уларнинг 5 таси – Америка Қўшма Штатлари, Буюк Британия, Россия Федерацияси, Франция, Хитой Халқ Республикаси – доимий аъзолар ҳисобланади. Кенгашнинг қолган 10 нодоимий аъзоси Бош Ассамблея томонидан 2 йил муддатга сайланади. Бунда, номзод давлатнинг халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлашда ҳамда Ташкилотнинг бошқа мақсадларига эришишда қай даражада қатнашганлигига, шунингдек, адолатли географик тақсимотга алоҳида эътибор берилади.
БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 10 та нодоимий аъзолари қуйидаги географик ҳудудлар бўйича тақсимланади ва ҳар йили уларнинг 5 таси янги аъзолар билан алмаштирилади:
Африка ва Осиё давлатларидан – 5 та;
Шарқий Европа давлатларидан – 1 та;
Лотин Америкаси давлатларидан – 2 та;
Ғарбий Европа ва бошқа давлатлардан – 2 та.
Марказий Осиё давлатларидан Қозоғистон Республикаси 2017-2018 йилларда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг нодоимий аъзоси сифатида фаолият кўрсатган.
БМТ Низомининг 23-60 моддаларида Хавфсизлик Кенгашининг таркиби, вазифа ва ваколатлари, овоз бериш тартиби ва бошқалар келтирилган. Унга кўра, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тез ва самарали ҳаракат қилишини таъминлаш учун унинг аъзолари Хавфсизлик Кенгашига халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш бўйича асосий масъулиятни юклайдилар ва Хавфсизлик Кенгаши шу масъулиятдан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажараётганда Ташкилот аъзолари номидан иш кўришига рози бўладилар (24-модда).
Шунингдек, Ташкилот аъзолари Хавфсизлик Кенгашининг қарорларига бўйсунишга ва уларни бажаришга розилик берадилар (25-модда).
БМТ Хавфсизлик Кенгаши қарор қабул қилишда, овоз бериш тартибига кўра, Хавфсизлик Кенгашининг ҳар бир аъзоси битта овозга эга ҳисобланади. Кенгашнинг қарорлари, унинг учун тўққиз аъзо овоз берган тақдирдагина қабул қилинган ҳисобланади. Кун тартибидаги масалага Кенгашнинг доимий аъзоларидан бирортаси қарши овоз берса, шунингдек, вето ҳуқуқидан фойдаланса, қарор қабул қилинмайди.
Халқаро тинчликка хавф солинганлиги ҳақида Кенгашга хабар берилганда бу можаро, аввало, тинчлик йўли билан бартараф этиш нуқтаи назаридан кўриб чиқилади. Кенгаш, балки бартараф этиш тамойилларини ишлаб чиқади ёки ҳакам вазифасини ўтайди. Ҳарбий ҳаракатлар бошланиб кетган тақдирда Кенгаш ўт очишни тўхтатиш чораларини кўради. Шунингдек, у томонларни яраштириш ёки бир-бирлари билан жанжаллашаётганларни ажратишга ёрдам берадиган, тинчликни барқарор этувчи миссия юбориши мумкин.
Кенгаш ўзи қабул қилган қарорларнинг бажарилишини таъминлаш бўйича тадбирлар ишлаб чиқиши мумкин. У иқтисодий жазо чораларини қўллаши ёки қуролларни етказиб беришга эмбарго қўйиши мумкин. Жуда камдан-кам ҳолларда Кенгаш ўзи қабул қилган қарорни бажариш учун аъзо-мамлакатга биргаликдаги ҳарбий ҳаракатларга қадар бўлган “барча зарур воситаларни” қўллашга ваколат беради.
Умуман, Кенгашнинг функциялари ва вазифалари қисқача қуйидагича:
· халқаро тинчлик ва хавфсизликни БМТнинг тамойиллари ва мақсадларига мувофиқ сақлаш;
· халқаро можарога олиб келиши мумкин бўлган ҳар қандай низо ёки вазиятни ўрганиш;
· бундай низоларни ҳал этиш усуллари ёки уларни ҳал қилиш шартлари бўйича тавсиялар бериш;
· ташкилот аъзоларини агрессиянинг олдини олиш ёки тўхтатиш учун куч ишлатиш билан боғлиқ бўлмаган иқтисодий санкциялар ва бошқа чораларни амалга оширишга чақириш;
· агрессорга қарши ҳарбий чора кўриш;
· Бош Ассамблеяга Бош котибни тайинлаш бўйича тавсиялар бериш ва Бош Ассамблея билан биргаликда Халқаро Суд судьяларини танлаш.
👉🏻@uz_sfa