БМТ БОШ АССАМБЛЕЯСИ

БМТ БОШ АССАМБЛЕЯСИ


БМТ Бош Ассамблеяси ўзига хос бутунжаҳон парламенти ҳисобланиб, унда инсоният олдида турган энг долзарб муаммолар кўриб чиқилади. БМТнинг барча аъзоларини бирлаштирувчи асосий орган сифатида Бош Ассамблея халқаро хавфсизлик ва тинчлик, халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқларини ривожлантириш, сиёсий, иқтисодий, маданий ва ижтимоий соҳалардаги халқаро ҳамкорлик муаммоларини кўриб чиқади ва уларга оид тавсиялар беради.

Бош Ассамблея мажлисларида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти аъзоси бўлган барча мамлакатлар вакиллари иштирок этиш ҳуқуқига эга. Бош Ассамблеянинг таркиби, вазифа ва ваколатлари, овоз бериш ҳамда тартиботи Ташкилот Низомининг 9-22-моддаларида ўз аксини топган.

Бош Ассамблеяда халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш, янги аъзоларни қабул қилиш, БМТ бюджетини тасдиқлаш, тинчликни сақлаш операцияларига маблағ ажратиш сингари муҳим масалалар кўпчилик томонидан овоз бериш орқали қабул қилинади. Қарорлар Ташкилот аъзолари умумий сонининг учдан икки қисми томонидан қўллаб-қувватлангандагина қабул қилинади. Ҳар бир аъзо мамлакат бир овозга эга.

БМТ Низомининг 19-моддасига мувофиқ, Ташкилотга аъзолик бадали тўлаш бўйича қарздор бўлган Ташкилот аъзоси, агар қарзнинг миқдори унинг охирги тўлиқ икки йил учун тўлаши лозим бўлган пул миқдорига баробар ёки ундан ортиқ бўлса, Бош Ассамблеяда овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум этилади. Аммо Бош Ассамблея Ташкилот аъзоси аъзолик бадалини ўзига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра ўз вақтида тўлай олмаган деб топса, бундай аъзонинг овоз беришда қатнашишига рухсат бериши мумкин.

Ўз қарорлари ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлса ҳам, улар жаҳон жамоатчилиги фикрларини ифодаласа ва халқаро жамоатчиликнинг ахлоқий талаби ҳисобланса ҳам Ассамблея ўз қарорларини мажбуран қабул қилдирмайди. Бош Ассамблеянинг резолюциялари тавсиявий характерга эга ва юридик жиҳатдан БМТ аъзолари учун мажбурий эмас.

Бош Ассамблеянинг ҳар йилги навбатдаги сессияси сентябрдан декабрга қадар бўлган муддат давомида ўтказилади. Ассамблея зарурат туғилганда ўз ишини қайта чақирилган сессияда давом эттириши ёки жиддий ташвиш туғдирадиган масалалар бўйича махсус ёки фавқулодда сессиялар ўтказиши мумкин. Сессиялар орасидаги муддат давомида унинг ишлари БМТнинг олтита бош органларида, бошқа органларида ва Котибиятда давом этади.

 👉🏻@uz_sfa


Report Page