БИЗНЕСГА ТАСОДИФАН КИРИБ ҚОЛГАН ИНСОН

БИЗНЕСГА ТАСОДИФАН КИРИБ ҚОЛГАН ИНСОН

@BUGUNIMIZ

korzinka.uz асосчиси Зафар Ҳошимов билан суҳбат

Муаллиф: Фозил Фарҳод

Фотолар муаллифи: Мансур Наҳалов

Суҳбат санаси: 2018 йил 18 декабрь

Суҳбатнинг қисқа шакли "Солиқ плюс" газетасида эълон қилинган.

У киши билан гурунглашишни икки ҳафтача аввал режалагандик. Аммо координатларини топиш,  ёрдамчилари билан боғланиш, учрашув кунини белгилаш, тадбиркорнинг чет эл сафаридан қайтишини кутиш... хуллас, булар бироз вақт олди. Ниҳоят, учрашув куни ва вақти белгиланди. Ёрдамчилари Комила у киши бизга бир соат вақт ажратишини айтди. Ўша кун келди. Суратчи билан ишхонасига бордик. Аммо вақт учрашув белгиланган соат 4:00дан бироз ўтди. Кутиш залида биздан аввал келганлар ҳам бор эди. Бир неча кишини ташқарига кузатиб чиққан мезбон ҳаммамиз билан кўришиб чиқди. Навбатда турганларга қулоқ тутди. Чамаси, ўн-ўн беш дақиқача улар билан суҳбатлашгач, бизни хонасига таклиф қилди.

Зафар Ҳошимов: – Қанча вақт гаплашамиз тахминан?

Фозил Жабборов: – Адашмасам, бир соат деди ёрдамчингиз.

З.Ҳ.: – Бир соатми? Сал қисқароқ қиламиз. Чунки соат бешгача улгуришимиз керак.

Ф.Ж.: – Унда бошлайверамизми?

З.Ҳ.: – Ҳа.

Ф.Ж.: – Ҳаётда бирор натажага эришган одамларнинг босиб ўтган йўли мени доим қизиқтиради. Болалигингиз қанақа ўтган?

З.Ҳ.: – Ўзимни бахтли болалик кўрганман деб биламан. Оилада уч фарзандмиз:опам, мен, укам. Жигарларим билан жуда иноқ ўсганмиз. Ота-онам зиёли одамлар бўлишган. Техник зиёлилардан. Улар, худога шукур, ҳаёт. Иккиси ҳам Тошкент алоқа институтини битириб, муҳандис бўлиб ишлашган. Онам кибернетика институтида илмий иш қилганлар, кейин соғлиқни сақлаш вазирлигида ўша пайт ҳисоблаш маркази бўлган, касалликларни прогноз қилиш болницасида статистика ишлари билан шулулланган. Яъни, математикага яқин соҳа. Адамлар ўзимизни гидроэлектростанцияни қуришган. Ўша пайтда собиқ иттифоқ муҳандислари чиқиб чет элларда ҳам электростанциялар барпо этишарди. Дадам 8йил Ироқ, Сурияда электростанция қуришда иштирок этган. Ойим ҳам бирга кетардилар. Бизлар додамлар, холапошшалар билан қолардик.

Ф.Ж.: – Мактабда неча баҳога ўқигансиз? Бешгами ё...

З.Ҳ.: – Мактабни олтин медал билан битирганман. Қизиққаним учун математикага факультетига ўқишга кирганман. Институтни қизил диплом билан битирдим. Собиқ иттифоқ пайтида ўқишни битириб, олим, олий ўқув юртларида муаллим бўлиб ишлайман деган фикрлар билан ўсганмиз. Институтни битирган йилларим... 1992 йил эди. Шароитлар ўзгариб, Ўзбекистон мустақил бўлгач, бозор ислоҳатлари бошланганда...Оилали эдим, фарзандим бор эди. Шунинг учун тирикчиликка кўпроқ эътибор беришга мажбур бўлганман-да, сўнг бизнесга кириб кетдим. Бизнесни, иқтисодни танлабман, шунга яраша илм олай деб 1993-1994-йиллар Англияда университетда бизнес бошқаруви бўйича ўқиб келганман.

Ф.Ж.: – Бошқа давлатлар билан солиштириб айтганда Ўзбекистонда тадбиркорлик қилиш осонми ё қийин? Мустақиллик йилларининг бошида ва кейинги йилларда...

З.Ҳ.: – Агар ҳар хил пайтларни гапирадиган бўлсак, масалан, мен ўйлайманки, бизда ҳам бир текис бўлмаган. Мустақиллик йилларида бизнес қилиш учун енгил вақтлар ҳам бўлди, ўта оғир пайтлар ҳам. Буни ҳам тан олиш керак. Эсимда, 1994 йили Англиядан ўқишдан қайтганимдан кейин иқтисод тарафдан эркинликлар жуда кўпдай кўринарди. Шунда бизнесни бошлагандим. Шу ҳол 1997 йилларгача давом этди. 1996 йилнинг охирлари ташқи иқтисодий муносабатларда чекланишлар бўлди. Конвертация бўйича чеклашлар бўлди. 1996 йил 19 ноябрда қарор билан киритилди. Валюта чекланишлар, кейин эса божхона ҳам ошиб кетди. Шундан сўнг бизнесда кўп эркинликлар орқага қайта бошлади. Кўп босқичлардан ўтдик. 2006-2007-йилларда енгилроқ ҳам бўлди. Шароит анча яхши бўп қолгандай эди. Кейин яна қийинчиликлар бўлди. Текис бўлмади.

Охирги икки йилда, кўраётган бўлсангиз керак, ҳозир ўтилаётган ислоҳатлар нисбатан енгил, нисбатан оғир эмас, мени кўришим бўйича, ҳақиқатдан жуда изчил. Давлатнинг тадбиркорликка бўлган сиёсатида тубдан ўзгаришлар бўляпти. Бунга албатта умид билан қараяпмиз. Мен ўйлайманки, ислоҳатда энг муҳим нарса сабр ҳам. Яъни, бўлаётган ўзгаришларни кўриб туриб, ишлаб, маҳсулини сабр билан кутяпмиз.

1996 йилдан 2017 йилгача у ё бу кўринишда конвертацияга чекланишлар бор эди. Мана ҳозир вальюта леберализациясига эришдик. Солиқ ва божхона тизимларида жуда изчил ва тубдан ўзгаришлар бўляпти.

Энди қиёсга келсак. Иқтисоди биздан ёмонроқ мамлакатлар талайгина, биздан яхши иқтисодий аҳволда яшаётганлари ҳам бор. У мамлакатдан яхшимиз, бундан ёмонмиз деб эмас, умумий қарасак!

Қайси мамлакатларда иқтисод яхши ривожланади? Масалан, инвесторларни жалб қилишда кўпинча “имтиёз”, “имтиёз” деган сўзларни кўп ишлатамиз. Бу сўзни жуда кўп мамлакатлар ҳам ишлатади. Шахсан менинг фикрим: гап имтиёзда эмас. Инвестор мамлакатга киришдан олдин: “Имтиёз бормикан?” демайди. Чунки имтиёз шунақа нарсаки, уни бериш ҳам мумкин, олиб қўйиш ҳам. Инвесорлар бир кун-ярим кунга кирмайдики, бугунги имтиёз уларни қандайдир рағбатлантирса... Уларни асосий, умумий шароит, қизиқтиради. Ҳамма қанақа шароитда яшаётгани қизиқтиради. Мен ўйлайманки, юқорироқ солиқларни қўйиб, инвесторларнинг ярмига имтиёз бергандан кўра, солиқларнинг ставкасини тушириб, ҳамма учун бир хил шароит яратиш керак. 

Ф.Ж.: Янги солиқ сиёсатига муносабатингиз қандай?

З.Ҳ.: – Қўшилган қиймат солиғи муҳокамасида мен ҳам фаол иштирок этдим. Ўзим унинг 12 фоиз бўлиши тарафдори эдим. Ва ўшани тартиби ҳам иложи борича содда бўлсин, дейман. Масалан, оддий тадбиркор қоғоз-қалам, колкульятор билан ўзи учун ҳисоблай оладиган даражада осон бўлсин. Бизнес бошқарувида “ўзгаришларни бошқариш” деган бўлим бор. “Change management” дейилади инглизчада. Ўзгаришлар ҳаётга тадбиқ қилинаётганда ўтилаётган янги система мавжуд тизимдан кўп жиҳатдан афзал бўлиши мумкин. Лекин битта ягона афзаллиги уларнинг ҳаммасидан устун туради: у соддалашиши керак. Шунда ўтиш осон бўлади. Агар яхши ўзгариш қилиб, унга ўтиш йўлини қийинлаштирсак, одамлар: “Мен кўпроқ тўлашга розиман, соддароқ тушунтиринглар!” дейдиган аҳволга тушиб қолади. Шунинг учун ҳам янги кодекс муҳокама бўляпти. Шу жаҳатларига ҳам эътибор бериш керак. Концепцияни ўқияпмиз, унда нафақат тадбиркорлар учун афзалликлар бор, балки иқтисодий алоқаларнинг ҳамма қатнашчилари учун енгилликлар бор. Буни тан олиш керак.

Мен концепция тарафдориман. Гарчи 20 фоиз бўлиб тасдиқланган бўлса-да! Солиқни тадбиркорнинг савдо айланма маблағидан эмас, фойдасидан олиш яхши. Лекин бунинг ҳам шартлари бор. Бу учун кўп корхоналарда қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлиши керак. Кўпроқ одамни қўшимча қиймат солиғига чорлаш учун у тизимни соддароқ қилиш шарт.

Чет эл корхоналари, чет эл иқтисоди ҳақида гапирсак. Бу яхши ривожланаётган мамлакатларда, авваламбор, шу тизимлар бизнеснинг ривожига хизмат қилади. Ялпи даромаддан олинадиган солиқ бизнеснинг ўсишига қарши система эди. Яъни, ишчиларингиз сони 50 тадан кўпайиб кетса, умумий тизимга ўтиб кетардингиз. Натижада маҳсулотингизнинг айланма маблағидан солиқ тўлашга тўғри келарди. Бу эса корхоналарнинг ўсишига, иш ўринлари кўпайишига ғов бўлаётганди. Тадбиркорлар ишчиларимнинг сони 50тадан ошиб кетса, баланд солиқ тўларканман, кичик корхона тоифасидан чиқиб қоларканман, деб одамларни ишга олмаётганди, ўсиши мумкин бўлган корхоналар ҳам ўсмаётганди. Ёки норасмий ишга олиб, яширишга мажбур бўларди. Одамларни даромадидан олинадиган солиқлар катта бўлгани учун, яъни, даромад солиғи, ягона ижтимоий тўловлар, пенцияга чегириб қолинадиган сўмлар юқори бўлгани учун тадбиркорлар солиқдан тежаш учун одамларни камроқ ишга олишга мажбур бўларди, олса ҳам расмий олмасди, расмий олса ҳам тўлиқ ойлигини кўрсатмаслик ҳолатлари кўп учрарди.

Меҳнатдан олинадиган солиқларнинг ўзгаришини мен жуда-жуда ижобий деб биламан. Бу, авваламбор, аҳолимизга, корхоналаримизга янги имкониятлар яратади. Чунки кўпроқ одамлар расмий иш топади. Кўпроқ одамлар ойлигини тўла-тўкис қонуний қилиб кўрсатади. Одамлар тўла-тўкис қонуний ойлик олса, масалан, банкка бориб, ипотекага уй олиши мумкин ва ҳоказо. Ҳозир кичик ойлигини кўрсатганда банк ҳам унга ҳеч нима бермайди. Ишонтиришга ҳаракат қилади: “Бу даромадимнинг бир қисми, аслида кўп оламан”. Лекин қўлида унинг ҳужжати йўқ. Эндиги солиқ сиёсати эса иқтисодиётнинг ривожланишида фойдали бўлади.

Ф.Ж.: – Давлат қачон ривожланади?

З.Ҳ.: –Қачонки, судлар мустақил ва адолатли бўлса. Қачонки, қонун устуворлиги таъминланса. Масалан, бугун бизга давлат корхонаси билан шахс, шахс билан корхона, ё бўлмаса, давлат органи билан корхона ўртасидаги муносабатда бир тарафга ёндашмасдан, мустақил ва адолатли ҳукм чиқарадиган судлар керак. Қонун олдида давлат ҳам, фалончи шахс ҳам, фистончи шахс ҳам, оддий инсон ҳам бир хил жавобгар бўлсагина давлат ривожланади.

Ф.Ж.: – Иқтисоднинг ривожланиши-чи?

З.Ҳ.: – Инвестицияларга чамбарчас боғлиқ. Булар ички инвестициялар ҳам бўлиши мумкин, ташқи инвестициялар ҳам. Инвестициялар бир нарсага боғлиқ: бу ишонч! Ишонч бор, инвестиция бўлади. Ишонч йўқ, мамлакат ривожланишига нафақат чет элликлар, балки ичкаридагилар ҳам пул “тикмайди”. Ишончни қандай барқарор қилиш керак? Ягона йўли: қонунларнинг устуворлиги таъмирлаш, суд ҳукмининг адолатли ва мустақиллигига эришиш.

Хонаси келганда бир нарса айтсам, дарҳақиқат, халқимизнинг ҳаёти шу шароитларда ҳам, бундан қийин шароитларда ҳам иқтисодий ривожланиб келди. Нега? Халқимизнинг жуда катта афзаллиги бор. Аксари жуда тўғри сўз, ҳалол-ҳаромнинг фарқига боради, бировнинг ҳақидан қўрқади. Масалан, водий “питак”дан 200 минг сўм эвазига 50 миллион сўмни Андижонга бериб юборсангиз, телефонини ёзиб оласиз, холос. Киракаш айтган жойингизга обориб беради. Хизмат ҳақига 200 минг сўм, баъзан 100 минг сўм, агар йўловчилари бўлса, ундан ҳам арзон олади. Аммо жўнатмаларнинг ичидан пул йўқолганини ҳеч эшитмаганман. Шунчалик ишончли халқ.

Чет элга бориб шунақа нарсаларни гапириб берсангиз, ҳайрон қолади. Халқда ўзаро ишончнинг баландлиги иқтисод учун жудаям катта омил. Бу одди-берди харажатларни ҳам камайтиради. Масалан, таъминотчилар бизга масҳулотни омонатга беради. Биласиз-а? Бозорларда ҳам омонатга берворади. Бир дўконга кириб: “Мана шу диванни олмоқчимиз!” десангиз, уйингизга обориб беради. Пулини сўнг берасиз. Гиламчилар билан гаплашсангиз ҳам маҳсулотини хонадонингизга обориб, тўшаб, бича бошлайди. Ҳали қўлига пулини олмаган. Пулини беришингизга шунчалик ишонади. Сиз ҳам уларга ишонасиз. Бу нарса иқтисодимизни тез ривожлантириб юборади.

Солиқ ва бошқа тизимлар иқтисодиёт ўсишга ёрдам берса, суд адолатли ва мустақил бўлса, ҳар жабҳада қонун устуворлиги таъминланса... Буларнинг барини эпақага келтириб олсак, ривожланиш катта бўлади.

Ф.Ж.: – korzinka.uzнинг ғояси туғилишидан токи бренд дарадасига кўтарилишида қандай қийинчиликларга учрадингиз? Нималар топдингиз, нималар йўқотдингиз? 

З.Ҳ.: – Авваламбор, korzinka.uzнинг тарихи жудаям қизиқ. 1996 йил 30 декабрда “Anglesey food” номли корхонамизни очдик. Бу йил 22 йил бўлди. Чакана савдо билан шуғуланамиз деб ўйламаганмиз. 1994 йил келганимда истеъмол маҳсулотлари бозорда жуда кам эди. Оддий нарса ҳам тақчил бўларди: шаракдан то дафтаргача, совундан тортиб пайпоққача.

Иш бошладик. Корхонамиз жуда тез ўсди. Қарасак, асосан савдо бозорларда. Чакана савдо унча ривожланмаётганди. Шунда биринчилар қаторида супермаркет очиб чакана савдо билан шуғулланайлик дедик. Нимага десангиз, мавжуд чакана савдо дўконлари билан ишласангиз, уларда савдо айланма маблағлари йўқ, дўкон ишлатаётган одамларнинг ўзи дўкон ишлатишни билмайди. Маҳсулотни расталарга нотўғри жойлаштиради. Масалан, кир ювиш кукуни билан чой ё шакарни, совун билан унни ёнма-ён қўйиб қўяди. Ваҳоланки, чой, ун совун ва кир ювиш кукунининг ҳидини ўзига тортади. Маҳсулотларни одамларга замонавий усулда таклиф қилишга ўша пайтда одамларнинг етарлича билими бўлмаган. Ҳатто бозорда ҳам ҳамма нарса аралаш сотиларди.

Шунда биз тартибли, харидор ўз ўзига хизмат қиладиган чакана савдо ҳақида ўйладик. Бу иш харажатларини ҳам туширарди. Олдин, эсингизда бўлса, битта “формат” бўларди: “Анув чойни оберинг, мана бу совунни оберинг, мана бу сувни оберинг, уни оберинг, буни оберинг!”, деган ҳар бир мижозга сотувчилар овора бўлиши керак эди.

Биз ўйлаган режа эса одамлар учун янгиликроқ эди. Чет элда ривожланган концепцияларни ўзимизда татбиқ қила бошладик. Ишлар юришиб кетди. 1997 йили биринчи дўконимизни очганмиз. Дархонда. Кейин аста-секин бошқаларини очиб бордик. Ҳали эслаганимиз – қийинроқ маҳаллар дўкон очмадик.

Чакана савдонинг ўсиши халқнинг яшаш шароитига боғлиқ. Агар халқ бадавлат, дастурхони тўкин-сочин бўлса, бизнинг ривожланишимиз ҳам тез бўлади. Агар уларнинг сотиб олиш қобилияти суст бўлса, албатта, савдо шунга яраша бўлади.

Ҳозирги бўлаётган ислоҳотларнинг яхши тарафи: охирги икки йилда савдо тармоғимиз қарийб икки бараварга кўпайди. 22 йиллик корхонанинг 20 йилида қанча супермаркет очган бўлсак, охирги икки йилда ҳам шунча очдик (кулади!). Бу халқимиз бирданига зўр яшаб кетди дегани эмас. Бу бўлаётган ислоҳотларнинг келажагидан умидимиз катталигидан.

Ҳали айтдим-у, инвестиция бу ишонч! Ишонч бўлган сари, бизнес ривожланяпти. Мана, мамлакатда бизнес марказлар, жудаям чиройли объектлар қуриляпти, уй-жойлар, катта корхоналар, мажмуалар... вилоятларга чиққанимизда ўртоқларимизнинг текстил комбинатларини кўряпмиз, концерва заводлари дейсизми, қурилиш материаллари фабрикалари, ҳамма бирданига жонланиб кетган. Мундоқ олиб қарасангиз, ҳамма дастмоясини иқтисодга тикиб ётибди. Бу нима дегани? Бу ҳозирги ўзгаришларнинг келажагига тадбиркорларнинг ишонганлиги. Биз ҳам ишонч билан ишлаяпмиз. Оллоҳ умидларимизга етказсин!

Ф.Ж.: – Чинми-ёлғонми? Бир хабар эшитгандим. Бухорода одамларнинг уй-жойи бузилиб, ўрнига янги korzinka.uz қурилаётганмиш. Балки бу фейк хабардир?

З.Ҳ.: – Сиздан эшитяпман. Бунақа бўлиши мумкин эмас. Чунки ҳеч қаерда, ҳатто бирор кишининг уйини сотиб олиб ҳам янги супермаркет қурмаганмиз. Биз мавжуд биноларни ижарага олишни афзал кўрамиз. Масалан, фойдаланилмаётган биноларни. Бир хил жойларга қуришга тўғри келяпти. Шунда ҳам бўш ерларга. Бухорода иккита савдо уйимиз бор. Иккаласи ҳам ижарада. Яъни, мавжуд биноларнинг ичида очганмиз. korzinka.uz қурамиз деб, уй-ку у ёқда турсин, бировнинг қоқиб қўйган қозиғини ҳам жойидан қўзғатмаганмиз. Бузилиш деган сўз бизнинг тарихимизда бўлмаган!

Ф.Ж.: – Кейинги вақтларда кўпроқ пул топиб, қупроқ сарфлайдиган пайтимиз келди, деган гапларни тез-тез эшитяпман. Наҳотки, ривожланишнинг асоси шунда бўлса?

З.Ҳ.: – Ҳаммамиз ўта тежамкор бўлиб пулни кам ишлатсак, иқтисод ривожланмайди. Бирор уст-бошни узоқ кийиб ҳам яшайверамиз. Сув, нон-чой билан ҳам кунимиз ўтади. Лекин бу иқтисодиётни...

Ф.Ж.: – ...ривожлантирмайди.       

З.Ҳ.: – Айтайлик, қандолатчи! Биз фақат чой-нон билан кифояланиб, конфет ё шоколат олмасак, унинг куни қандай ўтсин? Қандолатчининг куни ўтмаса, ишчиларига ойлик беролмайди. “Хасис подшоҳ” деган бир ривоят бор. Вазир подшоҳнинг олдига келиб: “Сарф-харажатимиз кўпайиб кетяпти, келинглар, шуларни тежаб ташлайлик, хизматкорлар 5 мингта экан, маҳсулот етказиб берувчилар 10 мингта экан, уларнинг бола-чачаси бунча экан! Биз уларнинг ҳаммасини боқаётган эканмиз!” дейди. Подшоҳ вазирининг гапини тасдиқлаб, мана буларни бўшат, уни қисқартир-буни йўқот, деб буйруқ беради. Натижада бу “ислоҳот” улар билан савдо қилаётганларнинг бизнесига ҳам ёмон таъсир қилади. Иқтисоднинг умумий тушишига олиб келади.

Қизиғ-а! Бойиш кам харажат қилишми ёки кўп топишми? Кўпчилик, бойиш кўп топиш дейди. Одамлар пул тежайман, деб сифатсиз нарса олиб, қайтанга харажатини кўпайтириши ҳам ҳақиқат.

Ф.Ж.: – Хасис икки марта ҳақ тўлайди.

З.Ҳ.: – Ҳа. Лекин танганинг иккинчи томони ҳам бор. Ақл-идрок билан харажат қилиш керак, албатта. Пулни яхши нарсаларга ишлатиш керак. Умуман иқтисод учун истеъмолнинг кўпайиши яхши белги.

Ф.Ж.: – Ўзининг қоидалари бор-у! Дейлик, Германияда мошинани беш йил минишади, ҳатто ҳеч қаери тиқ этмаган бўлса ҳам. Бизда ҳозирча буни тасаввур қилиб бўлмайди. Иқтисодни ривожлантириш учун бу қоидалар ўйлаб топилган бўлса керак.           

З.Ҳ.: – Балки. Лекин бошқача бўлиши ҳам мумкин. Чунки Европада ҳозир ташқи муҳит – экологияни авайлаш ҳам катта масала-да! Янги мошиналарда экологияга нисбатан янги стандартлар қўлланилган. Эски мошиналарда бу стандартлар бўлмаган. Шунинг учун ҳам улар эски мошиналарни тақиқлашади. Айтишадики, ташқи муҳатга етказаётган зарарингиз мошинангиздан катта, шуни топшириб ўрнига янгисини олинг. Янги уловларга экологик стандартлар, гибрид, электр двигателлар киргизишиб, одамларни секин шунга ўргатишяпти.

Эскини тузатгунча эсинг кетади... Мошина эскирган сари эгасининг харажати кўпаяверади. Ҳали униси бузилади, ҳали буниси. Эгасининг пули “ремонт”дан ортмай қолади.

Янги тизимда мошиналарни лизингга бериш яхши омил. Ҳозир кредитга, лизингга мошиналар бериляпти. Лекин оддий одам ўшани лизингга ё кредитга ололмаётганди. Сабаби банкка ойлик-маошини кўрсатолмаётганди. Ҳозирги ислоҳотлар шу имкониятларни яратиб беради. Кўпчиликнинг ойлиги расман рўёбга чиқади. Ўшанда истеъмолчи кредитлари яхши ишлаб кетади.

Ф.Ж.: – Президентимиз натқларидан бирида: “Ҳақиқий бозор иқтисодиётига ўтишимиз шарт. Ягона йўлимиз шу. Бошқа йўл йўқ”, деди. Унда қанақа иқтисодиёт бўлган бизнинг иқтисодиётимиз шу пайтга қадар? Ҳақиқий бозор иқтисодиёти қандай бўлади ўзи?

З.Ҳ.: – Гарчи бозор иқтисодиёти, деб айтилиб келинган бўлса-да, унда давлатнинг улуши жудаям катта бўлди. Ҳақиқатан мундоқ олиб қаранг! Катта-катта соҳалар давлат монополияси остида қолиб кетган. Ғалвир сувдан кўтарилган бугунги кунда чиқаётган муаммолар ҳам шундан аслида. Иқтисодий ҳаётга давлат жудаям чуқур кириб кетган. Бу нарса яхши эмас. Чунки давлат бошқарувидаги иқтисодиёт унчалик яхши ривожланмайди. Бутун дунёдан маълум. Хитой коммунистик мафкураси билан ҳам хусусий тадбиркорликка, хусусий бизнесга ён босади. Бутун диққат-эътиборини шуларни ривожлантиришга қаратган.

Бизда-чи? Ҳамма катта корхоналар: мелаллургия дейсизми, қурилиш материалларими, жамоат транспортини оласизми, темир йўл, авиация, электр, сув, нефт-газ... Озиқ-овқат ишлаб чиқарилишида давлат корхоналарининг улуши қанчалик кўп? Деярли, 90 фоиз банк тизимини давлат назорат қилади. Яъни, давлат банклари. Ҳамма ёқда давлат бошқаруви бўлгач, бу бозор иқтисодиёти эмас, давлат капитализми. Собиқ иттифоқдаям кўп жиҳатдан давлат капитализми бўлган. Давлатники бўлгандан сўнг бир тарафдан монополия, иккинчи тарафдан ижтимоий соҳаларга у корхоналар қараши керак.

Бугунги кунда свет, сув, газ ва ҳоказони давлат дотациялари билан тўлайди. Бу дотация осмондан келиб тушмаяпти. Солиқ ва бошқа даромадлар шу нарсаларга сарф қилиняпти. Шу ўринда ижтимоий соҳаларда давлатнинг яратаётган имтиёзларига озгина тўхтаб ўтсам. Айтайлик, электр-энергиянинг катта қисмига давлат дотация тўлайди. Бугунги кунда биз ишлатаётган электрни қиймати давлатга қимматроқ тушади. Аҳолига арзонроқ қилиб сотади. Шунинг фарқини давлат бизнинг тўлаётган солиқларимиздан, қазилаётган нефт, газ, тилла, темир, мис ва бошқа нарсалар даромади ҳисобидан қоплайди. Давлатнинг бундай ижтимоий сиёсати бозор сиёсатига унча тўғри келмайди. Ҳеч ким қимматроқ нарсани бозор сиёсатида арзонроқ бермайди. Лекин давлат халқи учун шу ишни қиляпти. У ҳақиқатан ҳам ижтимоий ҳимояга энг муҳтож, топиш-тутишининг мазаси бўлмаган одамлар манфаатига сарфланяптими?

Ўзбекистондаги бир бадавлат одам ҳамда пенсионер чолу кампирни олайлик. Ҳалиги бадавлат одам 8 хонали хусусий уйида яшайди. Чолу кампир эса 2 хонали квартирасида.Улар бир хонадан иккинчи хонага ўтаётганда чироқни ўчириб чиқади. Битта ювиниш хонаси бор. Ўшандаги сувни ҳам тежашади. Чунки пули кам, шунга қараб яшашади. Ҳалиги бадавлат одамнинг 8та хонаси, 4та ваннаси, ҳовлисида бассейни бор. Чолу кампир совуқ келса-да отопление кутиб ўтиради. Бой шартта АГВсини ёқади-да уйини иссиқ қилади, ҳамма хонасига кондиционер қўйган, ёз келса, хоналарини музлатади. Чолу кампир исиб кетишса, онда-сонда вентелятор ёқишади. Улар ойига 100 киловатт, бой одам 1000 киловатт электр ишлатади дейлик. Электрга берилаётган дотацияни 1000 сўм деб оладиган бўлсак. Давлат чолу кампирга бераётган имтиёз 100 000 сўм, бойники 1 000 000 сўм бўлади. Бой бунда ўртадаги қозондан 1 000 000 сўм оляпти, камбағал чолу кампир 100 000 сўм. Қаранг, қанчалар адолатсизлик! Электр-энергия сарфида ижтимоий ҳимояга муҳтаж чолу кампирга ҳам, бадавлат одамга ҳам давлат тенг дотация беряпти.

Ижтимоий ҳимоя манзилли бўлиши керак. Ҳали давлатимиз ҳимояга муҳтож қатламга ижтимоий ёрдам кўрсатиш устида кўп ишлаши керак. Ҳаммага тенг қилиб нархни тушириш билан иш битмайди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлмаган одамлар учун давлатнинг пули бекорга сарф бўлиб кетяпти. Бу бугунги кунда бўлаётган аҳвол. Ҳеч қайси бозор иқтисодиётига тўғри келмайди.

“Буханка” нонининг лебераллаштирилишини олайлик. Албатта, кўп одамлар нон қиммат бўлиб кетди, деб гапирди. Ноннинг арзонлиги, биринчидан, давлат харажатини кўпайтираётганди, иккинчидан, деҳқонларимизни қийнаётганди. Улардан зўрлаб арзон нархда буғдой олинаётганди. Натижада, деҳқон инқирозга юз тутаётганди.

“Буханка” арзонлигининг қишлоқ аҳлига, деҳқонга фойдаси йўқ. Шаҳар аҳолисининг даромадлари қишлоқ аҳлиникидан юқорироқ. Шундоқ бўлса ҳам қишлоқ аҳолиси буғдойини арзон нархда давлатга бериб, яна унинг харажатларини қоплаб, шаҳар аҳлига арзон нархда нон етказиб бераётганди. Бу нарса адолатдан эмасди.

Ноннинг арзонлигидан кўпчилик чорвасига ҳам нон берадиган бўп кетди. Биз “магазин”да ишлаймиз, биламиз, одамлар келиб “дамас-дамас” нон опкетишарди. Бой-бадавлат одамлар катта ҳовлилар қуради-да, 30-40та мардикор ишлатиб, уларни “буханка” билан боқади. Кам топадиган, камхарж инсонлар эса яримта, битта буханка ейишади, холос. Бунда ҳам давлат дотацияси манзилсиз, мантиқсиз сарф бўлаётганди. Ноннинг қимматлаштирилгани ҳам аслида бозор иқтисодиётига ўтишнинг кичик кўриниши.

Президентимиз 7 декабрдаги нутқларида яна қайтариб, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, давлатни иқтисоддаги ўрнини кескин камайтиришлар ҳақида гапирди. Қаранг, шу ерда сиз билан фикрларимиз туташди: хусусий тадбиркорликка йўл берилса, хусусий корхоналар ривожлантирилса, бозор иқтисодиётига ўтилади.

Ф.Ж.: – Ёш тадбиркорга қандай маслаҳат берасиз?

З.Ҳ.: – Ўзига ишонсин! Илм олсин! Илмсиз яхши тадбиркор борлигига ишонмайман! Тадбиркорликнинг асоси илм! Тадбиркорликнинг асоси информация ва ғоя!Дейлик, менга бир ғоя келди, у ҳали ҳеч кимга келмаган. Бу хато ҳам бўлиши мумкин. Лекин илмим қанчалик чуқур бўлса, ғоя шунчалик етук бўлади. Илм қанча саёз бўлса, ғоя шунчалик саёз бўлади. Илми чуқур одам бир нарсанинг ҳар томонини ўйлай олади. Илми калта одам бир томонлама ўйлаб, хатога йўл қўяди. Хатолардан ҳам қўрқмасин! Ҳаммамиз ҳам хато қиламиз. Ватанимиз ва унинг келажагига ишонсин! Ишонч бўлмаса, ўзини бахшида қила олмайди. Ишонч бўлса, одам маблағиниям, бутун вужуди, ғоялари, илмини ишонган нарсасига “тикиб”, ишлай олади! Ўшандагина муваффақиятга эришади! Агар бўлармикан-бўлмасмикан, қилсаммикан-қилмасаммикан, деб иккиланса, охири...

Ф.Ж.: – ...Натижа йўқ.

З.Ҳ.: – ...натажа суст бўлади. Ишга қандоқ ёндошсангиз, натида ҳам шунга яраша бўлади.   

Ф.Ж.: – Яна битта савол берсам майлими?

З.Ҳ.: – Майли!

Ф.Ж.: – Соат бешдан ошиб қолибди. 

З.Ҳ.: – Вой-вўй!

Ф.Ж.: – Ижтимоий тармоқларда мақолаларингизни ўқидим. Жудаям қизиқ. Таълим тўғрисидаги, тил тўғрисидаги... булар сизнинг қизиқишингиз – хоббингизми ё пиарми, имижми?

З.Ҳ.: – Очиғини айтаман. Бизнес тадбиқида ижтимоий тармоқларнинг ўрни жуда катта. Кўп истеъмолчиларимиз, харидорларимиз билан ижтимоий тармоқлар орқали мулоқот қураман. Биласиз, масалан, maslahat.uz, potrebiteli.uz ва ҳоказо сайтларда қайси муштарийимиз, қайси истеъмолчимиз, харидоримиз бирор-бир таклиф ё шикоят билдирса, унга ўзим шахсан эътибор бераман ва муносабат билдираман! Лекин ижтимоий ҳаётимизнинг, мамлакатимиз ичидаги ҳаётимизнинг долзарб масалаларида ҳам кўпинча бепарво бўлолмайман. Агар шу жараёнда фикримнинг ижобий таъсири ё аҳамияти бор деб билсам, шу бўйича фикр билдиришга ҳаракат қиламан.

Мен ўзи асли ичимдан курашчи одамман. Ўзим ишонган ғояларни тарғибот қилишни яхши кўраман. Ўйлаган, билган нарсаларимни улашишга ҳаракат қиламан. Ҳали айтганимдай, аслида муаллим бўламан, деб катта бўлган одамман-да! Пенсияга чиқиш десак, нотўғри бўлар, вақти келади, бизнесдан кетишга тўғри келади. Ўшанда бирор-бир университетда муаллимлик қилсам керак. Бугунги кунда ҳам бир нечта университетда, билсаиз, лектор бўп ишлайман. Вестминистр университети менга фахрий профессорлик унвонини берди. Ўзимни ўқитувчилик учун яратилганман-у, бир тасодифан билан бизнесга кириб қолганман деб биламан.

Суҳбатимиз якунига етиб бораётганини ҳис қилиб, у кишига: “Лекин бирибир ўша йўлдан, қайсидир маънода, кетдингиз!” дейман. Зафар ака ижтимоий тармоқлардаги мақолалари, яъни хоббиси ўзининг асл касбига тортиш эканини айтади. Мақолаларида таҳлил яққол сезилиб туриши, уларда малалаларнинг бошқа-бошқа томонларини ҳам кўриш борлигини айтаман. У фикримни тасдиқлайди. Келажакда мақолалар китоб қилинса, жудаям фойдали манба, эсдалик бўлиб қоларди дейман. “Тўғри! Худо хоҳласа! Йиғиляпти. Мумкин қачондирам... Агар ҳалиги, нима дейди, мавзулар ўша пайт ҳам қанақадир аҳамиятга эга бўлса! Ўйлайманки, аҳамиятга эга бўлган пайтда одамлар бирор нарса дейиши керак. Шунчаки гап билан вақт ўтказмасдан. Ўша фикрнинг одамларга ёки жамиятга фойдаси бўлсин! Чунки ҳозир информация жуда кўп. Лекин ҳақиқий наф берадиган, одам ҳузур оладиган ахборотлар камайиб кетяпти. Уни излашда кўп чарчаймиз. Лекин яхши нарсани топсак...” дея ўрнидан туриб, иш столи томонга бораркан сўзини давом эттиради: “Орада 5-10 дақиқа вақтим бўлиб қолса, доим китоблар ўқиб ўтираман!”

Зафар Ҳошимов иш столидан бизнесга, инсоният тарихига, таълимга оид ўқиётган китобларини кўрсатади. Деворга осилганларга ишора бериб: “Дипломларингизни ҳам суратга олсак майдими?”, деб сўрайман. “Қўйинг! Одам уялади!” дея хижолат бўлиб кулади у. Раҳмат айтаман! “Сизга ҳам раҳмат!” дейди суҳбатдошим. Яна бир-икки оғиз сўз, сўнг хайрлашув! Хонадан чиқаётиб, диктафонимнинг ойнасига қарайман. У 54 дақиқани кўрсатади.

Агар шунга ўхшаш материалларни ўқиб боришни истасангиз, телеграм каналимизга бепул ))) аъзо бўлинг! https://t.me/bugunimiz

Суҳбатни улашаётганда манзилни ўчириб юборманг!


Report Page