БИЗ СЕН БИЛАН БИРГАМИЗ, ВАТАН!

БИЗ СЕН БИЛАН БИРГАМИЗ, ВАТАН!

Шоира АҲМЕДОВА, Бухоро давлат университети профессори, филология фанлари доктори
Ҳудуд икки қисмдан таркиб топган: Туркистон тоғларининг шимолий тизмаларида жойлашган, бир-бири билан чегарадош Зомин Давлат қўриқхонаси ва Зомин Халқ боғи.


        Бугун нафақат она Ватанимиз, балки бутун дунё, бутун инсоният таҳликада. Очун ларзада... Кўринмас душман башариятга қарши ўт очган. Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган ваҳимали хабарлар, Италия ёки Испанияда охирги лаҳзаларда ўз яқинларини кўролмай жон бераётган кексалар, инсониятни қутқараман дея бутун ҳаёт-мамотини таҳликага қўйиб, фидойилик кўрсатаётган шифокорлар. Гўё бутун дунё ҳаракатдан тўхтаб қолгандай, кўчалар бўм-бўш...

        Шеъриятимизнинг буюк дарғаларидан бири Шавкат Раҳмоннинг Ватан ҳақидаги сатрлари бугун юрагимизга нақадар яқин:


Мен ором борлигин унутиб қўйдим,

Бағримга чақинлар тегди дафъатан.

Сендан-да улуғроқ нарса йўқлигин,

Сочим оқарганда англадим, Ватан!


        Ватан ҳақида ҳар гал ўйлаганимда, ундан узоқда бўлган пайтим эсимга тушади: ўтган асрнинг 90-йилларида бетоб қизимни Москвада даволатиш учун икки ой қолиб кетганман. Ўша пайтларда май ойлари бўлса-да, шаҳарнинг рутубатли осмони ҳеч қуёшни кўрмасди. Лип этиб чиққан қуёш яна булутлар орасида йўқолиб кетар, бирдан ёмғир қуяр, ҳаво тез-тез ўзгариб турар эди. Ойбек домла она Ўзбекиcтонни таърифлаганда, “Сал кўрмаса қуёш соғинар” деган сатрларни бежизга битмаган экан-да, деб ўйлаб қолардим. Уйга қайтаётганда, самолётдан тушишдаги ҳолатим ҳеч ёдимдан чиқмайди. Зинадан тушарканман, жазирама иссиқдаги она шаҳрим кўзимга шу даражада қадрдон, қалбимга яқин кўриндики, ўпкам тўлиб, кўзларимга ёш келди. Шунда ўйладим: бошқа юртлар қанчалик жаннатмонанд бўлмасин, чўл бўлса ҳам, бирор гиёҳ ўсмаса ҳам, ўз юртинг, Ватанинг кўзингга тўтиёдек кўринар экан. Шундагина мен Ватан тупроғидан ташқарида қолиб кетган, унинг гардини кўзига тўтиё қилишга зор ҳар бир ватандошимнинг, ёки ватанидан айро тушган ҳар бир инсоннинг дардини, қалбидаги туғёнини англаб етгандай бўлдим. Зеро, ҳассос шоир Сирожиддин Саййид ёзганидек:

                     

Не зотлар ўтдилар Ватандин айро,

Севинчи савдою соғинчи саҳро.

Кўксимни тўлдириб келди бир дарё,

Ватан қолар экан, Ватан абадий.

 

        Ҳа, Ватан абадий, сени ҳамма тарк этса ҳам, ота-онанг каби Ватанинг тарк этмайди. Шунинг учун Ватанни севиш, унга муносиб бўлиш ҳақида кўп гапирамиз, машғулотлар жараёнида талабаларимизга буни такрор-такрор уқтирамиз. Аммо бу ҳақиқатни дилдан туйиш ҳисси бошқача.

        Бугун биз она Ватанимизга ҳар қачонгидан-да яқинроқмиз. У билан бир тану бир жон эканимизни, юрт туйғуси бизнинг жисму жонимизга сингиб кетганини уйда қолиб, фарзандларимизга, невараларимизга Ватан ҳақида шеърлар, достонлар, ҳикоялар ўқиб бераётганимизда янада ёрқинроқ ҳис этяпмиз.

        Талабаларимизга масофадан туриб маърузалар ўқиётганимизда, онлайн дарслар асносида мулоқотлар қилаётганимизда, уларга ҳам аслида жуда яқин, бир-биримиз учун нақадар қадрли эканимизни англаяпмиз... Айни шундай таҳликали дамларда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубовнинг жасоратли халқимизнинг иккинчи жаҳон уруши йилларидаги мардонавор кураши тасвирланган “Эр бошига иш тушса”, таниқли адиб Хуршид Дўстмуҳаммаднинг инсон иродаси ва матонатини мадҳ этувчи “Донишманд Сизиф” романларини, Наби Жалолиддиннинг қалбида ватанпарварлик туйғуси жўш урган ота ва бола тимсоли ёрқин гавдалантирилган “Байроқ”, Улуғбек Ҳамдамнинг она Ватани учун жонини фидо қилишга тайёр турган, халқини ҳам шунга ундаган темирчи йигит образи акс этган “Ватан ҳақида қўшиқ” ҳикояларини ва шу каби юртни севишга, уни асрашга ундовчи асарларни ўқишни қайта-қайта тавсия қиляпмиз.

        Она Ўзбекистоним! Сен янги ҳаётга қадам қўяётган ёшларимиз каби орзулари улкан, интилишлари шахдам юртсан! Дунёдаги ривожланган мамлакатлар сафидан ўрин олишдек эзгу мақсадлар сари дадил қадам ташлаяпсан. Бошингда номингни жаҳонга танитиш учун бор кучини бахшида айлаётган Юртбошинг, ортингда эса миллионлаб фарзандларинг, сенинг ютуғингдан, муваффақиятингдан қувониб, қалби фахрларга тўлиб, дуо қилаётган отахону онахонларинг турибди. Сидқидилдан қилинган дуо, албатта, ижобат бўлади!

        Шижоатли фарзандларинг қалбида Ватан деган беқиёс тўйғу жўш урмоқда, она юртим! Қизларинг орасида дилбар ва ақлли, чевар ва оқила, тадбиркор сулувлар; йигитларинг ичида мард, жасур, ўктам, етук ўғлонлар бисёр. Улар сенинг эзгу орзуларингни рўёбга чиқаришга шайланмоқдалар, ўқиб-изланмоқдалар, сенга муносиб бўлиш учун интилмоқдалар. Сенинг буюклигингга, улуғлигингга, кучингга ишонадиган, эртанги кунингни ёруғ кўрадиган бу навқирон қалбларнинг орзулари, илоҳо, завол билмасин!

        Юртим, она Ватаним! Истиқлолингни юрагида армон қилиб олиб кетган фарзандларинг ҳаққи, Чўлпону Фитрат, Қодирию Усмон Носирлар ҳаққи, фақат ва фақат юксалишингни, олға боришингни истаймиз. Бу йўлда ҳар қандай қийинчиликни енгиб ўтишга, ёшларимизни иймон-эътиқодли, маънавияти баркамол инсонлар қилиб тарбиялаш борасида чинакам фидойилик кўрсатишга тайёрмиз.

        Мен бу сатрларни кўксим тўлиб, кўзда ёш билан ёзяпман. Зеро, сенинг бағрингга қадалган тиғ менинг ҳам юрагимни тилка-пора қилади, сенинг шаънингга айтилган эзгу тилак менинг ҳам қаддимни кўтаради.

        Илоҳо, завол билма, она Ватаним! Мусаффо осмонингга, оппоқ тонгларингга, жаннатмонанд боғларингга, саховатпеша, меҳри уммон халқингга кўз тегмасин! Дунёни, Коинотни, Инсониятни Яратган Ўз паноҳида асрасин!

 


                                                                                                                                                                                                      

Каналларимизга қўшилинг: 👇👇

https://t.me/yozuvchilar_uz

https://t.me/YUR_Matbuot_kotibi


Report Page