БИРЖА САВДОЛАРИДА АИ-80 ЛЮКС МАРКАЛИ БЕНЗИН СОТИЛА БОШЛАДИ

БИРЖА САВДОЛАРИДА АИ-80 ЛЮКС МАРКАЛИ БЕНЗИН СОТИЛА БОШЛАДИ

 "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими

Жорий йилнинг 30 июнидан Ўзбекистон товар-хом ашё биржасининг биржа савдоларига АИ-80-ЛЮКС-К2-Л маркали автомобиль бензини қўйила бошланди. Биржа савдоларида автоёқилғининг сотувчиси сифатида “Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖ иштирок этмоқда.

Мазкур янги биржа товари бўйича 2 та стандарт биржа шартномалари очилди. Уларнининг шартларига кўра АИ-80 (октан рақами 77, тадқиқот октан рақами 82,5) автомобиль бензининг бошланғич нархи бир тоннаси учун 4 300 000,0 (акциз солиғи билан) сўм ва 3 964 748,0 сўм (акциз солиғисиз)ни ташкил этади. Товарни етказиб бериш шартлари – FCA Охунбобоев темир йўли бекати.

“Ўзбекнефтегаз” АЖ нефть базалари, автомобиль ёқилғи қуйиш шахобчалари ва бензинни ўз эҳтиёжлари учун харид қиладиган бошқа юридик шахслар АИ-80 люкс маркали автомобиль бензиннинг харидорлари ҳисобланади. Савдолар эркин, ошкора ва барча иштирокчилар учун тенг шароитлар таъминланган ҳолда ўтказилмоқда.

Биржа савдоларида иштирок этиш учун ЎзРТХБ” АЖ да онлайн аккредитациядан ўтиш ва биржанинг брокери билан шартнома тузиш лозим.