БИР УМР ҲИКОЯТИ

БИР УМР ҲИКОЯТИ

Ангрен шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати

Ғалаба_75

Орамиздаги одамлар...

Кулдан Мамедов -- Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси.

Уруш мавзусида Эрнест Хемингуэйнинг “Алвидо, қурол!”, Эрих Мария Ремаркнинг “Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ”, Ойбекнинг “Қуёш қораймас”, Саид Аҳмаднинг “Ҳижрон кунларида” романларини катта қизиқиш билан ўқиб чиққанман. Бир неча ҳужжатли фильмларни ҳам диққат билан томоша қилганман. Аммо, уруш ҳақида, ғалаба ҳақида шундай асарлар бор эканки, улар билан энди таниша бошладим. Улар − уруш қатнашлачиларининг ҳаёт китоби. Бугун ана шундай ноёб китобнинг айрим саҳифалари билан сизни ҳам таништиришга ҳаракат қиламан. Демак, бугунги қаҳрамонимиз ангренлик Кулдан ота Мамедов бўлади.

Озарбайжонда ўтган йиллар...

Дунё харитасида улкан Каспий денгизи яққол кўриниб турибди. Ана шу денгизнинг шундоқ ёнида ўзи кичкина бўлса ҳам халқининг бағрикенг Озарбайжон давлати жойлашган. Унинг пойтахти эса гўзал Боку шаҳри ҳисобланади. Бундан бир аср муқаддам аниқроғи 1919 йили ана у шаҳардан унча узоқ бўлмаган қишлоқда, кўп болали озар оиласида ўғил дунёга келади. Ўнта бўлса ўрни бўлак, дегандай гўдакка меҳр билан Кулдан исмини беришади. Кулдан оддий болалар каби ўсди. Капалак қувлади, тўп ўйнади,мактабга борди, чиройли қизларнинг сочини тортди. Йигит ёшига етди, сулувга кўнгил берди...Бу ёғи эртаклардагидек тугаши мумкин эди ва бугун биз у озар қардошимизни танимаслигимиз ҳам мумкин эди. Лекин , 1944 йилда уни Иккинчи жаҳон урушига олиб кетишди. Ўша Боку яқинидаги қишлоқни у сўнгги бор кўриб турганини ё билди, ё билмади. Сўнги бор Каспий соҳилларига юз чайганини ҳам билмас эди эҳтимол. Уруш шамоли дунёда энг кучли шамол экан. У нафақат заминни балки, одамларни ҳам ҳар ёққа улоқтириб, бахт, қувонч каби туйғуларни одам юрагидан юлиб кетар экан...

Фронтдаги йиллар дахшати...

Айни кучга тўлган йигит ватани ҳимояси учун қўлга қурол олиб, жангга кирди. Пехотчик сифатида жанг қилиб Станлинград, Харьков, Изган, Моздан шаҳарларини немислардан озод этишга қатнашди. Шунингдек, Польша, Франция давлатларини немис босқинчиларидан тозалашда иштирок этиб, қуролдош дўстлари билан Берлинга музаффарона кириб борган. Бу жанглар давомида госпиталда оғир аҳволда ҳам узоқ даволанди.

Уруш тасвирини келтиришга қаламлар ожиз. Келинг, буни энди ҳозирги кунда 101 ёшни қаршилаш арафасидаги Кулдан ота Мамедовнинг ўзидан эшитсак:

“−Уруш ҳаёти жуда оғир эди. Аскарлар тўйиб овқат емас, бир буханка нон ва бир банка тушонка тўрт кишига бўлиб бериларди. Ҳарбий кийим-бошларимиз ҳам узоқ вақт кийилганидан эскириб, йиртилиб кетган, баъзан жангга киришнинг ҳам иложи бўлмай қоларди. “Фақат олға, бир қадам ҳам чекинилмасин!” Танкларга буйруқ шундай эди. Кимки бу буйруқни бажармаса, жазога тортиларди. Аскарлар рус, ўзбек, тожик, укарин ва бошқа миллат вакиллари бўлиб, ниҳоятда аҳил эдилар, бир-бирларини суяб, охирги нонигача бир-бирлари билан баҳам кўришган. Акаларим ҳам фронтга жўнаган эди. Аммо уларнинг қай бири жангда ҳалок бўлди, қай бири бедарак йўқолган – бу ҳақда ҳанузгача ҳеч қандай дарак йўқ.

Тўғри биз ғалаба қилдик, фашизм балосини бошини янчдик. Қаҳрамонга айландик, эъзоз кўрдик. Лекин умримизнинг оппоқ қоғози қурбонлар қони билан бўялди. Не қилайликки, уруш қурбонсиз бўлмас экан. Асосий ғам урушдан қайтганда бошланди. Бутун собиқ Иттифоқ давлатлари оғир иқтисодий аҳволга тушиб қолган, ғалаба бор эдию, унга қорин тўймасди. Аммо, одамзот ҳар нарсага чидамли бўларкан.

Урушдан сўнг Ангрен шаҳрига келиб, тинч қурилиш йиллари улкан бунёдкорлик жабҳаларида қатнашдим. Биз учун у вақтлар Озарбайжон, Ўзбекистон деган чегаралар йўқ эди. Ватанимиз битта, деб ҳисоблаганмиз. Аслини олганда ҳам қардош биродарларим юртида кам бўлмадим. Кўксим тўла ордену медал. Ҳар йили Юртбошимизнинг табриги ва совғаларини олиб турибмиз. Барчаси учун раҳмат. Оллоҳ юртимизни тинч ва осойишта қилсин. Биз кўрган кунларни сизлар кўрманг, болаларим...”

Хотира уйғонса гўзал, дейишади. Инсон қалбидан қалқиб чиққан бундай хотираларни сўзлаш қанчалик қийин бўлмасин, ёшлар учун энг яхши ўрнак шу бўлади аслида.

Мен эшитган ҳаётий эртак...

Кулдан Мамедов уруш тугагач Ангренга келади. Ўша куни қаттиқ ёмғир ёғаётган эди. Ижара уй сўраб эшик қоқади. Эшикни очган жувон ҳайратдан юзи докадай оқариб, “Вой, болам!”­дея ўзини йигитнинг устига ташлайди. Юм-юм йиғлаб, узоқ вақт бағридан чиқармайди. Урушда не­не жубру зулмларга киприк қоқмаган(кўравериб кўнгил ҳам қотиб кетар экан­да, уруш ахир) аскар ростмана йиғлаб юборади. Ёмғирда ивиб қолган ҳарбий форманинг рангги чиқиб аёлнинг пешонасида қолиб чиқади. Кейин маълум бўлишича, у ўғлини кутаётган миллионлаб оналарнинг бири экан...

Тирик китоблар Бу йил биз Иккинчи жаҳон урушида қозонилган 75 йиллигини нишонлар арафасидамиз. Мана шонли кунларда тарих ғилдирагини айлантирган қаҳрамон аскарлар ҳаёт йўлига назар солиш ибратлидир. Улар ғолиблардир. Биз учун урушнинг асл тасвири битилган асл китоблар уларнинг хотираларидир. Бугун мен бу Китобнинг бир неча саҳифасини ўқидим. Сиз ҳам ўз ҳудудингиздаги уруш қатнашчилари ва фахрийлари билан учрашинг. Уларнинг ҳар бир сўзи тарих ва ибрат учун тиллога тенг. Ғалаба шундай бўлган эди...

Суратда: Кулдан Мамедов ҳамда Ангрен шаҳар ДСИ бошлиғи, 4-сектор раҳбари Қаҳрамон Матқобулов.
Сектор раҳбари Кулдан ота Мемедовнинг хонадонига ташриф буюрди. Унинг бугунги турмуш шароити билан танишди ва ҳолидан хабар олди. Кулдан ота сектор раҳбарининг келишидан жуда хурсанд бўлди. Отахон ўзининг ҳаёт йўли ва уруш йилларидаги айрим қизиқарли воқеаларни сўзлаб берди. Кўрсаптилаётган эътибор ва ғамхўрлик учун барчани дуо қилди ва миннатдорчилик билдирди.

Отабек Бакиров,

“Улуғ йўл” газетаси мухбири

Report Page