БИР ИБОРА ТАРИХИ

БИР ИБОРА ТАРИХИ

Қ.Жўраев

ёхуд «Каносса сари бориш» ибораси ва унинг тарихий мазмуни  

Тарихдаги баъзи воқеалар шунчалик машҳур бўлиб кетганки, улар тилимизда янги ибораларнинг вужудга келишига сабаб бўлган. Сиёсатчилар, журналистлар ва тарихчилар бундай ибораларни ҳозир ҳам тез-тез ишлатишади. Ушбу ибораларнинг келиб чиқишини билиш халқаро муносабатлар тарихини яхшироқ тушунишга ёрдам беради.

Келинглар, аввало таниш мисолдан бошлайлик. «Пирр ғалабаси» (Pyrrhic victory) иборасини эшитгансизлар, албатта. Бу шундай ғалабаки, урушда бир томон расман ғолиб чиқади, бироқ шунчалик кўп куч йўқотадики, бундай ғалабадан деярли ҳеч қандай фойда қолмайди. Қисқача айтганда, мағлубиятга тенг ғалаба – “Пирр ғалабаси” дейилади.

Ушбу ибора қадимги Эпир подшоси Пирр номи билан боғлиқ. Милоддан аввалги 280 йилда у Рим республикасига қарши урушга кирди. Пирр милоддан аввалги 280 йилда Гераклея яқинида, 279 йилда эса Аускул яқинида римликларни енгди. Бироқ ҳар икки жангда ҳам унинг қўшини жуда оғир талафот кўрди, тажрибали лашкарбошилар ва аскарларнинг кўпи ҳалок бўлди.

Юнон тарихчиси Плутархнинг ёзишича Аускул жангидан кейин Пирр: «Римликларни яна бир марта шундай енгадиган бўлсак, бутунлай ҳалок бўламиз», деб айтган экан. «Пирр ғалабаси» ибораси шу ривоятдан келиб чиққан.

Халқаро муносабатлар тарихидан келиб чиққан яна бир ибора «Каносса сари бориш»дир. Уни тушуниш учун Ўрта асрлардаги Ғарбий Европага назар ташлаш лозим бўлади.

Бу даврда Ғарбий Европада иккита катта ҳокимият бор эди: черков бошлиғи бўлган Рим папаси ва дунёвий ҳукмдорлар, яъни император ва қироллар.

962 йилда Германия қироли Оттон I Римда папа Иоанн XII қўлидан император тожини кийди. Тарихчилар Муқаддас Рим империясининг бошланишини одатда шу воқеа билан боғлашади.

X ва XI асрларда черков билан давлат ҳали бир-биридан ажралмаган эди. Германия қироллари ва императорлари епископ ва аббатларни ўзлари тайинлар, уларга ер ва ҳокимият берарди. Бу жараён инвеститура (лотинча investitura, «лавозимга тайинлаш») деб аталарди. Шу сабабли черковдаги кўп лавозимлар амалда қирол назоратида эди.

Бироқ XI асрнинг ўрталарида черков ичида ислоҳотчилик ҳаракати анча кучайди. Ислоҳотчилар бундан буён диний руҳонийлар дунёвий ҳукмдорлар томонидан тайинламаслиги керак, деб талаб қўйишди. Шу масала бўйича папа ва император ўртасида бошланган узоқ низо тарихда «Инвеститура учун кураш» номи билан маълум.

Айниқса, 1073 йилда папа бўлган Григорий VII ислоҳотнинг энг қатъий тарафдори эди. 1075 йилда у руҳонийларнинг дунёвий ҳукмдорлар томонидан тайинлашини тақиқлаб қўйди. Шу йили папанинг ҳуқуқлари ҳақидаги «Dictatus papae» номли ҳужжат ҳам тузилди. Унда, жумладан, папа (диний ҳокимият) император (дунёвий ҳокимият)ни тахтдан тушириши мумкинлиги ёзилган эди.

Германия қироли Генрих IV бу талабни тан олмади ва Миланга ўзи архиепископ тайинлади. 1076 йил январида Вормсда йиғилган немис епископлари Генрихнинг қўллаши билан Григорийни папа деб тан олмасликларини эълон қилишди. Бунга жавобан 1076 йил февралида папа Генрихни черковдан чиқарди ва унинг фуқароларини қиролга берган қасамидан озод деб эълон қилди.

Бу қирол Генрих учун катта хавф туғдирар эди. Германиядаги кўп князлар шундоқ ҳам унга қарши тиш қайраб юришганди ва папанинг Генрихни черковдан чиқариш қарори улар учун қулай баҳона бўлди. 1076 йил кузида князлар қиролга шарт қўйишди: агар бир йил ичида черковдан чиқариш қарори бекор қилинмаса, янги қирол сайланади. Папа эса 1077 йил бошида Аугсбург шаҳрига келиб, князлар билан бирга Генрихнинг тақдирини ҳал қилиши керак эди.

Генрих ўзи учун ниҳоятда хавфли вазият юзага келганини дарҳол англади ва 1077 йилги йиғилишни кутиб ўтирмади. 1076 йилдан 1077 йилга ўтар қишда у оиласи билан Альп тоғларидан ошиб, Италияга келди. Германияга йўл олган папа эса қирол қўшин билан келяпти деб қўрқиб, Шимолий Италиядаги Каносса қалъасига бориб жойлашди. Қалъа папанинг иттифоқчиси, Тоскана маркграфиняси Матильдага тегишли эди.

Ўша давр манбаларига кўра, 1077 йил 25 январдан 27 январгача, яъни нақд уч кун давомида Генрих қалъа дарвозаси олдида тавба қилувчиларнинг оддий кийимида, ялангоёқ ҳолда, қор ва совуқда папанинг жавобини кутди. Ниҳоят, 28 январда папа уни қабул қилди ва черковдан чиқариш жазосини бекор қилди.

Илмий адабиётларда Каносса кўпинча императорнинг папа олдидаги тўла мағлубияти сифатида кўрсатилади.

Тўғри, бир томондан, Германия қироли кўпчилик наздида папа олдида тавба-тазарру қилди ва бу папалик обрўсини жуда кўтарди. Иккинчи томондан, Генрих ўз мақсадига эришди: черковдан чиқариш бекор қилинди, папанинг Аугсбургга бориши тўхтади ва князлар қўлидаги асосий баҳона йўқолди. Руҳоний сифатида папа тавба қилиб келган одамни рад эта олмасди. Шунинг учун кўп тарихчилар Каноссани Генрихнинг ақлли сиёсий қадами сифатида баҳолашади.

Кейинги воқеалар ҳам буни яққол тасдиқлайди. 1077 йил мартида князлар барибир Швабиялик Рудольф деган кишини қирол этиб сайладилар ва қўшҳокимиятчилик юзага келганлиги туфайли Германияда ички уруш бошланиб кетди. 1080 йилда Григорий VII Генрихни яна черковдан чиқарди, лекин бу сафар қарорнинг таъсири кучсиз бўлди. 1084 йилда Генрих Римни эгаллади, Климент III ни папа қилиб кўтарди ва унинг қўлидан император тожини кийди. Григорий VII эса норманлар ёрдамида бир амаллаб Римдан чиқиб кетди ва 1085 йилда сургунда вафот этди.

Инвеститура учун кураш эса 1122 йилда Вормс конкордати билан тугади. Бу келишувга кўра епископларни черков сайлайдиган бўлди, император эса уларга ер ва дунёвий ҳуқуқлар бериш маросимида иштирок этиш ҳуқуқини сақлаб қолди.

«Каносса сари бориш» (немисча “Gang nach Canossa”, норвег ва швед тилларида “Canossavandring” ёки “Kanossagang”, француз тилида “aller à Canossa”, италян тилида “andare a Canossa”, рус тилида “хождение в коноссу”)  иборасига келсак, у анча кейин, яъни XIX асрда Германия канцлери Отто фон Бисмарк туфайли кенг тарқалди. У 1872 йил 14 майда Рейхстагдаги нутқида «Хотиржам бўлинг, Каноссага бормаймиз, на жисман, на руҳан», деб баёнот берди. Бу сўзлар Германия давлати Рим папаси олдида бош эгмаслигини билдирарди.

«Каносса сари бориш» ибораси шу тариқа пайдо бўлди. Ҳозирги сиёсий ва публицистик тилда ушбу ибора қуйидаги маъноларда ишлатилади:

•        кучли рақибга бўйин эгиш ва мажбуран ён босиш;

•        аввалги қатъий позициясидан воз кечиш ва тавба-тазарру қилиш;

•        хато ёки келишмовчиликдан кейин кечирим сўраб бориш (кўпинча ўзини камситадиган ҳолатда).

Мисол учун, «Бош вазир Каноссага борди» деганда Бош вазир илгари рад этган шартларни охир-оқибат қабул қилишга мажбур бўлгани тушунилади.


Report Page