БИР ГАПИ БОР ОДАМЛАР... (эссе)

БИР ГАПИ БОР ОДАМЛАР... (эссе)

Байрам АЛИ
Бугун фан яхши тилак инсоннинг генига таъсир қилишини ўрганди. Демак, халқимизнинг олтин олма, дуо ол деганида бир гап бор...”
Шомирза Турдимов


Ер айланади, йиллар ўтади, инсон ўзгаради. Фақат башарият эмас, ҳаёт нафасига эга организм борки, бари эврилишга маҳкум. Аммо одамзотнинг бошқа мавжудотлардан фарқи, у ўзидаги зоҳирий ва ботиний тусланишларни англайди, мушоҳада этади. Бу баҳона ортига – ўтган умрига назар ташлар экан, бир зум қўним топгандай, яшагандай бўлади ўз хотираларида... Шунинг учун, хотира – баъзан биз бугундан қочиб борадиган хилватгоҳ. Ҳамма бой берганларимизни топадиган сеҳрли манзил, турмулиб ўзимиз ва ўзгаларга холис баҳо берадиган ойнаижаҳондир... 

    ***

Уч йили кам бир аср умр кўрган Малика момомни эсларканман, кўз олдимга ҳассага таянган кампир эмас, желагининг шамол эрмаклаётган этакларини енги шимарилган қўллари билан йиғиштириб, тез-тез одимлаётган инсон келади. Тўғри, болалигимда у кишини ўта яхши кўрардим, десам алдаган бўламан. Сабаби, мен арзандани жуда кўп койирди. Янги кийим кийсам, “Бунингни Кенжа “посон”га ўхшатиб синига қарайвермагин!” дея уқтирарди энамга. Тилим ечилганда “Саъдулла калга ўхшамай камроқ гапир!” деб ўзимга урушиб берарди. Мен на Кенжа “посонни”, на Саъдулла кални танимас эдим, тахминимча, улар бири қизлардай ўзига оро берадиган, иккинчиси тилли-жағли, қадимий ҳамқишлоқларимиздан бўлишса керак.  

Мен-ку мен, бошқалар, дейлик опам ҳам гап эшитиб турарди, раҳматлидан. Каминанинг бийронлиги ёқмагани каби, момомга опамнинг кулиши ёқмасди. «Қиз бола деган худа-бехудага хиринглайверса яхши бўлмайди! Лабингни жий, токи биров жоношолмасин!” дерди, қовоқларини солиб.

Бундай тергаб туришларини айтмаганда, у кишининг биз болаларга маъқул одатлари ҳам йўқ эмасди. Масалан, нафақаси келса ҳаммамизга пул улашар, қўй сўйсак, доим илигини қоқиб берарди. Элдошларнинг қаттиқ ҳурмат қилишларини, у кишини кайвони, кўп нарсани тушунади, деб ҳисоблашларини баримиз яхши билардик.  

Адабиётда “аёл, ҳамиш аёл” деган ибора бор. Ҳалокат туфайли бобомни эрта бой берган момомнинг фикри эса нечукдир бошқачароқ эди: “аёл, эри бўлса аёл. Бўлмаса, у эркак!”. Бу борада менинг бир нарса дейишим қийин, балки ўз умри, вазиятидан келиб чиқиб гапиришгандир...  

Дарвоқе, аёл дегандай... 

Қандайдир сабаб билан уйимизга йиғилган жувонлар, бир гал момомдан “Эна, аял зоти нечида қарийкан?”, дея сўрашди. “Аял зоти жетмишидаям жилқидай бўлади. Саксандан ошқач суяклари шовшайди” деб жавоб берди к киши. У пайтлари юқоридаги фикрнинг маъноси ҳақида кўпам бош қотирганим йўқ. Менга иборадаги оҳангдошлик ёқиб қолганди. Ҳозир эса ушбу гапни эслаб, демак ўша даврда одамлар биздагидан ҳақиқатда анча бақувват бўлишган экан-да, деган ўйлар кечада хаёлимдан. Ахир бугун қишлоғимизда етмишга кириб йилқидай бўлган зотлар йўқ. Аксинча, айримларимиз егирмага кирмай қариб қолаяпмиз.

Яна латифа, матал, ривоят деганларига ҳам уста эди, баракатопкур. Ўзи кам кулсаям, айтган латифалари ҳаммани кулдирарди. “Бир куни одамлар апандидан хотинингиз касалхонадан қайтдима деб сўрашипти. Қайтқани жўқ, депти апанди, ҳалиям касалхона ҳақида гапириб жотибти...”. Энг эътиборни тортадигани нима, биласизми? Шу қочиримни уй тўла одам тушуниб, гуриллаб кулар, гапни-гапга улашарди. Бироқ уни яқинда ижтимоий тармоққа қўйган эдим, негадир кўпчилик тушунмади. Фикрлари ўтлаб кетган улоқчалардай ҳар ёққа тарқаб, эзиб муҳокама қилишди.

У киши гапириб берадиган ривоятлар ҳеч эсимдан чиқмайди, айниқса. Улардан бирида, илм талабидаги одам ўн йил мадрасада ўқиб, олим бўлибди. Сўнг уйга қайтаётган экан, кеч тушиб, йўл бўйидаги уйдан тунаб қолишга жой сўрабди. Уйга кирганида бека унинг ёнига иккита яқинда ёпилган нон келтириб қўйибди.

– Олинг, меҳмон, – дебди манзират қилиб, – нонни бугун ёпган эдик. Ўзингиз ҳаром-ҳалолини ажратиб енг. 

Бека кетгач, унинг гапи олимни иккилантириб қўйибди. “Шошма, мезбоннинг аёли ҳаром-ҳалолини ажратиб енг, дейдими? Бу билан нима демоқчи? Таваккал гапирдими десам, оқила аёлга ўхшаяпти... Нондай азиз неъматнинг ҳароми бўладими?”. 

Хўп ўйга толибди, ўша олим. Туз тотай деса, томоғидан ўтмасмиш. Эрталабгача ўйлаб ҳам жумбоқни ечолмабди. Тонгда кета туриб, охири уй бекасининг ўзидан сўрабди: 

– Синглим, кеча нон қўйганингизда ҳаром-ҳалолини ажратиб енг, дегандай бўлдингиз. Мен тушунолмадим, ноннинг ҳароми бўладими?

–Бўлади, мулла ака – жавоб қайтарибди бека. – Эҳтиёт бўлмасак, ҳатто ноннинг ҳам ҳароми бўлиши мумкин, - кейин бироз сукут сақлабди-ю, қўшиб қўйибди, – Мен сизга тагига тандирдан кесак ёпишган бўлса, бунга қараб енг, демоқчи эдим.

Буни эшитган олим ўз омилигидан хижолатга тушган, уйига эмас, ҳали нондан кесагини ажратиб ейишни билмас эканман-ку, деб мадрасага қайтишга қарор қилган экан. 

Момом гапириб берадиган тағин бир ривоятда эса, Оллоҳ таоло ўлимни яратиб, уни тоғ-тошларнинг бошига солибди. Аммо тоғлар кўтаролмабди. Бири қулаши билан қолганлари зириллаб, тутдай тўкила бошлабди. Шунда Оллоҳ ўлимни уларнинг бошидан олиб, дарахтларга солибди. Дарахтлар ҳам кўтаролмабдилар: бири йиқилса бошқалари чарсиллаб-қарсиллаб сина кетипти. Оллоҳ ҳатто ҳайвонларнинг бошига солганда ҳам кўтаришолмабди ўлимни. Бир-бирининг мусибатига куйибди, бўкириб дунёни ларзага келтирибди. Ниҳоят инсоннинг бошига солган экан, инсон бу мусибатни кўтарибди. Яъни, бири бир ёқда қавмдошига куйса, иккинчиси иккинчи тарафда қўшиқ айтиб, ўйнаётган эмиш. Шундан ўлим, яъни ажали етиб жонни эгасига топшириш, бандаларга мерос бўлиб қолган экан...

Албатта мазкур ривоят тўқима, бундан юқорисида бўлган каби, бунда ҳам ровий айтмоқчи маълум ҳаётий хулоса беркинган. Бироқ болаликда мол боқиб юрганда, бирор жонлиқ нобуд бўлган жой чиқса, сигирларим ўша ерни ҳидлаб даҳшатга тушганини, бўкириб ер тимдалаганларини кўп кўрганман. Бандалар танимайдиган инсонларининг ўлими учун бу қадар куюнганини, мен кўрмадим.

Топишмоқлари бундан-да ғаройиб эди, Малика момомнинг. Уларни биз болаларга асосан кечалари, фонуснинг ёруғида пахтани чигитдан айириб ўтирганда айтарди:

“Тепдим тешик, 

Миндим бешик.

Олдим ажриқ,

Орқамда қамиш...

У нима?”

Ёки:

“Оппон-оппонни кўрдим,

Қора чопонни кўрдим.

Суяклари тарам-тарам,

Одам жутқанни кўрдим”

Биз бу топишмоқларга жавоб топгунча хаёлан минг битта кўчага кириб чиқар, бир-биримиз билан кенгашар, обдон бош қотирардик. Орада ҳамишагидай ҳамма ўз камчилиги учун: мен кўп гапирганим, опам кулгани, акам дангасалик қилаётгани учун дакки эшитарди. 

Шеърлар, айтимлар ҳам ёдлатишарди:

“Ҳалин-о, намата,

Жўражо-он, келақо-ол.

Муштдай қорнинг тўймаймаа, 

Энанг қурғур қўймаймаа...”

Рост, фолклордаги рамзларга қизиқмайдиган замонавий инсон учун мазкур айтимлар у қадар маъноли туйилмаслиги мумкин. Аммо бугун айниқса ёшлар орасида кўп учрайдиган хотира сустлиги билан боғлиқ муаммоларнинг бир учи, фарзандларимизнинг шу каби айтимлардан, шеърдан, топишмоқ-жумбоқлардан олислашиб кетганига бориб тақалмасмикин? Ким нима деса десин, чамамда шундай. Момом билан боғлиқ бу хотираларимда, менга талим ва тарбияни бир-бирига эш билан донишманд элнинг умумий қарашлари, фалсафаси акс этгандай туйилаверади...

     *** 

Дастлаб сўз очганимдек, баъзида қочиб беркинадиган ҳилватгоҳим – ёд уйимдаги мунаввар инсонлар ичида “Биргад бобом”, яъни, оилада етти оға-ини бўлган отамнинг энг катта акаси Жўра бобо ҳам бор. У киши илгари колхозда биригадерлик қилган, шундан элдаги катта-кичик “Биргад бобо” деб чақирарди. Лекин ҳозир сизга айтиб бермоқчи бўлаётган воқеам биригадерлик йиллари билан эмас, бобомнинг анча кексайган, етмишга яқинлашган нуроний даврлари билан боғлиқ.

Бобом еллик ёшгача от чопган экан. Биз эсимизни таниган вақтларга келиб чавандозликни йиғиштирган эса-да, у киши доимо оқ-оппоқ от миниб юрарди. Мен ана шу тулпорга жуда ҳавасманд эдим. “Болажоним Миё” филъмида бўлгани каби, унга “Мерамес” дея ном ҳам қўйган эдим. У пайтлари отларга исм бериш расм бўлмагани учун, бобом бундан куларди. Ўзлари биясини оддийгина қилиб, “оғот” (оқ от) деб атарди. 

Қачон, ким Биргат бобомларникига борадиган бўлса, чавандозликка ҳавасманд камина дум бўлиб ортидан эргашар, раҳматли шунда қайтишда отига миндириб, мени уйимизга қўйиб кетарди.  

Ўша кун ҳам шундай бўлди. Энамнинг Биргат бобомларникига бормоқчилигини эшитидим-у, қўшилиб бораман дея туриб олдим. Уйдагилар ул-дейишди, бул дейишди, кўндиришолмади. Шўхлик қилмаслик шарти билан, боришимга рози бўлишди. 

Энам бир қўлига товуқ шўрва солинган термосни кўтарган, иккинчи қўли билан билагимдан тутган – иккимиз узун-қисқа бўлиб Биргат бобомларникига кириб бордик. Ичкари кирганимизда, бобом адёлга ўраниб, уйнинг тўрида ётишган экан. Мен энамдан яшириб шунча им-ишоралар қилдим, неча бор ташқарига чиқиб-кирдим, бўлмади. Одатда имлашимни тушуниб, “қаний, оғотдан хабар олайик-чи” деб ташқарилайдиган одам, бу сафар унамади. Шу орада сафаримиз қариди. “Қайтсак, янаям соз, – фикр кечди хаёлимдан. ̶ Энди аниқ отга минаман!”

̶ Биргат бова, қамчингизни топиб чиқайми?

̶ Ҳали уйда нима девдинг?! ̶ бирдан аччиқланди энам. ̶ Индамай тез олдимга туш!

Нажот кутиб Биргат бобом билан у кишиниг аёли Ёрқиной момомга қарасам, улар энамнинг гапини сассизгина маъқуллаб турар, фақат бобомнинг кўкала соқоли оппоқ юзида аллақандай умидбахш табассум бордай эди. Мен буни илғадим-у, тихирликни авжига чиқардим. Ва бу иш берди ҳам. Биргат бобом аввал эмаклади, сўнг тиззаларига қўл тиради, охири қарияларга хос инқиллаб-синқиллаб қад ротлади – ўрнидан турди. Ёрқиной момомнинг ҳай-ҳайлашига қарамай, полвон келбатларини лапанглатганча отхонага, отини эгарлашга кетди...

Шундай қилиб, бироздан кейин иккаламиз “оғот” – “Мерамес”га олдинма-кетин мингашиб, кўчада секин-аста кетиб борардик. Шу вақт бўйнимга терми, кўз ёшми – қайноқ бир томчининг ситилиб томганини ҳис этдим. Тезгина тепамга қарадим-у, Биргат бобомнинг негадир қорайиб кетган, азбаройи буришиб, кучли азоб зуҳр топган юз-кўзларига нигоҳим тушди. Нимага бунча секин юраяпмиз, десам ҳалигача сезмаган эканман: у киши отнинг устида тишини-тишига босиб, зўрға келаётган экан. Бунинг сабабини эса ҳовлимизга боргач, бобом кетганидан озгина ўтиб етиб келган энамдан гап эшитганда тушундим. Борганимизда, бобом отдан йиқилиб, беланги бўлиб ётган, ҳарҳаша қилаверганимдан кейин, ноилож туриб, мени отига миндиришга мажбур бўлган экан. Энам билан Ёрқиной момом эса у кишининг ўз олдиларида “бобонг касал, туролмайди” дейишга истиҳола қилибди...

Бўйнимнинг бобом кўзларидан ёш томган шу ери худди бирор жароҳатдан қолган издай ҳали ҳамон безиллаб туради. Айниқса қариндош-уруққа меҳрсиз одамлар ёки соппа-соғ бўла туриб, ўзига касаллиги тўғрисида ҳужжат тўғрилатишгача бораётган ориятсиз кимсаларни эшитсам, ўша жойимга игна санчилгандай бўлади...  

***

Бу воқеаларни нима учун ёздим, айтайми? Фақат Малика момом ёки Биргат бобомни эмас, умуман ўша одамлар, ўша дамларни гоҳо қаттиқ соғинаман. Меҳрини-да маълум пардаларга ўрайдиган, бир уй бўлиб ривоят айтишиб, топишмоқ топиб ўтирган, дардманлигини, жони оғриганини бировга сездиришни ор ҳисоблаган зотларни бугун-да кўргим келади. Ҳозир битта уйда яшаётганлардан, ўша пайтлар битта қишлоқда яшайдиган одамлар бир-бири билан яқинроқ бўлгандай, ҳозирги одамлардан кўра эскининг одамлари ориятлироқ, тантироқ бўлгандай туйилаверади менга...

Тўғри, ҳар битта авлод ҳаёт саҳнига ўз одатлари, тажрибаси, тафаккур шакли билан кириб келади. Кечадан бугуннинг, бугундан кечанинг ҳаёт тарзини талаб қилиш, энг катта аҳмоқлик бўлар, эҳтимол. Фақат мени ҳайрон қолдирадигани: ўша пайтлари бола тарбияси ҳақида китоблар чоп этилмаган, бола тарбиялашнинг японча ё оврупача усули деган гаплар йўқ бўлган. Лекин улар тарбия борасида биз мансуб авлоддан кўпроқ нарсага эришмадимикин?

 Улар мотивация, афирмация ва яна алламбалолар ҳақида ҳеч нарса билмаган. Лекин бизнинг авлодга қараганда анча иродали, шиддатлироқ эмасмикин? 

Ҳа, бир гап бордай, эскининг одамларида бир гап бордай...

Report Page