"BIOLINE KOSMETIKS" маҳсулотлари хорижга жўнатиляпти
Ўрта Чирчиқ туманидаги "BIOLINE KOSMETIKS" Ўзбекистон –Украина қўшма корхонаси масъулияти чекланган жамияти 2009 йилда фаолиятини бошлаган. Корхона ўтган йили қайта ташкил этилиб, тўлиқ косметика маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилди. Ҳозир бу ерда 130 турдан ортиқ косметика маҳсулотлари тайёрланяпти.
Хусусан, шампуннинг 36, суюқ совуннинг 15, тери учун фойдаланиладиган кремнинг 60 турлари ҳамда соч бўёқлари тайёрланяпти. Бутун дунёда коронавирус пандемия бошлангандан кейин антисептик маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Корхона туман аҳлига ҳам 5000 дона антисептик ва суюлтирилган совун воситаларидан иборат саховат ёрдамини кўрсатди. Шунингдек, Ўзбекистонда биринчи марта турли ҳашоратларга қарши спрей ишлаб чиқариш бошланди. Илгари корхонада ушбу маҳсулотнинг креми ишлаб чиқарилаётган эди.
Қўшма корхонада ишлаб чиқарилаётган гўзаллик ва саломатлик воситалари асосан Швейцария, Италия, Испания ҳамда Германия каби етакчи давлатлар халқаро брендларининг табиий тоза хом ашёларидан тайёрланади. Бу маҳсулотлар Италия ва Испания технологияларии асосида жаҳон андозаларига мос сифатда ҳамда экологик тоза материаллардан қадоқлаб тайёрланади. Улар орасида болалар кремлари ва шампунлари, суюқ совунлар, соч бўёқлари, юз ва тери кремлари, шампунь-балзамлар бор. Бу сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” белгиси билан Тожикистон, Туркманистон, Қозоғистон, Афғонистон ва Қирғизистон каби давлатларга экспорт қилинмоқда.
Қўшма корхона мутахассислари чет эл нуфузли компаниялари билан самарали ҳамкорлик қилиш билан бирга, маҳаллийлаштириш лойиҳалари устида ҳам жиддий бош қотирмоқдалар.
– Косметик маҳсулотлар қадоқланадиган идишларнинг бир тури бўлган тюбикларни ўзимизда ишлаб чиқаришни бошлаш арафасидамиз, – дейди корхона раҳбари Ҳайитмуҳаммад Ҳасанов. – Агар янги қурилма ишга туширилса, яна 10 та янги иш ўрни яратилиб, ишчилар сони жами 60 тага етади.
Қўшма корхонада ишчиларнинг аксарият қисмини ёшлар ташкил этиши, кимё фанлари докторлари, профессорлар Людмила Загребная ва Дилмурод Эгамов ҳамда Россия Федерацияси Ивановск кимё технологиялари университетида таҳсил олган Шоҳруҳ Қозоқбоев сингари тажрибали технологлар фаолият кўрсатаётганлиги маҳсулот сифати юқори бўлиши, қолаверса, янги технологияларни ишлаб чиқаришга жалб этиш имкониятини яратмоқда.
Бугунги кунда корхонада юртимизда ўсадиган турли доривор ва фойдали ўсимликлардан экстрактлар ишлаб чиқариш устида изланишлар олиб бориляпти. Аҳоли орасталиги, саломатлиги ва гўзаллиги йўлида самарали фаолият юритаётган “BIOLINE KOSMETIKS” қўшма корхонаси сентябр ойида хориждан янги дастгоҳ олиб келишни режалаштирмоқда. Бу ускунада юртимизда етиштирилаётган табиий гиёҳлар экстракти қайта ишланиб, инсон саломатлиги учун фойдали бўлган маҳсулотлар халқ табобати ҳамда тиббиёт соҳаси учун тақдим этилади. Бу маҳсулотлар импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп ҳисобланади.