25 апрель - халқаро безгакка қарши курашиш куни: БЕЗГАК ҚАНДАЙ КАСАЛЛИК?

25 апрель - халқаро безгакка қарши курашиш куни: БЕЗГАК ҚАНДАЙ КАСАЛЛИК?

Бухоро вилоят ССБ Ахборот хизмати
25 апрель - Халқаро безгакка қарши курашиш куни
Безгак касаллиги иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан катта зарар берадиган протозоалар келтириб чиқарадиган юқумли касаллик бўлиб, иситма, камқонлик ва талоқнинг катталашиши билан характерланади. Плазмодиум авлодига мансуб содда жониворлар безгак қўзғатувчиси ҳисобланади ва улар Anopheles чивинлари орқали одамга юқади.

Безгак билан касалланиш сони дунё бўйича йилига 450-480 миллионни ташкил этади. Ҳар йил безгак касаллигидан 2 миллион атрофида болалар ўлими кузатилмоқда. Ҳозирги пайтда дунёнинг юздан ортиқ мамалакатларида бу касаллик мавжуд. Жаҳоннинг 42 фоиз (2,3 миллиард) аҳолиси безгак касаллигининг хавфи мавжуд бўлган ҳудудларда яшайди. Йилига дунёнинг турли ҳудудларида безгак билан касалланган бир неча минг беморлар рўйхатга олинмоқда.

Безгак қўзғатувчиси ўз ҳаёт фаолияти давомида мураккаб ривожланиш жараёнини ўтайди, у хўжайин алмаштириб ривожланади. Аnopheles чивини организмида жинсий ривожланиш даврини ва одам организмида аввал гепатоцитларда, кейинчалик эритроцитларда ривожланади, яъни жинссиз йўл билан кўпаяди.

Одам қони билан Аnopheles чивинларининг фақатгина урғочиси озиқланади. Улар кечки ва тунги пайтларда одамларга ҳужум қилади. Қонни ҳазм қилиш билан бирга урғочи чивинда тухум ривожланади. Бу жараённинг қай даражада тез кетиши ташқи муҳит ҳароратига боғлиқ. + 16°С ҳароратда 7 кун, +20°С да 4 кун, +25-30°С да 2 кун. Тухум қўйиш учун энг қулай жой қуёш нури яхши тушиб турадиган, турғун, атрофи ўсимликлар билан ўралган сув манбаи ҳисобланади.  Урғочи чивинлар 1 мартада 100-2500 тагача тухум қўяди. Личинкалар сувнинг юза қаватида муаллақ ҳолатда турган моддалар билан озиқланади. Шунинг учун личинкаларни йўқотиш мақсадида сувнинг юза қатламига заҳарли моддалар сепилади. Трансмиссив йўлдан ташқари безгак қўзғатувчилари парентерал ва трансплацентар (вертикал) йўл билан юқиши мумкин. Беморга қон қуйилганда ёки қон билан зарарланган тиббиёт асбоблари ишлатилганда безгак қўзғатувчиларининг ҳар бир тури парентерал йўл билан ҳам юқиши мумкин. Бундан ташқари  эмлаш вақтида шприц, ниналар орқали ҳам юқиши мумкин. Чунки тўрт кунлик безгак қўзғатувчиси бемор қонида 25 йилдан кўпроқ давргача персистенцияланган(мудроқ) ҳолда сақланиб қолиши мумкин. Плазмодийлар донор қонида 1-2 ҳафтагача яшай олади.

Плазмодийнинг вертикал йўл билан хомилага ўтиш ҳоллари безгакнинг гипо ва мезоэндемик ўчоғида иммунитети паст бўлган, тропик безгак қўзғатувчиси билан оғриган ҳомиладор аёлларда кузатилади. Безгакка қарши табиий иммунитет йўқ, демак қонга плазмодиум тушганда ҳамма касалланаверади.

ПРОФИЛАКТИКАСИ: Безгак паразитининг тури, эпидемиологик шароитлар бўйича турт йўналишда олиб борилади: даволаш-профилактика, чивинга қарши курашиш, кадрлар тайёрлаш бўйича ва санитар-таргибот ишлари олиб бориш.

Тропик безгакни бошидан кечирган одамлар 1,5 йил мобайнида, уч кунлик безгак билан оғриб утган шахсларга 2,5 йил мобайнида диспансер назоратида бўлади. Чивин кўпаядиган жойларни йўқотиш, ботқоқликларни қуритиш ва сув ҳавзаларини тозалаш. Чивин учиб кирмаслиги ва чақмаслиги чораларини кўриш лозим. Чивин личинкасига қарши  курашишда биологик усуллардан фойдаланилади.

Безгак касаллигига қарши эпидемиологик назоратни, тиббий – профилактика мусассасалари ва санитария – эпидемиология хизмати ходимлари, ҳамда энтомолог  ходимлар билан биргаликда иш олиб боришларини талаб этади.

Безгак касаллигини тугатишда жамоатчиликни жалб қилиш ҳал қилувчи омилдир. Шу мақсадда аҳоли ўртасида қуйидаги тадбирларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ:

-Аҳолини безгак касаллиги буйича санитария маданиятини ошириш бўйича кенг миқёсида санитария тарғибот ишларини олиб бориш;

-Чивинлар кўпаядиган жойларни йўқ қилиш, сув ҳавзаларини тозалаш, сувни истеъмол қилиш қоидаларига риоя қилиш, кераксиз хўжалик сув ҳавзаларини пайдо бўлишига йўл қўймаслик;

-Хорижий давлатларга бориб келган шахсларни ўз вақтида аниқлаш ва ҳудудий даволаш профилактика муассасаларига хабар бериш;

-Касалликни маҳаллий аҳоли ўртасида тарқалишининг олдини олиш учун фермер хўжаликлари ва жисмоний шахслар томонидан шоли экиш учун ажратиладиган майдонларни аҳоли яшаш жойларидан 2-3 км узоқликда режалаштириш;

-кўп қаватли бинолар ертўлаларининг санитария-техник ҳолатини яхшилаш,

-Хўжаликлараро ва хўжалик ички суғориш тармоқларини тозалаш, кераксиз сув ҳавзаларини йўқотиш. Қишлоқ хўжалик экинларини этиштиришда агротехника ва санитария–гидротехника қоидаларига амал қилиниши безгак чивинларининг кескин камайишига ва республикамиз худудида безгак касаллиги тарқалишининг олдини олишда муҳим омил ҳисобланади.


Гулчирой МАҲМУДОВА,

Бухоро шаҳар 1-Оилавий поликлиника оила шифокори.




Report Page