БЕМОР ЎРНИДАН ТУРОЛМАСА…
Халқимиз орасида “ётоқ яралари” деган гап юради. Хўш, ётоқ яралари қандай пайдо бўлади, унинг олдини олиш мумкинми?
Ўрнидан тура олмайдиган беморларда ётоқ яралар пайдо бўлиши уларга яхши парвариш бўлмаган вақтда юзага келади. Ётоқ яра қон айланиши бузилиб, тўқималар ўлиши натижасида ҳосил бўладиган юза ёки чуқур ярадир. Ўрин-кўрпанинг ноқулай, нотекис бўлиши, вақтида тузатиб берилмаслиги, унда бурмалар ва ушоқлар бўлиши, кўйлак ва чойшабда ямоқ бўлиши, шунингдек оғир беморларда бадан терисининг бичилиб кетиши ётоқ яраларнинг пайдо бўлишини осонлаштиради.
Ётоқ яралар кўпинча думғаза, курак, товон, энса, қуймич домвоқлари соҳасида ва суяклар туртиб чиқиб, юмшоқ тўқималар ўрнига босилиб қоладиган бошқа жойларда пайдо бўлади.
Бундай ҳолатларда қандай парвариш лозим? Ётоқ яралар пайдо бўладиган жойлар камфора спиртда артилиб енгил массаж қилинади, беморнинг ўрнидаги вазияти вақти-вақти билан ўзгартириб қўйилади. Ҳаммадан кўп босилиб турадиган жойлар тагига устига мато ўралган резинка чамбарак лар қўйиб қўйилади.
Ётоқ яраларнинг дастлабки аломати бадан терисининг қизариб қолишидир. Бунда ётоқ яралар пайдо бўлмаслиги учун беморга ниҳоятда эътибор билан парвариш қилиш лозим. Оғир вазиятда шифокор кўрсатмаси билан ёрдам кўрсатилади.
Турсуной МИРЗАЕВА,
туман Тиббиёт бирлашмаси хирургия бўлими ҳамшираси.