БЕҲЗОД АСАРЛАРИДА ТАРИХИЙ ШАХСЛАР ТАСВИРИ

БЕҲЗОД АСАРЛАРИДА ТАРИХИЙ ШАХСЛАР ТАСВИРИ

Рустам Жабборов
Беҳзод, автпортрет

Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти томонидан нашр қилинган “Монийни хижолатда қолдирган Камолиддин Беҳзод” китоб-альбомининг тақдимоти ўтказилди.

                                     «Мусаввирлик ишини бисёр нозук қилди…»

Беҳзод ўзининг бетакрор сувратлари, миниатюра санъатининг нодир намуналари билан жаҳон тасвирий санъати тарихида ўзига хос ўрин эгаллаган. Темурийлар, сафавийлар, шайбонийлар сингари сулолалар маданиятида муҳим из қолдирган.

        Камолиддин Беҳзод Ҳиротда 1455 йилда ҳунарманд-косиб оиласида дунёга келган. Беҳзод ота-онадан жуда эрта етим қолган. Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий унга алоҳида эътибор қаратиб, замонасининг машҳур рассоми Мирак Наққош тарбиясига топширишган. У ёшлигида машҳур санъаткор Султон Али Машҳадий билан жуда яқин муносабатда бўлган.

"Навоий ва Жомий"

Навоийнинг шахсий кутубхонасида ўша даврнинг етук санъаткорлари Мирак Наққош, Ҳожи Муҳаммад каби мусаввирлар, Ҳофиз Муҳаммад, Зайниддин Маҳмуд, Султон Муҳаммад Нур каби хаттотлар ижод билан банд бўлганлар. Беҳзод шу кутубхонада, айниқса, хаттот Султон Али Машҳадий ва Ёрий Музаҳҳиб билан яқин ижодий ҳамкорликда бўлган.

Беҳзод мусаввир сифатида танилгач, Султон Ҳусайн саройида хизматга чақирилган. 1487 йил Султон Ҳусайн фармони билан Беҳзод салтанат кутубхонасига раҳбар этиб тайинланган. Кейинчалик бу жойни «Нигорхонайи Беҳзод» ёки «Беҳзод академияси» деб атаганлар.

1507-1510 йилларда Беҳзод Ҳиротни эгаллаган Муҳаммад Шайбонийхон хизматида бўлган. Темурийларнинг юксак маданиятига ҳурмат ва эътибор билан қараган Шайбонийхон Беҳзод санъати олдида лол қолиб, унинг ижодига зарур шарт-шароит яратиб берган.

"Ҳусайн Бойқаро"

Бобурнинг ёзишича, Шайбонийхон ҳатто ўз қўли билан Беҳзод ишлаган суратларга тузатиш ҳам киритган. Шунингдек «Бобурнома»да Беҳзод ижодига муносиб таърифу тавсифлар ҳам берилган: «Мусаввирлардан Беҳзод эди, мусаввирлик ишини бисёр нозук қилди… Соқоллик кишини яхши чеҳрали, кушойлик қиладур».

Дарҳақиқат, Шайбонийхон сиймоси айнан Беҳзоднинг мўйқалами туфайли тарих саҳифаларида муҳрланиб қолган. Унинг суратида чиндан ҳам саҳро ўзбекларига хос қатъият, тўпорилик, жўмардлик акс этиб турибди.

                                     Ғорда яширилган истеъдод

Эрондаги Сафавийлар салтанати бу даврда анча кучайиб борарди.  1510 йилда Марв ёнидаги Тоҳиробод деган жойда Шоҳ Исмоил қўшини билан шиддатли жангда Муҳаммад Шайбонийхон ҳалок бўлади ва Ҳирот Шоҳ Исмоил Сафавий қарамоғига ўтади.

"Шайбонийхон"

Шоҳ Исмоил Сафавий 1512 йил Ҳиротдаги бир неча истеъдодли санъаткорларни, ҳунармандлар қаторида Беҳзодни ҳам ўзи билан бирга Табризга олиб кетади. Исмоил Сафавий Беҳзодга ижод қилиш учун барча шароитларни яратиб беради. Маълумотларга кўра, шоҳ Беҳзодни ҳамиша ўзи билан олиб юрган. 1514 йилда турк султони Салим билан бўлган Чалдиран жангида мағлубиятга учраганда ҳам, Шоҳ Исмоил Беҳзодга зиён етмаслиги учун уни махсус ғорда асрашни буюради.

1520 йилда Шоҳ Исмоил ёш шаҳзода Таҳмосбга расм ўргатиш учун Беҳзодни ўз салтанати пойтахти Табриз шаҳрига таклиф этади. 1522 йил эса махсус фармон билан рассомни ўз кутубхонасидаги китобат аҳлига мутасадди этиб тайинлайди.

Беҳзод Табризда истиқомат қила туриб санъаткор сифатида ҳаётида яна бир бор жасорат кўрсатди. Ғурбатда, ғоят руҳий азобларда, она шаҳридан олисда туриб яна бир нафис тасвирий санъат мактабини бунёд этади. Ҳиротдагидек бу ерда ҳам ўз атрофига истеъдодли рассом, наққош ва бошқа ҳунармандларни тўплади, уларга қунт билан раҳнамолик қилиб, соҳир  санъатининг сир-асрорларини ўргатди. Табризда Султон Муҳаммад, Оғо Мирак, Мир Мансур Мусаввир, Мир Саид Али сингари ўнлаб истеъдодли мусаввирларни тарбиялади.

"Абдуллоҳ Хотифий"

                  Беҳзоднинг қабри қаерда?

1524 йилда Табриз султони Шоҳ Исмоил Сафавий вафот этади ва тахт ёш шаҳзода Таҳмосб қўлига ўтади.

1537 йилда кексайиб қолган Беҳзод Ҳиротда суюкли жияни ва шогирди Рустам Алининг ўлим тўшагида ётганлигидан хабардор бўлиб, уни кўрмоқ учун она шаҳри Ҳиротга отланади. Лекин жиянининг дийдорига етиша олмайди. Беҳзод Ҳиротга етиб келгунча у оламдан ўтган эди. Бундай жудоликдан қаттиқ қайғурган, мўйсафид Беҳзоднинг ўзи ҳам оғир хасталаниб, 1537 йилда Ҳиротда оламдан ўтади.

Мусаввирнинг қабри Кўҳи Мухторнинг хушманзара жойида экани айтилади. Унинг қабри тошига шоир Амир Дўст Ҳошимийнинг қуйидаги шеъри битилган экан:

Ваҳид-ул-аср Беҳзод он ки чун ў

Зи батни модари айём кам зод,

…Агар хохи ки торихаш бидони,

Назар афкан ба «Хоки қабри Беҳзод».

Мазмуни: “Ўз асрининг ягонаси бўлган Беҳзод шундай буюк одамки, ундай кишилар онадан жуда кам туғилади… Беҳзод вафот этган йилини билишни истасанг, «Хоки қабри Беҳзод»га (яъни Беҳзод қабрининг тупроғига) назар сол».

Дарҳақиқат ушбуц сўздаги ҳарфлар йиғиндиси 941 га тенг бўлиб, милодий ҳисоб билан 1537 йилни билдиради.

Табриздаги "Икки Камол" боғи. Беҳзод ёдгорлиги

Бироқ бошқа маълумотларга кўра, Беҳзод Табрийзда вафот этган ва машҳур шоир Камол Хўжандий мақбараси ёнида дафн қилинган. Бу манзил Табризда ҳозир «Икки Камол» номи билан донг таратган. Боғда Беҳзодга махсус ёдгорлик ҳам ўрнатилган.

Камолиддин Беҳзод саксон йиллик узоқ ва мазмундор ҳаёти давомида Султон Ҳусайн Миро (1469 – 1505), Муҳаммад Шайбонийхон (1451 – 1510), Шоҳ Исмоил Сафавий (1501 – 1524), Шоҳ Таҳмосб (1524 –1576)лар ҳукмронлик қилган тўрт салтанатни кўрди.

                           Мутахассислар учун зарур манба

Темурийлар сулоласи пойтахти Ҳиротда ва Сафавийлар пойтахти Табризда яшаб, фалак гардишининг ёрқин кунларию, азоб-уқубатларини ўз кўзи билан кўриб мушоҳада қилди, ижтимоий борлиқдан олган бой ва ранг-баранг таассуротларини, ички кечинмаларини, кайфиятларини ўз ижодида зўр маҳорат билан тасвирлади. Жумладан, у Низомий Ганжавий, Амир Хусрав Деҳлавий, Алишер Навоийнинг «Хамса»ларига, Фаридиддин Атторнинг «Мантиқут тайр», Саъдийнинг «Бўстон» ва «Гулистон», Шарафиддин Али Яздийнинг «Зафарнома», Абдулло Хотифийнинг «Темурнома» асарларига гўзал миниатюралар ишлади. Амир Темур, Ҳусайн Бойқаро, Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомий, Шайбонийхон сингари тарихий шахсларнинг ҳаққоний суратлари айнан Беҳзод миниатюралари орқали етиб келган.

"Амир Темур"

Муҳими, Беҳзод чизган портретлар тарихий шахсларнинг ишончли манбалардаги тасвирларига айнан мос тушади.

Бугунги кунда у яратиб қолдирган тасвирий санъат асарлари, унинг қаламига мансуб миниатюралар жой олган қўлёзмалар АҚШ, Буюк Британия, Франция, Туркия, Миср, Россия сингари мамлакатлардаги кутубхоналар ва музейларда, шахсий коллекцияларда сақланмоқда.

Ўтмишда кўпгина қўлёзмаларнинг қийматини ошириш учун ундаги расмларни Беҳзодга тегишли деб аташ ҳам кенг тарқалган. Шунингдек, Беҳзоднинг асарларини бошқа рассомлар томонидан ўзлаштириш ҳоллари ҳам учрайди. Шу боис, кўплаб минатюраларнинг Беҳзодга тегишлилигини аниқлаш бироз муаммо туғдиради.

Мазкур китоб-альбомда имкон қадар мутахассислар томонидан Беҳзоднинг қаламига мансублиги юқори аниқликда белгиланган асарлар киритилган.

Альбомнинг «Монийни хижолатда қолдирган Камолиддин Беҳзод» деб номланиши тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Ўрта асрларда Беҳзод истеъдодига кўпчилик қойил қолар, у маҳорати бобида ҳатто III асрда яшаб ўтган машҳур рассом Монийни ҳам ортда қолдирган, деб ҳисоблашган. 

"Юсуф ва Зулайҳо"

Хусусан, Шоҳ Исмоил 1522 йилда Беҳзоднги Шоҳ кутубхонаси раҳбари этиб тайинлаган фармонда ҳам қуйидаги таъриф учрайди» «Устод Беҳзод… мусаввирлик мўйқалами ила Монийни хижолат қилди ва рангин сувратлари ила «Аржанг» (Моний қаламига мансуб  деб қараладиган сувратли китоб) саҳифаларини ортда қолдирди»

Ҳозирга қадар Беҳзод ҳаётининг кўп жиҳатлари яхши ўрганилмаган. Альбомни тайёрлаш давомида мусаввир қаламига мансуб, бугунги кунда жаҳоннинг турли музейлари ва кутубхоналарида сақланаётган миниатюралар нусхаларини йиғиш ва саралаш билан боғлиқ катта ижодий жараён амалга оширилган. Суратларга бой альбом, шубҳасиз, ҳам тадқиқотчилар, олим ва мутахассислар, рассомлар, ҳам мусулмон Шарқи санъати ихлосмандлари учун зарур нашр бўлиб қолади.

"Монийни хижолатда қолдирган Камолиддин Беҳзод"


 






Report Page