БЕҲУДА ЙЎҚОТИЛАЁТГАН МАБЛАҒЛАР!

БЕҲУДА ЙЎҚОТИЛАЁТГАН МАБЛАҒЛАР!

"Toshkent shahar suv ta'minoti" MCHJ matbuot xizmati

Тошкент шаҳрида 3 минг километрдан ортиқ сув, қарийб 2 минг километрга тенг оқова сув (канализация) қувурлари мавжуд. Манзилларга узатилган қувурларни бир нуқтада боғлаш учун эса турли ҳажмдаги қудуқлар ўрнатилган. Сув тармоқларида 32 мингдан ортиқ, оқова сув тармоқларида эса 107 мингдан кўп қудуқлар бор. Уларнинг ҳар бирига махсус темир қопқоқлар (люк)лар ўрнатилган.

Сўнгги вақтларда ана шу темир қопқоқларнинг йўқолиш ҳолатлари жуда кўп учрамоқда, яъни ўғирлаб кетилмоқда. Масалан, сўнгги пайтларда сув тармоқларидаги қудуқлардан йилига 2 мингтагача, оқова сувлардан эса 3 мингтагача ана шундай қопқоқлар йўқолмоқда.

Бу эса “Тошкент шаҳар сув таъминоти” МЧЖ учун қимматга тушмоқда. Ушбу металл қопқоқ жамламаларининг ҳажмига кўра ўртача 575 минг сўмдан 2 миллион сўмгача харид қилинади.

Бунинг натижасида Жамият йилига миллиардлаб маблағларни йўқотишига тўғри келмоқда.

Аксарият ўғирланган бу каби қопқоқлар иккиламчи металларни қабул қилувчи шоҳобчаларга топшириб юборилмоқда.

 Қопқоқсиз, очиқ қолган қудуқларга йўловчилар ва транспорт воситаларининг тушиб кетиши натижасида яна қанча маънавий ва моддий зарарлар юзага келмоқда.

Сўнгги вақтларда қопқоқларни қисқа пайвандлаш ҳам натижа бермаяпти. Пайванди бузиб, олиб кетилмоқда.

Азиз юртдошлар!

 Халқнинг мулкига хиёнат қилиб, арзимаган маблағ эвазига ён-атрофингиздагиларнинг маънавий ва жисман ҳамда моддий зарар кўришларига, қолаверса, соҳа корхонасининг миллиардлаб маблағлари беҳуда совурилишига йўл қўяётганларга кўзингиз тушса, бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот идораларига хабар беринг.

Ўринсиз зарарларнинг ўрнини қоплашга сарфланаётган маблағлар соҳада хизмат сифатини яхшилашга сарфланса, сув таъминотидаги муаммолар бир мунча камайган бўларди.

Шундай экан, ён-атрофимизда юз бераётган бундай ҳолатларга бефарқ бўлмайлик.