БАРОМЕТР ВА ОҚИЛ ТАЛАБА
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги бирлашган таҳририяти
Бир куни университетда сабоқ берувчи ўқитувчилардан бири Қироллик Академияси президенти ва физика йўналиши бўйича Нобель мукофоти соҳиби Эрнест Резерфорддан ёрдам сўради.
Гап шундаки, у физика фанидан паст баҳо қўймоқчи бўлган талабаларидан бири ўзини энг юқори баллга лойиқ деб даъво қиларди. Узоқ давом этмаган баҳсдан сўнг домла ҳам, шогирд ҳам, табиийки, олимлар орасидан бошқа бир учинчи шахснинг фикрига қулоқ тутишга келишиб олишди. Ана шу одам Резерфорд бўлди.
Имтиҳон саволи шундай тузилганди: «Қандай қилиб барометр ёрдамида бино баландлиги ўлчаш мумкин?». Ёдингизда бўлса керак, барометр – атмосфера босимини ўлчайдиган асбоб.
Шунда талаба жавоб қилибди: «Барометр ёрдамида бино баландлигини ўлчаш учун ушбу асбоб билан томга чиқиб, барометрни узун арқонда пастга тушириш ва яна тортиб олиш зарур. Кейин арқон узунлигини ўлчаб, бинонинг аниқ баландлигини айтиш мумкин».
Вазият чиндан ҳам оғир эди, негаки жавоб мутлақо тўғри ва тўлиқ янграганди. Бошқа томондан имтиҳон физика фанидан бўлиб, жавоб эса бу соҳадаги билимларга унчалик тўғри келмасди.
Резерфорд талабага яна бир бор уриниб кўришни таклиф этди ва унга тайёргарлик учун 15 дақиқа вақт бериб, жавоб физика қонунлари бўйича билимни намойиш этиши лозимлигини айтиб ўтди. Орадан 5 дақиқа ўтса ҳамки, талаба имтиҳон варақасига ҳамон ҳеч нарса ёзмаган эди. Резерфорд ундан ўз мағлубиятини тан олиш-олмаслигини сўраганида, йигит аслида бу вазифанинг бир нечта ечимни топганини, шунчаки қай бирини танлашга иккиланаётганини билдирди.
Ғайриоддий талаба билан қизиқиб қолган Резерфорд белгиланган вақт кечишини кутиб ўтирмасдан жавоб беришга киришишини сўради.
Саволга янги жавоб қуйидагича эди: «Барометр билан томга чиқиб, уни пастга отамиз ва тушиш вақтини ҳисоблаймиз. Сўнгра формуладан фойдаланиб, бино баландлигини топиш мумкин».
Резерфорд ҳалиги ўқитувчидан «жавобдан қониқдингизми?» деб сўради, устоз жавобни қабул қилганини айтди. Бироқ талабадан бошқа ечимларни ҳам маълум қилишини сўради.
– Барометр билан бино баландлигини ўлчашнинг бир нечта усуллари бор, – сўз бошлади йигит. – Масалан, қуёшли кунда кўчага чиқиб, барометр баландлиги ва унинг соясини, шунингдек бино сояси узунлигини ўлчаш керак. Кейин унча мураккаб бўлмаган мутаносибликни ечиб, бинонинг баландлигини аниқ айтиш мумкин.
– Чакки эмас, – деди Резерфорд. – Яна бошқа усуллар ҳам борми?
– Ҳа. Жудда оддий йўли бор, ишончим комилки, у сизга маъқул келади. Барометрни қўлга оласиз ва уни деворга босиб, белгилар қўйган ҳолда зинадан кўтариласиз. Сўнгра шу белгилар сонини ҳисоблаб, уни барометр ҳажмига кўпайтирасиз ва керакли жавобни оласиз. Ўта яққол усул.
– Агар мураккаброқ йўл билан аниқлашни истасангиз, – давом этди талаба, – у ҳолда барометрга ип боғлаб, уни тебрангич каби ҳаракатлантирган ҳолда бино асоси ва томида тортишиш кучини топинг. Бу ўлчамлар орасидаги фарқдан, умуман олганда, бинонинг баландлигини топса бўлади.
Шунда Резерфорд талабадан «наҳотки бу масаланинг умумий қабул қилинган ечимини чиндан ҳам билмасангиз?» деб сўради. Йигит буни аслида билишини тан олиб, ўқитувчилар шогирдларга ўз фикр-мулоҳазасини билдираверганидан чарчаганини қўшимча қилди. Ахир ҳар бин инсоннинг ечимларни топишда ўз усули бўлиши лозим.
Бу талаба 1922 йилда физика йўналишида Нобель мукофотини қўлга киритган даниялик физик-назариячи ва замонавий физика яратувчиларидан бири Нильс Бор эди.
Айтганча, бу ҳикояни эшитган баъзи инсонларда савол туғилади: аслида барометр ёрдамида бино баландлигини қандай ўлчаш мумкин?
Бу жуда оддий. Маълумки, 12 метр баландга кўтарилганда босим 1 миллиметр симоб устунига пасаяди. Шундай экан, ердаги босимни ўлчаган ҳолда томга кўтариламиз ва агар босим 2 миллиметр симоб устунига тушган бўлса, демак, бинонинг баландлиги 24 метрни ташкил қилади.
Рус тилидан Гулчеҳра АЗИМОВА таржимаси.