БАРДАВОМ ХАЙРЛИ ИШЛАР

Мамлакатимизда короновирус пандемияси бўйича карантин ҳолати жорий қилинган бўлсада, аҳолини, айниқса иш билан таъминланмаган, бирмунча ночор яшаётган оилаларни ҳимоя қилишга қаратилган ишлар бир зум ҳам тўхтагани йўқ.
Касаба уюшмалари шафелигида “Хотин қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган манзилли дастур”да белгиланган тадбирлар доирасида Навоий вилоятидаги бир гуруҳ эҳтиёжманд хонадонларга карантин қоидаларига риоя этган ҳолда ташриф буюрилиб аёлларимиз учун моддий кўмак ва электр-маиший жиҳозлар топширилди.
“Бугунги синовли кунларда бизнинг ҳолимиздан хабар олиб, муаммоларимизни ҳал қилиб бераётган давлат ва жамоат ташкилотларидан миннатдормиз. Оиламиздан 4 киши ногирон, аммо меҳнат қилиш имконимиз бор. Ажратилган моддий ёрдам билан бир неча йилдан бери қурилишини якунлай олмаётган кичик иссиқхонамизни ишга тушириб, оиламиз даромади учун йўналтирамиз. Шундай саховатли юртда, эл эътиборида яшаётганлигимдан хурсандман”-дейди Кармана туман “Шибзон” маҳалласида яшовчи Ш.Курбонова.
Шу каби ёрдам олган “Каловот“ маҳалласи фуқороси Шоҳида Жўраева ҳам кўрсаптилган ёрдамдан мамнун. “Сурункали жигар хасталигим бор, соғлигимни тиклаш учун маблағга муҳтож эдим. Даволанишимга, дори дармон олишга кўмак берган Президентимизга, вилоят ва Республика касаба уюшмалари раҳбариятига раҳматимни билдираман.”
Дастур ижроси бўйича бу сингари саховат ва кўмак тадбирлари вилоятнинг бошқа туманларида ҳам бириктирилган касаба уюшма фаоллари жонбозлигида ўтказилмоқда.
Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси ўринбосари Ш.ХАЛИЛОВ