БАЙРАМ ТАБРИГИ
Ассалому алайкум қадрли туманимиз аҳли!
Муҳтарам тумандошлар, халқимизга хос меҳр-мурувват, бағрикенглик ва саховат ифодаси бўлиб келган Қурбон ҳайити барчамизга муборак бўлсин!
Ҳурматли Паркент тумани аҳли! Қурбон ҳайити – улуғ байрам. Шунинг учун бу кунни яқинларимизни йўқлаб уларнинг ҳолидан хабар олиш, ёши улуғларни зиёрат қилиш, муҳтожларга меҳр-мурувват кўрсатиш, оилаларга хурсандчилик улашиш ва байрамнинг кўркига кўрк қўшадиган савобли ишларни амалга ошириш мувофиқдир. Бу кунда янада меҳрли, янада шафқатли, етим-есирлар бошини силаб, қариялар, касалмандлар, муҳтожлардан хабар олиб, уларнинг кўнгилларига ҳам байрам шукуҳини олиб кириб, эзгу ишлар қилиш халқимизга хос хусусиятдир. Ҳайит кунларини ғанимат билиб, барча гина-кудуратларни унутиб, кечиримли бўлиш мусулмон кишига хос бўлган гўзал фазилатлардандир.
Ушбу муборак айёмда давлатимиз раҳбари раҳнамолигида юртимиз равнақи, диёримизнинг осойишталиги, халқ фаровонлиги йўлида олиб борилаётган барча хайрли ишларда Яратганнинг ўзи мададкор бўлишини сўраймиз. Муборак Қурбон ҳайити байрами муносабати билан Сиз азизларни Паркент тумани ҳокимлиги номидан самимий муборакбод этаман.
Хонадонингиздан файзу барака, тинчлик ва хотиржамлик аримасин!
Паркент тумани ҳокими
Шохрух ШОАХМЕДОВ