БАЙРАМ КЕЧАСИ ХУШКАЙФИЯТДА ЎТДИ

БАЙРАМ КЕЧАСИ ХУШКАЙФИЯТДА ЎТДИ

Чирчиқ шаҳар ҳокимлигининг Ахборот хизмати

Мустақиллик – аждодларимизнинг асрий орзусини рўёбга чиқарувчи, халқимизнинг қаддини тиклаб, уни юксалтирувчи байрам саналади. Мустақиллик ҳақида сўз борар экан, озод ва обод юртимизда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаронинг қалбида шодлик, фахр-ифтихор туйғулари уйғонади. Жаннатмакон Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятидаги мавқеи юксалиб, шаҳар ва қишлоқларимиз кўркам қиёфага кириб бораётгани, меҳнаткаш халқимиз бугунидан бахтиёр, шукроналик, эртасига тўла ишонч руҳи билан яшаётганлигини кўриб қувонмай бўладими?! 

Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрамини юқори, савияда кўтаринки руҳ билан ўтказиш мақсадида юртбошимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди. Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида шаҳримиз бўйлаб “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” ғояси асосида маънавий-маърифий тадбирлар кўтаринки руҳ билан ўтказилмоқда.

“Семурғ” МФЙда ташкиллаштирилган “Мустақиллик – энг улуғ, энг азиз неъмат” мавзусида маънавий-маърифий тадбирда шаҳар прокурори, 2-сектор раҳбари Хайрулла Бўриев, Халқ депутаталари Чирчиқ шаҳар Кенгаши депутати Севетлана Цай, МФЙ фаоллари ва ОАВ ходимлари иштирок этдилар.   

Мустақиллик байрами муносабати билан ўтказилган кечада кам таъминланган 2 та оила фарзандлари учун “Суннат тўйи” қилиб берилди. Шу билан бирга адабий анжуманлар, мушоиралар, «Уч авлод» учрашуви ҳамда “Дийдор ширин” мавзуларида давра суҳбатлари ташкиллаштирилди. 

- Ўтган ўттиз бир йиллик мустақил тараққиёт даврида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларида асрларга татигулик ишлар амалга оширилди, - деди МФЙ раиси Кодир Сафаров. - Энг муҳими, истиқлол туфайли ўзлигимизни англаб етдик, қўлга киритаётган ютуқларимиз эса жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда. Бу албатта, ҳар бир юртдошимиз қалбига чексиз фахр-ифтихор туйғуларини муҳрлайди.

Мустақиллик байрами муносабати билан ўтказилган тадбир мазмунли ва чиройли ўтди. Маҳалла аҳли уларга байрамона кайфият бағишлашга яқиндан амалий ёрдам берган “GLS” қурилиш монтаж компанияси ҳамда “SANEX” МЧЖ тадбиркорларига ўз миннатдорчиликларини изҳор қилдилар.

Report Page