БАХТИЁР АЛИМЖОНОВНИНГ АЙРИМ ФИКРЛАРИГА ОИД МУЛОҲАЗАЛАР

БАХТИЁР АЛИМЖОНОВНИНГ АЙРИМ ФИКРЛАРИГА ОИД МУЛОҲАЗАЛАР


• Тарихчи олим Бахтиёр Алимджоновнинг ижтимоий тармоқларда тарқалган суҳбати кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Унинг фикрлари тарихчи олимларимизнинг тарихни янада чуқурроқ ўрганишларига, оддий одамлар эса тарихга кўпроқ қизиқишларига сабаб бўлса ажаб эмас. 

• Биз совет даврида бир қолипга солинган ва сиёсийлаштирилган илм-фан доирасида қолиб келганимиз рост. Нафақат тарих, балки бошқа соҳалар ҳам шу шаклга ва қолипга солинган эди. 

• Ана шунинг учун бугунги кунда янгича фикр ёки мулоҳазаларга турлича реакциялар кузатилаётгани ҳам табиий ҳолдир. Бахтиёрнинг ҳам ютуғи шу ерда: ўз фикрини бемалол айта олишидадир. Бу фақатгина тарих фанида эмас, балки фан тармоқларининг барчасида юз берса, янада яхши бўларди, албатта. 

• Тарихни бир қолипда баён этиш, уни сиёсатга боғлаб шакллантириш, тарихий асарларни фақатгина бюртма асосида ёзиш ёки муайян тоифалар учун ёзиш тўғри эмас. Зотан, илм-фан фикрлар кўплиги ва турли-туман бўлиши сабабидангина ривожланади ва тараққий этади.

• Мен Бахтиёрнинг шов-шувли фикрларида келтирилган далилларни тўғри деб ҳисоблайман. Лекин, унинг айрим хулосалари нотўғридир. Одатда шундай бўлади, илмда шундай. Далил ва исботлар бир хил, бироқ хулосалар ҳар хил бўлади. Тарихчи сифатида Бахтиёрнинг йўналиши аслида Чор Россияси ва совет мустамлакасининг илк даврида банклар ва банк иши тарихидир. 

• Масалан, ислом тарихи, ренессанс даврлари, буюк алломаларнинг ҳаёти ва ижоди, Амир Темур фаолияти ва ҳатто хонликлар даври каби тарихимизнинг ошкора ва ҳанузгача яширин даврлари бўйича ўшалар билан махсус шуғулланган мутахассислар гапиргани маъқул ва мантиқлидир ҳамда бу илмий одоб ҳамдир. 

• Лекин Бахтиёр буларнинг ҳаммаси ҳақида, ўзининг ҳали пишиб етилмаган ва қоришиқ фикрларини бемалол ўртага ташлагани ҳам қизиқ.   


Мен бу ерда буюк аллома боболаримиз ҳақидаги фикрларига бироз тўхталмоқчиман. 

• Бахтиёр айтишича, “Мадрасаларда Берунийнинг асарлари ва Форобийнинг асарлари ўрганилмаган эди, ўқитилмаган ҳам...”. У мадрасаларда буларнинг асарлари ўрганилмагани ва ўқитилмаганини қаердан билди десак, у “Мадрасаларда 138 та асар ўқитилган, улар рўйхатида буларнинг асарлари учрамайди”, дейди. 

• У бу гапни Ханыков асаридан олган кўринади. Умуман, мадрасалар дарсликлари ҳақида гапирган ёки ёзганларнинг барчаси мазкур шахс маълумотларидан олишган. 

• Бу шахс махсус топшириқ билан Бухоро амирлигига юборилган, рус географи, шарқшуноси ва дипломати Николай Владимирович Ханыков (1819-1878) ҳисобланади. У 1841 йилнинг август ойидан бошлаб тўлиқ бир йил мобайнида Бухорода бўлган ва 1843 йили Санкт-Петербургда ўзининг “Описание Бухарского ханства” асарини нашр қилдирган. Унда Бухоро мактаб ва мадрасаларида ўқитилган китоблардан роппа-роса 137 тасини номма-ном санаб чиққан (Ўша китобнинг 222 чи бетига қаралсин). Ҳар қалай, Бахтиёр айтганидек 138 та эмас. Мазкур рўйхат бир қанча хато ва камчиликлар билан бўлган бўлса-да, мударрис ва талабалар оғзидан ёзиб олингани сабабли ҳамда мадрасаларда бевосита кўрган-кечирган гувоҳликлари асосида тузилгани билан муҳим аҳамият касб этади. 

• Бахтиёр шу ва шунга ўхшаш маълумотни кўриб, “Мадрасаларда Берунийнинг асарлари ва Форобийнинг асарлари ўрганилмаган эди, ўкитилмаган ҳам...” деган хулосага келади. Аслида, биринчидан, у фақатгина XIX аср ўрталарига оид маълумот ҳисобланади. Ундан бутун бир минг йиллик тарихимиз учун хулоса қилиш мумкин эмас. 

• Шу ерда айтиб ўтишим лозимки, бизнинг мадрасалар таълим тизими ва уларда ўқитилган китоблар, дарсликлар масаласи ва бунга оид тарих ҳозиргача тўлиқ ўрганилган эмас!!! Ҳозир ҳеч ким Ибн Сино ва Берунийнинг даврида ёки мўғиллардан олдин ёхуд темурийлар даврида мадрасаларда қандай китоблар ўқитилгани ва ўрганилганини ёки нега шулар ўқитилганини тўлиқ айтиб бера олмайди. Ҳанузгача ўзбек тилида ёки хорижда ёритилган бу борадаги маълумотларнинг кўпчилиги тахминларга асосланган.


Бу борада махсус тадқиқотлар олиб борилганидан сўнггина бу борада қатъий бир фикрни айтиш мумкин, холос.


• Энди, Бахтиёр “Нима учун уларнинг асарлари ўқитилмаган?” деган саволга жавоб берган бўлиб, “Бу нарса уларнинг исломга қарши таълимотлари билан боғлиқ... Булар анъанавий исломга тушишмайди, анъанавий исломда эмас, анъанавий мазҳабга тушишмайди”, деб хулоса қилади. Мен савол бераман: “Бирор олимнинг асари анъанавий исломга тушмаганлиги ёки анъанавий исломда эмаслиги ёхуд анъанавий мазҳабга тушмагани сабабли мадрасаларда китоблари ўқитилмаган, деган гапнинг ўзи қанчалик асосли? Мадрасаларда асарлари ўқитилмаганининг ўзидан муаллифларнинг эътиқоди “бузуқ” бўлгани ҳақида хулоса қилиш мумкинми?”. 

• Шу ерда Бахтиёрнинг ана ўша Ханыков “Описание Бухарского ханства” асарида келтирган 137 та китоблар рўйхатини жиддий ўқиб ҳам кўрмай фикр билдираётгани маълум бўлади. 

• Чунки, агар ўқиганида, у ерда буюк бобокалонимиз Имом Мотуридий ҳазратларининг битта ҳам асари йўқлигини кўрган бўларди! Нима, унингча Имом Мотуридий ҳам анъанавий исломга тушмайдими ёки анъанавий мазҳабда бўлмаганми?! Ёки ўша рўйхатни жиддий кўриб чиққанида, улар орасида шиа ёки мўътазилий йўналишидаги олимларнинг бир эмас, бир қанча асарларининг номини топган бўларди.

• Ҳаммага маълумки, шиалик ёки мўътазилийлик, Бахтиёр айтганидек, анъанавий исломга тушмайди ёки анъанавий мазҳабга тушмайди.  

• Бахтиёр суҳбати давомида ўзининг бу фикрлари тўлиқ нотўғрилигини сезиб қолиб, “Уларнинг бир-икки трактати ўрганилган бўлиши мумкин, масалан математикага оидлари, чунки қозиларга керак бўлган...”, деб туриб, гапини тўғрилаб кетгандек бўлади. Аслини олганда, бир-икки трактати ўрганилгани-ю ўқитилгани ёки ўрганилмагани-ю ўқитилмаганининг сабаби эътиқод билан боғлиқ эмас эди. 

• Бахтиёр мана шу жойда нотўғри хулосалар чиқариб қўйган. Ҳолбуки, ўша рўйхатни жиддий ўрганганида ёки умуман мадрасаларимиз тарихини жиддий ва пухта ўрганганиб кейин хулосаларини ўртага ташлаганида билиб оларди. 

• Масалан, Имоми Аъзам Абу Ҳанифанинг барча асарлари эмас, икки-учта китоблари эмас, 20 бетга ҳам етмайдиган биттагина “Фиқҳ ул-акбар” номли, Бахтиёр айтмоқчи, кичик ҳажмли трактати ўқитилган, холос. 

• Ҳанафий мазҳаби ҳукмрон бўлган юртда, Имоми Аъзам Абу Ҳанифанинг бошқа бирорта асари ёки у зотнинг шогирдлари ёхуд шогирдларининг шогирдларининг ҳам бирорта асари ўқитилмаган. Мен темурийлардан кейинги беш юз йиллик тарихни айтаяпман. 

Демак, мадрасалардаги дарсликлар масаласи эътиқод ёки мазҳаб билан боғлиқ эмас эди.

• Мадрасалардаги дарслик китоблар ва қўшимча адабиётларнинг танланиши масаласи икки сабабга боғлиқ эди. 

Биринчиси, мухтасарлик, қисқа ва лўнда, энг асосийси содда тарзда муайян фан тўғрисида билим берувчи адабиётлар бўлиши керак эди. 

• Бахтиёр тилга олганидек трактатлик хусусияти бўлиши керак эди. Табиийки, Ибн Синонинг “Шифо”, “Нажот” ёки “Тиб қонунлари” каби кўп жилдлик асарларини мадрасаларда ўқитишнинг имкони йўқ. Шунинг учун, ҳозирги энг замонавий университетларда ҳам бу хилдаги кўпжилдлик китоблар дарслик қилинмайди. 

• Кўп жилдлик асарларнинг мухтасар қилинган шакллари, трактат ҳолига келтирилган алоҳида нусхалари, улар асосида ишлаб чиқилган янгидан-янги тактатлар дарслик вазифасини ўтаган. 

• Масалан, “Тиб қонунлари”нинг ўзи ўқитилмагани билан, унинг “Мухтасар”и ёки Чағминийнинг “Қонунча” асари ўқитилган. 

• Мўғиллар давригача Ибн Синонинг мантиққа оид катта-кичик рисолалари ўқитилган бўлса, темурийлар даврида булар ўрнига ўша даврнинг энг буюк файласуфларидан бири Саййид Шариф Журжонийнинг наҳв ва сарфга оид асарлари билан бирга катта ва кичик мантиқ асарлари ҳам ўқитилган. Шайбонийлар даврида мадрасадаги дарсликлар масаласи қайта кўриб чиқилган эди. 

• Шундан кейин фалсафа йўналишида “Чағминий”, “Ашкол ат-таъсис”, “Таҳрири Иқлидус”, “Исоғучи”, “Шамсия” кабилар асосий дарсликлар вазифасини ўтаган. Мазкур асарлар ХХ аср бошларидаги мадрасаларимизда ҳам ўрганилган ва ўқитилган. 

• Бу факт! Математика ва алгебрага оид Хоразмийнинг асарлари мўғиллар давригача ўқитилган бўлиши мумкин. Темурийлар ва шайбонийлар даврида дарсликлар масаласи ўзгарган эди.

• Шундан кейин, математикани фароиз илми – мерос тақсимоти учун ҳам жиддий ўрганила бошланган. “ал-Фароиз ас-сирожия” ва “Хулосат ал-ҳисоб” кабилар бу даврларнинг энг асосий дарсликлари бўлиб қолди.

• Ханыков маълумотларидан шу нарса маълумки, Ибн Сино ёки Форобий ёхуд Берунийнинг асарлари мадрасаларда бевосита ўқитилмаган бўлса ҳам, лекин уларнинг асарлари асосида тузилган ўқув қўлланмалар ёки уларнинг издошлари ва давомчиларининг бир қанча асарлари асосий дарслик вазифасини ўтаб келган. Ийжий, Тафтазоний, Даввоний ва Қорабоғий кабилар шулар жумласидандир. 

• Бу ҳолат, ушбу улуғ алломаларимиз эътиқодлари туфайли асло четга чиқариб ташланмаганини билдиради. 

• Шу билан бирга, мадрасаларда асосий дарсликлар ва қўшимча адабиётлар масаласи ҳам бор. Уларнинг асарлари асосий дарслик бўлмагани билан қўшимча адабиётлар бўлиб хизмат қилган. 

• Мураккаб, чуқур, кенг ва катта ҳажмли асарларни устозлар талабалари билан бирга қўшимча соатларда кўриб боришган. Шу билан бирга, уларнинг асарлари мадраса ва жамоат кутубхоналаридан жой олгани ва минтақада кўплаб кўчирилгани уларнинг асарлари билан илм аҳли хабардор бўлишганини англатади.  

• Ҳа, айтганча, мадрасалардаги дарслик китоблар ва қўшимча адабиётларнинг танланиши масаласининг иккинчи сабаби сиёсат ва сиёсий жараёнлар билан боғлиқ эди. Ҳозир ҳам бу масаланинг сиёсатга боғлиқ бўлишини кузатиш мумкин. 

• Масалан, фиқҳ илмида “ал-Ҳидоя”нинг асосий дарслик бўлиб қолишининг сабабларидан бири унинг муаллифининг авлодлари бир неча асрлик шайхулисломлар бўлгани билан ҳам боғлиқ эди. Темурийлар даврида Саййид Шариф Журжонийнинг ёки шайбонийлар даврида Мирзожон Шерозийнинг асарлари дарсликлар қаторидан ўрин олиши уларга ҳукмдорлар томонидан ғоят ва ниҳоят даржада эҳтиром кўрсатилгани билан боғлиқ эди. Ва ҳоказо!..   

• Бахтиёр ўз фикрларини давом эттирар экан, ана шу тўртта алломаларимизнинг гўё анъанавий исломдан “четдалиги”ни уларнинг оилавий келиб-чиқишида ҳам кўради. Совет даврида айтиб келинганидек, Форобийнинг ва Хоразмийнинг ёки Берунийнинг ота-боболари исломда бўлишмаган ва ҳатто мажусий коҳинлар оиласидан етишишган. 

• Яъни, билимли донишмандлар оиласида униб-ўсишган, шунга қараб ақидалари ҳам шаклланган эмиш. Ўзи, совет давридан бери келаётган иллат бор: ота-боболар айби сабабли фарзандлар ва авлодлар жавобгар бўлади. 

• Ота-боболари сабабли давлат ишларидан четлаштирилади, қора рўйхатларга тушади ва ҳоказо. Ҳолбуки исломда инсоннинг келиб-чиқишига қаралмайди, келиб-чиқиши ва оилавий муҳити сабабли инсонга салбий баҳо берилмайди. 

• Зотан, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг: “Одамлар маъдан (кон)лар кабидир. Уларнинг жоҳилият давридаги яхшилари исломда ҳам яхшилардир, агар чуқур билимли бўлсалар”, деб марҳамат қилганлар. “Саҳиҳи Бухорий”да ҳам бир неча марта такрорланади бу ҳадис. Жоҳилият даврида донишманд бўлганлар исломда ҳам донишманд деб қаралган. Бу биринчидан. Иккинчидан, ўзи ушбу алломалар яшаган даврларда бу юртларда ислом энди-энди мустаҳкам жой олаётган давр эди. 

• Буни советларнинг тарихчи отаси Бартольд ҳам айтиб ўтганди. Шундай экан, ҳамманинг ота-боболари ёки мажусий ёки бошқа дин ва эътиқод вакили бўлгани, табиийдир. 

• Боболарининг мажусий бўлганини пеш қилиб, невара ва чевараларнинг эътиқодини “бузуқ” ёки анъанавий исломда бўлмаган, деб хулоса чиқариш жуда ажабланарлидир. Масалан, ота-боболари ва ўзлари ҳам бир пайтлар мушрик бўлган саҳобалар исломнинг энг ёрқин юлдузларидир.    

• Бахтиёр мазкур тўрт нафар алломамизни анъанавий исломда эмаслигини гўё исботлашга қаттиқ урунганидан ҳатто “Форобий ҳамма фикрларини айта олмаган, “такия” деган нарса бор”, деган гапи ва хулосаси ҳам жуда қизиқ. Умуман айтилмаган ва ёзилмаган гапдан минг йиллардан кейин хулоса чиқариш мутлақо бемаъниликдир! Бу худди куч ишлатар тизимларнинг ҳали йўқ нарсага “Сен шуни режалаштиргансан ёки бу ишинг келажакда диний ғавғо келтириб чиқаради”, деган аслида йўқ нарса учун бировни қамаб юборишига ўхшайди. 


Иккинчидан, такия (аслида тақия) шиаликка хос нарса ҳисобланади. Тақия ўз эътиқодини бировдан яшириб, дилда бошқа, тилда бошқа гапиришдир.

• Мунофиқликка ўхшайди бу амал, суннийларда тақия йўқ. Форобий яшаган даврда унинг юртида шиалар халқнинг асосий эътиқодини шакллантирадиган кучга эга эмасди. У фаолият олиб борган Бағдодда ҳам бу даврларда шиалар Форобийнинг эътиқодига таъсир ўтказадиган даражада эмасди. 


Учинчидан, Форобий асарларининг бирортасида тақияни маъқуллагани ёки унга ижобий қарагани маълум эмас. Шу билан бирга, Форобийдек ёки Ибн Синодек буюк даҳолар кимларнингдир дағдағасидан қўрқиб, дилда бошқа, тилда бошқа нарсани сўзлайдиган даражада “мунофиқ” бўлмасалар керак!

• Ибн Сино ёки Берунийни бугунги эронлик тадқиқотчилар шиа ёки исмоилий бўлган, деб даъво қилиб келадилар. Уларнинг бир машҳур Оятуллоҳи менинг ўзимга тан олиб айтганидек, “Ибн Сино на кофир эди ва на шиа эди. У ҳар куни бир марта Қуръонни хатм қиладиган чин мусулмон бўлганди!”. 

• Хоразмийнинг алгебрага оид машҳур “ал-Жабр вал-муқобала” асари аслида исломдаги фароиз – мерос илмига оид асар ҳисобланади. Фароиз илмини ўрганиш Қуръон оятларига кўра фарздир. Ана шу фарзни содда, тушунарли ва осон ҳал қилиш йўлларини ўргатилган бу асарда. 

• Ундаги мерос тақсимоти йўллари айнан Имоми Аъзам Абу Ҳанифа мазҳабига биноан кўриб чиқилгани, у анъанавий мазҳабда бўлганини билдиради, албатта.


• Бахтиёр гўё ўзича мазкур алломаларнинг исломда эмаслиги ёки анъанавий исломда бўлмаганини “исботлаш” маъносида ҳатто “Беруний исломда бўлмаган ва аслида мусулмон бўлмаган бўлиши ҳам мумкин”, деган фикрни қистириб кетади. 

• Олимлик хаёлга келган нарсаларни айтавериш эмас! Ибн Сино ўзининг таржимаи ҳолида шахсан ўзи 10 ёшгача Қуръонни тўлиқ ёд олганини айтиб ўтади, отаси ёки акаси исмоилийларнинг фикрларини айтиб қолишганда, ушбу фикрларни ўзи қабул қилмаганини ҳам айтади. Берунийнинг мусулмонлиги ва шиа ҳам бўлмагани ўз асарларидан маълум. Буни инкор қилиш ҳақни инкор қилишдан ёки ҳақиқатни атайин яширишдан бошқа нарса эмас! Ва ҳоказо!..    

• Ва ниҳоят, Бахтиёрнинг “Беруний ва Ибн Сино ҳақида араблар ва инглизлар ўзбеклардан кўра кўпроқ ёзишган”, деган гапи мутлақо тўғри! Афсуски, бунга советлар давридаги ва ундан кейинги даврлардаги таълим ва илм-фандаги нотўғри тизим айбдордир! Ибн Сино ҳаёти ва ижоди ҳақида бугунги Эронда ёки ёнимиздаги Тожикистонда биздан кўра кўпроқ иш қилинган. Бугунги кунда Эронда Ибн Синонинг ўзбеклар ва ҳатто ўзбек тадқиқотчилари ҳам билмаган ва эшитмаган китоблари нашр қилинган, таржима қилинган ва улар устида илмий тадқиқотлар олиб борилган. 

• Афсуски, Беруний бобомизнинг асарлари тўлиқ ўзбек тилига таржима ҳам қилинмаган. Форобийнинг бир-иккита асарларидан бошқасини ўзбек ўқувчилари билмайди... Ва ҳоказо!

• Ислом ҳужжати Имом Ғаззолийнинг Форобий ва Ибн Сино тўғрисидаги фикр-мулоҳазалари борасида, минг афсуслар бўлсинки, ўзбек тилида тадқиқотлар амалга оширилмаган ва Ўзбекистон олимлари бирорта иш қилган эмас. 

• Ҳатто, биргина илмий мақола ҳам йўқ! Лекин бир нарса ҳақиқатки, Имом Ғаззолий ҳазратлари Ибн Синонинг аслида форс тилида ёзилган “Донишнома” асарининг фалсафа қисмини араб тилига тўлиқ таржима қилганлар. 

• Лекин бизнинг бобокалонимиз, Бахтиёр айтмоқчи, “ўзбек олими” Абу Али ибн Сино ҳазратларининг ана шу асари ҳам, афсуслар бўлсинки, ўзбек тилига таржима қилинган эмас.  

• Бахтиёрнинг Соҳибқирон Амир Темур тўғрисидаги фикрлари ҳам худди мана шу тўрт нафар алломаларимиз тўғрисидаги фикрлари кабидир. Амир Темур мусулмонликдан кўра кўпроқ тангричилик динига амал қилган, деганга ўхшаш фикрлар том маънода тўғри эмас. Аслида бу фикрнинг келиб-чиқишига Амир Темурнинг Чингизхон ясоларига амал қилгани сабаблидир. 

• Ясо, яса, ёсо, ёсоқ – бу Чингизхоннинг ишлаб чиққан қонунномаси бўлиб, у кўпроқ туркий халқларнинг аввалдан келаётган урф-одатлари билан боғлиқ эди. Урф-одат бўлгани боис унинг ёзма варианти ҳам бўлмаган, кўпроқ оғзаки тарзда тарқалган, урф-одатларга амал қиладиганлар унга ҳам амал қилишаверган. Энг асосийси, у юзтага ҳам етмайдиган қоидалардан иборат.

• Ана энди, тарихий китобларнинг ҳаммасидаги маълумотларни йиғиб-териб келганимизда ҳам Амир Темурнинг мазкур ясони қўллагани ҳолатлари олти-еттитадан ошмайди. Ислом фиқҳидаги масала-масойилларнинг сони эса 3 миллиондан ортиқ. Миллионлаб масала қаршисида, 6-7 та ясога, аслида урф-одатга амал қилиши билан уни бошқа динга мансуб дейиш маълумотларни чалкаштириш, яшириш ва нотўғри хулосалар тақдим қилишдан бошқа нарса эмас, десам мени айбга буюрманглар. 

• Хўшш, темурийлар даврининг энг етук алломаларидан бири, юқорида номини тилга олганим, Саййид Шариф Журжоний Соҳибқирон Амир Темур ҳазратларини ислом мужаддиди деб эълон қилгани ҳам бежизга эмас. XIX аср алломаси Аҳмад Дониш ҳам Амир Темурни ислом мужаддиди деб айтган эди. Мужаддид бу динга янгидан куч-қувват бағишлаган одамга айтилади. Бу ҳақида шуларнинг ўзи етарли бўлса керак.

• Хулоса шуки, олимларнинг ҳамма гапининг далили бўлади, лекин чиқарган хулосалари ҳар хил бўлади. Хулосалар инсоннинг ўз билимига, дунёқарашига, атроф-муҳити, таълим-тарбияси, сиёсий ва ижтимоий мансублигига боғлиқ бўлади. 

• Нима бўлганда ҳам, Бахтиёр Алимжонов каби фикрларни ўртага ташлаб кўравериш керак. Илм шунда ривожланади, фикрлар шунда уйғонади, теранлашади, янгиланиб боради. Бироқ, буюк доҳийимиз Алишер Навоий бобомизнинг мана бу ҳикматини унутмаслик керак, холос: “Олдига қўйганни емак ҳайвоннинг иши, Оғзига келганни демак нодоннинг иши”.  


Ҳамидулла Аминов (Ҳамидуллоҳ Беруний).

@adolat_kuychisi

Report Page