БАХТ СИРИ НИМАДА?

БАХТ СИРИ НИМАДА?


Бир аёлдан «Турмуш ўртоғингиз сизни бахтли қила олдими?» деб сўрашибди. Унинг ёнида турган эри рафиқасининг «ҳа» деб жавоб беришига ишончи комил бўлиб, гавдасини ростлабди. Чунки аёл оилавий ҳаёт давомида ҳали бирон марта норози бўлиб, нолимаган эди.  Бироқ кутилмаганда «йўқ» деган жавобни эшитган эркак бирдан эсанкираб қолибди. Хонадон бекаси эса давом этибди:

– Эрим мени ҳеч қачон бахтли қилмаган. Чунки бахтли бўлиш ёки бўлмаслигим унга боғлиқ эмас. Бахтим учун жавобгар ягона инсон бу – менинг ўзим. Шундай экан, умрим давомида ҳар қандай вазият, ҳар бир онда бахтли яшашга қарор қилганман. Агар бахтим бошқа инсонга, қандайдир вазиятлар ёки бирон бир нарсага боғлиқ бўлганида, ишонинг, бу жиддий муаммога айланарди. Ҳаётдаги ҳамма нарса: одам, бойлик, инсон танаси, иқлим, қувонч, дўстлар, саломатлик доимий равишда ўзгариб туради. Нимаики юз бермасин, одамлар орасида юрганимда ёки ёлғиз қолганимда, менга тегишли нарсалар кам ёки кўп бўлганида, ҳамиша ўзимни бахтли ҳис этаман.

Баъзи инсонлар хасталангани, пули қолмагани, кунлар исиб ёки совиб кетгани, кимдир ҳақорат қилгани ёки меҳр кўрсатмай қўйгани, фарзандлари қулоқ солмаётгани, дўстлари хабар олмай қўйгани, иши юришмаётгани ва бошқа сабаблар билан ўзини жуда бахтсиз ҳис этади. Бу нотўғри. Ҳар бир инсон ўз бахти учун ўзи жавобгар – бошқа ҳеч ким! Бу масъулиятни бошқа бировнинг зиммасига юклаш керак эмас. Шуни унутмаслик лозимки, ҳаётнинг шафқатсиз синовларини енгиб ўтиш асносида улардан тегишли сабоқ чиқариб, умидсизлик ва тушкунликка тушмаган ҳолда ушбу оғир дамни ҳам бахтли онга айлантириш ҳар кимнинг ўз қўлида! 

Гулчеҳра АЗИМОВА тайёрлади.  


Report Page