БАЧАДОН НАЙЛАРИ ЁПИҚЛИГИ

БАЧАДОН НАЙЛАРИ ЁПИҚЛИГИ

@ginekologim

Бачадон найлари ёки фаллоп найлари (русчада маточные трубы, фаллопиевые трубы) ёпиқлиги одатда нохушлик ҳисси туғдирмайди ва аёл соғлигига салбий таъсир кўрсатмайди. Ҳатто эътибор берилмаса сезилмайди ва кўпчилик аёллар бачадон найлари очиқ ёки ёпиқ экани ҳақида билмайдилар ҳам.

Аммо бу масала асосан фарзандли бўлиш зарурати туғилганда юзага чиқади. Чунки бачадон найлари ўтказувчанлиги ҳомиладор бўлишда муҳим аҳамият касб этади. Найларнинг ёпиқлиги эса ҳоимлдор бўлишга тўсқинлик қилади.

Бачадон найлари ёпиқлиги келиб чиқиш сабабига кўра икки хил бўлиши мумкин.

Найларнинг органик ёпиқлиги тухум ҳужайра йўлида учрайдиган анатомик тўсиқлар билан тавсифланади. Бу чандиқланиш, ўткир ва сурункали яллиғланиш натижасида бачадон найларининг торайиши ёки бачадон найи ички шиллиқ қаватида полипсимон ўсимталарнинг ҳосил бўлиши оқибатида бўлиши мумкин.

Найларнинг функционал ёпиқлиги бачадон найининг меъёрдаги перистальтикаси бузилиши билан боғлиқ бўлади. Бундай ёпиқлик ҳолати организмнинг гормонал тизимидаги бузулишлар натижасида юзага келади.

Бачадон найлари ёпиқлиги тўлиқ ва қисман бўлиши мумкин. Тўлиқ ёпиқликда иккала бачадон найларининг барча қисмида ўтказувчанлик бўлмайди. Қисман ёпиқ бўлганда битта бачадон найи ёки бир қисми ёпиқ бўлади.

 

Бачадон найлари ёпиқлигининг сабаблари:

−    яллиғланиш касалликлари (хусусан, жинсий йўл орқали ўтадиган касалликлар);

−   бачадон найларининг буралиб қолиши;

−  стерилизация мақсадида найларни боғлаб қўйиш;

−   ўтказилган жарроҳлик амалиётлари, инввазив (ички аъзолар ва ички шиллиқ қаватида бажариладиган) ташхис ва даволаш муолажалари;

−  туғруқдан ёки абортдан кейинги асоратлар;

−  эндометриоз;

−  ривожланган туғма нуқсонлар;

−  гидросальпинкс – бачадон найларининг кенгайиши ва суюқликка тўлиб қолиши;

− катта ҳажмли миома ёки ўсмаларнинг пайдо бўлиши;

Найлар ёпиқлиги сабаби кўпинча кичик чаноқ аъзоларида чандиқланиш ҳисобига ҳам бўлиши мумкин.

 Бачадон найлари ёпиқлиги ташхиси

Найлар ёпиқлигини фақат махсус усукуналар орқали бажариладиган текширув ёрдамида аниқлаш мумкин (гистеросальпингоскопия, диагностик лапароскопия). Аммо бу текширувни тайинлаш учун шифокор−мутахассис (репродуктолог) бепуштликнинг сабаби найлар ёпиқлиги бўлиши мумкинлиги ҳақида хулоса бериши керак. Шунинг учун репродуктолог пациентни текшириш мобайнида найлар ёпилиб қолишининг сабабларини аниқлашга ҳаракат қилади. Ташқи томондан найлар ёпиқлигининг ҳеч қандай аломати бўлмайди. Шунинг учун шифокор пациентга қуйидаги саволларни беради:

−   Илгари ҳомиладор бўлганми?

−  Гинекологик ёки қорин бўлшиғи билан боғлиқ жарроҳлик амалиёти ўтказганми?

−    Жинсий йўл орқали ўтадиган касалликлардан даволанганми?

−   Кичик чаноқ соҳаси касалликларига чалинганми?

Бундан ташқари эндокрин омил сабабли бўлган бепуштликка учраган ҳамда узоқ муддат даволаниш, ҳамда турмуш ўртоғининг насл қолдириш салоҳияти меъёрда бўлгани ҳолда натижа бўлмаган пациентларда хам найлар ёпиқлиги эҳтимоли кўпроқ бўлади.

Найлар ёпиқлиги билан кичик чаноқ соҳасидаги чандиқланишни бир−бири билан адаштириш эҳтимоли бўлгани учун гиенкологик текширув ўтказиш лозим бўлади. Шифокор қин гумбазларининг қисқарганини ва бачадоннинг меъёрдаги жойлашуви ўзгаргани ёки ҳаракатчанлиги камайганини аниқлаб баҳо беради.

Бачадон найлари ёпиқлиги гистеросальпингоскопия (гистеросальпингография) орқали аниқланади. Диагностик лапороскпия ҳам бу борада аниқроқ маълумот беради, аммо наркоз остида қилинадиган мураккаб усул ҳисобланади.

Гистеросальпингоскопия рентген ёки ультротовуш орқали амалга оширилади.

Рентген орқали бажарилганда бачадонга таркибида 50% дан 76% гача йод бўлган (рентген нурларини қайтариши учун) гидроконтраст суюқлик (масалан, кардиотраст, верографин ва шунга ўхшаш) юборилади. Шундан сўнг бачадон бўшлиғи махсус рентген аппарати ёрдамида бир неча марта суратга туширилади. Муолажа ўртача 30−40 дақиқа вақт олади.


Ультратовуш орқали бажариладиган ташхис усули жуда ҳам осон, нисбатан оғриқсиз замонавий усул бўлиб гидроконтраст сонография (HyCoSy) ҳам дейилади. Мазкур усул ёрдамида бачадон найчаларининг ўтказувчанлигини билиш ва бачадон ва эндометриумдаги анормал камчиликларни текшириб кўриш мумкин. Бу усул анъанавий рентген нурлари ёрдамида бажариладиган гистеросальпингоскопия усулига муқобил ўлароқ хавфсиз ва ишончли усул ҳисобланади. Муолажа вақти ҳам аввалги усулга нисабатан икки марта қисқа. Нурланишлардан ҳоли ва йодланган контраст материаллар ишлатилмасдан амалга оширилади ҳамда мониторда реал вақт жараёнида кузатиш имконини беради. Бу усулни қўллаганда спазм сабабли  бачадон найининг бир девори иккинчисига ёпишиб қолиши мумкин. Шунда мониторда худди чандиқдек кўринади. Аммо бу усулнинг даволаш таъсири ҳам бор. Текширув мобайнида суюқлик бачадон найи ичидаги кичик чандиқларга босим ўтказиб уларни парчалайди ва натижада бачадон найи ўтказувчанлигини яхшилайди. Оқибатда ҳомиладорлик эҳтимоли ҳам ортади.

Лапароскопия ёрдамида ташхис қўйиш жарроҳлик амалиёти бўлиб, унда умумий оғриқсизлантириш (наркоз) остида қоринда тешиклар очилиб ҳаво юборилади. Киндик остидан очилган тешик орқали лапароскоп, бошқа тешиклар орқали махсус асбоблар киритилади. Бунда ҳам гистеросальпингоскопиядаги каби бачадонга контраст суюқлик юборилади ва суюқлик бачадон найлари орқали қорин бўшлиғига тушиши текширилади. Агар чандиқлар борлиги аниқланса, жарроҳ уларни олиб ташлайди.

 Бачадон текшируви қачон ўтказилади?

Бачадон найи текшируви ҳайз цикли тугагандан кейин бир кун ўтиб ўтказиш мумкин. Циклнинг 5-11 кунларида ўтказилади.


Бачадон найлари ёпиқлигини даволаш

 Бачадон найлари ёпиқлигининг асосий муаммоси ҳомиладор бўлолмасликдир. Чунки бу муаммо бўлмаса, бачадон найлари ёпиқлиги ўзича соғлиққа безарар ҳисобланади. Найлар ёпиқ бўлганда ҳомиладор бўлиш учун найлар ўтказувчанлигини очишга қаратилган жарроҳлик амалиёти ўтказиш керак бўлади. Бу лапороскопик реконструктив пластик амалиёт бўлиб, унинг қуйидаги турлари мавжуд:

фимбриопластика – бачадон найиниг конуссимон киришини тиклаш;

сальпинголизис – бачадон найини босиб турувчи чандиқлардан халос қилиш;

сальпингостомия – бачадон найининг ёпиқ ампуляр (ампуласимон) қисмида (айнан мана шу қисмда сперматазоид тухум ҳужайра билан учрашади) янги тешик очиш;

Эндометриозда эндометриянинг (бачадон шиллиқ қавати) ортиқча ўсиб қолган марказлари куйдирилади ёки олиб ташланади. Агар чандиқланиш ҳам бўлса коагуляция (ёпиштириш орқали жипслаштириш) ва чандиқларни бўлиб ташлаш амалга оширилади.

Лапороскопия

Жарроҳлик амалиётидан кейин тикловчи даволаш муолажаси ўтказилади. Кейин бир неча циклда овуляция стимуляцияси ўтказилиб ҳомиладорлик бўлиши кутилади. Найлар ўтказувчанлиги тиклангандан кейин 6 ой давомида ҳомилдор бўлишга ҳаракат қилинади. Бу муддатдан кейин ҳоимиладорлик эҳтимоли камайиб боради. Лапароскопиянинг битта асосий камчилиги, амалиётдан кейин бачадон ташқарисида ҳомиладорлик юзага келиш хавфининг 25−30 фоизгача кўтарилишидир. Шунинг учун бундай салбий оқибатнинг олдини олиш мақсадида ҳомиладорликнинг эрта вақтларида ультратовуш текшируви орқали назорат қилиб туриш тавсия этилади.

Агар жарроҳлик амалиёти ўтказилгандан кейин бир йил ичида ҳомиладорлик юзага келмаса ЭКУ муолажаси тавсия қилинади.

 

Бачадон найлари ёпиқлигида ЭКУ муолажаси

 ЭКУ одатда бошқа даволаш усуллари самара бермаганда қўлланиладиган охирги чора ҳисобланади.

Аммо баъзида ЭКУ муолажаси илк мурожаат қилиниши керак бўлган усул ҳам бўлиши мумкин. Бу қуйидаги ҳолатларда бўлади:

−   пациент жарроҳлик амалиёти (лапароскопия) ўтказишни истамаса;

−   жарроҳлик амалиёти ўтказишга қарши кўрсатмалар бўлса;

−    аёлнинг тухум ҳужайра заҳираси кам бўлса ва бепуштликка сабаб бўлувчи бошқа патологик омиллар ҳам мавжуд бўлса;

−  аёл кечки репродуктив ёшда бўлса (38 ва ундан юқори)

Агар репродуктив тизимга оид бошқа барча кўрсаткичлар меъёрда бўлса, бундай вазиятда (яъни фақат бачадон найлари ёпиқлиги тўсинлик қилиб турган бўлса) ЭКУ орқали ҳомилдор бўлиш эҳтимоли бошқа ҳолталардагига нисабатан катта бўлиб 50−60 фоизни ташкил қилади. Чунки ЭКУ муолажасида бачадон найлари ҳеч қандай рол ўйнамайди. Ҳатто бачадон найлари олиб ташланганлиги ҳам ЭКУ муолажаси ёрдамида ҳомиладор бўлишга тўсқинлик қилмайди.

 

Бачадон найи ёпиқлигида ҳомиладорлик имконияти

 Ҳомиладор бўлиш кўп омилларга боғлиқ, жумладан:

−   бачадон найи ёпиқлиги сабаблари;

−   ёпиқлик бачадоннинг қайси қисмида юзага келагани;

−     қўшимча равишда ҳомиладорликка тўсқинлик қилувчи чандиқланишнинг бор−йўқлиги;

−    ҳомиладорлик юзага келмаётганлик муддати;

−   ҳомиладор бўлишга тўсқинлик қилувчи бошқа омиллар (ановуляция, эндометриоз, киста, эркак спермаси сифати пастлиги ва ҳ.к.)

Агар аёл киши ёш бўлса ва репродуктив тизимда бошқа ёндош касалликлар бўлмаса, лапароскопия амалиётидан кейин ҳомиладор бўлиши мумкин. Қолган ҳолатларда ЭКУ муолажаси тавсия этилади. Умуман бу борада репродуктолог шифокор зарур текширувларни ўтказгандан кейин қарор бера олади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бачадон найлари ёпиқлиги бу бепшутлик ҳақида ҳукм эмас. Бундай ҳолатда ҳам албатта аёллар оналик бахтига муяссар бўлишлари мумкин .  

 

Бачадон найини олиб ташлаш хавфли эмасми?

 Аёл репродуктив тизимида бошқа органлар каби бачадон найининг аҳамияти ҳам катта. Аммо баъзан уни жарроҳлик йўли билан олиб ташлашга тўғри келади. Шундай жиддий амалиёт олдида турган аёлларни қатор саволлар қийнаши табиий. Қуйида бу борада энг кўп тарқалган мурожаатларга ойдинлик киритамиз.

 

Бачадон найини олиб ташлаш учун қандай кўратмалар мавжуд?

Бачадон найларининг олиб ташланишига най(лар)нинг кучли яллиғланиши, улардаги ҳар хил патологиялар ёки бачадондан ташқари ҳомиладорлик сабаб бўлиши мумкин.

 Организмнинг бу ораганидаги касалликлар асосан орттирилган бўлади. Яъни турмушга чиққач, жинсий ҳаёт бошланидан сўнг ташқаридан олиб кириладиган инфекциялар оқибатида юзага келади. Бетартиб жинсий ҳаёт ва кўп марталик абортлар инфекциянинг анча ичкарида жойлашган бу органгача етиб боришига сабабдир.

Бачадон ва унинг найлари аслида инфекциядан ҳоли (стерил) орган саналади. Лекин аёл вақтида даволанмаса, инфекция бачадонга, ундан сўнг эса найларга тушиши мумкин. Натижада яллиғланиш, найларнинг битиб қолиши ва бошқа касалликлар кузатилади. Яллиғланишда аввал кўп ажралмалар келади, аёл бунга эътибор бермаса, оғриқлар бошланиб, тана ҳарорати кўтарилади.

Шифокор яллиғланиш қаерда бўлганига қараб, найларнинг биттаси, баъзида эса иккисини ҳам олиб ташлашга кўрсатма бериши мумкин. Муолажа қилинмайди дейишингиз мумкин. Ҳар қандай даво чораси фақат мутахассис тавсияси билан бажарилади. Бачадондан ташқари, яъни найларда ҳомиладорлик юзага келса, аёл ҳаёти учун хавф туғилади. Чунки қон кетиши ва қаттиқ оғриқлар бошланади. Шунда ҳам найлар олиб ташланади.

Турмушга чиқмаган қизларда бачадон найларини олиб ташлаш ҳолатлари деярли йўқ, чунки уларда бунга олиб келадиган сабаблар ҳам йўқдир.

 

Бачадон найини олиб ташлаш зарарли эмасми?

Найлар ҳеч қандай гормонал аҳамиятга эга аъзо эмас, улар фақат ўтиш йўли вазифасини бажаради. Шунинг учун найларнинг олиб ташланиши аёл саломатлиги учун катта хавф туғдиради деган гап афсонадир. Шифокорлар бу амалиётга киришишдан олдин бемор ҳаётига нисбатан юзага келадиган барча хавфларни ўрганиб чиқишади, шундан сўнг амалиёт ўтказилиши мумкин.

 


Бачадон найи олиб ташлангач фарзандли бўлиш мумкинми?

Битта най билан ҳам табиий равишда ҳомиладор бўлиш имкони юқори ва ҳар икки жинсдаги фарзанд кўриш ҳам мумкин. Бордию иккала най ҳам олиб ташланса, экстрокорпорал уруғлантириш йўли билангина ҳомиладор бўлиш имкони сақланиб қолади. Агар аёлга ЭКУ қилиш тавсия қилинса ва унинг бачадон найларида яллиғланиш, суюқлик йиғилиши ҳамда бошқа дардлар кузатилса, амалиётдан олдин найлар олиб ташланади. Чунки найлардан бачадонга тушадиган суюқлик эмбрионнинг бачадон деворига ёпишиши ва нормал ривожланишига тўсиқни юзага келтириши мумкин.

 Фойдали тавсиялар

Энг аввало, жинсий гигиена қоидаларига риоя этиш лозим. Қиндаги инфекцияларни вақтида даволаш, вақтида касалликларни ташхислаш, керакли таҳлиллар ўтказиш лозим. Турмушга чиққан аёл ҳар олти ойда гинеколог кўригидан ўтиши керак. Ва албатта, тартибли жинсий ҳаёт олиб бориш шарт.

 

Гинеколог Нилуфар КАБИЛОВА тайёрлади

 

ҲОМИЛАДОРЛИК САҲИФАСИ

 КАНАЛ МУНДАРИЖАСИ

 Каналга уланиш учун босинг:👉🏻@ginekologim👈🏻


Report Page