БАЧАДОН БЎЙНИ ЭРОЗИЯСИ ВА ДИСПЛАЗИЯСИ

БАЧАДОН БЎЙНИ ЭРОЗИЯСИ ВА ДИСПЛАЗИЯСИ

@ginekologim


Бачадон бўйни эрозияси – бачадон ичи қопловчи эпителий қатламининг кимёвий моддалар (совун, дори, ишқор ва кислота) таъсири, туғруқ, аборт, даволаш ва текшириш мобайнида асбоблар билан ишлаганда тампон, диафрагма, бачадон ичи воситалари ёки бегона жисмлар орқали етган жароҳат натижасида нуқсонга учрашидир.  Бунда бачадон бўйнининг жароҳатланган қисми бироз шишган ёки пўк-ғовакли бўлиб, кўпинча  ёрқин қизғиш тусда, қон сизиши билан бирга кўринади. Аёл киши қонли ажралма келаётганидан ёки жинсий алоқа пайти қон келаётганидан шикоят қилади. Кўпинча бундай ҳолатда “эрозия” атамаси ишлатилади. Кўпгина шифокорлар эктропин, ўткир ва сурункали цервицит ва шунга ўхшаш хавфсиз ўсмаларни эрозия деб атайдилар. Бу эса хато. Баъзида эрозия билан дисплазияни адаштирадилар, ёки дисплазия учун ҳам эрозия атамасини қўллайдилар. Бу ҳам унча тўғри эмас.

Бачадон бўйни дисплазияси билан эрозияси ўртасидан қандай фарқ бор?

  Эрозияда эпителий қатламнинг бутунлиги бузилади, дисплазияда эса таркибий бузилишлар рўй беради. Дисплазия бачадон эпителий қатлами ҳужайраларининг бузилиш жараёни бўлиб агар тегишли даволаш чоралари кўрилмаса бачадон бўйни хавфли ўсмасига (саратон) айланиши мумкин. Дисплазиянинг ўсмага (саратонга) айланиш жараёни йиллаб давом этиши мумкин. Дислпазия ўсма пайдо бўлишидан олдин рўй берадиган касаллик ҳисобланади. Шунинг учун дисплазияни вақтида аниқлаб даволаш хавфли ўсманинг олдини олади. Эрозия эса хавфли ўсмага айланмайди. Аммо бачадон бўйнининг сурункали жароҳатланиши дисплазияга олиб келиши мумкин. Ҳақиқий эрозияни кўп ҳолатда даволаш талаб этилмайди. Яъни узоқ муддат бачадон бўйнини жароҳатловчи омил бўлмаса, бу вақт давомида яраланган жой ўзи тикланишга улгуради. Баъзи ҳолатларда эрозияни даволаш керак бўлади.

Ташхис ва даволаш

Эрозия ва дисплазия кўпинча ташқи аломатларсиз рўй бериши мумкин. Гоҳида алоқадан кейин ёки гинеколог текширувидан кейин қонли ажрлама келиши кузатилади. Баъзан қорин остида кучли бўлмаган оғриқ бўлиши мумкин. Тўғри ташхисни фақат гинеколог қўйиши мумкин. Эрозияни оддий гинекологик текширувда махсус кўзгу орқали кўриш мумкин. Бачадон бўйнининг жароҳатланган қисми қизғиш тусда бўлиб, озгина босганда қонайди. Эрозиями ёки дисплазиями буни аниқ билишнинг усули кольпоскопия аппарати ёрдамида бачадон бўйнини микроскоп остида текширишдир. Эрозия ёки дисплазия бўлган жойдан тўқимани ажратиб олиб (биопсия) унда цитологик (ҳужайра даражасида) текширув ўтказиш ҳужайра зарарланишининг даражасини аниқлаб янада тўлиқ маълумот беради.

Эрозиянинг сурункали ҳол олгани ва дисплазияга айлангани ёки айланиш арафасида бўлгани аниқланса даволаган маъқул. Чунки дисплазиянинг енгил даражаси 60% ҳолталарда ўзи тузалиб кетсада, қолган ҳолатларда ривожланиб ўрта ва оғир даражага келиши мумкин. Ўрта ва оғир даражаларни эса хавфли ўсмага айланишининг олдини олиш жиҳатидан ҳам даволаш зарур бўлади. Даволашни касаллик  сабабини ўрганган ҳолда кенг қамровли олиб бориш яхши натижа беради. Аввал яллиғланиш жараёнини тўхтатиш лозим. Бунинг учун суюқ дорини пуркаб ювиш ёки яллиғланишга қарши суртмалар қўлланилади. Агар инфекция борлиги аниқланса антибактериал даволаш ўтказилади. Шундан кейин бачадон бўйни шиллиқ қаватидаги бузилган ва чандиқ бўлган қисмлар олиб ташланади. Бунинг бир неча усули бор:

- лазер нурида коагуляция қилиш (майда қисмларни жамлаш), самарали ва замонавий усули бўлиб, юқори аниқликни таъминлаб, соғлом тўқималарга зарар бермайди, яра ва чандиқ лар ҳам тез битади;

- диатермокоагуляция – эрозияни электр токи ёрдамида куйдирилади;

- криодеструкция – эрозияни суюқ азот (жуда паст ҳарорат) ёрдамида тозалаш;

- кимёвий коагуляция – бузилган ҳужайраларни эритувчи махсус кимёвий дори воситалари билан ишлов бериш;

- охирги чора сифатида дисплазиянинг оғир даражаларида, ўсмага айланиш хавфи бўлганда жарроҳлик амалиёт орқали бачадон бўйниннг зарарланган қисмини олиб ташлашга тўғри келиши мумкин.

 

Гинеколог Нилуфар КАБИЛОВА тайёрлади

 

Каналга уланинг:👇

https://t.me/joinchat/AAAAAFBvdBiwu4MpzsQ1zQ




Report Page