“БЎЙНИДА АЙБИ БОРНИНГ ОЁҒИ ҚАЛТИРАЙДИ” ёҳуд жиноятнинг жин кўчасидаги гиёҳвандга суд ҳукми ўқилди.

“БЎЙНИДА АЙБИ БОРНИНГ ОЁҒИ ҚАЛТИРАЙДИ” ёҳуд жиноятнинг жин кўчасидаги гиёҳвандга суд ҳукми ўқилди.

Ҳуқуқ олами канали @huquq_olami

Ҳаётнинг нечоғли гўзал, қадри улуғлигини кўз олдингга ажал шарпасини келтириб қўйганда биласан, дейишади. Шундагина бу ёруғ оламдан воз кечиш осонмаслиги ҳис этасан. Тўшакка михланган ёки ногирон, касалми-ўсалми, қай бир ачинарли тарзда бўлса-да, яшашни истайсан. Ўтган умрингни сарҳисоб қилиб, бой берган давронинг, умринг учун ўкинасан.

Албатта, бу кечинмалардан файзиёбликда яшаб, ҳаётидан мамнун ва рози ўтаётганлар мустасно. Улар сафида бўлиш ёқимли. Бироқ, билиб-билмаган холда юқоридаги холатга тушиб қолганларга ачинасан, совурилган умрга ачинасан... афсуски бу пайтда кеч, ортга қайтишнинг имкони қолмаган бўлади.

Ёши 60дан ўтган Жалил Норовнинг кўнглидан ҳам бугун шундай ўйлар кечаётган бўлса не ажаб. Ахир у ҳам ҳаммасини бой берди. Одамдек яшаш учун эса, қолган фурсатнинг муддати қанчалигини Яратган билади.

У йигирма йил муқаддам илк бор ўз жонига қасд қилганди. Шундан сўнг оиласидан файз, фарзандлари билан муносабатидан муроса, ҳурмат, маҳалла-кўй, жамиятдан ўрни кўтарилди. Саломатлиги заифлаша борди.

Ҳа, у наркотик модда истеъмол қилишга ўрганганган эди.

Қонунга зид ҳатти-ҳаракатлари фош бўлиб илк бор суд курсисига ўтирганда ҳам қилаётган ишининг оқибатини идрок этмади. Ўшанда у 40 ёшда эди. ҳартугул ўзини тузатишга, ҳаётини ўнглашга, тубсизликдан ёруғ оламга қайтишга фурсати, имкони бор эди.

Бугун 60 ёшдан ўтди. Қайта-қайта судлангани, турли даражадаги жазолар... дилини ғаш қилади. Қилмишларидан орият қилиб бош кўтаришга қурби етмайди. Аммо ўрганган танаси, жисми, нафсини тийишга ирода тополмайди. Базўргина топганига яширинча бориб гиёҳванд сотиб олишдан ўзини тўхтата олмайди. 

“Бўйнида айби борнинг оёғи қалтирайди”, дейишади. Шу маънода Ж.Норовнинг аланг-жаланг кўз боқиб қадам ташлаши ҳар қандай кишида шубҳа уйғотарди. ИИБ ходимлари унинг ҳатти-ҳаракатини кузатишаркан, назорат қилиш учун тўхтатадилар. Гумон қилинганидек, унинг ёнидан 5 та гугурт қутига жойланган 18,76 грамм марихуана гиёҳвандлик моддаси топилади.

-  Бир қутисини 50.000 сўмдан, ҳаммасини 250.000 сўмга олгандим. Ўзимга... истеъмол учун... Мени кечиринглар.

Мана, у яна қора курсида. Боши эгик, ўтирган ўрнида юқорида айтиб ўтганимиз – ўтган умрининг сарҳисоби билан ўралашаётган бўлса не ажаб. Ахир айни дам у бу ерда эмас, уй тўрида набиралар оғушида, оила саодатидан баҳраманд ўтириши ҳам мумкин эди.

Суд Ж. Норов қилмишини Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 276-моддасининг 2-қисми “а” банди билан баҳолаб, унга нисбатан, 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлади. Бу жазо унга берилган яна бир имкон десак хато эмаски, шояд у кейинги ҳаётини мазмунли ўтказиш, яхшилик ва эзгулик сари буриш йўлида оиласи бағрида курашади.

Танганинг олд ва орти бўлганидек, ҳар бир нарса, ҳатто ҳаётнинг икки томони мавжуд. Яхши ёки ёмон. Бизга берилган буюк инъом, умрни қандай ўтказишни ўзимиз танлаймиз, албатта. Бизнинг тилагимиз, муддаойимиз эса битта! Ҳар бир инсон яхшилик, эзгуликла ёруғ йўлдан борсинки, охир дам надомат билан кечмасин.

Акрамжон Арипов

Жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят   суди Суд амалиётини таҳлил қилиш бўлими бошлиғи

"Ҳуқуқ олами" каналига уланиш учун линкни босинг👇👇 https://t.me/joinchat/AAAAAE_2IK9N02cf7bK96g


Report Page