Аҳолига пенсия пластик карталар орқали тарқатилади

Аҳолига пенсия пластик карталар орқали тарқатилади


Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш мақсадида Республика махсус комиссияси тавсиясига асосан аҳолига иш ҳақи ва пенсия тўловларини устувор равишда банк карталари орқали амалга ошириш чоралари кўрилмоқда.

Хусусан, ҳозирда маҳаллий ҳокимликлар, банклар, Молия вазирлиги қошидаги ғазначилик ҳудудий бўлинмалари ҳамда Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси, унинг ҳудудий бўлинмалари билан биргаликда бу борада барча ташкилий ишлар бошлаб юборилган. Унга кўра:

– дастлабки босқичда, яъни жорий йилнинг май ойидан бошлаб, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида истиқомат қилувчи аҳолининг пенсия тўловлари банк карталари орқали амалга оширилади;

– кейинги ойлардан бошлаб, ушбу чора-тадбирлар босқичма-босқич қолган ҳудудларда давом эттирилади.

Бунда пенсионерлар томонидан банк карталарини очиш ва унга эга бўлиш учун Халқ банки бўлимларига бориб юришлари талаб этилмайди.


Бунинг учун:

– Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан фуқаролар тўғрисидаги керакли маълумотлар карта очиш учун Халқ банки бўлинмаларига электрон шаклда юборилади ва банк томонидан уларга карта очилади;

– сўнгра ойлик пенсия тўловлари Пенсия жамғармаси бўлинмалари томонидан шакллантириладиган қайдномалар асосида фуқаронинг картасига ўтказилади.

– Халқ банкининг масъул ходимлари томонидан ушбу карталар уларнинг эгаларига барча санитар қоидаларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда яшаш манзиллари бўйича етказиб берилади;

– Халқ банки ходимлари томонидан пенсионерларга ўзларининг банк карталари етказиб берилган вақтда уни расмийлаштириш учун фуқародан фақатгина ариза ва уни банк картасини қабул қилиб олганлиги тўғрисида имзо сўралади.

Шу ўринда, тўловларни амалга ошириш учун республиканинг барча ҳудудларида тегишли инфратузилма мавжудлигини қайд этамиз.

Халқ банки банкоматларидан маблағларни нақдлаштириш бепул амалга ошириш мумкин бўлса-да, саломатлик нуқтаи назаридан ва айниқса, бугунги кунда тўловларни банк карталари орқали амалга оширишингизни тавсия этамиз.


Андижон вилояти ҳокимлиги
МАТБУОТ ХИЗМАТИ.


Facebook | Twitter | Instagram | YouTube Telegram 



Report Page