Азиз Саид 

Азиз Саид 

 «ИСМИМ «ОҲ» ДИР МЕНИНГ»


“Ғойибдан дўст билан суҳбатлар” китобидан 

МЕН: 80-йиллар адабиётга кириб келган ёш шоирларнинг ҳаммаси ҳақида бирваракайига суҳбатлашиш имконсиз. Шунинг учун уларнинг биттаси ҳақида, ҳеч кимникига ўхшамайдиган ўз йўли, ўз оҳанглари, ўз хаёлот дунёси, ўзига хос ғайриоддий ташбеҳлар силсиласи билан шеъриятга кириб келган Абдували Қутбиддин ҳақида суҳбатлашсак.

Абдувалининг «Найсон» китобига ёзилган сўзбошида Рауф Парфи шундай дейди: «У манзаралар, ташбеҳлар, рўёлар аралашувида фикр юритади. Оҳангларнинг турланиб туриши билан тасвир этилаётган воқеа руҳий ҳолатни ҳаракатга келтиради». 

Ҳақиқатан ҳам унинг шеърларини ўқир экансиз, баъзан ташбеҳ ва истиораларни тасаввурингизга сиғдиролмай ҳаприқиб қоласиз. Мутолаа давомида нурли бир завқ юрагингизни тўлдиради, оёғингиз остида ерни ҳис қилмай қоласиз, бутун дунёни, шахсий ўй-хаёлларингизни унутиб сирли тасаввурлар ва манзаралар оламига парвоз қиласиз. Асосийси, у гўё сизнинг орзу-армонларингизни, қувонч ва ҳасратингизни, хаёлларингизни куйлаётгандек бўлади. Муҳими шундаки, «Нима демоқчи» деган савол дафъатан шуурингизга келмайди. Гўзал хаёллар, гўзал сўзлар, гўзал оҳангдан сархуш бўлиб қоласиз, шундай ҳолат бўладики, «нима демоқчи?» деган саволга жавоб топишни ҳам истамайсиз. Балки истаган тақдирида ҳам кўпчилик ўқувчилар жавоб тополмас.

У: Унинг шеърларини кўпчилик тушунмаслиги масаласига келсак, буни ҳаммадан талаб қилиш гўдаклик бўлур эди. Гўзалликдан завқланиш, уни мушоҳада қилиш учун нозик дид, таъсирчан қалбдан ташқари қобилият ҳам бўлиши лозим.

МЕН: Фикрингизга қўшилишга тўғри келади. Немис файласуфи Кантнинг ўлимидан сўнг 76 йил ўтгач эълон қилинган ишларида шундай бир гап бор: «Биз ҳайвоний, руҳий ва инсоний ҳаёт кечирамиз. Биринчиси туфайли қувонч ва оғриқни ҳис қиламиз, учинчисининг шарофати билан ҳиссиёт орқали мулоҳаза қилиб роҳатланамиз, иккинчиси туфайли – фаҳмлаймиз ва завқланамиз.» Дарҳақиқат, инсон табиатида шулардан фақат биттасига устиворлик ато қилинган бўлади-ку.

У: Кантнинг хулосалари ўзимизнинг Шарқ файласуфлари фикри билан деярли ҳамоҳанг экан. Буларнинг таърифича инсонда уч сифат жамулжам: шайтоний, ҳайвоний, малаконий, яъни руҳоний. Юраги ва онгида учинчи сифат тантана қилганлар жуда озчиликни ташкил этади. Шунинг учун жамики юксак санъат асарларини ҳамма тушунмаслигидан, қадрламаслигидан беҳуда изтироб чекманг. Энди мавзуга қайтайлик.

МЕН: Абдувалининг шеърларини бир бошдан ёхуд ёзилган йиллари тартибида таҳлил этиш, менимча, мақсадга мувофиқ эмас. Унинг шеърларини руҳий, маъновий, мажозий унсурларига, ифодасига кўра мен ўзимча бир неча гуруҳга бўламан: лирик шеърлар, фалсафий-руҳий шеърлар, мусиқий шеърлар, заминий шеърлар...

У: «Заминий шеърлар» деганингизга тушунмадим.

МЕН: Бу шартли номлаш, ўзим учун. Менда шундай бир таассурот бор, Абдували шеърларини руҳан заминдан ажралиб, жуда юксакка чиқиб ёзгандай туюлаверади, чунки у ўз ҳиссиётларига ҳам, сўзларига ҳам, ташбеҳу истиораларига ҳам, қолаверса, сизга ҳам хаёли қанчалик парвоз қилиб билса – шунча юксакдан назар ташлаётгандай. Лекин шундай шеърлари борки, уларда у заминга тушади, ифодалаётган туйғуларига ана шу заминдан туриб назар ташлайди. Мана улар «Дарс», «Ҳақберди ва Мадина...», «Сўроқ», «Анонимкачи хусусида Маяковскийга мактуб», «Айнийни эслаб», «Севилмаган аёл», «Шоҳизинда», «Энгрнинг Одалиска асарига», «Тун», «Мен, Баҳодир ва балиқлар», «Гоя», «Тошлоқчалик Мастура биби ҳикояти», «Дарўом», «Армон», «Бобур», «Латифа». Мен Абдувалининг «Найсон» ва «Ҳумо» номли иккала китобига кирган барча заминий шеърларини санадим.

У (китобни олиб ўқийди) :


Юрагимнинг ёмғири –

Найсон.

Нурим, қорачиққинам,

Ерим, онажонгинам!

Умидимни етаклаб келдим,

Остонада турибмиз бирга...


МЕН: Доим сўнгги икки сатрни ўқисам – овунчоғини ипидан тутиб етаклаб олган, остонада маъсумгина жилмайиб турган болакайнинг сурати кўз ўнгимга келади.

У: Бу сурат шеърдаги самимият ва сизнинг таъсирчанлигингиз ҳосиласи. Шоирнинг қўйнида «битта тонг» – демак ёруғлик ваъда қиляпти, дилидан ашула қуйиляпти, завқ ваъда қиляпти. «Юрагимнинг ёмғири – Найсон» – найсон, бу баҳор ойларидан бири, афсонага кўра шу ойда ёққан ёмғир томчиларидан марваридлар ҳосил бўлармиш. Ана шундай ваъдалар билан Остонада турган шоир билан батафсилроқ танишсак.

МЕН: Ундай бўлса «Автопортрет» шеърини ўқисак...

У: Авто – мен, портрет – сурат, дегани, шундай экан буни шарқона қилиб «Шарҳи ҳол» деб номласа ҳам бўларди.

МЕН (ўқийман):


Мен жуда ёлғизман,

Гўё қудуқда

Қовурғамгача сув, баданим оғу,

Билагим увушиб типирчилайди –

Мисли сўнгги нола, охирги ёҳу.

Мен жуда ёлғизман –

Қудуқдир жойим,

Безиллар, яшринар мендан чувалчанг,

Қурбақа, сен балки малаксан асли,

Не бўлар аслингга қайта олсанг.

Мен жуда ёлғизман –

Қўлимда нина

Тиламан, қазийман чуқурдан-чуқур.

Тепадан тош тўла пақир ташларлар,

Сўрарлар қилиб бер дея жавоҳир.

Мен жуда ёлғизман,

Азобим чексиз,

Қўлимда занглаган қадимий тақа.

Бўйнимга ёпишиб этар тавалло,

Аслига қайтолмай ётган қурбақа.

Мен жуда ёлғизман,

Тепадагилар

Кенгликда от суриб овлашар гуноҳ.

Мени тушунмаслар (фаҳм шарт эмас).

Аждарман

Ва исмим «Оҳ»дир менинг

«Оҳ».


У: Бу шеър армон ва изтиробнинг, ўзликни ифодалашнинг санъат даражасига кўтарилган намунаси. У ўз вужудида яшаётган икки одам – инсон ва шоир ҳақида гапиряпти. Тўғрироғи, вужуд ва руҳ ҳақида.

МЕН: Сиз даставвал кўз ўнгингизга келадиган суратни тасввур қилинг: чуқур қудуқда ёлғиз одам, яна қўлидаги нина билан ковлаб ҳам ётибди, қовурғасигача сув, атрофида чувалчанглар, бўйнига қурбақа ёпишган, ҳар замон тепадан тош тўла пақир ташлашади. Қандай фоже манзара. Рассом учун ноёб мавзу.

У: Бу зоҳирий сурат. Сиз ботиний суратга назар ташланг. «Мен жуда ёлғизман, Гўё қудуқда»: қудуқ – бу ҳаёт, дунё, қолаверса шоирнинг хаёлидан, руҳидан айро ҳолда одамлар орасида кечираётган умри, «қовурғамгача сув» – тириклик ташвишлари, «баданим оғу» – нега «вужудим» эмас деб сўранг, «бадан» – бу ерда вужуднинг ўзи, аммо шоир ундан нафратланади ва вужуд дегиси келмай, нисбатан қўпол сўз билан номлайди. Чунки у оғу, руҳга, хаёл эркига оғу. «Билагим увушиб типирчилайди» – тирикчилик учун типирчилаб елиб-югуриш шоир учун «сўнгги нола»дай изтиробли, чунки «билак»да турли маънолар билан биргаликда «меҳнат воситаси» деган ишора бор. Дастлабки бандда у «гўё қудуқда» деган бўлса, иккинчи бандда «қудуқдир жойим» деб аламли ишонч билан таъкидлаяпти. Бу таъкидда ана шу қудуқ – ҳаётга маҳкумлик изтироби бор. Шоир тақдирини ушбу қисматдан ажратолмаслигига иқрор. «Безиллар, яшринар мендан чувалчанг» – унинг наздида вужуди, ҳаёти шу қадар афтодаҳолки, ҳамма ундан қочади.

МЕН: Балки у одамлар ўртасидаги муносабатлардан ҳасрат қилаётгандир, ўзаро меҳру шафқат, ҳатто ишонч йўқлиги туфайли энг беозор одамлар ҳам – яъни чувалчангда беозорлик маъноси ниҳон – бир-биридан безиллаши, яширинишини айтаётгандир.

У: Шоир ўз шарҳи ҳолини ўз-ўзига изҳор қилаётганини унутманг, у ҳеч кимга ҳасрат қилаётгани йўқ. У сиз айтганингиздай юксакдан туриб ўз ҳолига назар ташлаяпти, холос. «Қурбақа, сен балки малаксан асли» – «қурбақа» совуқлик, хунуклик, эврилиш рамзи, шоир атрофидаги ўзига боғлиқ нарсаларни хаёлидагидай кўришни истайди, ҳарорат ва гўзалликни армон қилади. Ёхуд бир пайтлар руҳини тарк этиб, тирикчилик майлларига айланган латиф туйғуларининг аслига қайтишидан орзуланади. У осон умр кечираётгани йўқ – нина билан қудуқ қазишга ва шу билан ҳаёт қудуғига чуқурроқ ботишга мажбур. «Тепадан тош тўла пақир ташларлар» – «тепа» – ҳаётнинг қудуқ эканлигини ҳис қилмайдиганлар дунёси, аслида тепа йўқ, «тош тўла пақир» эса шоир имконсиз бўлган ҳаёт муаммолари, уларни жавоҳир қилишга на инсон, на шоир Абдувалида қодирлик ҳам, майл ҳам йўқ. Атрофдагилар тошни жавоҳир – қимматли фаҳмлайдилар. Ахир, жавоҳир ҳам моҳиятан тош-ку. Энг ёмони шоир буни билади ва изтироби ортади. Ёхуд бу мажозни вужуд истаги билан номатлуб туйғу ва майлларнинг эркка, покликка интилаётган руҳга тажовузи, деб тушуниш мумкин.

МЕН: Сиз ўз тасаввурларингиз ва мулоҳазаларингизни ушбу мисраларга мажбур тиқиштира бошламадингизми ишқилиб?

У: Гап мажбур тиқиштиришда эмас, гап ташбеҳлар, умуман шеър менда мана шундай шарҳни туғдирганида, сиз бутунлай бошқача фикрлашингиз мумкин.

МЕН: Ҳа, Кант: «Шеърият – фикрлар ўйинидир» деганда ҳақ экан.

У: У худди шундай деб хато қилган. Аммо «Мулоҳаза қобилияти танқиди» асарида хатосини «Шеърият тасаввурларнинг эркин ўйини санъатидир» деб тузатган. Эътиборингиз учун «Шеъриятдаги ташбеҳлар шакл ёхуд нимарсаларни аниқлаштиришга эмас, балки тасаввур туғдиришига ва уни ҳаракатга келтиришига хизмат қилиши лозим», деган сўзлар ҳам Кантники.

МЕН: Майли, таслим. Энди бу файласуфни тинч қўяман. Шеър ҳақидаги фикрларингиз чала қолди.

У: Тўртинчи бандда шоир ўз ҳолатига янада аниқроқ назар ташлайди. «Қўлимда занглаган қадимий тақа» – бу эрк орзуси, руҳнинг ҳаракат, фаолият орзуси, руҳ ёхуд хаёл отга миниб йўртиши лозим, унинг қўлида эса фақат тақа – хаёл отининг орзуси, «занглаган» – бу вақт рамзи, балки шоир умр бўйи умидвордир, бу орада орзу ҳам занглайди. «Тепадагилар кенгликда от суриб овлашар гуноҳ» – энди шоир атрофига назар ташлади, тепадагилар – қудуқда эканлигини ҳис қилмайдиганлар шоир наздида эмас, балки ўзларининг фикрича «кенгликда от суряптилар», бу аслида дунёнинг ёлғон алдовига учиш, чунки улар «гуноҳ овлашяпти». Гуноҳ – руҳ такомилига зид бўлган барча фаолиятлар. Ёхуд инсон Абдували шоир Абдувалига хиёнат қилишини қўймаётир. Чунки «мени тушунмаслар» – вужуд руҳни тушунмайди. Ёки атрофдаги одамлар шоирнинг ким эканлигини, изтироби, қайғуси, армонлари, умидларини англамайдилар. Ниҳоят, у юрагини ёради, ким эканлигини ҳайқириб айтади – «Исмим «Оҳ»дир менинг «Оҳ» – қийналаётган руҳнинг, хаёллар парвозининг, орзу умидларнинг исми. Нега «Аждарман»? Аждар – қудрат рамзи, у ўт-олов пуркай олади. Демак, ўша «Оҳ» беқиёс қудратга эга, кучли, агар бирор қалб унга бағрини очса, тушунса, у куйдира олишига ҳам ишонч ҳосил қилиши мумкин.

МЕН: Агар шеър қурилиши нуқтаи назаридан олиб қарайдиган бўлсак, «Аждар» ва «қудуқ»да узвий боғлиқлик бор. Халқ эртакларида қудуқда яшайдиган ёхуд баҳодирлар томонидан қудуққа қамаб қўйиб тошни жавоҳирга айлантириб беришга мажбур қилинган аждар тимсоллари бор. Шоир шу манзарадан фойдаланган бўлиши ҳам мумкин. Қурбақага эврилган малика ҳақида ҳам эртак бор.

У: Бу афсоналарнинг ҳаммаси армон, орзу, хаёл ҳосиласи эмасми, шоир шулар билан яшаса, нафас олса нима дейсиз. Асосийси, бу манзараларни у сизга янада гўзалроқ, янада сирлироқ, завқбахш қилиб тортиқ қилмаяптими?! Шоир талмеҳ санъатидан ҳам яхшигина хабардор экан.

МЕН: Талмеҳ – эртак, афсона, тарихий воқеа, қисса, машҳур қаҳрамонларга бевосита, мажозий, рамзий ишораларни ўз ичига олган шеърий санъат...

У: Биласизми, асосийси булар эмас, шеърда бошқа бир нарса бор. Эътибор қилинг: шоир ўз-ўзини, вужудий ва руҳий борлиғини тафтиш қиляпти, баданининг, ташқи оламининг афтодаҳоллигини айтяпти, кўнгил озодлигини орзу қиляпти, ўзлигини излаяпти, ҳали топмади ва фақат «Оҳ» деб номлади. Булар тасаввуф таълимотида комилликка етишишнинг бош йўли.

МЕН: Энди бутунлай ошириб юбордингиз. Абдували тасаввуф таълимоти йўналишидаги адабиётнинг рамз ва ташбиҳлари ҳақида ҳам махсус таълим олмаган. Шўро мактаблари буларни ҳали бери ўргатмайди. Тасаввуф ҳақида вақтли ва даврий матбуотда узуқ-юлуқ тушунчалар чоп этилган, холос.

Report Page