Азим Самарқандга саёҳат унинг иштирокчиларига катта таассурот қолдирди
Самарқанд ўзининг бой тарихга эга миноралари, осори- атиқалари, муқаддас қадамжолари ва обидалари билан бутун дунёга машҳур. Шарқ гавҳари ҳисобланган Самарқанд Ўзбекистоннинг сайёҳлик марказларидан биридир. Шунинг учун ҳам бу ердан маҳаллий ва хорижий сайёҳлар қадами аримайди. Тарихий шаҳар ЮНЕСКО нинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган.
Кейинги йилларда бу ерда бир қатор йирик халқаро анжуманлар, давлат раҳбарларининг учрашувлари, республика миқёсидаги маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилиб келинмоқда.
O‘zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши томонидан ҳам вақти-вақти билан партия электорати вакиллари, депутатлар, тадбиркорлар, фермерлар билан ҳамкорликда нуронийларни ҳаётдан рози қилиш мақсадида юртимиздаги тарихий ва диққатга сазовор жойларга саёҳатлар ташкил этиб келинмоқда.
Куни - кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мадина Баратова ташаббуси билан Бухоро шаҳридаги “Ёшлик” ҳамда “Боғидашт” МФЙлари аҳолиси учун Самарқанд шаҳрига ташкил этилган саёҳат давомида ёши улуғ отахон ва онахонлар кўҳна, қадимий шаҳарнинг тарихий ва маданий ёдгорликлари билан бирга шаҳарнинг диққатга сазовор жойлари билан ҳам танишдилар.
Айниқса Шоҳи Зинда, Гўри Амир мақбаралари, Регистон мажмуаси ва уларнинг тарихи, бу ерда яшаб ўтган машҳур ота-боболаримиз хусусида берилган маълумотлар саёҳатчиларда катта таассурот қолдирди.
Саёҳат давомида иштирокчилар мустақиллигимиз меъмори, буюк давлат ва сиёсат арбоби, Биринчи Президентимиз мангу қўним топган маскан –Ҳазрати Хизр масжиди мажмуасида ҳам бўлиб, И.Каримов хотирасини ёдга олдилар.
-Сўнгги йилларда мамлакатимизда ички туризмни ривожлантириш давлат сиёсати даражасида кўтарилган бўлиб, ушбу йўналишда бир қатор истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” ана шундай лойиҳалардан биридир-дейди “Боғидашт” МФЙ раиси, партия фаоли Марҳабо Жумаева.–Маҳалламиз фаоллари иштирокида ташкил этилган саёҳат ана шундай лойиҳалар доирасида амалга оширилган ишлардан бири бўлиб ҳисобланади. Саёҳатчилар нафақат кўнгилли дам олдилар, балки, юртимизнинг энг кўҳна шаҳарларидан бири тарихи билан ҳам яқиндан танишдилар. Самарқанд шаҳрига амалга оширилган саёҳат барча маҳалладошларимиз қалбида катта таассурот қолдиргани билан аҳамиятлидир. Саёҳат ташкилотчиларига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.