“Ажримлар ечим эмас”

“Ажримлар ечим эмас”


* Оила – муқаддас!

Шофиркон туманида маҳаллий ҳокимлик, вилоят ва туман хотин-қизлар қўмиталари, шунингдек, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази туман бўлими, ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши, туман прокуратураси ва ички ишлар бўлими, шунингдек, аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази, тиббиёт бирлашмаси ҳамкорлигида ўтказилган семинар ана шундай номланди.

Туман марказида яқиндагина иш бошлаган “Зиё” ёшлар марказида ташкил этилган, хотин-қизлар билан ишлаш самарадорлигини, уларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш бўйича муҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурилган “Бухоро тажрибаси” ғоясининг дастлабки амалий натижаларини намойиш этиш ва уларни оммалаштириш мақсад қилинган анжуманга вилоятимизнинг барча туманлари хотин-қизларқўмиталари раислари, вилоят прокуратураси ва ички ишлар бошқармаси ходимлари таклиф этилдилар. 


Тадбир аввалида оилавий келишмовчиликлар, эр-хотиннинг ўзаро ноаҳиллиги натижасида парокандаликка юз тутган, фарзандлар тақдирига салбий оқибатларни олиб келган ҳолатларни ифода этувчи видеофильм ва лавҳалар намойиш қилинди.

Анжуманда сўз олган туман прокурори Жасур Тангриев, туман бош имом-хатиби Жасур Латипов, туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Нигора Йўлдошевалар оила муқаддаслиги, фарзанд тарбияси ва юрт келажаги хусусидаги мулоҳазаларини баён этдилар.

Шундан сўнг саҳнага “Султонобод” МФЙ, Дўстлик қишлоғида яшовчи Ихтиёр Остонов ва унинг турмуш ўртоғи Муҳаббат Остоновалар таклиф қилиниб, уларнинг турмушдаги аччиқ тақдири, қийинчиликлари, матонатлари, бир-бирига бўлган муҳаббатлари ва оилани сақлаб қолиш борасидаги жасоратлари тўғрисидаги ҳикоялари тингланди. Маълум бўлишича, Муҳаббат опа 24 йилдан бери тўшакка михланиб қолган бўлишига қарамай, турмуш ўртоғининг меҳри ва матонати туфайли эр-хотин биргаликда барча қийинчиликларни енгиб келишмоқда экан. Уларнинг бир-бирига садоқати ўз мевасини берган: улар бугун уч нафар фарзанд, беш нафар неваранинг ардоқли бобо-бувиси. 

Матонатлижуфтликнинг ибратли турмуши йиғилганларни беъэтибор қолдирмади.Улар олқиш ва таҳсинга сазовор бу қаҳрамонлар ҳаётини арзимаган муаммолар сабаб ажрашиб кетаётган оилалар, ёш келин-куёвларга сабоқ қилиб кўрсатиш зарурлигини таъкидлашди.

Шундан сўнг саҳнага ана шундай майда келишмовчилик ва тушунмовчиликлар сабабли ажрашишни ихтиёр қилган жуфтликлар таклиф этилди. Улар Муҳаббат опа ҳаёти мисолида чиқарган хулосалари билан ўртоқлашиб, ўз хатоларини эътироф этдилар. Шу ернинг ўзида жар ёқасига келиб қолган, мурғак фарзандлар кўз ёшига сабаб бўлишига бир баҳя қолган ўнта оила яраштирилди.

Вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Феруза Ибрагимова тушунтириш ишлари ва бугунги семинардан чиқарилган хулосалар сабабли қайта ярашган оилалар вакилларини муборакбод этиб, уларгаташкилотчилар ва ҳомийларнинг эсдалик совғаларинитопширди.

Тадбир туман маданият уйи ходимлари ва таклиф этилган таниқли санъаткорларчиқишлари, туман корхона-ташкилотлари томонидан ташкил этилган бўш иш ўринлари ярмаркаси ҳамда ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси билан давом этди.

Алишер ОБИДОВ,

журналист


Report Page