Ayollarga yaxshilik qilishlik

Ayollarga yaxshilik qilishlik

Manba: www.hikmatnuri.com

Улар билан иноқ бўлинглар!

Муаллиф: Шайх Абдулмалик Қосим

Мутаржим: Абу Жаъфар ал–Бухорий

Асл сарлавҳа: ﻭَﻋَﺎﺷِﺮُﻭﻫُﻦَّ ﺑِﺎﻟْﻤَﻌْﺮُﻭﻑِ

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Эркагу аёлни томган сувдан яратган Аллоҳга ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва асҳобларига салавоту саломлар бўлсин!

Сўнг …

Аллоҳ азза ва жалла бу дунёда хотиржам бўлишимиз учун жуфтларимизни яратди ҳамда аҳиллик ва меҳрни биз учун соябон қилди. Биз унвонимизга келаётган дараклар ва ғафлатда қолган мусулмон ва муслималарга эслатиш учун ушбу сатрларни ёзмоқдамиз.

Унутмаслигимиз керакки, эру хотинлик ҳуқуқлари буюк бўлиб, уларнинг ортидан муҳим ишлар кетма–кет келади. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди:

﴿ ﻭَﻋَﺎﺷِﺮُﻭﻫُﻦَّ ﺑِﺎﻟْﻤَﻌْﺮُﻭﻑِ ﻓَﺈِﻥْ ﻛَﺮِﻫْﺘُﻤُﻮﻫُﻦَّ ﻓَﻌَﺴَﻰ ﺃَﻥْ ﺗَﻜْﺮَﻫُﻮﺍ ﺷَﻴْﺌًﺎ ﻭَﻳَﺠْﻌَﻞَ ﺍﻟﻠَّﻪُ ﻓِﻴﻪِ ﺧَﻴْﺮًﺍ ﻛَﺜِﻴﺮًﺍ ﴾

«Улар билан тинч-тотув яшанглар. Агар уларни ёмон кўрсангизлар ҳам (сабр қилиб иноқ ҳолда яшайверинглар) . Зеро, сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ кўп яхшиликларни қилиб қўйган бўлиши мумкин» (Нисо: 19).

Ҳурматли биродар, никоҳингиздаги жувон омонатдир ва сиз ундан Қиёмат куни жавобгарсиз. Айтингчи, сиз унинг ҳақларини адо этдингизми ёки лоқайдлик қилиб, зое қилдингизми?!

Рафиқанинг асосий ҳуқуқларидан баъзилари қуйидагилардир:

Биринчиси: Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларига биноан хотин–қизларга яхшиликни васият қилиш:

﴿ ﻭَﻋَﺎﺷِﺮُﻭﻫُﻦَّ ﺑِﺎﻟْﻤَﻌْﺮُﻭﻑِ ﴾

«Улар билан тинч-тотув яшанглар!» (Нисо: 19);

«Хотин–қизларга яхшиликни васият қилинглар! Чунки хотин киши қовурғадан яратилган. Қовурғанинг энг эгриси эса юқоридагисидир. Агар уни тўғриламоқчи бўлсангиз синдирасиз, ўз ҳолича қўйсангиз эгрилигича қолади. Бас, уларга яхшиликни васият этингиз!» (Имом Бухорий 3331; Имом Муслим 3720);

«Мен икки заиф: етим ва аёлнинг ҳаққига зулм қилишни ҳаром қилдим» (Имом Аҳмад 9664; Ибн Можа 3678).

Иккинчиси: хотин–қизларга ҳуқуқларини бериб, тортиб олмаслик. Муовия ибн Ҳайда разияллоҳу анҳу ривоят қилади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: Ё Расулуллоҳ, бировимизнинг устидаги рафиқасининг ҳаққи нима?,– деб савол бердим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бунга: «Ейишни хоҳласа едириш, кийишни хоҳласа кийдириш, юзига урмаслик ва хунук қилмаслик, уйдагина тарк қилиш» – дея жавоб қайтардилар (Ибн Можа 1850).

Баъзи эркаклар ўзларининг дўстларига саховат қўлларини катта очишсада, рафиқалари учун қурумсоқлик қилишади. Ҳолбуки, эркак бошқаларнинг уйига сарфлаганидан кўра ўз уйига сарфлаши билан кўпроқ савоб олади. Бу ҳақда Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ушбу ривоятни келтиради: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Тарафингдан Аллоҳ йўлида харажат қилган, қулни озод қилиш учун сарф этилган, бечорага садақа қилинган ва оилангга сарф этилган динорлар ичидан оиланг учун сарф этганинг динорнинг савоби кўпроқдир» (Имом Муслим 2358).

Айрим эркаклар эса рафиқаларини уришга одатланиб, бирон кунлари жанжалсиз ўтмайди. Оиша разияллоҳу анҳо эса: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг биронта хотинни урганларини кўрмадим» – дедилар (Ибн Ҳиббон 488).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса ҳам пешво ва ҳам ўрнакдирлар.

Баъзи эркаклар эса арзимас нарсалар туфайли араз қилишади. Бечора хотинига ойлаб гапирмайди, унинг кўнглини кўтармайди. Ҳолбуки, у хотин ўз оиласидан йироқда ёки ёлғизлиги боис қўрқадиган ёшда бўлиши мумкин.

Учинчиси: рафиқага диний таълим бериш, ибодатларни ўргатиш, ибодатларни қилишга рағбатлантириш. Аллоҳ таоло шундай дейди:

﴿ ﻭَﺍﺫْﻛُﺮْﻥَ ﻣَﺎ ﻳُﺘْﻠَﻰ ﻓِﻲ ﺑُﻴُﻮﺗِﻜُﻦَّ ﻣِﻦْ ﺁﻳَﺎﺕِ ﺍﻟﻠَّﻪِ ﻭَﺍﻟْﺤِﻜْﻤَﺔِ ﴾

«Уйларингизда Аллоҳнинг оятлари ва ҳикмат

(яъни пайғамбар ҳадислари) дан иборат тиловат қилинадиган нарсаларни зикр-тиловат қилинглар!» (Аҳзоб: 34).

Мўъминлар онаси Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Ансорларнинг рафиқалари қандай яхши аёллар–а! Чунки улар динда фақиҳ бўлиш учун уялмайдилар!» (Имом Муслим 776).

Эр рафиқасининг Қуръон Карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини ўрганишини кузатиб бориши, ўрганишга қизиқтириши ҳамда Аллоҳга итоат ва ибодат қилишга рағбатлантириши керак. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди:

﴿ ﻭَﺃْﻣُﺮْ ﺃَﻫْﻠَﻚَ ﺑِﺎﻟﺼَّﻠَﺎﺓِ ﻭَﺍﺻْﻄَﺒِﺮْ ﻋَﻠَﻴْﻬَﺎ ﴾

«Аҳли-умматингизни намоз ўқишга буюринг ва ўзингиз ҳам (намоз ўқишда) чидамли бўлинг!» (Тоҳа: 132).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса шундай деганлар: «Тунда туриб намоз ўқиган ва рафиқасини уйғотгач у ҳам намоз ўқиган, агар уйғонмаса юзига сув сочган кишига Аллоҳ раҳматларини ёғдирсин! Тунда туриб намоз ўқиган ва умр йўлдошини уйғотган ва у ҳам намоз ўқиган, агар уйғонмаса юзига сув сочган хотинга Аллоҳ раҳматларини ёғдирсин!» (Абу Довуд 1310, 1452; Имом Аҳмад 7404).

Тўртинчиси: рафиқага чиройли муносабатда бўлиш, унинг туйғу ва ҳиссиётларини қадрлаш.

Аллоҳ таоло бу ҳақда:

﴿ ﻭَﻋَﺎﺷِﺮُﻭﻫُﻦَّ ﺑِﺎﻟْﻤَﻌْﺮُﻭﻑِ ﴾

«Улар билан тинч-тотув яшанглар!» деди (Нисо: 19).

Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумо:

«Мен менга ясанишини хоҳлаганимдек хотиним учун ясанишни суяман. Чунки Аллоҳ таоло буни ўзининг:

﴿ ﻭَﻋَﺎﺷِﺮُﻭﻫُﻦَّ ﺑِﺎﻟْﻤَﻌْﺮُﻭﻑِ ﴾

«Улар билан тинч-тотув яшанглар!» ояти билан зикр қилди» – деди.

Айрим мусулмон оилалар ичида тарқалган ва бизга амр этилган чиройли муносабатларга мухолифлик шу даражага етиб бордики, сўкиниш, хотин кишини хилқати ва хулқи, оиласи ва қариндошларини камситиш, таҳқирлаш, ёмон исм ёки лақаблар билан чақириш ҳамда ичидаги нафрат ва адоватни ошкора айтиш ҳоллари одат тусига кириб қолди.

Бундан ташқари, хотинига бошқа хотинларнинг чиройини мақтаб, хотинидан гўзалроқ ва фазилатлироқ эканини айтиш ҳам ёйилмоқда. Бу ҳам хотин кишини ўз имконида бўлмаган нарсалар билан ҳиссиётларини таҳқирлашдир.

Аёлнинг туйғу ва ҳурматини ҳимоя қилиш учун уни энг чиройли исмлар билан чақириш, уйга кирар экан унга салом бериш, совға ва ширин сўзлар билан дўстона муносабатда бўлиш лозим. Хотин кишининг хато ва камчиликларини ҳадеб таъқиб этавериш, тотувлик аломати эмас. Тиришаётган лекин уддасидан чиқа олмаётган ишларида уни афв этиш, кечириш, хато ва камчиликларидан кўз юмиш, мақсадга мувофиқдир. Бунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадислари ҳақида тафаккур қилинг: «Мўъминларнинг иймони тўкис бўлгани, ахлоқи гўзал бўлганидир. Сизларнинг яхшироғингиз – рафиқаларингизга (ахлоқи) яхшироқ бўлганингиздир!» (Термизий 1162; Имом Аҳмад 10110).

Бешинчиси: хотин кишини бошига келиши мумкин бўлган бузғунчилик ва шубҳалардан ҳимоя қилиш, унга бўлган рашкни изҳор этиш, уни уйида ўтиришга рағбатлантириш, бадхулқ дугоналардан йироқ тутиш, ҳадеб бозорларга бораверишига монеъ бўлиш, агар бормоқчи бўлса бирга бориш, маҳрамсиз сафар қилишига ижозат бермаслик керак. Сиз хотинингиз қўлингиздаги омонат бўлиб, ундан Қиёмат кунида сарҳисоб қилинишингиз муқаррар эканини унутманг. Зеро Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳар бирингиз масъул ва ҳар бирингиз қўл остидагилардан жавобгарсиз!»– деганлар (Муттафақун алайҳ).

Олтинчиси: хотин кишининг жинсий ва бошқа эҳтиёжларини қондириш.

Чунки бу, уни бошқаларга интилишдан тўсади ва покдомон сақлайди. Сиз рафиқангизнинг ҳиссий эҳтиёжларини ширинсуханлик, мақтовлар билан қондиришга ҳаракат қилинг. Унинг учун вақтингизни айиринг. Хонадонингиз учун табассумингиз ва гўзал ахлоқингизни аяманг.

Шу ҳақда Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушуб ҳадисини ривоят қилган:

«Абдуллоҳ, менга келган хабарларга қараганда, сен кундузлари рўза тутиб, кечаларни ибодат билан бедор ўтказаётган эмишсан?»– деб қолдилар. Мен: Тўғри, ё Расулуллоҳ!,– деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ундай қилма! Рўза ҳам тут, оғзинг очиқ ҳам бўлсин. Кечалари тур ва ухла ҳам. Чунки зиммангда тананг учун, кўзинг учун, рафиқанг учун ҳақ бордир»– дедилар (Имом Бухорий 1975, 4800).

Бошқа бир ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизларнинг бир парча гўштингизда ҳам садақа бордир» – дедилар. Саҳобалар: Ё Расулуллоҳ, бировимиз шаҳватини қондирса ҳам унга савоб бўладими?,– деб савол беришганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар уни ҳаромга қўйса гуноҳ бўладими?. Бинобарин уни ҳалолга қўйса савоб бўлади»– деб жавоб бердилар (Имом Муслим 2376).

Еттинчиси: рафиқаларга қилинаётган муносабатларда энг яхши эркаклардан ўрнак олиш ва хотинни севинтириш.

Уқба ибн Омир разияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

«Эркак кишининг кўнгил очадиган барча нарсаси ботил бўлсада, отини ўргатиши, камонини отиши ва хотинини эркалатиши бундан мустаснодир» – дедилар (Ибн Можа 2811).

Сизга хизмат қилган, овқатларингизни пиширган, сизни оқ кийинтирган, хонадонга киришингиз билан севинган, фарзандларингизни тарбия қилган, ҳаётингиз давомида рўзғорингизни саранжом қилган хотинингиздан кўра сизнинг гўзал ахлоқингиз ва яхши муносабатингизга лойиқроқ бирон кимса борми?!

Биз учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламда чиройли намуна бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам севинтириш учун Оиша онамиз билан югуриш мусобақаси уюштирар ва уни эркалаб: Ойиш!,– деб чақирар, гаплашиб ўтирар ва ҳатто ҳикоялар айтиб берар, рафиқалари билан маслаҳатлашар, жумладан, Умму Салама разияллоҳу анҳо билан Ҳудайбийя сулҳи ҳақида маслаҳат қилган эдилар.

Саккизинчиси: рафиқанинг нозларини кўтариш ва унга сабрли бўлиш.

Чунки ҳаётнинг узунлиги ва дунё ишларининг кўплиги бир одамда жуфтига нисбатан ёқтирмайдиган нарсаларни ҳам кўрсатиб қўйиши мумкин. Зеро одамзод заиф ва камчиликлар билан яратилган. Охират ишларидан бошқа барча ишлардаги қийинчилик ва машаққатларни кўтариш лозим. Чунки намозни вақтидан кечиктириш ёки рўза тутмаслик каби охират ишларини кечиктириш мумкин эмас. Биз, аёл кишининг қийналган ёки ой кўрган кунлари эркак кишининг риоягарчилик муносабатида бўлишини назарда тутаяпмиз. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муҳтарама завжалари тарафидан ҳам камчиликлар содир бўлар ва уларга нисбатан ҳалимлик ва мулойимлик билан муносабат билдирилар эди.

Тўққизинчиси: рафиқанинг мулкини ҳимоя қилиш ва унинг молини изнисиз ишлатмаслик.

Хотиннинг ҳам мерос ёки совға ёхуд маош каби мулки бўлиши мумкин. Сиз рафиқангизнинг бундай мулкига очиқдан–очиқ ёки ишора ёхуд ваъда ёда таҳдит билан тажовуз қилишдан сақланинг! Уни рафиқангизнинг розилиги билангина ишлатинг! Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган:

﴿ ﻭَﺁﺗُﻮﺍ ﺍﻟﻨِّﺴَﺎﺀَ ﺻَﺪُﻗَﺎﺗِﻬِﻦَّ ﻧِﺤْﻠَﺔً ﻓَﺈِﻥْ ﻃِﺒْﻦَ ﻟَﻜُﻢْ ﻋَﻦْ ﺷَﻲْﺀٍ ﻣِﻨْﻪُ ﻧَﻔْﺴًﺎ ﻓَﻜُﻠُﻮﻩُ ﻫَﻨِﻴﺌًﺎ ﻣَﺮِﻳﺌًﺎ ﴾

«Хотинларингизга маҳрларини ҳадя каби

(яъни чин кўнгилдан, мамнунлик билан) берингиз! Агар ўзлари сизлар учун у маҳрдан бирон нарсани ихтиёрий равишда кечсалар, сизлар уни пок ва муборак билиб еяверинглар» деди (Нисо: 4).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам муҳтарама рафиқаси Хадича разияллоҳу анҳонинг молига омонатдор бўлиб, ўз ҳаққинигина олар эдилар. Тижорати билан рози қилиш учун Хадича разияллоҳу анҳо билан савдолашмас ва унга аччиқланмас эдилар.

Аллоҳ таоло тамаъгирлик омили бўлиши эҳтимол бўлган ва аслида эрнинг моли бўлган маҳрни олиб қолишдан огоҳлантириб шундай дейди:

﴿ ﻭَﺇِﻥْ ﺃَﺭَﺩْﺗُﻢُ ﺍﺳْﺘِﺒْﺪَﺍﻝَ ﺯَﻭْﺝٍ ﻣَﻜَﺎﻥَ ﺯَﻭْﺝٍ ﻭَﺁﺗَﻴْﺘُﻢْ ﺇِﺣْﺪَﺍﻫُﻦَّ ﻗِﻨْﻄَﺎﺭًﺍ ﻓَﻠَﺎ ﺗَﺄْﺧُﺬُﻭﺍ ﻣِﻨْﻪُ ﺷَﻴْﺌًﺎ ﺃَﺗَﺄْﺧُﺬُﻭﻧَﻪُ ﺑُﻬْﺘَﺎﻧًﺎ ﻭَﺇِﺛْﻤًﺎ ﻣُﺒِﻴﻨًﺎ ● ﻭَﻛَﻴْﻒَ ﺗَﺄْﺧُﺬُﻭﻧَﻪُ ﻭَﻗَﺪْ ﺃَﻓْﻀَﻰ ﺑَﻌْﻀُﻜُﻢْ ﺇِﻟَﻰ ﺑَﻌْﺾٍ ﻭَﺃَﺧَﺬْﻥَ ﻣِﻨْﻜُﻢْ ﻣِﻴﺜَﺎﻗًﺎ ﻏَﻠِﻴﻈًﺎ ﴾

«Агар бир хотинни қўйиб, бошқа хотинга уйланмоқчи бўлсангизлар, аввалгисига саноқсиз молу дунёни (маҳр қилиб) берган бўлсангиз-да, ундан бирон нарсани қайтариб олмангизлар! Уни бўҳтон ва очиқ гуноҳ билан оласизми? Ахир бир-бирингиз билан қўшилиб, улар (яъни хотинларингиз) сизлардан қатъий аҳд-паймон олганларидан сўнг қандай қилиб уни (яъни маҳрни) қайтариб оласиз?!» деди (Нисо: 21, 22).

Агар ажрашаётган хотиннинг маҳри шунчалар таъминот остига олинган экан, никоҳингиздаги рафиқангизнинг пешона тери билан тўплаган бойлиги ҳақида нима дейсиз?!

Унинг молини рухсатсиз олишингиз оиладаги раҳбарлигингиз ва рафиқангизга, гарчи сиздан давлатманд бўлсада, инфоқ қилишингизга хилофдир. Рафиқаларининг бойликларини тортиб олиб уйлар қураётган ёки сармоя қилиб ишлатиб, аста–секин ўз номига ўтказиб олаётган эркаклар ҳушёр бўлсинлар! Чунки бундай қилиш, рафиқанинг молини ноҳақ олиш ва ҳаромдир. Уни рафиқанинг изни билангина ишлатиш лозим!

Ўнинчиси: бир неча аёлга уйланган эркак рафиқалари ўртасида кечалаш ва моддий таъминот борасида адолатли бўлиши шарт. Чунки Аллоҳ таоло шундай деган:

﴿ ﺇِﻥَّ ﺍﻟﻠَّﻪَ ﻳَﺄْﻣُﺮُ ﺑِﺎﻟْﻌَﺪْﻝِ ﻭَﺍﻟْﺈِﺣْﺴَﺎﻥِ ﴾

«Албатта, Аллоҳ адолатга, чиройли амаллар қилишга … буюрур» (Наҳл: 90).

Афсуски, бундай эркакларнинг кўпи битта хотинга мойилликларини орттириб юборадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса бундан огоҳлантириб: «Кимнинг иккита хотини бўлиб биттасига (кўпроқ) мойил бўлса, Қиёмат кунида бир томони осилиб келади» – деганлар (Абу Довуд 2135).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафарга чиқмоқчи бўлсалар рафиқалари ўртасида қуръа ташлар ва қуръа кимга чиқса ўша билан сафарга отланар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бетоблик пайтларида ҳам адолатдан воз кечмаган ва рафиқаларидан Оиша разияллоҳу анҳонинг уйида даволаниш учун ижозат сўраган эдилар!

Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳунинг иккита рафиқаси бўлиб, бирининг навбат куни бўлса ўша куни иккинчисининг уйидан сув ичмас эди!

﴿ ﺭَﺑَّﻨَﺎ ﻫَﺐْ ﻟَﻨَﺎ ﻣِﻦْ ﺃَﺯْﻭَﺍﺟِﻨَﺎ ﻭَﺫُﺭِّﻳَّﺎﺗِﻨَﺎ ﻗُﺮَّﺓَ ﺃَﻋْﻴُﻦٍ ﻭَﺍﺟْﻌَﻠْﻨَﺎ ﻟِﻠْﻤُﺘَّﻘِﻴﻦَ ﺇِﻣَﺎﻣًﺎ ﴾

«Парвардигоро, Ўзинг бизларга жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан шод-хуррамлик ҳадя этгин ва бизларни тақводорларга пешво қилгин» (Фурқон: 74).

Аллоҳим, рафиқаларимиз ва зурриётимизни ислоҳ эт! Бойлигимиз ва болаларимизга баракаларингни ёғдир!

Биздан дуо ва ибодатларимизни қабул қил, бизларни мағфират қил ва бизга раҳматларингни ёғдир! Дарҳақиқат, Сен – Билгувчи, Эшитгувчисан!

Аллоҳим, бизнинг, ота–онамизнинг ва барча мусулмонларнинг гуноҳларини афв айла!

Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, унинг оиласи ва барча асҳобларига салавоту саломлар йўлласин!

Report Page