Аёл одам эмас(ми?)!

Аёл одам эмас(ми?)!


2012-2018 йиллар давомида ҳар йили 219 000 нафар аёл (18-75 ёш орасида) эри ёки собиқ эри, йигити ёки собиқ йигити, хуллас "эркак" киши томонидан жисмоний ёки жинсий тахқирлашнинг қурбони бўлган. Улардан 154 000 нафари жисмоний (калтакланган), 32 000 нафари жинсий (зўрланган) ва 33 000 нафари жисмоний ва жинсий тахқирланган. Бу аёлларнинг 4 дан уч қисми қайта ва қайта тахқирланган. Бу аёллардан бор йўғи 19 % игина ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожат қилган холос.

217 йилда жами 130 нафар аёл эри ёки йигити томонидан, 21 нафар эркак аёли ёки севган қизи томонидан ўлдирилган. 25 нафар бола оилавий жанжалларнинг қурбони бўлган…


… "33 миллион аҳоли учун 219 минг нафар аёл бўлса, муаммони жуда фожеали деб айтмаса ҳам бўлар экан" деб ўйлаётгандирсиз ? Хато қиласиз. Бу статистик маълумотлар Ўзбекистонга тегишли эмас. Булар 67 миллион аҳолиси бор бўлган Францияга тегишли ва мана шу рақамлар Франция учун охир замон билан тенг фожеа ҳисобланади. Чунки инсон ҳуқуқлари бирламчи ва қонунлар устивор бўлган, 219 000 эмас, ҳар бир фуқаронинг тақдири аҳамиятли бўлган Франциядай давлатда 187 000 аёл калтакланиб, 65 000 нафари зўрланганлиги катта ноинсоний фожеа ҳисобланади. Тағин ўзларнинг айни пайтдаги ёки собиқ "эркак"лари томонидан. Бу ерда бегона эркаклар томонидан қилинадиган жинсий ва жисмоний зўравонлар ҳисобга олинмаганлигини тушундингиз.

Мен Ўзбекистон ҳақидаги бундай рақамларни топа олганим йўқ. балки мавжуддир. Лекин рақамларсиз ҳам консерватор ўзбек жамиятидаги ҳақиқий аҳволни ҳар биримиз яхши биламиз. Ўзбекистонда афсуски бу рақамлар бир неча баробарга ўсиб кетади.

Ўзбек жамиятига қайтишдан олдин, дунё буйича статистик маълумотларни ҳам бериб ўтай.

Дунёда :

- Ҳар 3 аёлдан бири, яъни таҳминан 1 миллиард аёл албатта зўравонлик (жисмоний, жинсий, суистеъмол) қурбони бўлар экан;

- Ҳар 2 секундда 1 нафар, яъни кунига 40 000 нафар балоғатга етмаган қиз зўрлаб эрга бериларкан;

- 100 дан ортиқ давлатда оилавий зўравонликларга қарши қонунлар қабул қилинмаган;

- Йилига 5000 нафар аёл "шаън ҳимояси"нинг қурбони бўларкан;

- 1,36 миллион нафар қиз ва аёллар фоҳишабозликка мажбурланар эканлар;

Умумий қилиб айтганда, зўравонлик ва зўрлашлар дунёдаги аёллар учун саратон, йўл-транспорт ходисалари, урушлар ва безгак касаллигининг қурбонларини қўшиб ҳисоблаганда улардан кўпрок хавф туғдирар экан.

Ушбу рақамлардан кейин ҳам "дунёда аёлларнинг ҳуқуқлари эркакларники билан тенг, аёллар учун ҳеч қандай хавф мавжуд эмас, аёллар бахтли яшайдилар ва улар тахқирланган жинс вакиллари эмаслар" дея оласизларми ? Марҳамат, юқоридаги рақамларнинг ўрнига эркакларни қўйиб кўринг. Дунёда АЁЛЛАР ТОМОНИДАН нечта эркак зўрланади ёки зўравонликка дучор бўлади, нечта эркак фоҳишаликнинг қурбони бўлиб юрипти ? Ундан ҳам кулигили (ҳатто саҳналарда қизиқчилар бу нарсани олиб чиқиб одамларни кулдириб юради), аммо ҳаққоний савол : йигитлар бўйига етиб, лабларига мўйлов ниш урганда каттаю кичик аёллар уларга гап отганини, ўтириб қолган ёки хотинидан ажралган эркакни кўрганда эрли ва эрсиз аёллар у билан ётишни орзу қилиб, ҳолу-жонларига қўймай юрганларини кўрганмисиз ? Жавобни сизларга қолдираман! ...

…Эр ўз хотинини уриши, умуман эркак аёлни уриши мумкинлиги ҳақида ҳар ким билими, тарбияси, дунёкараши, савияси, яшаган муҳити ва ҳоказолардан келиб чиқиб турли хил фикрга эга бўлиши мумкин. Ким учундир эркак аёлни уриши мумкин, бошқалар учун мумкин эмас. Кимлардир аёлни уриш яхши ва хатто зарур деб ўйлайди, кимлардир эса буни ноинсонийлик ва маданиятсизлик, қолоқликнинг белгиси деб ҳисоблайди. Мен бу мумкин-мумкинмас, яхши-ёмон деган мунозараларга кириш, ўз ҳиссамни қўшиш, ҳамма биладиган гапларни яна бир марта гапириш ниятида эмасман. Фақатгина ҳолислик учун ўзим эркак аёлни ёки аёл эркакни, умуман инсон инсонни уриши керак эмас деб ҳисоблашимни айтиб ўтмоқчиман. Мен ҳозир "эркак жинсининг аёл жинсига нисбатан зўравонлик" муаммосининг илдизлари, унинг қисқа таҳлили ва ечимлари борасида мулоҳазаларимни билдирмоқчиман...

… Дунёнинг аксарият (барчаси демаслик учун) жамиятлари патриархат жамиятлар бўлиб, бу жамиятларнинг қонунлари, функциялари, мақсад ва вазифалари эркарлар томонидан, табиийки эркаклар учун ёзиб чиқилган. Эркаклар томондан амалда бўлган қонун ва қоидаларнинг ёзилганларидан ёзилмаганлари кўпроқ эканлиги масаланинг қанчалар жиддий эканлигини кўрсатади. Бу қоидалар аёллар томонидан ёзилган замонларда жамиятлар матриархат бўлган. Ҳозир (минг йиллардан бери) эса бунинг тескариси.

Бу гаплар янгилик ёки кашфиёт эмас. Бу бор йўғи таъкид, эслатма холос. Патриархатнинг юзага келишига олимлар турли хил сабабларни кўрсатадилар. Улардан бири бир - насл, яъни "инсон уруғи"ни фақат эркак жинси "ишлаб чиқара" олиши патриархатнинг юзага келишининг сабабидир деб ҳисоблайди. Хирс, жинсий алоқа, куч, мия салоҳияти ва бошқалар ўз йўлига. Аммо инсон зоти давом этиши учун зарур бўлган уруғ эркакда бўлганлиги сабабли қўпол қилиб айтганда аёллар "уруғчи" эркакларга ўз қоринларини "ижарага берувчи" ва унинг наслини давом эттирувчи ролига тушиб қолганлар. Насл эркакдан ва эркаклар учун давом этадиган бўлгач, вужудга келган ижтимоий гуруҳлар (қавм, қабила ва ҳоказо) эркакларнинг патриархал жамиятлари юзага келтирган ва қоидалар ҳам уларнинг манфаатларидан келиб чиқиб яратилган.

Натижада "эркаклар жамиятлари"да турли замон ва маконларда аёлларга нисбатан муносабатлар, уларга берилган муҳимлик даражалари турлича бўлган. Айрим замонларда ҳатто уларнинг туғилишларини хоҳламасдан, қиз гўдакларни тириклайин кўмган бўлсалар, бошқа бир замонларда уларни эркаклар "фалон сонда" қилиб ўзаро тақсимлаб олганлар. Бир замонларда аёллар эрларига қўшиб тириклайин кўмилган бўлсалар, бошқа замонларда эри ўлган аёл ғолиб эркакнинг мулкига айланган. Аёллар эса ўзларига берилган ҳуқуқ ва имкониятларга кўнишдан бошқа чоралари бўлмаганлиги сабабли ҳар бир инсон боласи сингари ўлмаслик ва иложи бўлса "эркаклар жамияти"да маълум мавқега эришишга ҳаракат қилганлар.

Туғилишларидан тортиб, яшаш, эрга берилиш ва ўлиш ҳуқуқларигача оиланинг эркаклари, дастлаб отаси, ака-укалари ва турмуш қургач эрининг қўлида бўлгач, аёллар эркакларнинг манфаат ва ҳузурлари учун яратилган мавжудотларга айланганлар. Ҳайвонлардан фарқли равишда аёлларда онг, тил ва инсонга ҳос барча хусусиятлар мавжуд бўлгач, баъзан улар қайсарлик қилсалар, айтганни қилмасалар ёки эркак хоҳлаган нарсани бермасалар уларни уриш, қийнаш, азоблаш ва зўрлаш бошқарув усулига айланган. Гапга тушунмаса баданига берилган оғрик ёки мияга етказилган психологик босим уларнинг "ақлини киргизиб" қўйган. Бора-бора бу восита эркакларнинг ҳуқуқларига айланиб, аёлни итоаткор қилувчи "педагогик зарурат"га айланган. Менга "Уйланган пайтда тўй кечасиёқ хотинингни уриш керак, шунда у бир умр итоаткор бўлади" деб маслаҳатлар берганлар кўп бўлган. Афсусланарли томони, менга маслаҳат берган инсонларнинг айримлари бу "метод"ни ўз оилаларида мунтазам қўллаганликларига гувоҳ бҳлганман. Мен калтаклардан кейин уларнинг аёллари итоаткор бўлдиларми ёки йўқми, билмайман, аммо мен уларнинг оилаларида тинчлик ва хотиржамлик бўлмаганлигига ва аёллари бахтсиз эканлигига шахсан гувоҳ бўлганман…

Минг йиллар давомида илм-фан ривожи, инсонларнинг онги ривожланиши, манадийлашишлари натижасида эркаклар аёлларнинг ҳам ўзларига ўхшаган, фақат бошқа жинсдаги одамлар эканликлариниини англаб етиб борганлар. Шу сабабдан, жамиятлар, цивилизациялар, динлар, сиёсий тузумларнинг эволюцияси аёлларнинг мавқеларини ошириб, уларга "инсоний ҳуқуқлар"ни бериб борган.

Ҳозирга келиб, ўзбек жамияти дунёнинг илғор, инсон ҳуқуқлари юксак ҳимояланган жамиятлари даражасида бўлмаса ҳам, Осиё ва Африкадаги айрим қолоқ жамиятларга қараганда анча ривожланган жамият ҳисобланади. Энг асосийси, Ўзбекистонда давлат дунёвий бўлиб, ёзма қонунлар инсонларга жинсидан қатъий назар бир хил ҳуқуқ, эркиник ва мажбуриятларни беради. Аммо юртимизда ҳали ёзилмаган қонунлар, турли диний ва консерватив қоидаларнинг таъсири кучлики, бизда ҳам маданиятсиз ва қолоқ амаллар кенг тарқалган.

Шулардан бири, аёлларга нисбатан муносабат бўлиб, бизда ҳам эркак аёлни уриши мумкин (зарур) деб ҳисоблайдиган инсонлар кўп. « Қизлар ва аёллар ундай қилиши мумкин, бундай қилиши мумкин эмас » дейдиганлар, « эркак киши гапирганда аёл жим туриши керак » деб ҳисоблайдиганлар талайгина топилади. Тағин аёлларга барча таъқиқларни қўядиган шу инсонлар биринчилардан бўлиб "Ўзбекистонда эркак ва аёлларнинг ҳуқуқлари тенг, аёлларда муаммо йўк" деб гапирадилар.

Афсуски, чиройли гаплар ва жимжимадор ҳисоботлар реал муаммоларимизни йўққа чиқара олмайди. Францияда бир йилда 219 000 нафар аёл зўравонлик қурбони бўлган бўлса, биздаги миллионлаб эридан калтак еб, ғинг демайдиган, ҳуқуқ-тартибот органлари тугул ўз ота-онаси ва яқинларига калтак еганлигини айтмайдиган аёллар бор. Буни биз одатда фазилат, "уйдаги гапни кўчага олиб чиқмайдиган тарбияли келин" деб баҳолаймиз. Аслида эса бу биз, миллатимиз учун иснод, уят иллатлардандир. Қандай қилиб бир одам иккинчи одамга жисмонан ва руҳан азоб берса, уни яшириш, керак бўлса, ўлганда гўрига олиб кетиш фазилат бўлади ? Эри урганни яшириш фазилат бўлса, хотинини уриб ўлдирган эркаклар каҳрамонларми унда ?

"Ўзбек оталари қизини куёвга узатганда кўзидан ёш чиқади" деб "романтик" қилиб гапириб қўямиз. Аслида ўша ота нима сабабдан кўз ёш тўкиши ҳақида ўйлаб кўрмаймиз. Ота Леонардо Дикаприо эмас ва Голливуд учун кино ўйнаётгани йўқ. У қизидан қутулгани учун хурсанд ҳам эмас. Ота - ожиз! Жамиятнинг шафқатсиз қоидалари олдида ожиз. Бир умр кўз қорачиғидай асраб келган жондан ортиқ қизининг тақдири ва БАРЧА ҲУҚУҚЛАРИни бегона бир эркакка бериб юборяпти. Энди қизининг рўшнолик кўриши ёки бир умр азоб чекиши, овқат ёки калтак ейиши, яшаши ёки ўлиши ўша эркак ва унинг оиласининг қўлида. Куёв номард ва мараз бўлса, келин бўлганига 10 кун бўлмаган гулдай қизини улгудай қилиб уриб, юзларини бузиб ташласа ҳам аралаша олмайди. У бу ОЛТИН ҚОИДАни ўзгартишга қодир эмас.


Чунки бу аҳмоқона қоидаларнинг юки шунчалар оғирки, уларни битта ота ўзгартиришга қодир эмас. Буларни факат ҳамма узаро келишган ҳолда, биргаликда ҳаракат қилибгина ўзгартириш мумкин. Бу қоидаларни ўзгартириш учун жамиятдаги жуда кўплаб эркакларнинг ва оталарнинг маданият даражалари ортиши ва савиялари ўсиши керак бўлади. …

… Битта асосий савол : АЁЛ - ОДАММИ ЁКИ ЙЎҚМИ ? Ҳар бирингизнинг онангиз, опа-синглингиз, аёлингиз ва қизингиз одамми ёки йўқми ? Менимча бу риторик савол, тўғрими ? Албатта жавоб "ҳа"! Агар улар одам бўлсалар, нима учун уларнинг ҳуқуқлари одамларникидай эмас ? "Агар келин ақлли бўлса, калтак емайди" дейишади. У ақлсиз бўлса нима учун калтак ейиши керак ? Эркак ақлсиз бўлса келиндан калтак емайдику ! Аксинча эркак ақлсиз бўлса, яна келин калтак ейди. Қани бу ерда келиннинг ҳуқуқи ? Демак, ҳаммаси жойида эмас ва ОДАМ БЎЛГАН АЁЛЛАР ОДАМИЙ ҲУҚУҚЛАРГА ЭГА ЭМАС ЭКАНЛАР, шундай эмасми ?

Шундан келиб чиқиб, адолат қарор топиши учун аёлларга инсоний ҳуқуқлар берилиши керак. Аёлнинг ҳам эркаклар каби онги, ақли бор. Уни уриш, зўрлаш, қийнаш мумкин ёки мумкин эмаслигини унинг ўзи ҳал қилади. Унинг ўрнига жамият, эркаклар, бошқа одамлар ҳал қилмайди. Мен эркак аёлни урадиган бўлса, аёл ҳам эркакни урсин демаяпман. Аксинча, мен « инсон инсонни урмасин. Қолоқлик белгиси бўлган уриш ёки зўравонликни эркак аёлга ёки аёл эркакка нисбатан ишлатмасин » деяпман. Икки онгли одам ўзаро гаплашиб тил топа олиши керак. Агар топа олмаса, узр, у одам қолоқ, маданиятсиз ва онгсиз инсондир. У фақат ҳайвоний ёввойи инстинктларини ишлатишнигина билади холос.

Шунда нима қилиш керак ?

Биринчи : юқорида айтганимдай жамиятдаги айрим консерваторларга тескари равишда Ўзбекистон дунёвий, демократик ва инсон ҳуқуқларини устун қўядиган давлатдир. Шу сабабдан, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари, хусусан аёлларнинг ҳуқуқлари борасида етарлича юридик база яратилган. Фақат ёзилмаган қонунлар улардан устун келмоқда. Яъни давлат уларга ютқазмоқда. Давлат ўз ихтиёрида бўлган барча имкониятлар, қонунлар, "Хотин-қизлар қўмитаси", органлар ва бошқаларни ишга солган ҳолда аёлларнинг ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалларни кучайтириш ва ёзилмаган қонунларнинг устидан ғолиб чиқиши керак.

Иккинчи : Хотин-қизлар қўмитаси, Давлат статистика қўмитаси, ижтимоий ҳимоя ташкилотлари, органлар ва ҳоказолар ҳамкорликда мунтазам фаолият юритувчи тизимни йўлга қўйишлари керак. Бунда улар ижтимоий фанлар соҳасидаги кучли олимлар билан ҳамкорликда мунтазам сўровномалар, илмий суҳбатлар утказиб, ҳисоботлар яратиб боришлари ва улар асосида тизимли равишда аҳволни яхшилашга ҳаракат қилишлари керак. Аноним телефонлар қўйилиб (балки булар аллақачон мавжуддир), улар ростдан ҳам инсонларнинг дардларига қулоқ солсин.

Учинчи : Маҳаллалар ўзбек жамиятининг оиладан тепада турадиган бирлиги ҳисобланади. Ҳозирга қадар ҳам улар орқали кўплаб муаммолар ҳал қилиниб келинмоқда. Лекин уларга ҳокимиятларнинг керакли-кераксиз топширикларини бажартирмасдан оилаларнинг, инсонларнинг реал муаммоларини ҳал қилишга сафарбар қилиш керак. Жумладан уларга кенгроқ ҳуқуқлар бериб, оилаларда аҳмоқликка йўл қўювчи инсонлар бор бўлса, улар юзасидан органлар билан яқин ҳамкорлик қилишларига имкон яратиш керак.

Тўртинчи : Диний уламолар ва имомлар бу борада фаол бўлишлари, инсонларга ҳуқуқларини тўғри тушунтиришда иштирок этишлари керак.

Бешинчи : Оммавий ахборот воситалари бу борада тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб боришлари керак. Журналистлар фақатгина давлат раҳбари айтганда ёки тепадан "буюртма" келгандагина бундай кўрсатувларни тайёрламасдан "илҳом келган пайтда" бундай ишларни қилаверишлари керак.

Олтинчи : Зиёлилар, блогерлар ва жамиятнинг илғор қатлами вакиллари ўз имкониятларидан келиб чиққан ҳолда ўз таъсирлари етган жойларгача педагоглик қилиб, инсонларга замонавий ҳуқуқларни англашга кўмаклашишлари керак.

Еттинчи : Тўғри, бировнинг ўрнига гапириш, айниқса эркак киши бўла туриб гапириш осон. Ҳурматли Аёллар, биламан, сизлар учун оила муқаддас ва уни сақлаб қолиш учун бир умр калтак еб ҳеч кимга айтмасдан ўтиб кетишга ҳам қодирсизлар. Сизларни болаликдан шунга ўргатишган ва тайёрлашган. Лекин биз 21 асрда, бошқа жамиятларда аёллар аллақачон ўз ҳуқуқ ва эркинликларига эришган замонда яшаяпмиз. Сизлардан илтимос, зўровонлик қурбони бўлдингизми, бу эрингизми ёки бошқа эркакми дод солинг, додингиз дунёни бузсин. Сизга адолатсизлик қилган эркакнинг "қаҳрамонлиги"дан ҳамма хабар топсин. Бир кунда минглаб, бир йилда миллионлаб аёллар дод солсин. Уришяптими, қийнашяптими, ҳаммага айтинг. Ота-онагизга, милицияга, маҳалла раисларига, журналистларга. Дастлаб ҳаммага қийин бўлади. Бора-бора сиз ҳам бошқалар ҳам бунга кўникади. Асосийси, бу хўрликлар ташқарига чиқса, давлат хабар топса, қонуний чора кўради. Сизни бу зиндондан қутқаради.

Саккизинчи : Ҳурматли ҳуқуқ-тартибот органлари, ИИБ, Адлия вазирликлари соҳаларида ишлайдиган инсонлар, илтимос, олдингизга ёрдам сўраб келган аёлдан марҳаматингизни дариғ тутманг. Калтак еган аёлга шундоғам сизнинг олдингизга келиш осон эмас. У келганда сиз уни калтаклаётган қолоқларга ўхшаб фикрласангиз, аёлни шаллақи, тарбиясиз деб ўйлаб кўчага ҳайдасангиз у аёл дардини бошқа кимга айтади ? Келажакда ўзингизнинг қизингиз дардини кимга айтади ?

Ва ниҳоят охирги : Инсонлар, юртдошларимиз қолоқликка, тарбиясизликка, илмсизликка кўниб, ҳайвоний инстинктларидангина фойдаланиб яшаб юравермасдан, тепадаги шунча инсонлар ҳаракат қилганларида кўзларини, қулоқлари, умуман шуурларини очиб, ўзларининг салбий одатларидан воз кечишлари керак.

Ана шундагина, ўзбек жамиятида жинсидан, динидан ва бошқа ҳусусиятларидан қатъий назар ҳар бир инсон қадрланадиган, ҳеч ким адолатсиз равишда хўрланмайдиган бўлади. Ана шундагина бизлар ҳеч кимдан кам бўлмаган ва кам бўлмайдиган жамиятга айланамиз!

Дониёр Рўзметов

Бошқаларга улашиш ва каналга аъзо бўлиш учун ҳавола : https://t.me/uchzamon


Report Page