Аёл ҳомиладорликка, уни сунъий равишда тўхтатишга ва контрацепцияга мажбур қилиниши мумкин эмас, шунингдек фарзандсиз оилаларни орзуси амалга ошади.

Аёл ҳомиладорликка, уни сунъий равишда тўхтатишга ва контрацепцияга мажбур қилиниши мумкин эмас, шунингдек фарзандсиз оилаларни орзуси амалга ошади.

t.me/andijonvssb

Оилаларда турли объектив ва субъектив ҳолатлар оқибатида бепуштлик кузатилиши мумкин.

Фуқароларнинг репродуктив ( насл қолдириш ) саломатлиги инсоннинг жисмоний, ақлий ва ижтимоий жиҳатдан соғломлиги ҳолати бўлиб, бу ҳолат унинг бола туғилишига қодирлигини белгилайдиган репродуктив тизими, ушбу тизимнинг функциялари, ҳаётий жараёнлари билан боғлиқ бўлади.

Шу ўринда савол туғилади: бугунги кунда бепуштликнинг давоси борми? Ёки янги технологиялар, контрацепция воситаларидан фойдаланиб ота-оналик бахтига муяссар бўлиш мумкинми?

Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 12 мартда кучга кирган “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида”ги қонуни репродуктив саломатликни мустаҳкамлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлди.

– Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлом авлодни тарбиялаш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналашларидан бири, шу мақсадда тиббиёт соҳаси тубдан такомиллаштирилмоқда, соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси қабул қилинди.

Халқаро экспертларнинг таъкидлашича, дунёда репродуктив ёшдаги жуфтликлар орасида бепуштликнинг тарқалиши ўртача 13-15 фоизни ташкил этади. Бундай ҳолат юртимизга ҳам тааллуқли бўлиб, айнан эр ёки аёлнинг бепуштлиги сабабли республикамизда 5 фоиз никоҳ оилавий ажрим билан якунланмоқда.

Шунинг учун ҳам оилавий турмушни сақлашда ёрдамчи репродуктив технологияларни жорий этиш давр талабидир. Шу мақсадда “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.

Унда оилада соғлом фарзанд туғилишига нисбатан онгли ва масъулиятли муносабатни шакллантириш алоҳида ўрин олган. Фуқароларга репродуктив ҳуқуқларини амалга ошириши учун тиббий-ижтимоий, психологик ёрдам кўрсатиш, эркаклар ва аёлларнинг бу борадаги имкониятлари тенглигини таъминлайдиган шароитларни яратишга урғу берилган.

Қонун билан давлат ушбу сиёсатни амалга ошириш жараёнида фуқароларнинг шахсий ҳаётига аралашмаслиги, шахсий ва оилавий сирнинг сақланиши кафолатланган. Икки ёш ўртасидаги соғлом оилани шакллантириш тўғрисидаги қарор камситишларсиз, таҳдидларсиз ва зўравонликсиз қабул қилиниши ҳамда бирламчи тиббий-санитария ёрдамининг бепул таъминланиши белгиланган.

– Контрацепция ва ёрдамчи репродуктив технологиялардан фойдаланиш қандай тартибда амалга оширилади?

– Фуқаролар туғилишни тартибга солишнинг хавфсиз усулларидан ҳамда контрацепция ва ёрдамчи репродуктив технологиялардан фойдаланиши мумкин. Бу жараёнда юридик ва жисмоний шахслар фуқароларнинг репродуктив ҳуқуқларини амалга ошириш билан боғлиқ ахборотни сир сақлаши шарт.

Шу билан бирга аёлни ҳомиладорликка, уни сунъий равишда тўхтатишга ва контрацепция воситаларидан фойдаланишга мажбур қилиш мумкин эмас. Эркаклар ва вояга етмаган шахсларга уларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш борасида ахборот бериш аноним ва махфий тарзда амалга оширилади.

Қолаверса, ёрдамчи репродуктив технологиялардан ўзаро қонуний никоҳ қурган шахсларгина фойдаланиш ҳуқуқи қонунда қатъий белгиланган. Ушбу технологиядан фойдаланганда бўлғуси фарзанднинг жинсини танлашга йўл қўйилмайди.

Мазкур технология ёрдамида одамнинг жинсий ҳужайралари, эмбрионларидан ва репродуктив аъзоларининг тўқималаридан ҳарбий, саноат ва тижорат мақсадларида фойдаланиш эса тақиқланади.

Фуқароларга ўзларининг репродуктив саломатликларини сақлашда контрацепция усулларидан фойдаланиш, ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш, ёрдамчи репродуктив технологияларни қўллашда шифокорлик сири ва ахборотнинг махфийлигини сақлаш тартиби баён этилган.

Жумладан, ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш аёлнинг хоҳишига кўра ҳомиладорликнинг ўн икки ҳафтагача бўлган муддатида амалга оширилади. Бироқ унинг ҳаётига хавф солувчи тиббий кўрсатмалар мавжуд бўлганида ҳомиладорлик муддатидан қатъий назар ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш амалга оширилади.

– Аёлларнинг она бўлиш ҳуқуқи, уларнинг ижтимоий ҳимояси бўйича қонунда қандай меъёрлар белгиланган?

– Ҳужжатда қайд этилганидек, аёл она бўлиш ҳуқуқига эга. Улар репродуктив саломатлигини сақлаш учун даволашнинг замонавий усулларидан фойдаланади ҳамда давлат томонидан ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватланади.

Таъкидлаш жоизки, ҳомиладорлик давридаги тиббий аралашув эр ва хотиннинг ёзма розилиги билан, эри бўлмаган тақдирда аёлнинг ўз розилиги ёки ота-онасининг розилиги ёхуд у вояга етмаган ёки муомалага лаёқатсиз бўлган тақдирда бошқа қонуний вакилларининг розилиги билан амалга оширилади.

Тиббий аралашувни рад этиш факти эҳтимолдаги оқибатлар кўрсатилган ҳолда тиббий ҳужжатларда қайд этилади. Ҳомиладор аёл томонидан, бунинг имкони бўлмаган тақдирда, унинг эри ёки қариндошлари томонидан ёзма тарзда, тиббий аралашувни рад этиш ҳақида ёзма жавоб олишнинг имкони бўлмаган ҳолда эса шифокорлар кенгашининг (консилиумининг) хулосаси билан тасдиқланади. Аёл ҳомиладорликка, уни сунъий равишда тўхтатишга ва контрацепцияга мажбур қилиниши мумкин эмас.

– Эркакларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш борасида ҳам янгиликлар киритилганми?

– Албатта, эркакларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш масалалари қонунга алоҳида модда билан киритилган. Улар ўзининг репродуктив саломатлиги, бепуштликни даволаш услублари ва контрацепция тўғрисида ишончли ҳамда тўлиқ ахборот олиш ҳуқуқига эга.

Фуқаролар репродуктив саломатликни сақлаш соҳасидаги хизматлардан, янги тиббий, жумладан, ёрдамчи репродуктив технологиялардан фойдаланган ҳолда бепуштликни даволаш, репродуктив саломатлик масалалари юзасидан махфийликка риоя этилган ҳолда тиббий маслаҳатлар ва хизматлар олиш ҳуқуқига эгадирлар.

Аҳолига соғлиғининг ҳолати, ёши ва индивидуал хусусиятлари ҳисобга олинган ҳамда эҳтимолдаги ҳар қандай номақбул оқибатлар ҳақида огоҳлантирган ҳолда контрацепция усулларини якка тартибда танлаш бўйича тиббий ёрдам кўрсатилади.

Контрацепциянинг жарроҳлик усулидан ихтиёрий равишда фойдаланиш ҳуқуқи мавжуд. Бу усул фақат олдиндан хабардор этилган тарзда ҳамда вояга етган, муомалага лаёқатли фуқаронинг ёки эр-хотиннинг ёхуд фуқаро муомалага лаёқатсиз бўлса, васийларнинг розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Шу билан бирга, ушбу ҳужжатда вояга етмаган шахсларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш борасида ҳам сўз юритилган. Жумладан, жинсий тарбия ва уларни оилавий ҳаётга тайёрлаш бўйича тадбирлар ўтказиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, вояга етмаган шахсларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш соҳасидаги хизматлар давлат томонидан кафолатланади ва бепул асосда амалга оширилади.

-      Суъний уруғлантириш бўйича қонунда нималар белгиланди?

  Қонуннинг 15-моддасида ёрдамчи репродуктив технологиялардан фойдаланиш қоидалари берилган бўлиб, ёрдамчи репродуктив технологиялар уруғлантиришнинг айрим ёки барча босқичлари аёлнинг организмидан ташқарида амалга ошириладиган ҳомиладорликка эришишга қаратилган тиббий технологиялар, даволаш усуллари ва муолажаларидан иборатдир.

Ёрдамчи репродуктив технологиялардан фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади, келин ёки куёвнинг касалликлар оқибатида насл қолдириши мумкин бўлмаган холатларда оилани сақлаб қолиш, оиланинг фарзанд кўришдек бахтга муяссар бўлишдек орзуси амалга ошишида ва репродуктив саломатлик бўйича илф-фан ривожланишида мухим омил бўлади.

Қонун репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш, аҳоли орасида бепуштликнинг олдини олиш ва уни даволаш соҳасидаги жамоат муносабатларини тартибга солиш, бунинг натижасида эса тўкис ва бахтли оилаларни кўпайтиришга қаратилган.