ҲАМКОРЛИК КЎЛАМИ ЯНАДА КЕНГАЙМОҚДА

ҲАМКОРЛИК КЎЛАМИ ЯНАДА КЕНГАЙМОҚДА


Ўзбекистон ва Қирғизистон республикалари ўртасидаги  ҳамкорликни ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида кўриш мумкин. Бу ҳар икки томон учун ҳам катта имкониятлар эшигини очяпти, десак муболаға бўлмайди. Айниқса, ўтган қисқа давр мобайнида Фарғона ва қўшни мамлакат вилоятлари чегараолди ҳудудларида яхши қўшничилик алоқалари йўлга қўйилди.

Фарғона вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Мирзоҳид Убайдуллаев Фарғона шаҳридаги “Тадбиркорлар уйи”да Қирғизистон Республикаси Норин вилоятининг Ат-Баши тумани ҳокими Нурбек Сатаров раҳбарлигидаги бир гуруҳ меҳмонлар билан учрашди.

Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчихонаси ташаббуси билан ташкил этилган учрашувда Фарғона тумани ва Ат-Баши тумани ўртасида яқин биродарлик алоқаларининг ўрнатилиши, инвестиция лойиҳалар, туризм, экспрот ва импорт масалари бўйича музокаралар олиб борилди.

- Фарғона тумани ва Ат-Баши тумани ўртасида яқин биродарлик алоқалари ўрнатилиши ҳар иккала томон учун манфаатли, - деди ҳоким ўринбосари. - Жумладан, Ат-Баши туманида етиштириладиган картошка ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, энг асосийси, тирик чорва ва гўшт маҳсулотларини тўғридан-тўғри Фарғона туманига етказиб берилиши маҳаллий бозордаги нархларни тушириш ва бир меъёрда ушлаб туриш, вилоят аҳолисининг картошка ва гўштга бўлган талабини қондиришга хизмат қилади. Ишонаманки, бу учрашув икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга ва дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга ҳисса қўшади.

Маълумки, Қирғизистон тоғли ҳудудда жойлашган бўлиб, тоғ туризми анча ривожланган. Учрашувда тоғ туризми хусусида ҳам фикрлар алмашилди.

Икки кунлик ташриф давомида Ат-Баши тумани ҳокимлиги ҳамда тадбиркорлик субъектларидан иборат делегация вакиллари Фарғона, Марғилон шаҳарлари, Фарғона, Олтиариқ, Риштон туманларида амалга оширилган янги лойиҳалар ва ишлаб чиқариш корхоналари билан танишиш имкониятига эга бўладилар.

Фарғона вилояти ҳокимлиги

Report Page