Фарғонада 40 та янги тез ёрдам машиналари хизмат кўрсатишни бошлади

Фарғонада 40 та янги тез ёрдам машиналари хизмат кўрсатишни бошлади


Коронавирус пандемияси даврида аҳоли саломатлигини асрашга устувор вазифа сифатида қаралиб, тиббий хизмат сифатини янада яхшилаш йўлида муайян ишлар олиб борилмоқда.

 Бугунги кунда Фарғона вилоятида бир кунда тез ёрдамга бўлган мурожаатлар ўртача 4 минг 500 тани ташкил этмоқда. Шу боис тез тиббий ёрдам бўлимлари ва шифохоналарнинг моддий–техник базасини мустаҳкамлаш, тиббиёт ходимларига шароитлар яратиш учун барча чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Бугун вилоят ҳокимлиги томонидан шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмаларига 40 дона “Damas” русумидаги махсус автомашиналар топширилди. Бу билан эса вилоятда тиббиёт соҳасида хизмат кўрсатаётган тез тиббий ёрдам автомашиналарининг сони 400 тадан ошди.

Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Мирзоҳид Убайдуллаев мазкур автомашиналарни топшириш тадбирида аҳолига сифатли тиббиёт хизмат кўрсатиш учун соҳадаги баъзи муаммолар ўз ечимини топганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Бунинг учун маҳаллий бюджетдан зарур маблағлар ажратилди.

– Пандемик вазиятда шошилинч ёрдамга мухтож ҳар бир фуқарога ўз вақтида хизмат кўрсатиш асосий вазифамиздир, – дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Ҳусанжон Мамажонов. – Бугунги кунда тез ёрдамга бўлган мурожаатлар сони кескин кўпайди. Албатта, бу ҳозирги ҳолат билан боғлиқ. Аҳолимизнинг бу борада хавотирга тушишига ҳеч қандай асос йўқ. Чунки шаҳар ва туманлар тез тиббий ёрдам машиналари билан етарли даражада таъминланди. Ёнилғи, дори-дармонлар масаласида муаммо йўқ. Махсус автомобилларни радиоалоқа билан тўлиқ таъминланиши учун 1 миллиард 300 милдион сўм маблағ ажратилди.

Фарғона вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати
Facebook
, Telegram, Веб сайт, YouTube

Report Page